Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Со­­­­­ғлом она-соғлом бола

ТУРЛИ ХАСТАЛИКЛАРДА БЕМОР БИЛАН МУЛОҚОТНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Юқумли касалликларга чалинган бемор билан мулоқот. Бемор ўзининг юқумли касал билан оғриганидан хабар топган заҳоти руҳан тушкунликка учрайди. Чунки булардан баъзилари узоқ муддат даволанади (масалан, сил, захм кабилар). Боз устига баъзан қатъий, давомли парҳезнинг талаб этилиши беморни тушкунликка тушириб қўяди (жумладан, вирусли гепатит кабилар).

Сил касаллиги билан оғриган беморлар руҳияти интоксикация ва узоқ давомли туберкулостатик дориларни ичиши таъсирида ўзгариб боради. Улар ўта асабий, худбин (эгоцентрик) бўлиб қоладилар. Атрофдагиларнинг бундай касаллардан "қочиш"лари уларни руҳий тушкунликка олиб келади. Сил билан оғриган беморлар ойлаб стационарда, яқинларидан узоқда яшайдилар. Шунинг учун тиббиёт ходимлари эътибор билан доимий психотерапевтик муолажаларни ўтказиб туришлари, улардан ошкора қочмасликлари керак.

Тери-таносил касалликларида бемор ўзидаги тери ўзгаришларини яширишга ҳаракат қилиб, жисмидаги доимий ноқулайликни ҳис этиб яшайди. Захм ташҳисини эшитган бемор депрессияга учрайди ва жонига қасд қилиш (яъни суицид) фикри туғилади. Бундай дамларда шифокор босиқлик билан касалликни даволаш мумкинлигини тушунтириши керак. Амалиётда захм, сўзак (гонорея) ёки трихомоноз билан оғриган касаллар даволанишдан бош тортган ҳоллар учраб туради. Албатта, бундай пайтда ушбу касаллик билан оғриган беморлар зудлик билан мажбурий даволанишга жўнатилади. Бу вазифа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёрдамида амалга оширилади. Демак, шифокор юқорида қайд қилинган касалликларга мубтало бўлган беморларни даволаш жараёнида уларнинг руҳиятидаги ўзгаришларни ва бу касалликларнинг хусусиятларини эътиборга олган ҳолда ҳар бир бемор билан алоҳида мулоқот ўрнатиши дуруст бўлади.

Дизентерия, вирусли гепатит, менингит касалликларида шифокор ўзига хос деонтологик ёндошмоғи керак. Беморга бундай пайт-да зудлик билан касалхонада даволаниши кераклиги, акс ҳолда турли асоратлар муқаррарлиги, изоляция қилинмаса, оиланинг бошқа аъзоларига юқиш хавфи борлиги тушунтирилиши керак. Кўпинча аҳоли ўртасида ўзим тузалиб кетаман, деган нотўғри фикр юради.

Хулоса қилиб айтиш керак, юқумли касалликлар деонтологияси беморларнинг нозик руҳиятлари хусусияти билан боғлиқ.

4. Хирургия бўлимидаги беморлар билан мулоқот. Бу бўлимдаги беморларни шартли равишда икки гуруҳга бўлиш мумкин:

1. Бўлимга режа асосида келган беморлар;

2. Бўлимга тўсатдан келган беморлар.

Биринчи гуруҳга кейинги гуруҳдагиларга нисбатан тақдирга тан берган, бўлимда кечаётган тиббий жараён ва ҳодисаларга асабийлашмай, ақл кўзи билан қарай оладиган беморлар киради. Чунки улар ҳафталаб, ойлаб ва ҳатто йиллаб хирург столига ётиш муддатини кутиб яшайдилар. Бунга киши танасидаги баъзи физиологик жараёнлар (ҳайз даври ёки донордан бирон аъзони кутиш) сабаб бўлади. Бемор хирургик жараённи интизорлик билан кутади. Булар билан суҳбат кейинги гуруҳга оид беморларнинг ўртасида бўладиган суҳбатдан енгилроқдир. Донорлик аъзони кутаётган беморни шифокор тинчлантириши, умид бахш этиши керак. Бўлимга тўсатдан келиб қолган бемор руҳи бундай зарбага тайёр бўлмайди. Шу сабабга кўра, улар билан ниҳоятда эҳтиётлик билан муомалада бўлиш керак.

Шу ўринда айтиш мумкинки, бу беморлар тақдир зарбаси туфайли хирургия бўлимига келиб қолганлар.

Демак, хирургия бўлимида шифокор беморнинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий изтиробларини тушунган ҳолда муомала қилгани маъқул.

5. Гинекология ва туғруқ бўлимидаги беморлар билан мулоқот. Беморлар бу бўлимга (хирургия бўлимидаги каби) режа асосида ва тўсатдан келадилар. Беморларни асосан, қамқонлик, токсикоз, бола тушиш таҳдиди каби ҳолатлар безовта қилади. Баъзилари кутилмаган ташвишга, яъни бу оналар ўз раҳми (бачадони)даги фарзадларидан бевақт жудо бўладилар. Акс ҳоллар ҳам бўлади – аёллар исталмаган ҳомиладан халос бўлишни сўраб келадилар. Турли мақсадлар, орзулар, айтиш керакки, бир-бирига зид мақсадлар билан бўлимга келган аёллар кўнглини топиб муомала қила билиш керак. Ижобий ва салбий, яъни қарама-қарши туйғулар уммони мавжуд муҳитда хизмат қилувчи тиббиёт ходимларидан зийракликнинг талаб этилиши табиий.

Гинекология бўлимидаги аёлларни текшириш жараёнида улар табиатига хос бўлган уятчанликни ҳисобга олиб муо-мала қилиш керак. Айниқса, бефарзанд ва климакс давридаги аёллар феъли жуда таъсирчандир. Бемор аёлларни имкон қадар бегона нигоҳлардан халос этган маъқул. Туғиш жараёнида аёлларга мулойим сўзлаш, қўпол хатти-ҳаракат қилмаслик, ширин сўзлар билан қўллаб-қувватлаш лозим.

Фарзандини йўқотган, оғир токсикоз пайтидаги аёлларга ўзгача деонтологик ёндошмоқ керак. Айтайлик, аёл фарзандини йўқотди. Шифокор бу аёл ва унинг турмуш ўртоғига ҳамдардлик билдириб, келажакда яна фарзанд кўришларига умид туғдириши лозим. Шунингдек, ҳар бир ёш аёл билан контрацептивлар ҳақида, абортнинг (айниқса, биринчи фарзандни олдириш) ўта зарарлилиги хусусида суҳбатлашиш муҳим.

Таъкидланганидек, эътиборсиз айтилган сўз нохуш ҳолатга олиб келиши мумкин. Бу ўринда ҳаётий мисол келтирамиз: ҳамшира бемор аёлни навбатдаги муолажага олиб борар экан: "Негадир бачадонингиздаги ёриқлар битмаяпти. Яхшилаб тозаламасак, бачадонингиз чириб кетиши мумкин", дейди. Бундай "суҳбат"дан сўнг бемор руҳий тушкунликка тушиб, лактация (сут келиши) тўхтаб қолади. Кўриниб турибдики, бундай деонтологик хатога асло йўл қўймаслик керак.

Барча бўлимлардаги каби гинекология даргоҳида ҳам шифокорлик сирини сақлаш талаб этилади (бепуштлик ташҳиси, фарзанд асраб олиш каби). Туғруқ ва янги туғилган чақалоқлар бўлимида тиббиёт ходими шахсий тозалик қоидаларига риоя қилиши, яъни тирноқлари олинган, қўлларида турли безак, тақинчоқлар бўлмаслиги керак.

Демак, ҳаёт-мамот чегарасида турган ва яқин кун, соат, дақиқаларда она бўлиш бахтини кутаётган, лекин тўлғоқнинг аччиқ-аччиқ дардлари тўлқинларида азоб чекаётган аёлнинг барча инжиқликларини меҳрибонлик, бағрикенглик, ширинсўзлик ва сабр билан "кўтариш" учун шифокор ва ҳамшира ўзида катта куч топа билиши муҳимдир.

6. Педиатрия муомала одоби. Дарҳақиқат, бу соҳа мутахассислари:

* ҳали тилга кирмаган, сўзлай олса-да, хасталик белгиларини тўғри баён қилиб бера олмайдиган;

* озроқ маълумот бера олса ҳам "бегона", "оқ халатли" инсонлар билан гаплашишдан бош тортадиган, бетиним йиғлайдиган, ҳеч нарсага овунмайдиган болалар билан муомала қилишга мажбур бўлади.

Бола тинмай йиғлаб, педиатр кўригига халақит бериши мумкин. Лекин шифокор бу ҳолатда асабийлашмаслиги, совуққонлик билан аввал онани савол-жавоб қилиши, сўнг болани текшира бошлаши керак. Ёш онанинг ҳаёт тажрибаси оз ва руҳия-ти нозик эканини ҳисобга олган равишда ташҳисни юмшоқроқ, киши чўчиб кетмайдиган шаклда айтган маъқул. Болаларни операцияга тайёрлашда уларга тушунарли тилда гапириш керак.

Педиатр кичик беморлари билан муомалада қуйидаги тамойилларни ҳисобга олиши талаб этилади:

* тинч, сокин, мулойим, қатъий гапириш;

* ёшни ҳисобга олиб ўтказиладиган муолажаларни тушунтириш;

* бола учун (имкон қадар) тушунарсиз сўзларни ишлатмаслик;

* бола бирон муолажа (операция)да чўчиганда бошқа болалар мисолида тинчлантириш керак.

Демак, педиатр – донолар айтгандек, фарзандларга катта ҳурмат, эҳтиром билан муносабатда бўлиш лозимлигини ёдда сақлагани мақсадга мувофиқ.

7. Бемор қариндошлари билан мулоқот. Бемор қариндошлари билан кўпинча қалтис, оғир ҳолатларда мулоқот қилинади.

Хусусан:

* ўзи ҳақида тўлиқ ва тўғри маълумот бера олмайдиган руҳий касалнинг;

* ўлими муқаррар бўлган, лекин бунинг очиқ белгиларини сезмаётган беморнинг;

* жонлантириш ҳолатида ётган, яъни шифокор билан суҳбатлашиш лаёқатига эга бўлмаган беморнинг;

* нозик ва қалтис ёки оддий операция қилиниши зарур бўлган беморнинг қариндошлари билан алоҳида, яккама-якка суҳбат қилиниши зарур.

Бундай суҳбатлар юридик ҳужжатларда (зарурий ҳолатларда) ўз аксини топиши зарур (масалан, бемор операциясига рухсат этувчи хатни ёзиш). Баъзан беморнинг қариндошлари билан аҳволнинг ёмонлиги ёки қандайдир охирги чора кўриш маслаҳатлашилади. Ва бу хуфиёна (яширинча) кечган суҳбатдан бемор шубҳаланмаслигига эътибор муҳимдир.

Биз турли хасталикларда бемор билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари масаласини кўрдик. Имкон қадар турли хасталиклардаги мулоқотнинг умумий ва деонтологик хусусиятларига эътибор қилдик.

№ 23, 12.06.2009 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.