Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Долзарб мавзу

БУ – КУЧ-ҚУДРАТ ВА АҚЛ-ИДРОК МАНБАИ ЭМАС...

Маълумки, мамлакатимизда халқимиз саломатлиги йўлида кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бирламчи тиббиёт тизими, тез тиббий ва ихтисослаштирилган ёрдам, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, кадрлар масаласига давлатимиз раҳбари томонидан катта эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, ёш авлодни соғлом ва баркамол қилиб ўстиришда соғлом турмуш тарзи катта аҳамиятга эга эканлигини Президентимиз кўп бора такрорламоқдалар. Бунинг ифодаси сифатида айтишимиз жоизки, Юртбошимиз 30 июнь кунини "Ёшлар куни" деб эълон қилдилар. Бу албатта, келажагимиз бўлган ёшларни ҳар томонлама интеллектуал салоҳият эгаси бўлиб вояга етишларига замин яратмоқда. Айни пайтда ёшларимизнинг қўлга киритаётган ютуқлари, айниқса, турли олимпиадаларда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётганликларидан фахрлансак арзийди. Лекин, айрим ёшларимиз бундай кенг имкониятлардан фойдаланиш ўрнига айрим оқимларга кириб, шу билан бирга, зарарли одатларга ружу қўяётганликлари барчамизни ташвишга солмоқда. Аксарият ҳолларда ёшлар орасида ичкиликбозлик, гиёҳвандлик каби иллатлар қаторида, тамаки ва чилим чекиш ҳам авж олиб бораётганлиги ачинарли ҳолдир. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида зарарли одатларга қарши курашиш бўйича зарурий чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Жумладан, Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти томонидан ҳам самарали ишлар йўлга қўйилган. Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ва уларнинг зарарли таъсири тўғрисида институт директори Зулхумор Муталова билан суҳбатда бўлдик.

– Зулхумор Жалоловна, сўнгги йилларда пойтахтимиз, қолаверса, ҳудудларда ҳам ёшлар кафе, бар ва ресторанларда тамаки ва чилим чекаётганликларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Айниқса, чекувчилар орасида хотин-қизларнинг борлиги, албатта, ачинарли ҳолдир. Шундай экан, аввало, тамаки ва унинг зарари тўғрисида тўхталиб ўтсангиз?

– Ўзбекистон Республикасининг "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Қонуни ижросини амалга оширишда муайян ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 30 ноябрда 2840-сон билан рўйхатдан ўтказилган Соғлиқни сақлаш вазирининг "Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинишига йўл қўйилмайдиган огоҳлантирувчи ҳамда тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жой ва хона ҳақида ахборот берувчи белгиларни тайёрлаш ҳамда уларни жойлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 2016 йил 7 ноябрда қабул қилинган 70-сонли буйруғи бўйича жойларда фаолиятлар бошланган эди. Шу кунга қадар кўплаб вазирлик, идора ва жамоат жойларида буйруқда келтирилган талаблар бажарилмоқда. Бугунги мавзумизни тамаки ва чилим маҳсулотларига қаратишимиздан асосий мақсад, ушбу зарарли одатлардан азият чекаётганлар сони ортмоқда. Глобал муаммога айланган бундай иллат нафақат мамлакатимиз, балки ер юзидаги аҳоли орасида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш авж олиб бормоқда. Ушбу жирканч иллат эркаклар, аёллар ва ўсмирлар орасида янада кенг тус олаётганлиги, шунингдек, дунё бўйлаб, аҳоли ўлимининг айнан тамаки чекиш туфайли содир бўлаётгани инсонлар умрини 4 йилдан 19 йилгача қисқартирмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг берган маълумотига қараганда, ҳозирда ер юзида аҳоли ўлимининг асосий сабабларидан бири тамаки чекишнинг оқибатидир. Америка Қўшма Штатларидаги университет талабалари ўртасида саволлар орқали ўтказилган мониторинг натижаларига кўра қуйидагилар аниқланган: жами 104434 нафар талабадан 31749 нафари (30,4 фоизи) – чилим чекувчилар, ушбу гуруҳдаги талабаларнинг 29,7 фоизи – мутлоқ чилим чекувчилар ва тамаки чекмайдиганлар, 71,3 фоизи эса тамаки ҳамда чилим чекувчилар эканлиги маълум бўлган.

Хўш, инсониятни ўзига ром этиб келаётган тамаки маҳсулотларининг ўз домига тортувчи кучи нимада? Нега кишилар ўз соғлиқларини йўқотиш эвазига бўлсада, бу жирканч иллатга боғланиб қоладилар? Чекиш мия фаолиятига танага қўзғатувчи куч сифатида таъсир кўрсатганлиги сабабли, кашандада тамакига талаб кучаяди. Ҳар бир тамаки унга ғайритабиий "янги куч-қудрат, ақл-идрок манбаи" бўлиб туюлади. Бу салбий ҳолат ҳар қандай одамни фаол чекувчига айлантиради.

Тамаки тутунининг таркиби қуйидагилардан иборат:

- тамаки тутунининг асосий таркиби никотин алколоиди ҳисобланади. Унинг бир марталик ўлдирувчи дозаси одам учун 0,06-0,08 г.ни ташкил қилади. Бу доза 20-25 дона тамакида бўлади. Никотин организмда асаб тизимига кичик дозаларда қўзғатувчи, катта дозаларда эса тормозловчи таъсир кўрсатади. Организмдан никотин 10-15 соат давомида ўпка ва сийдик йўллари орқали ажралади;

- тамаки тутунида углерод (II) оксиди бор. У қондаги гемоглобин билан тез бирикиб кислородни сиқиб чиқаради ва карбоксигемоглобинни ҳосил қилади. Натижада, тўқималарга кислород етиб бормайди ва организмда кислород танқислиги ривожланади;

- қатрон қуруми – у концероген модда ҳисобланади ва ўпка ракини келтириб чиқаради.

Чекишдан зарар кўрмайдиган бирорта ҳам аъзо йўқ, "чекиш умр заволи" десак ўринли бўлади.

– Яна бир ҳақли савол туғилади. Тамаки чекишнинг 2 хил тури мавжуд: тутунли ва тутунсиз. Тутунли тамаки чекиш турига тамаки ҳамда чилим, тутунсиз турига эса носвой чекиш киради. Бу тўғридаги фикрингиз?

– Чилим – чекиш учун мослаштирилган махсус идиш бўлиб, унда ичга ютилаётган тутун суюқлик орқали фильтрланади (сув, май, мусаллас ёки бошқа суюқликлар). Чилим илк бор Миср, Хиндистонда кашф этилган бўлиб, кейинчалик Ўрта Осиёда, шунингдек, Туркия, Эрон, Хитой, Афғонистонда кенг тарқалган. Чилим чекишда 2 хил тамаки маҳсулотидан фойдаланилади: 1-тури "тумбак", "тунбак" ёки "аджами" деб номланиб, бунда тамаки барглари қуритилади ва чекишдан олдин сув билан намланади, уларга ароматизаторлар қўшилмайди. 2-тури "маасал", "моасал" (арабча сўз – асал) деб номланиб, у кўпгина мамлакатларда кенг тарқалган, сабаби унга ёқимли, хушбўй ҳид ва таъм берувчи ароматизаторлар, турли хил мевалар эссенциялари (масалан, олма, узум, банан, кокос, лимон, райҳон, атиргул ва бошқалар) қўшилади. Ушбу тамаки тури юмшоқ, ёпишқоқ ҳолатда бўлади. Бугун чилимнинг одамлар орасида оммавийлашиб бораётганига гувоҳ бўлиш мумкин: кимдир шунчаки тақлид қилса, яна кимдир янги нарсаларни ҳис қилишни истайди, бошқа биров эса ўзи учун гўёки "янги имкониятлар"ни очаётгандек туюлади. Айрим "устаси фаранг" тадбиркорлар тамаки баргидан ташқари гиёҳ моддалар ҳам қўшадилар. Ҳозирги кунда республикамизнинг барча ҳудудларида фаолият юритиб келаётган кафе, ресторанларда чилим чекиш умумий тус олмоқда. Чилим чекиш ҳам тамаки чекиш каби организмга зарарли таъсир кўрсатади ва юрак қон-томир ҳамда нафас олиш тизими касалликларини келтириб чиқариши, шунингдек, саратон хасталикларига чалиниш хавфини ошириши мумкин.

– Чилим чекишнинг салбий оқибатлари ҳақида ҳам тушунтириш берсангиз?

– Биринчи навбатда ўрганиб қолиш, яъни никотин манбаи бўлган чилимни чекиш. Унинг натижасида қуйидаги касалликлар кузатилади:

- артериал қон босими пасайиб кетади, юрак уриши секинлашади;

- қонда никотин, карбонат ангидрид миқдори ошади;

- нафас олиш тизимида ўзгаришлар кузатилади;

- тўқималар озиқланиши ва кислород билан таъминланиши бузилиб, тери қуруқлашиб, дағал бўлиб қолади;

- умуман олганда, ўпка саратонига чалиниш хавфи кашандалик келтирадиган зарарнинг асосий кўрсаткичи ҳисобланади. Инсон қай даражада чилимни чекса, унда зарарли ўсимталар пайдо бўлиш хавфи ҳам шунчалик ошиши қайд этилади;

- турли олиб борилган тадқиқотлар натижаларига кўра, чилим чекишда ютиладиган ис газининг миқдори тамаки чекувчиларникига қараганда юқорироқ экани аниқланган;

- чилимни бир ўтирганда бир нечта кишиларнинг оғиздан-оғизга олишлари ҳам турли юқумли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади;

- чилим чекиш тамакидан ҳам ёмон, уни мунтазам равишда чекиш инсон руҳиятини издан чиқариб, тафаккур доираси, идрок этиш қобилияти, хотира, диққат-эътиборини сусайтириб юборади;

- чилим чекиш – репродуктив саломатликка ҳам путур етказади, яъни қизларнинг фарзанд кўриш ва она бўлиш имконияти чекланишига, ўсмир йигитлар жинсий фаолиятининг бузилишига сабаб бўлади, яъни ҳаракатчан сперматазоидлар сони камаяди (бепуштлик), импотенция ҳолати кузатилиб, тухумдонларда қон айланиши пасаяди (варикоцеле). Шунингдек, ҳомиладор аёлларнинг чилим чекиши ўта хавфли ҳисобланади, чунки йўлдош орқали заҳарли моддалар ҳомилага ўтади, ҳомила яхши ривожланмайди, у чала, ўлик туғилиши мумкин, баъзи ҳолларда чақалоқ туғилгандан сўнг она сутини эммай қўяди ҳамда бола кам вазнли, ақли заиф, майиб-мажруҳ, туғма нуқсонли туғилиш эҳтимоли юқори бўлади.

Чилим тўғрисида чекувчилар қатъий ишонч билан айтадиларки, у нафақат ёқимли, тамакига нисбатан хавфсиз ва безарардир. Бу мутлақо нотўғри фикр. Чилим ҳам тамаки сингари инсон саломатлигига катта зарар етказади. Уни чекиш жараёнида тамаки тутуни тўғридан-тўғри нафас йўли орқали кўмирнинг майда заррачалари билан бирга ўпка тўқималарига тушади, натижада ўпка эластиклик хусусиятини йўқотади, кейинчалик эса ўпка эмфиземаси, бронхиал астма, гепатит, жигар циррози, гастрит, сил, саратон касалликлари ривожланишига олиб келади.

Тутунсиз тамаки турига кирувчи носвой ҳам инсон организмига ўта хавфли таъсир кўрсатиб, асосан оғиз бўшлиғи касалликларини келтириб чиқармоқда. Маълумки, носвойнинг асосий таркибий қисми паст навли мохорка ёки тамаки бўлиб, қўшимча равишда сўндирилмаган оҳак, турли ўсимликларнинг таркибий қисмлари ва ёғ қўшилади. Маълумотларга қараганда, тил, лаб ва оғиз бўшлиғидаги бошқа аъзолар ҳамда қизилўнгач ракларининг 80 фоизи носвой истеъмол қилиш билан боғлиқ. Шу билан бирга, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси ҳамда сурункали гастритнинг зўрайишига олиб келиши ҳақида асосли далиллар мавжуд.

Соғлом ҳаёт кечириш, узоқ умр кўришни истаганлар ўзларида ирода кучини мустаҳкамлаб, зарарли одатлардан йироқ бўладилар, соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиб, доимий равишда спорт билан шуғулланиб, бўш вақтларини мазмунли ва унумли ўтказадилар. Қадрли ёшлар! Чилим чекиш каби жирканч ва зарарли иллатдан воз кечинг! Соғлом турмуш тарзида яшашни мақсад қилинг!

Хулоса ўрнида айтиш муҳимки, бундай зарарли одатлар инсон ҳаётига хавф туғдираётган экан, бу борадаги фаолиятларга ҳар биримиз масъуллик билан ёндашиб, атрофимизда рўй бераётган ҳолатларга бефарқ бўлмаслигимиз керак. Айниқса, ҳар қадамда учраётган тамаки маҳсулотларининг ноқонуний сотилаётганлиги келажагимиз бўлган ёшларнинг ҳаётига раҳна солаётганлиги ачинарли ҳолдир. Мазкур мавзу хусусида қисчқача тўхталган бўлсакда, газетамизнинг навбатдаги сонларида далилларга асосланиб мақолалар бериб боришни режалаштирдик.

Суҳбатдош Ибодат СОАТОВА.

№ 43, 20.10.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.