Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Долзарб мавзу

ҲУДУДЛАРДАГИ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАР ЕЧИМИГА ТАҲЛИЛИЙ ЁНДАШУВ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, бугун мамлакатимизда тинчлик ва саломатлик устувор вазифалардан бирига айланаётганлиги амалдаги фаолиятларда ўз аксини топмоқда. Айниқса, жорий Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида оилаларда тинчлик-хотиржамлик ҳамда инсонларнинг ўз саломатлигига бўлган эътибори, қолаверса, давлатимиз томонидан халқимиз соғлиги йўлидаги эзгу мақсадли ишларда намоён бўлмоқда.

Жумладан, барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизимидаги фаолиятларга назар ташлайдиган бўлсак, бу борада давлатимиз томонидан қабул қилинган қарор ва фармонлар ижроси бўйича аҳамиятга молик ишлар амалга оширилмоқда. Шу ўринда таъкидлашимиз жоизки, давлатимиз раҳбари ўз вақтида тиббиётда учраётган муаммолар хусусида тўхталиб, эътироз билдирган эдилар. Шулардан келиб чиққан ҳолда, айни пайтда тизим фаолияти янада такомиллаштирилиб, нафақат пойтахтимиз, балки жойларда ҳам кенг қамровли ишлар йўлга қўйилди. Ҳатто Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фаолиятдаги тизимига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Бу албатта, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати янада яхшиланишига, шу билан бирга, халқимизнинг тиббиётга бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Жорий йилнинг 19 август куни Китоб туманида бўлиб ўтган вазирликнинг Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма ҳайъат йиғилиши аҳоли билан мулоқот, жойларда амалга оширилаётган ишлар ҳамда мавжуд камчилик ва муаммолар ечимини ўз ичига қамраб олди.

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов кириш сўзи билан очиб, Юртбошимиз томонидан соҳага оид қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар хусусида тўхталиб, жойларда уларнинг ижроси бўйича бажарилаётган ишларга алоҳида урғу қаратди. Бунинг натижасида, тиббиёт муассасаларида энг сўнгги русумдаги аппаратуралар ҳамда улар билан ишлаш малакасига эга салоҳиятли кадрлар тайёрлаш масаласи, халқаро ҳамкорликлар ва беморлар учун яратилаётган шароитлар ҳақида сўз юритди. Шу билан бирга, айрим жойлардаги ҳанузгача ечимини кутаётган муаммоларга танқидий ёндашиб, бошқарув ва ижро назорати талаб даражасида эмаслигини алоҳида таъкидлади. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлар ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида"ги 2881-сонли Қарори асосида ижро интизомининг 2017 йил биринчи ярим йиллиги бўйича тўхталиб, бу борада ҳам камчиликлар кузатилаётганлигини танқид остига олди.

Шундан сўнг, иштирокчиларга йиғилиш кун тартибига киритилган Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги тиббиёт муассасаларида амалга оширилган самарали ишлар ҳамда мавжуд хато ва камчиликлар кўрсатилган видеоролик намойиш этилди.

Йиғилиш давомида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш ва профилактика ёрдамини кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи Фарруҳ Шарипов Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Китоб туман тиббиёт бирлашмасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижроси бўйича жорий йилнинг 6 ойлигида амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳамда иккинчи ярим йиллик учун белгиланган устувор вазифалар тўғрисида тўхталди. Маърузачи, шунингдек, ўтган ярим йил давомида вилоятдаги тиббиёт муассасаларидаги фаолиятларга эътибор қаратар экан, юқорида таъкидлаб ўтилган меъёрий ҳужжатларда белгиланган вазифалар тўлалигича қамраб олинмаётганлигини айтди. Жумладан, айрим ҳудудларда маблағлар тўғри молиялаштирилмаганлиги, ҳанузгача патронаж тизимининг самарали кечмаётганлиги, ичимлик суви ва кадрлар таъминоти, тиббий-статистик маълумотлар нотўғри тақдим этилиши, репродуктив саломатлик ҳамда хизмат транспортлари билан боғлиқ ҳужжатларнинг аниқ шакллантирилмаганлиги каби муҳим масалалар юзасидан асосли мисоллар келтириб ўтди.

Кун тартибидан ўрин олган яна бир долзарб масала юзасидан Республика Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази бошлиғи Баҳром Алиматов сўзга чиқиб, Тошкент шаҳар, Жиззах, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида вирусли гепатитлар бўйича эпидемик вазият, амалга оширилаётган профилактик ҳамда эпидемияга қарши олиб борилаётган чора-тадбирларнинг ҳолати тўғрисида ўз фикрларини билдириб ўтди. Хусусан, кейинги пайтларда тиббиёт муассасаларида санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмаслик натижасида шифохона ичи инфекцияларининг кўпайиб бориши натижасида юқумли касалликларнинг келиб чиқаётганлиги соҳа ходимларини ташвишга солаётганлигини таъкидлади. Айниқса, болаларни гепатит А касаллигига қарши эмлаш бўйича айрим муаммо ва камчиликлар учраётганлигига алоҳида урғу қаратди. Шунингдек, мазкур касалликнинг нафақат А, балки В ва С турлари хусусида ҳам тўхталиб, иштирокчиларга муҳим ахборотларни бериб ўтди. Шу билан бирга, ушбу касалликларнинг юқиш йўлларига эътибор қаратар экан, мутахассислар томонидан хасталикларга кеч ва нотўғри ташхис қўйилаётганлиги, бунинг баробарида стоматология йўналиши ҳамда маиший хизмат кўрсатиш жойларидаги (сартарошхона) ҳамда тиббиёт муассасаларида тиббий асбоб-ускуналарнинг зарарсизлантирилмаслиги, шунингдек, уларнинг такроран ишлатилиши бу каби салбий ҳолатлар юзага келишига сабаб бўлаётганлигини афсус билан тилга олди. Юқоридаги хато ва камчиликларнинг олдини олиш борасида мамлакатимиз тиббиёт тизимида профилактик чора-тадбирлар кучайтирилганлиги ҳамда ишчи гуруҳлар томонидан назорат ишлари олиб борилаётганлигини ҳам баён қилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Сайдмурод Сайдалиев мустақиллик байрамига тайёргарлик ишлари ва пахта йиғим-теримига мавсумий жалб этиладиган ҳашарчиларга тиббий-санитария хизматини ташкил этиш хусусида тўхталиб, тиббиёт муассасаларида 25 августдан 5 сентябргача навбатчиликларни ташкил этиш, шунингдек, жойлардаги байрам тадбирлари қаерда ўтказилиши ҳамда савдо объектларининг чиқиши ва тайёрланадиган таомларнинг назорати кучайтирилиши зарурлигини айтиб ўтди. Шу билан бирга, пахта йиғим-терими даврида эпидемик вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш муҳимлигини ҳам таъкидлади.

Тадбир давомида тизимдаги тиббиёт муассасаларининг 2017-2018 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиши тўғрисида вазирлик мутахассиси сўзга чиқиб, айрим шифо масканларида бу борада масъулиятсизликка йўл қўйилаётганлиги ҳамда раҳбар ва жавобгар шахслар томонидан амалдаги вазифалар бажарилмасдан қолиб кетаётганлигига эътироз билдирди.

Шу ўринда айтиш лозимки, бўлиб ўтган тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғ-лиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва иштирокчилар Инвестиция дастури асосида реконструкция қилиниб, замон талабларига жавоб берадиган Китоб туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда ислоҳотлар натижасида ўзгача қиёфа кашф этган янгича тизимда иш бошлаган 12, 14 ва 16-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаларида бўлиб, у ердаги фаолиятлар билан яқиндан танишди.

Айтиш жоизки, вилоят соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган самарали ишларда Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиевнинг ҳамкорликдаги фаолияти ҳам эътироф этилди. Шунингдек, мазкур тадбирда Китоб тумани ҳокими Рустам Саъдуллаев иштирок этиб, туман аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, қолаверса, бундай кенг аудиториядаги йиғилишнинг туманда бўлиб ўтиши тизимдаги ижобий натижалар қатори ечимини кутаётган муаммоларни ҳамкорликда ҳал этишда муҳим омил бўлишини таъкидлаб, тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорлигини билдирди.

Йиғилиш давомида Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги тиббиёт муассасалари фаолиятидаги ишларга ижобий баҳо берилиб, ўз ечимини кутаётган муаммолар таҳлилий муҳокама қилинди ҳамда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазири томонидан мутасадди раҳбарлар зиммасига муҳим вазифалар юклатилди.

Ҳайъат йиғилиши сўнгида кун тартибидан ўрин олган долзарб мавзулар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ибодат СОАТОВА. Муаллиф олган суратлар.

№ 35, 25.08.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.