Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Долзарб мавзу

ИШОНЧ, МАСЪУЛИЯТ ВА ҲАМКОРЛИК ЗАРУР Глобал муаммо мутахассислар нигоҳида

Маълумки, кейинги йилларда дунё миқёсида юқумсиз касалликлар туфайли аҳолининг кенг қатлами азият чекаётганлиги соҳа мутахассисларини ташвишга солмоқда. Шундай экан, бу борада республика соғлиқни сақлаш тизимида ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда. Албатта, мазкур йўналишдаги фаолиятларни янада такомиллаштиришда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари, эътибор ва таклифлари муҳим омил бўлиб, давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланган.

Амалдаги фаолиятларни изчиллик билан давом эттириш мақсадида жорий йилнинг 26-27 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси (ЖССТ) ҳамкорлигида Тошкент вилоятида "Юқумсиз касалликлар профилактикаси ва назорати бўйича интеграллашган ёндашувни жорий қилиш. "Соғлом ҳаёт" лойиҳаси тажрибасини кенгайтириш" мавзусида миллий анжуман бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мутасадди раҳбарлари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, ЖССТ вакиллари, "Саломатлик-3" лойиҳаси координаторлари, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳри ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари, бош ҳамширалари, Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари ҳоким муовинлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Анжуманни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Даволаш профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи Фаррух Шарипов кириш сўзи билан очиб, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратиб, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва муҳофаза қилиш борасида чиқарилаётган Фармон ва Қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар йўлга қўйилганлигини алоҳида тилга олди. ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианна Куппенс сўз олиб, мавзу доирасида вазирлик ҳамда ЖССТ ўртасида олиб борилаётган тиббий ҳамкорлик ишлари хусусида тўхталди. Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкиллаштириш илмий-текшириш институти директори Зулхумор Муталова ўз чиқишида юқумсиз касалликлар профилактикаси ҳамда назорати бўйича, шунингдек, "Соғлом ҳаёт" лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва уларнинг замирида соғлом турмуш тарзи мужассам эканлигини айтиб, ишлар самарадорлигини оширишда ҳамкорлик зарур эканлигини таъкидлади. Юқумсиз касалликлар профилактикаси ва назорати ҳамда бутун умр давомида соғлиқни мустаҳкамлаш бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси бўлим директори Гауден Галеа дунё миқёсида глобал муаммога айланган юқумсиз касалликларнинг инсон ҳаёти учун хавф туғдираётганлиги ва унинг олдини олишда зарурий чоралар қўллаш муҳимлигини билдирди.

Анжуман олти сессиядан иборат бўлиб, унинг доирасида юқумсиз касалликларга қарши курашдаги илгарилаш жараёни: ютуқлар ва муаммолар, унинг назорати соҳасида секторлараро ҳамкорликни кучайтириш, Ўзбекистонда юқумсиз касалликлар бўйича хизматлар клиник протоколларини самарали жорий қилишдаги муваффақиятлар, муаммолар ва имкониятлар, хасталик соҳасида қўллаб-қувватловчи муҳит ҳамда саломатлик фойдасига танлаш имкониятини яратиш, экспериментал лойиҳаси натижаларини кенг миқёсда жорий қилишни режалаштириш, кейинги қадамлар ва тавсиялар ҳамда мамлакат ва вилоятлар даражасида 2018-19 йилларда юқумсиз касалликлар бўйича устувор йўналишлар ва йўл харитасини аниқлаш каби муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Таъкидлаш муҳимки, республика миқёсида юқумсиз касалликларнинг олдини олиш мақсадида ЖССТнинг тавсияларига кўра клиник протоколларни татбиқ этиш таклифи киритилди. Шунингдек, 2015 йил 29 августдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланишини таъминлаш концепциясини ва чора-тадбирлар комплексини тасдиқлаш тўғрисида"ги 251-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2015 йил 2 сентябрда вазирликнинг 351-сонли буйруғи чиқарилиб, республикамизнинг Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари тажриба сифатида олинди ва фаолиятлар бошлаб юборилди. Ўтказилган миллий анжуманда мазкур касалликларнинг олдини олиш ва унинг чора-тадбирлари бўйича амалга оширилган ишлар юртимиз миқёсида тарғиб қилиниб, ўзининг самарали натижаларини бераётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Джилли ФАРРИНГТОН,

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа

минтақавий бюроси юқумсиз касалликлар

профилактикаси департаменти бошлиғи:

– Президентингизнинг одилона сиёсати туфайли давлатингизда инсон саломатлиги ва унинг турмуш фаровонлиги асосий устувор вазифалардан бири эканлигига амин бўлдим. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили сифатида тиббиётнинг барча соҳалари қатори бирламчи тизимга қаратилган эътибор ўз маҳсулини бераётганлигини эътироф этмоқчиман. Семинар давомида мавзу бўйича назарий фикрлашган бўлсак, унинг исботини Қашқадарё вилояти мисолида кўрдик. Биринчи навбатда давлатингиз ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЖССТнинг тавсияга кўра, юқумсиз касалликларнинг олдини олиш таклифини қабул қилиб, тўғри йўл танлаган. Улар клиник протоколларни татбиқ этиш борасида дастлаб тиббиёт ходимларини тайёрлаб, ўқув дастурларини ишлаб чиққанлар. Шунингдек, протоколлар бўйича кураторликни жорий қилганлар. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарлари ва ходимлари доимий назоратни ушлаб турадилар. Бундан ташқари, ҳар бир тиббиёт ходимининг функционал вазифалари тўлиқ очиб берилган, назорат механизми ва маълумот алмашув механизми жорий қилинган. Клиник протоколлар билан ишлаш жараёнида нафақат тиббиёт ходимлари, балки кенг жамоатчилик ва нодавлат ташкилотлари, айниқса, маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва бир қатор идора ва ташкилотларнинг ҳамкорликдаги фаолияти аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридаги 6-оилавий поликлиника ҳамда Қарши туманидаги "Ўзбекистон мустақиллиги" қишлоқ врачлик пункти ҳудудида истиқомат қилаётган 40 ёшдан ошган беморларда гипертония ва қандли диабет касалликларини аниқлаш бўйича клиник протоколлар юритилиши бўйича умумий амалиёт шифокорлари, патронаж ҳамширалари ҳамда аҳоли билан суҳбатда бўлдик. "Ўзбекистон мустақиллиги" қишлоқ врачлик пункти ва Қарши шаҳридаги 6-оилавий поликлиниканинг патронаж ҳамширалари иши билан танишув жараёнида уларнинг меҳнатини рейтинг баҳолаш тизими йўлга қўйилиши барчамизни ташвишга солаётган юқумсиз касалликларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутаётганлиги менга маъқул бўлди. Шунингдек, махсус индикаторлар ҳамда меъёрий ҳужжатларни юритиш, врачгача қабул хоналари ташкил қилинганлиги ҳамда мазкур шифо масканларининг замонавий технологиялар билан таъминланганлиги эътирофга лойиқдир.

(Самарқанд, Қарши шаҳарлари,

2016 йил 17-19 май).

Шоира НУРМАТОВА,

Ўзбекистон

Хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари:

– Бўлиб ўтган мазкур кенг аудиториядаги тадбирда давлатимизнинг устувор вазифаларидан бирига айланган юқумсиз касалликлар профилактикаси ва унинг назорати хусусида ўзаро фикрлар ўртага ташланди. Айниқса, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларининг бирламчи тизимида олиб борилган ушбу йўналишдаги ишларнинг самарадорлиги бўйича мутахассисларнинг маърузалари тингланганда, бу ишлар ҳамкорликда олиб борилганлиги яққол кўзга кўринди. Жумладан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят ва туман ҳокимликлари, прокуратура, халқ таълими, ички ишлар, солиқ, маданият ва спорт ишлари, стандартлаштириш ва метеорология бошқармалари, хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" хайрия жамғармаси, Касаба уюшмалари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, оммавий ахборот воситалари ҳамжиҳатлигидаги фаолиятлар бугунга келиб, аҳоли орасида юқумсиз касалликлардан юрак қон-томир, саратон, қандли диабет ва юқори нафас йўллари касалликлари кўрсаткичи камайишига эришилмоқда. Шунингдек, бошқа ҳудудларда ҳам бу борадаги ишлар йўлга қўйилганлиги иштирокчилар томонидан таъкидлаб ўтилди.

Гауден ГАЛЕА,

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси бўлим директори:

– Икки кун давом этган анжуманда мен Ўзбекистонда юқумсиз касалликлар йўналишидаги ютуқлар, илгарилаш қатори бажарилиши зарур бўлган ишлар, шунингдек, "Соғлом ҳаёт" лойиҳаси бўйича ҳамда иккала вилоятдаги амалиётларни кузатиб, бу давлатингизда ушбу касалликларнинг олдини олишга оид чора-тадбирлар режаси мукаммал ишлаб чиқилганлигини кўриб хурсанд бўлдим. Жумладан, бу борадаги фаолиятлар кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда олиб борилаётганлиги, соғлиқни сақлаш тизимида мутахассислар малакасини оширишга қаратилган эътибор, ҳар бир тиббиёт ходимининг вазифаси аниқ белгиланганлиги, мониторинг ва баҳолаш механизми йўлга қўйилганлиги, кураторлик ишлари жорий қилинганлиги, тиббиёт ходимларининг малакаси жаҳон стандартларига мослиги, шунингдек, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш талабига тўлиқ жавоб бера олиши алоҳида эътирофгамоликдир. Бу борада керак бўлса, ҳар қандай ёрдамга биз тайёрмиз.

Барно ОДИЛОВА,

Соғлиқни сақлаш

вазирлигининг

Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси

мутахассиси:

– Айтиш лозимки, мамлакатимизда юқумсиз касалликларнинг олдини олиш масаласи давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев юритаётган одилона сиёсатнинг устувор вазифалардан бири ҳисобланиб, бу борада меъёрий ҳужжатлар асосида фаолиятлар изчиллиги йўлга қўйилган. Бугунги анжуманда юртимизда юқумсиз касалликлар бўйича олиб борилган амалий ишлар хусусида тўхталадиган бўлсам, ўтган давр мобайнида хасталик кўрсаткичлари пасайганлиги, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзининг тарғиб қилиниши халқимизнинг ўз саломатлигига масъуллиги, тиббиёт ходимларининг тавсияларига риоя қилаётганликларини кўриш мумкин. Ушбу семинарнинг ўтказилишидан мақсад, юқумсиз касалликлар профилактикаси бўйича амалга оширилаётган ишларни ўрганиш, тажриба алмашиш ва бошқа мамлакатларда амалга оширилаётган самарали услублар билан танишиш ва амалиётга татбиқ қилишдан иборат бўлди. Хулоса сифатида айтиш жоизки, аҳоли ҳаёт сифатини ошириш, юқумсиз касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашишда тиббиёт амалиётига самарали, далилларга исботланган клиник протоколларни жорий қилиш билан бирга, умуммиллий ва маҳаллий даражадаги комплекс чора-тадбирларни татбиқ этсаккина, мамлакатда касалликларни юзага келтириб чиқарувчи хавфли омилларнинг олдини олиш орқали соғлом ҳаёт кечириш каби эзгу мақсадларга эришишимиз мумкин. Бу борада қўлга киритаётган самарали ишларимиз 2016 йилнинг 17-19 май кунлари Самарқанд шаҳрида Шарқий Европа ва Марказий Осиёда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида юқумсиз касалликлар бўйича асосий тадбирлар Пакетини жорий қилишга бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтган эди. Унда иштирок этган барча халқаро экспертлар қаторида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси юқумсиз касалликлар профилактикаси департаменти бошлиғи Джилли Фаррингтон ҳам қатнашиб, ҳамкорликда амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо бериб ўтди.

Елена ЦОЙ,

ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг юқумсиз касалликлар профилактикаси бўйича мутахассиси:

– Бугунги анжумандан хулоса қиладиган бўлсак, ушбу глобал муаммони бартараф этиш нафақат тиббиёт ходими, балки кенг жамоатчилик олдида турган муҳим вазифа эканлиги яна бир бор ўз исботини топди. Қарийб уч йилдирки, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида тажриба сифатида олиб борилган ишлар самарали кечмоқда. Шу кунга қадар Ўзбекистонда юқумсиз касалликлар бўйича юқоридаги ҳудудлардаги соҳа вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик билан иш олиб бораяпмиз. Ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда касаллик профилактикаси бўйича исботланган далиллар асосида тушунтириш ишларини олиб бордим. Бўлиб ўтган анжуманимиз қатнашчилари иккала вилоят тажрибасини жойларда татбиқ этишларига ишончим комил.

Рихси САЛИХАДЖАЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассиси:

– Тадбирнинг яна бир аҳамиятли томони шунда бўлдики, гуруҳларга бўлинган ҳолда долзарб мавзуларнинг муҳокама этилиши қатнашчиларни баҳс-мунозарага чорлаб, берилган фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлар асосида янгича ғоялар ишлаб чиқилди. Албатта, юқумсиз касаллик профилактикаси бўйича юртимиз ҳамшираларининг ҳам алоҳида хизмати борлигини эътироф этган ҳолда, улар соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда мақсадли ишларни амалга оширадилар деб ишонч билдираман.

Анжуманда иштирок этган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси муовин ва бош ҳамширалари, Андижон ва Самарқанд давлат тиббиёт институтлари ўқитувчилари, вилоят ҳокимликлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Умида ГАЗИЕВА,

Қашқадарё вилояти

соғлиқни сақлаш

бошқармасининг биринчи ўринбосари:

– Вилоятимизда бу борадаги фаолиятлар ўз самарасини беришида ҳамкорлик асосий ўринга эга бўлди, десам янглишмайман. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва юқумсиз касалликларнинг олдини олиш бўйича Қашқадарё вилояти мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳининг тузилганлиги иш механизмини юритишда муҳим қадам бўлди. Аввало, Қарши шаҳри ва туманидаги танлаб олинган бирламчи тиббий санитария муассасалари 6-сон оилавий поликлиника, "Қарши", "Каманди" ва "Ўзбекистон мустақиллиги" қишлоқ врачлик пунктларида 2015 йил сентябрь ойидан бошлаб ЖССТ томонидан тавсия этилган клиник протокол асосида 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли ўртасида юрак қон-томир касалликлари хавфини баҳолаш, артериал гипертония, қандли диабетнинг 2-турига чалинган беморларни даволаш, хавфли омилларини камайтириш юзасидан олиб борилган ишлар бугунга келиб ўз натижасини берди. Бундан ташқари, аҳоли орасида саломатлик акцияларининг ташкил этилиши, йўл ёқаларига ўрнатилган панно ва баннерлар, шунингдек, соғлом ҳаётга оид тарқатма материалларнинг аҳолига тақдим этилиши ҳамда оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар ушбу хасталиклар камайишига олиб келди. Албатта, бунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда "Саломатлик-3" лойиҳалари ҳамкорлигидаги ишлар муҳим аҳамият касб этди.

Анжуман иштирокчилари келажакда амалга оширилиши керак бўлган вазифаларни белгилаб олдилар.

Ибодат СОАТОВА тайёрлади. Муаллиф олган суратлар.

№ 45, 03.11.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.