Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Долзарб мавзу

КОРРУПЦИЯНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДА ҲАР БИРИМИЗ МАСЪУЛМИЗ

Бугунги кунда мамлакатимиз миқёсида Президентимиз раҳнамолигида ҳар бир соҳада ислоҳотлар олиб боришга қаратилган Фармон ва Қарорларнинг қабул қилинаётганлиги бежиз эмас. Албатта, бу каби меъёрий ҳужжатларнинг замирида инсон ҳақ-ҳуқуқлари, турмуш фаровонлиги, саломатлиги ва манфаатлари ётганлигини кўрамиз.

Шундай экан, ҳақли савол туғилади. Бундай меъёрий ҳужжатларнинг ижроси вазирлик, идора ва жамоатчилик томонидан қай даражада бажарилмоқда? Бу борада жойларда амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталадиган бўлсак, бугуннинг долзарб муаммосига айланган Президентимизнинг 2017 йил 2 февралдаги "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қои-даларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2752-сонли Қарори ижроси бўйича ҳам кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида мазкур мавзуга бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Жорий йилнинг 11 октябрь куни вазирликнинг мажлислар залида ушбу глобал масалага бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси ходимлари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги юристлар малакасини ошириш маркази профессор-ўқитувчилари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти ва марказий аппарат таркибий бўлинмалари бошлиқлари ва ходимлари, вазирлик назорат инспекциясининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти курсантлари, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари, республика тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасалари, илмий-текшириш институтлари, ихтисослаштирилган марказларнинг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўйича масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев кириш сўзи билан очиб, мазкур йил Президентимиз томонидан – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилиниши бежиз эмаслиги ва унинг замирида халқимизнинг турмуш фаровонлиги, саломатлиги ҳамда манфаатлари мужассам эканлигини алоҳида таъкидлаб, соҳани ислоҳ қилишга оид чиқарилаётган фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтди. Бунинг баробарида давлатимиз раҳбарининг жойлардаги ташрифи давомида берган тавсия ва таклифлари асосида 50 та объектда ишлар олиб борилаётганлиги, шунингдек, яқинда пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 32-оилавий поликлиника янги бинода иш бошлаганлигини таъкидлади. Шу билан бирга, тизимда эришилаётган ютуқлар қаторида хато ва камчиликлар учраётганлигини айтиб, айрим тиббиёт ходимлари томонидан ҳанузгача порахўрлик, суиистеъмолчилик ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилаётганлигига ўз эътирозини билдирди.

Кун тартибидан ўрин олган Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни нормалари ва қонун ости ҳужжатлари билан белгиланган дастурлар ижроси ҳақида"ги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси катта прокурори Худойберди Турсунбеков маъруза қилди. У ўз маърузасида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашнинг самарали тизими яратилганлиги ва бу борада изчиллик билан фаолиятлар йўлга қўйилаётганлигини айтиб, комплекс режалар амалга оширилаётганлигига урғу қаратди. Шундай бўлсада, амалий ишлар қаторида ҳанузгача қонунбузарлик ва порахўрликларга йўл қўйилаётганлигини билдириб ўтди. Аниқланаётган ҳуқуқбузарликларга қарши чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик билан ҳамжиҳатликда самарали фаолиятлар олиб борилмоқда. Жумладан, ўзбек, рус, инглиз ва лотин тилларида коррупцияга қарши плакатлар ҳамда кўргазмали материаллар тайёрланиб, вазирлик ва идораларга тарқатилганлиги, шунингдек, янги роликлар ишлаб чиқилганлиги, улар телевидение орқали аҳолига намойиш этилаётганлигини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги юристлар малакасини ошириш маркази профессор-ўқитувчиси, юридик фанлари доктори Шуҳрат Файзиев Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 11 сентябрдаги "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонуни тўғрисида қуйидагича маъруза қилди. Бугунги кунда давлатимиз томонидан инсон манфаатларига қаратилган кўплаб қонун, йўриқнома ва бир қанча меъёрий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилаётганлиги ҳамда уларни ўз вақтида ижро қилиш ҳар бир мутахассисдан катта масъулият талаб этаётганлигини айтиб, бу борада Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 3 декабрда қабул қилинган "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши, унинг натижасида Қонуннинг янги таҳрири қабул қилинганлигини айтиб, ушбу қонун бўйича иштирокчиларга чуқур маълумот бериб ўтди. Жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, механизмларига ўзгартишлар киритилганлигини алоҳида таъкидлади. Қатнашчилар эътиборини Қонуннинг 1-моддаси, яъни унинг мақсади ва қўлланиш соҳасига қаратиб, давлат органлари ва давлат муассасаларига (бундан буён матнда давлат органлари деб юритилади), шунингдек, уларнинг мансабдор шахсларга, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (бундан буён матнда мурожаатлар деб юритилади) соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатлиги, шу билан бирга, ушбу қонуннинг амал қилиши давлат иштирокидаги ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) нисбатан ҳам татбиқ этилиши хусусида алоҳида тўхталди. Бундан ташқари, ушбу қонуннинг амал қилиши бўйича қуйидагиларни келтириб ўтди. Кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят процессуал, жиноят-ижроия, хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга: давлат органларининг, шунингдек, улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмаслигини ҳам билдирди. Айниқса, такрорий мурожаатларга алоҳида тўхталиб, бу каби ҳолатлар сони кўпайиб бораётганлигини таъкидлади. Шунингдек, дубликат нусхалар, бир ташкилотга тааллуқли бўлган шикоят ва аризаларга изоҳ берди. Айниқса, мурожаатларни қабул қилишда оммавий ва сайёр қабуллар олиб борилаётган мулоқотлар ҳам қонуннинг янги таҳриридан ўрин олганлигини билдирди. Оммавий қабул орқали белгиланган тартибда хонадонларга кириб, оиладаги шароит ва имкониятлар билан танишиш ва уларга ваколат доирасида мурожаатларни ҳал этиш мумкинлигини тушунтирди. Ўзбекистон Республикаси виртуал қабулхонаси, халқ қабулхоналари тўғрисида атрофлича сўз юритиб, виртуал қабулхона бу мурожаатларни тўплайдиган ахборот тизими бўлиб, ундаги мурожаатлар тегишли вазирлик идора ва ташкилотларга йўналтирилишини ҳамда айни пайтда вазирликлар ҳузурида ҳам вирутал қабулхоналар ишлаб турганлигини эслатиб, мурожаатларни ўз вақтида кўрмасдан тартиб муддатларини ўтказиб юборган ва ижро қилмаган масъул шахсларга нисбатан чоралар кўрилишини айтиб ўтди. Аризалар 15 кун давомида кўриб чиқилиши, агар айрим сабабларга кўра маълумотлар тўлиқ бўлмаса, бир ой давомида, шунингдек, ташкилотлар бўйича эса икки ойгача кўриш муддати узайтирилганлиги, шу билан бирга, аноним хатлар кўрилмаслиги, чунки бундай хатлар қонунда белгиланмаганлигини таъкидлади. Яна бир муҳим жиҳат жисмоний шахс мурожаат этиб келса, ёнида шахсни тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса, унинг мурожаати қабул қилинмайди. Унда шахсни тасдиқловчи ҳужжат ёки гувоҳнома бўлиши шартлигини эслатди. Ва қонуннинг мазмун-моҳияти тўғрисида аҳоли ҳам чуқур маълумотга эга бўлиши зарурлигига урғу қаратди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Нодиржон Мухторов семинар-тренинг мавзусидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда коррупцияга қарши олиб борилаётган изчил фаолиятларга тўхталар экан, қонун бўйича тузилган идоралараро комиссияларнинг амалдаги ишларига эътибор қаратди. Шунингдек, бир қанча хорижий, яъни Сингапур, Швейцария, Янги Зеландия каби давлатларда бу борада йўлга қўйилган тизим хусусида тўхталиб, уларнинг тажрибаси бўйича маълумот бериб ўтди. Шу ўринда маърузачи, аввало, коррупциянинг олдини олишда аҳолининг онгини ўзгартириш муҳимлигини таъкидлади. Ва коррупция авж олмаслиги учун нафақат вазирлик, балки ҳудудлар кесимида ҳам ана шундай семинар-тренинглар зарурлиги тўғрисида ўз фикрини баён этди. Юқорида айтиб ўтилганидек, таъмагирлик, порахўрлик каби иллатларни йўқ қилиш бирданига амалга ошмайди. Чунки бунинг учун инсоннинг маънавий ва маърифий дунёқараши кенг бўлсагина, бундай иллатларга қарши кураша олади, дея фикрларини мухтасар қилди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги юристлар малакасини ошириш маркази ўқитувчиси Баҳодир Исмаилов Президентимизнинг 2017 йил 2 февралдаги "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2752-сонли Қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган "2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат давстури"га асосан коррупцияга қарши курашиш тўғрисида маъруза қилди. Марказ мутахассиси мамлакатимизда коррупцияга қарши қабул қилинаётган барча меъёрий ҳужжатларнинг бугунги ижроси қай даражада кечаётганлиги ва бу борада қандай ишлар амалга оширилаётганлиги хусусида тўхталиб, қуйидаги фикрларга эътибор қаратди. Аввало, коррупция давлат тизимини емирадиган иллат бўлиб, унга қарши аёвсиз курашиш давр талабига айланиб бораётганлигини таъкидлади. Шунингдек, коррупциянинг келиб чиқиш сабабларига асосан, инсоннинг ўзи ҳам бунга йўл очиб бераётганлигига гувоҳ бўлиб келмоқдамиз. Айниқса, "суюнчи", "хамир учидан патир", "воситачи" каби иборалар билан аталувчи порахўрлик кўринишларининг авж олиши оқибатида коррупцияга кенг йўл очилмоқда. Баҳодир Исмаилов ўз маърузасини давом эттирар экан, коррупцияга қарши курашиш бўйича хорижий давлатларда олиб борилаётган фаолиятларни мисоллар асосида изоҳлаб берди. Бунинг баробарида ҳар бир соҳада меҳнат қилаётган раҳбар ходимларнинг ўз ишига бўлган масъулиятсизлиги, мансабдорлиги, вазифасини суиистеъмол қилиши, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик каби ҳолатларга йўл қўйиши натижасида ташкилотларда бу каби ҳолатларнинг ҳанузгача давом этаётганлиги, шунингдек, аноним хатларни ҳам кўриб чиқиш, чунки бундай шикоятлар ортида ҳақиқат ва огоҳлантириш бўлиши мумкинлигини алоҳида таъкидлади. Албатта, коррупция орқали орттирилган маблағлар давлат тизимини ўзгартириш ва мансабдорликка йўналтирилганлигини айтиб, бугунги кунда тиббиёт ходимлари ўртасида ҳам коррупцияга йўл қўйилаётганлиги, унинг натижасида тизимни такомиллаштириш ва ислоҳ қилишда муаммоларга дуч келинаётганлигини таъкидлади. Маърузачи, тизимдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун меҳнат фаолият тизимини тўғри йўлга қўйиш ҳамда соҳа мутахассисларининг деонтология масалаларига жиддий ёндашуви зарурлиги, бунинг учун жамоатчилик назоратини кучайтириш лозимлигини коррупциянинг олдини олишда давлатимиз томонидан чиқарилаётган қонунлар ижросини ўз вақтида бажариб, уларга қатъий амал қилинса, ана шундагина халқимиз онги бу каби иллатлардан фориғ бўлади, дея ўз фикрларини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Раҳим Ҳакимов сўзга чиқиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш зарурлиги ва унга қарши курашишда жамоатчилик назоратини кучайтириш муҳимлигини таъкидлаётганликларини айтиб ўтди.

Шунингдек, коррупция бу – маънавий хиёнат эканлиги ва бу иллатнинг олдини олиш учун ҳуқуқий асослар мустаҳкамланиб бораётганлигини айтди. Лекин қонун ижроси бўйича ишлар самарали кечаётган бўлсада, айрим шахслар томонидан таъмагирлик, порахўрлик, ўз вазифасини суиистеъмол қилиш ҳолатлари такрорланаётганлигини афсус билан қайд этди. Йилимизнинг ўзига хос ном билан аталганлиги фуқароларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқларини янада мукаммал билишларига катта замин яратди десак, хато бўлмайди. Шундай экан, ошкоралик, холислик халқимизни тўғриликка, ҳақиқат сари интилишга даъват этмоқда.

Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор вазифаси бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг валеология кафедраси доценти Нодира Маматова маъруза қилди. Маърузада келтирилганидек, мутахассис Ҳаракатлар стратегиясининг барча соҳаларда самарали кечаётганлигини эътироф этиб, бу борада кенг кўламдаги ишлар замирида инсон саломатлиги, турмуш фаровонлиги ва унинг манфаатлари ётганлигини таъкидлаб, халқ билан мулоқотнинг ягона механизми яратилганлигини тилга олди. Шу билан бирга, институт кафедрасида республика тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган соҳа мутахассислари малакасини ошириш жараёнида уларга давлатимизнинг иқтисодий, сиёсий ҳамда маънавий-маърифий мавзулардаги дарс машғулотлари олиб борилишини таъкидлади. Ва мамлакатимизда демократик давлат қуриш, фуқаролик жамиятини барпо этишда фидойилик кўрсатган Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг муносиб ўрни борлигини алоҳида таъкидлаб, бугунги кунда эса давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ушбу эзгу ишларни давом эттираётганлигини айтиб ўтди. Маърузачи семинар-тренинг мавзусига урғу қаратар экан, институтда олиб борилаётган маънавий соатларда зарарли одатлардан воз кечиш, ҳар қандай оқимлардан сақланиш тўғрисида ўз фикрларини мисоллар орқали изоҳлади. Нодира Маматова иштирокчиларга Ҳаракатлар стратегиясининг 5 та устувор йўналишларининг мазмун-моҳияти тўғрисида чуқур маълумот бериб, бу борада мамлакатимизда қилинаётган ишларга тўхталди. Яна шуни таъкидладики, ҳар қандай муваффақиятга эришиш учун инсон, авваламбор, маънан бой, мафкураси теран, шунингдек, Ватан равнақи йўлида ёшларга ибрат бўлиш муҳимлигини гапирди. Шу ўринда ҳар бир тиббиёт ходими касб этикасига ва бемор билан мулоқот чоғида деонтология қоидаларига амал қилиши шартлигини айтиб, маъруза сўнггида ҳар бир кўтарилаётган муаммо нафақат соҳа мутахассислари, балки кенг жамоатчликнинг ҳам ҳамжиҳатликда фаолият олиб бориши зарурлигини таъкидлади. Олдимизга қўйилган мақсадлар замирида инсон манфаатлари ётар экан, аввало, юртимизда бўлаётган ўзгариш, янгиликлар, бунёдкорлик ишлари, босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳот жараёнларини халқимиз онгига тўғри ва холисона етказа олсак, ижобий натижаларга эришамиз, дея сўзини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш бўйича Идоравий комиссияси томонидан 2017 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида вазирликнинг Назорат инспекцияси бошлиғи Абдували Агзамов маъруза қилиб, вазирликнинг Идоравий комиссияси ҳисобот даврида ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни Президентимизнинг 2017 йил 2 февралдаги "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2752-сонли Қарори, коррупцияга қарши курашиш бўйича республика Идоралараро комиссиясининг йиғилиш баёнлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг чора-тадбирлар режаларига асосан олиб борилганлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, амалга оширилган ишлар хусусида тўхталиб, "Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш – Здравоохранение Узбекистана" газетасида "Ҳуқуқшунос минбари" рукни остида жорий йил мобайнида коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган 8 та мақола чоп этилганлигини билдирди. Бу борада Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкиллаштириш институти томонидан ўзбек ва рус тилларида антикоррупцион мавзуга бағишланган буклетлар тайёрланиб, барча тиббиёт муассасаларига тарқатиш учун ҳудудий бошқармаларга юборилганлигини таъкидлади. Ҳозирги кунда вазирлик томонидан тизимда коррупцияга қарши кураш масалаларига бағишланган махсус ижтимоий ролик сценарийси тайёрланганлигини айтиб ўтди. Тасдиқланган режага асосан вазирлик томонидан жорий йилнинг 2 майида "Ҳар бир мурожаат эътиборда: Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасидан келаётган мурожжатлар таҳлили" мавзусида республика матбуот анжумани бўлиб ўтганлигини, 2018 йил биринчи чоракда бевосита коррупцияга қарши кураш масалаларига бағишланган махсус матбуот анжумани ўтказилиши режалаштирилаётганлигини маълум қилди. 2017-2018 ўқув йилидан олий таълим ва малака ошириш институтлари 1-курс талабаларига "Маънавиятни шакллантирувчи мезонлар, омил ва воситалар. Коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига муросасиз бўлиш" мавзусида икки соатлик маъруза ва "Маънавиятни шакллантирувчи мезонлар, юксак маънавий фазилатлар. Коррупцияга қарши кураш – долзарб вазифа" мавзусида икки соатлик семинар-дарслар олиб борилаётганлигини тиббиёт коллежларида 3-курс талабаларига 4 соатлик амалий ва 2 соатлик семинар-дарслари ўтилаётганлигини алоҳида таъкидлади. Нодавлоат нотижорат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида жорий йилнинг 23 октябрь куни Республика хусусий тиббиёт врачлари Ассоциацияси билан меморандум имзоланди. Худди шундай меморандум Республика болалар ижтимоий мослашув маркази билан ҳам тузилган. Айни пайтда Республика врачлар Ассоциацияси ва "Ибн Сино" жамғармаси билан шартномалар тузиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, вазирликда юридик бўлим томонидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг антикоррупцион экспертизаси амалдаги тартибга асосан олиб борилаётганлиги, жумладан, ҳисобот даврида Соғлиқни сақлаш вазирининг 82 та буйруғи лойиҳаси антикоррупцион экспертизадан ўтказилганлиги ва бирортасида ҳам коррупцияга мойил омиллар аниқланмаганлигини маълум қилди. Шу билан бирга, назорат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан жорий йилнинг 9 ойида тиббиёт муассасаларида режали ва режадан ташқари текширишлар давомида коррупция масалалари бўйича аноним сўровлар ўтказилганлиги ва унда 3,1 мингга яқин тиббиёт ходими (уларнинг 240 нафари бўлим бошлиқлари, 490 нафари шифокорлар ва 2370 нафари ўрта тиббиёт ходими) ва 3000 дан ортиқ бемор қамраб олинди. Маърузачи республиканинг айрим тиббиёт муассасаларида коррупцияга йўл қўйган ходимларнинг порахўрлик, суиистеъмоллик билан шуғулланганликлари учун жиноий жавобгарликка тортилганликлари тўғрисида ахборот берди.

Вазирликнинг Мурожаатлар билан ишлаш сектори бош мутахассиси -Анвар Аманов Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси тизимида ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда жисмоний ва юридик шахслардан 2017 йилнинг 9 ойида келиб тушган мурожаатлар таҳлили бўйича ахборот берди. 2017 йилнинг 11 сентябрида "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрири қабул қилинганлиги ва ушбу Қонун асосида вазирликнинг жорий йилнинг 20 сентябрида 544-сонли буйруғи тасдиқланганлигини айтиб ўтди. Тадбир қатнашчиларига Қонуннинг янги таҳрири бўйича, яъни 18- модда – Мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш кафолатлари, 19-модда – Мурожаатлар муносабати билан аён бўлиб қолган маълумотларнинг ошкор этилмаслиги кафолатлари, 30-модда – Мурожаатларни кўриб чиқишни тугатиш, 29-модда – Мурожаатларни кўрмай қолдириш, 37-модда – Моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисида тушунчалар бериб ўтди. Президент виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида ижро қилишда айрим тиббиёт муассасаларининг масъул ходимлари ўз вазифаларига лоқайдлик билан қараётганликларини таъкидлади. Бунинг баробарида ишонч телефонлари бўйича ҳам муаммолар юзага келаётганлигини айтиб ўтди. Қонуннинг янги таҳрири асосида мурожаатларни кўриб чиқишда янгича иш юритиш механизмлари ишлаб чиқилганлигини билдириб, фуқаролардан келаётган мурожаатларни ижро этишда грамматик, стилистик хатоларсиз чиқиши ва белгиланган тартибда амалга оширилишини таъминлаш зарурлигига атрофлича тўхталди.

Тадбир сўнггида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев кун тартибида кўрилган асосий масалаларга эътибор қаратиб, коррупцияга қарши курашишда вазирлик билан ҳамжиҳатликда иш олиб бораётган барча вазирлик, идора ва ташкилот вакилларига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, жойларда ҳам мазкур семинар-тренинглар ўтказиш муҳимлигини таъкидлаб, йиғилишда кўтарилган хато-камчиликлар юзасидан масъул шахсларга муҳим топшириқлар берди.

Ибодат СОАТОВА.

№ 42, 13.10.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.