Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Долзарб мавзу

ИЖРО ИНТИЗОМИДА МАСЪУЛИЯТ ВА ТАЛАБ

2017 йилнинг 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида семинар бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида"ги 2881-сонли Қарорининг ижросини таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг назорат режаси 7-банди билан белгиланган ижро интизомини мустаҳкамлаш, Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати ҳужжатлари ҳамда топшириқлари ижросини назорат қилиш масалалари муҳокама этилди.

Семинарда Вазирлар Маҳкамаси Ахборот-таҳлил департаменти масъул ходимлари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги юристлар малакасини ошириш маркази ҳуқуқшунос олимлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибий бўлимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари, илмий-текшириш институтлари, ихтисослашган марказлар, пойтахтимиздаги коллеж, лицей ва туман тиббиёт бирлашмаларининг ижро интизоми ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходимлари иштирок этдилар.

Семинарни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Сайдмурод Сайдалиев кириш сўзи билан очиб, мавзу доирасидан келиб чиққан ҳолда ўз фикрларини билдириб ўтди. Айниқса, республика тиббиёт муассасаларининг раҳбар ва ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинаётган Фармон ва қарорлар, вазирликнинг буйруқлари ижросини вақтида бажармаганликлари туфайли ишлар самарадорлиги сусайиб кетаётганлигига ўз эътирозини билдирди.

Кун тартибидан ўрин олган биринчи масала юзасидан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази ҳуқуқшуноси Шуҳрат Файзиев "Давлат бошқаруви органларида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича мавжуд қонунчилик" мавзусида маъруза қилди. Маърузачи асосан 2014 йилнинг 3 декабридаги Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти томонидан имзоланган "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонуннинг мазмун-моҳияти хусусида тўхталиб, тегишли моддаларга шарҳ бериб ўтди. Шунингдек, ушбу қонуннинг мақсади давлат органлари ва муассасаларига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган ёзма ва оғзаки мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш бўйича ҳам ўз фикрини билдирди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида ҳар бир шахс мустақил ўзи ёки бошқа шахслар орқали, улар билан бирга ваколатли давлат органлари ва муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоят билан мурожаат этиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб берилган. Мазкур мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби амалдаги қонун ҳужжатлари билан амалга оширилади, деб кўрсатилган. Шу билан бирга, маърузачи мурожаат этиш ҳуқуқи ва шакллари хусусида ҳам алоҳида тўхталиб, унда жисмоний ва юридик шахслар давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқига эгалиги ва бу ихтиёрий амалга оширилиши, ҳеч ким бирор бир мурожаатни ҳимоя қилишга ёки унга қарши қаратилган ҳаракатларда иштирок этишга мажбур қилиниши мумкин эмаслигига эътибор қаратиб, жисмоний шахс ўзи, ишончли вакили ёки адвокати орқали мурожаат этиши, юридик шахс номидан унинг раҳбари ёки ишончнома орқали ана шундай мурожаат этиш ҳуқуқига эга шахс мурожаат қилиши, мурожаатлар оғзаки, ёзма, электрон шаклда бўлиши мумкинлигини, мурожаат бошқа шахсларнинг ҳуқуқ, манфаат ва эркинликлари давлат манфаатларини бузмаслиги тўғрисида ҳам маълумот бериб ўтди. Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда 138 та миллат ва элатлар истиқомат қилмоқда. Улар тегишли органларга ўз тилларида мурожаат этишади. Шу ўринда айтиш жоизки, мурожаат қайси тилда берилган бўлса имкон қадар ўз тилида жавоб бериш назарда тутилган. Агар тўлиқ жавоб бериш имконияти бўлмаса, давлат тилида амалга оширилади. Эътирофлиси шундаки, бугунги кунда мамлакатимиз таълим муассасаларида еттита хорижий тилда дарслар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, кўплаб малакали таржимонлар томонидан ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Маърузачи мазкур қонун хусусида чуқур тўхталиб, ушбу меъёрий ҳужжатни янада такомиллаштириш мақсадида 2016 йилнинг сўнгги ойларида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси, сўнгра Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, жойларда халқ қабулхоналари фаолиятининг йўлга қўйилганлигини алоҳида қайд этди. Ва айни пайтда мамлакатимиз миқёсида бу борада олиб борилаётган ишларга урғу берди. Шу билан бирга, раҳбарлар режа асосида, яъни кун тартибида белгиланган соатларда мурожаат этувчиларни ўзи қабул қилиши ва мавжуд масалани ваколат доирасида ҳал этиши зарурлигига ҳам атрофлича тўхталди.

Шунингдек, вазирлик бош мутахассиси Рихси Салихаджаева Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларида ижро интизомини мустаҳкамлаш, иш юритиш ва назорат ишларини ташкил этиш бўйича амалдаги фаолиятлар ҳамда бу борада учраётган муаммо ва камчиликларга алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 1999 йил 12 январдаги "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 12-сонли ҳамда 29 мартдаги "Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш юритиш ва ижро назоратини ташкил этиш бўйича норматив ҳужжатларини тасдиқлаш тўғрисида"ги 140-сонли қарорларининг амалдаги ижросига алоҳида тўхталар экан, айни пайтда айрим тиббиёт муассасаларида мазкур қарорлар ижроси ўз вақтида бажарилмаётганлигига эътироз билдирди. Шунинг-дек, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 28 августдаги 11-10-сонли тартиби мазмуни ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида иш юритиш бўйича Йўриқнома"нинг муҳим жиҳатларига тўхталар экан, унда янги ишга қабул қилинган ходимлар Марказий аппарат таркибий бўлинмалари, ҳудудий органлари ва унинг идоравий мансуб тузилмалари раҳбарлари иш юритиш бўйича йўриқнома билан танишган бўлишлари шартлигини ҳам алоҳида таъкидлади. Маърузачи, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2006 йил 11 декабрдаги "Хизмат доирасида фойдаланиш учун" грифли ҳужжатлар билан ишлаш тартиби" тўғрисидаги 554-сонли буйруғига шарҳ бериб ўтди. Бундан ташқари, вазирликнинг 2006 йил 29 декабрдаги 590-буйруғи вазирлик, тиббиёт муассасаларида идоравий мансуб тузилмалар тўғрисидаги барча маълумотлар махсус бланкада давлат, рус ҳамда инглиз тилларида ёзилишини, маълумотнома карточкаси 2 қисм, яъни: бажарилган ва бажарилмаган ҳужжатлардан иборатлигини, шунингдек, меъёрий ҳужжатларни тўғри юритиш учун 1б ва 2б назорат карточкаларини тўлдириш ҳамда ҳужжатни ижро этиш бўйича кўрсатмалар резолюция шаклида берилиши ва уларнинг муддати хусусида тўхталди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этиш ҳамда ижро интизомининг аҳволи мониторингини олиб бориш тартиби ва унда ҳужжатларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши ҳамда бутун бошқарув вертикали бўйича иш олиб борилишига, тақдим этилган ахборотларнинг ишончлилиги юзасидан шахсий жавобгарлик биринчи раҳбар ва масъул ходимларга юкланишига муносабат билдирди. Йиғмажилдлар номенклатураси асосан муассасада вужудга келган ва белгиланган тартибда расмийлаштириладиган йиғмажилдларнинг сарлавҳаларидан иборат доимий рўйхати ва уларни сақлаш муддатларини акс эттирувчи ҳужжат ҳисобланади. Шундай экан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги "Архив ишини такомиллаштириш тўғрисида"ги 101-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда ҳужжатларнинг сақланишини ташкил қилиш, қийматини экспертиза қилиш, яроқсиз ҳужжатларни ташлаб юбориш учун ажратиш, давлат архивига юбориладиган ҳужжатларни тайёрлаш ва топшириш мақсадида жойларда "Эксперт комиссияси" ташкил этилганлигини тилга олди. Жумладан, мазкур муҳим ҳужжатларга, яъни асосий фаолиятга оид буйруқлар – доимий, шахсий буйруқлар – 75 йил, хизмат сафари буйруқлари – 3 йил муддатда сақланишини айтиб ўтди.

Вазирлик тизимидаги Президент виртуал қабулхонасига келиб тушаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан вазирликнинг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш сектори мудири Анвар Аманов маъруза қилиб, қуйидаги таҳлилий хулосаларини иштирокчилар эътиборига ҳавола этди. Маърузачининг таъкидлашича, жорий йилнинг 30 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига келиб тушган мурожаатлар мониторинг қилинди ва қуйидагилар аниқланди. Келиб тушган жами 33 минг 634 та мурожаатнинг 32 минг 407 таси (96 фоизи) мазмунан ижро этилган. Шундан 1 минг 55 таси ижро жараёнида турибди. Айниқса, ўз вақтида ижро этилмаган мурожаатларнинг кўп қисми Тошкент шаҳри, Тошкент, Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармаларига тўғри келади ва уларнинг ижро этилиш муддати 12-24 кунни ташкил этади. Қонун бўйича қўшимча ўрганиш талаб этилмаса, мурожаатлар 15 кунда кўриб чиқилиши шарт.

Ўтган 10 ой давомида Президент виртуал қабулхонаси орқали келган мурожаатларнинг айримларининг ижро муддатлари бузилганлиги, бу албатта, масъул шахсларнинг ўз ишларига совуққонлик билан қараётганликларидан далолатдир. Анологик ҳолат республика шифохоналари билан боғлиқ. Бугунги кунда уларнинг иш тизими аниқ ва систематик равишда жорий қилинган бўлсада, айрим вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари фаолиятида ҳамон камчиликлар кузатилмоқда. Афсуски кўпчилик мурожаатлар фуқаронинг шахсан иштирокисиз ўрганилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги жойларда фуқаролар билан баъзида боғланиш имкони бўлмаганлиги сабабли ижрочиларга қулайлик яратиш мақсадида жавоб хатига почта квитанциясини илова қилиб жавоб хати фуқарога етиб борганлигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида киритган. Лекин бу йўналишда ҳам муаммолар йўқ эмас. Юқорида таъкидлаб ўтилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида айни кунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш жараёнини такомиллаштириш мақсадида бир қатор ишлар бажарилди. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирининг 106-сонли буйруғига асосан вазирликда доимий фаолият кўрсатадиган ишчи гуруҳи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3052-сонли Қарори асосида Соғлиқни сақлаш вазирининг 310-сонли буйруғи билан Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш сектори яратилди. Президентимиз томонидан жорий йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинганлиги, бу албатта, аҳолининг турмуш фаровонлигини янада яхшилашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, халқ бундан ўз розилигини изҳор этмоқда. Бунинг баробарида фаолиятларни янада изчиллик билан олиб бориш мақсадида Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши, жойларда сайёр қабуллар ўтказилиши ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқи ва эркинлигига эга эканлигида янада намоён бўлмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, вақт шиддат билан ўтмоқда. Унинг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланишимиз учун давлатимиз томонидан қабул қилинаётган ҳар бир ҳужжат замирида инсон манфаатлари мужассамлигини дилдан ҳис этиб, уларнинг ижросини таъминлашда барчамиз бирдек масъул эканлигимизни унутмаслигимиз керак.

Ибодат СОАТОВА.

№ 27, 07.07.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.