Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Со­­­­­ғлом она-соғлом бола

ОИЛАЛАРГА БАХТ ВА ШОДЛИК УЛАШУВЧИ МАСКАН

Аёл зоти борки, ўзидан муносиб авлод қолдириб, уни Ватанга муҳаббат, садоқат руҳида тарбиялашни, оналик бахтига муяссар бўлишни орзу қилади. Бундай олижаноб туйғуни ҳис этиш ва унга эришиш нақадар олий бахтдир. Ана шундай қувончли кунларга шерик бўлиб келаётган акушер-гинекологлар хизматини эътироф этиб, уларнинг машаққатли ва масъулиятли касблари ҳақида қанча кўп гапирсак, шунча оз. Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Дилбар Нажмитдинованинг ахбороти эшитилди. Соҳадаги ютуқлар, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишидаги ишлар, мавжуд муаммолар чуқур таҳлил қилинди.

Соҳанинг ҳуқуқий

асоси

Ўтган йиллар давомида она ва болани ижтимоий ҳамда тиббий ҳимоя қилиш сифатини янада юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бунда ўнлаб меъёрий-ҳуқуқий ва қонунчилик ҳужжатлари мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2013 йил 12 мартдаги "2013-2017 йиллар даврида болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш давлат дастури тўғрисида"ги ҳамда 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги Қарорлари ва бошқа ҳужжатлар шулар жумласидандир. Ўзбекистонда ҳомиладорларга тиббий ёрдам кўрсатадиган қатор муассасалар самарали фаолият юритмоқдаки, улар нафақат мамлакатимиз, балки хорижда ҳам яхши маълум. Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказини ана шундай муассасалардан бири дейиш мумкин. Ушбу муассаса илмий-тадқиқотларни мувофиқлаштирувчи ва услубий марказ сифатида ташхис қўйиш, даволаш, профилактика ва реабилитация қилиш бўйича инновацион технология ҳамда замонавий усулларни ишлаб чиқиб жорий қилмоқда, мамлакатимиздаги барча даволаш-профилактика муассасаларига ихтисослаштирилган акушерлик-гинекологик ёрдам кўрсатмоқда.

Марказ акушерлик-гинекология клиникаси, илмий маслаҳат поликлиникаси, илмий бўлим ва илмий кенгашни ўз ичига олган йирик илмий-амалий мажмуадир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош акушер-гинекологи, профессор Дилбар Нажмитдинова. – Туғруқ жараёнида аёлнинг турмуш ўртоғи иштирок этиш имконияти, индивидуал психологик ёрдам ва барча қулайликлар яратилган алоҳида палаталар мавжудлиги туфайли аксарият ҳомиладор аёллар айнан ушбу марказни танламоқда. Чунки иккита туғруқ бўлимининг туғруқ заллари самарали перинатал парвариш бўйича халқаро андозаларга мослаштирилган. Кўзи ёриган аёллар ва чақалоқларга юқори малакали шошилинч ёрдам кўрсатиш учун зарур жиҳозлар билан таъминланган алоҳида туғруқ заллари ташкил қилинган.

2016 йилда

"Оила ва никоҳ" илмий маслаҳат поликлиникасида 62882 нафар беморга тиббий маслаҳат берилган. 9115 нафар бемор соғломлаштирилган. Гинекологик жарроҳлик амалиётлари 3359 – 48,4 фоиз, шундан юқори технологиялиси 1208 – 36 фоизни ташкил этди.

КАДРЛАР САЛОҲИЯТИ

Бугунги кунда республикада:

– акушер-гинеколог – 5325;

– неонатолог – 1448;

– анестезиолог-реаниматолог – 2356;

– доя – 19240;

– олий тоифали акушер–гинеколог – 2227 (41,8 фоиз).

Республикада:

– тоифали акушер-гинеколог – 3258 (61 фоиз);

– тоифасиз – 2067 (39 фоиз);

– акушер-гинекологлар билан таъминланиш – 98 фоиз, доялар билан таъминланиш – 99,5 фоиз.

Даволаш иши ва амалий тажриба

Неонатал реанимация ва интенсив терапия бўлимида янги дори воситалари ва жиҳозларни қўллаган ҳолда, даволашнинг замонавий усулларидан фойдаланилади. Муддатидан олдин туғилган чақалоқлар ҳомила даври ҳолатига мос шароитлар яратилган инкубаторга жойлаштирилади. Жумладан, ҳарорат ва намлик даражаси мунтазам назорат қилиб борилади, шовқин ва ёруғликдан ҳимояланади. Шунингдек, бундай болалар учун физиологик ҳисобланган "ҳомила ҳолати"ни сақлаш мақсадида "уячалар", валиклар, махсус кўрпача ва зарур ҳолларда кислород терапиясидан фойдаланилади.

Марказда оператив ва консерватив бўлимлардан иборат гинекология бўлими ҳам мавжуд. Биринчи гинекология бўлимида гистероскопия ва бошқа хизматлар кўрсатилади. Жарроҳлик хоналари иккита лапароскопик устун билан жиҳозланган. Улар ёрдамида юқори технологияли эндоскопик амалиёт ўтказилади. Шунингдек, замонавий усулларда барча гинекологик муолажалар амалга оширилади. Иккинчи гинекология бўлимида яллиғланиш, бепуштлик, ҳомила тушиши каби касалликларга ташхис қўйиш ва даволаш, жарроҳлик амалиётига тайёрлаш ва операциядан кейинги тикланиш ишлари олиб борилади. Гинекология бўлими фаолияти, юқори технологик жиҳозлар билан таъминлангани ва шифокорларнинг бой тажрибаси билан танишиб, ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, бу ерга мурожаат қилган аёллар шифо топишига ишончи комилдир. Статистика ҳам шундан далолат беради. Жумладан, 2016 йилда оператив гинекология бўлимида 3 минг 359 нафар бемор соғломлаштирилган ва улар орасида хорижлик фуқаролар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

Мутахассисларнинг фикрича, туғруқларнинг муваффақиятли, ҳеч қандай асоратларсиз ва хавфсиз кечиши акушер-гинеколог, анестезиолог ва неонатолог шифокорлар билими ҳамда маҳоратига боғлиқдир. Шу боис, мазкур марказ анестезиология ва реанимация бўлими фаолияти самарали йўлга қўйилган. Бу ерда кўп йиллик иш тажрибасига эга, маҳаллий ва умумий анестезия усулларини пухта биладиган юқори малакали шифокорлар меҳнат қилмоқда. Бундан ташқари, муассаса базасида фаолият юритаётган йирик лаборатория бўлимида ташхис қўйишнинг серологик, микробиологик, иммунофермент, цитологик, гистологик, генетик каби кўплаб усуллари қўлланилади. Бўлим мутахассислари бой тажрибага эга ва турли илмий конференциялар, семинарлар ҳамда марказнинг илмий тадқиқотларида фаол иштирок этиб келмоқда.

Марказда шифокорлар, ўрта ва кичик ходимлардан иборат 753 нафар мутахассис фаолият кўрсатмоқда. Ҳар бўлимда бир неча ходим илмий иш олиб боради. Йилига ўнлаб шифокор ва илмий ходимлар хорижда малака оширади. Бундай ёндашув ўз самарасини бермоқда. Аёлларга ихтисослаштирилган хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида марказ олим ва мутахассислари томонидан аёлларни операция ёрдамида туғдиришда қўлланиладиган консерватив миомэктомия технологияси, қон кетишини камайтирадиган компрессион тикиш технологиялари яратилди. Булар акушерлик ва гинекологик операцияларда интраоперацион ва жарроҳлик амалиётидан кейинги қон кетишнинг олдини олиш ва камайтиришга ёрдам беради. Шунингдек, операциядан кейинги даврни қисқартириш, мураккаб амалиётни бошдан кечирган аёллар саломатлиги ва меҳнат қобилиятини тиклаш, ҳаётини яхшилашга кўмаклашадиган янги усуллар ишлаб чиқилди. Ушбу илмий изланишлардан кўзланган мақсад аёллар репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган самарали технологияларни ишлаб чиқиш ва қўллашдан иборат. Энг муҳими, ҳомиладор аёлларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатишда кадрлар салоҳиятини ошириш учун вилоятлардаги мутахассислар билан тажриба алмашиш ва уларнинг билимини янада бойитиш ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу боис, 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан хорижлик ҳамкорларнинг техник кўмагида шифохона базасида ўқув-симуляция маркази ташкил этилди. Унда акушерлик ва гинекология, анестезиология-реаниматология, неонатология соҳасида тиббий ёрдам кўрсатиш усулларини ўргатиш учун зарур бўлган муляжлар, турли техник воситалар мавжуд. Шунингдек, вилоятлардаги мутахассисларни самарали перинатал ёрдам кўрсатиш, гинекология, неонатология ва анестезиология бўйича ўқитиш имконини берадиган дастур ва модуллар яратилган.

ТАКЛИФ

Ўсмир қизлар ва болалар гинекологиясини ривожлантириш мақсадида "Республика ихтисослаштирилган болалар гинекологияси маркази"ни (РИБГМ) ташкил этиш. Республикада ёрдамчи репродуктив технологияларни (ЁРТ) татбиқ этиш. Ўзбекистон Республикасининг "Инсон репродуктив ҳуқуқлари тўғрисида"ги Қонунини қабул қилиш. Бачадон бўйни саратонининг олдини олиш учун республикада скринингни ташкиллаштириш.

Марказ мутахассислари халқ орасида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2017 йил 5 январь ва 7 февралда ўтказилган мажлис баёни ижросини таъминлаш мақсадида Республика вилоят, туман ва шаҳарлардаги тиббиёт муассасаларида акушерлик ва гинекология хизматини ривожлантириш бўйича 2017 йил чора-тадбирлари дастури ишлаб чиқилди. Эътиборлиси, узоқ ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларда мобиль тиббиётни жорий этиш бўйича чоралар ҳам кўзда тутилган. Режа асосида марказ етакчи мутахассисларининг ҳудудларга чиқиб, беморларга ташхис қўйиш, маслаҳат бериш ва жарроҳлик амалиётларини бажариши белгиланган. Жумладан, "Соғлом авлод учун" жамғармасининг махсус мобиль транспортларида юқори малакали мутахассислардан иборат гуруҳлар томонидан чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолига гинекологик тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Мухтасар айтганда, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказидаги самарали фаолиятлар мамлакатимизда ушбу соҳанинг тобора ривожланиб бораётгани ва ҳомиладор аёлларга гинекологик тиббий хизмат кўрсатиш тизимдаги илғор йўналишлардан бирига айланаётганидан далолатдир.

Намоз ТОЛИПОВ.

№ 16, 21.04.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.