Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Со­­­­­ғлом она-соғлом бола

ЎЗБЕКИСТОННИНГ "СОҒЛОМ ОНА - СОҒЛОМ БОЛА" ДАСТУРИ ЮКСАК ЭЪТИРОФ ВА ЎРГАНИШГА МУНОСИБ

Жорий йилнинг 30 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида Соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимов юртимизга илк бор ташриф буюрган БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ижрочи директори, БМТ Бош котибининг ўринбосари Бабатунде Осотимеин билан учрашди.

Тадбирни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А. Алимов соғлиқни сақлаш тизимидаги фаолиятлар билан танишиш мақсадида ташриф буюрган БМТ делегация аъзоларини самимий қутлади. Шундан сўнг, меҳмонларга Юртбошимиз томонидан ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини янада шакллантириш борасида амалга оширилаётган самарали ишлар, шунингдек, қўлга киритилаётган ютуқлар хусусида сўзлаб берди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари А. Камилов республикамиз тиббиёт тизимида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари давлатимизнинг устувор вазифаларидан бири эканлигини таъкидлаб, давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 1 июлда қабул қилган "2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишларни янада юқори поғонага кўтаришда муҳим дастуриламал бўлаётганлигига алоҳида эътибор қаратди. Айниқса, ҳар ойда мунтазам тарзда ўтказиб келинаётган "Саломатлик ҳафталиги" доирасидаги тиббий кўриклар хусусида ҳам маълумот берди.

Дарҳақиқат, тадбирнинг асосий мавзуси она ва бола саломатлигига қаратилар экан, бугун мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида оналик ва болаликни муҳофазалашга оид жаҳон тиббиётининг барча илғор услублари, техника ва технологиялар ютуқларидан амалда самарали фойдаланилаётганлиги ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир. Бунинг баробарида юртимизда она ва бола хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи халқаро андозаларга асосланган кенг миқёсли ислоҳотлар ҳаётга изчил татбиқ этилаётганлиги ҳам ҳеч биримизга сир эмас.

Сўнгра БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ижрочи директори, БМТ Бош котибининг ўринбосари Бабатунде Осотимеин сўзга чиқиб, ташкилот билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганлиги, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ижобий натижалар, шу билан бирга, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни, вазирликнинг БМТ Аҳолишунослик жамғармаси билан ҳамкорликдаги фаолиятлари эзгу мақсадларга йўналтирилганлиги ва унинг замирида инсон саломатлиги устувор эканлигини таъкидлаб, ҳамкорликдаги ишлар ўз самарасини бераётганлигини эътироф этди.

Музокарада Ўзбекистонда аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, бу борада халқаро ҳамкорликни, хусусан, ЮНФПА билан ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Барчамизга маълумки, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси 1993 йилдан буён мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, юқумли касалликлар профилактикасига кўмаклашиш каби қатор хайрли ишларга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Тадбирнинг иккинчи ярмида БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ижрочи директори, БМТ Бош котибининг ўринбосари Бабатунде Осотимеин раҳбарлигидаги делегация аъзолари Республика перинатал марказида бўлиб, у ердаги фаолиятлар билан танишдилар.

Ташриф давомида улар марказ ходимлари билан мулоқот олиб бордилар. Республика перинатал маркази директори А. Любчич сўзга чиқиб, туғруқ мажмуасида оналар ва болалар учун яратилган шароит ва имкониятлар, шунингдек, жаҳон стандартлари асосида узлуксиз таълимнинг йўлга қўйилганлиги ва мутахассисларнинг хорижий давлатларда бўлиб, малака оширганликлари ҳамда тренерлар тайёрланиб, марказ филиалларида кенг миқёсда ишлар олиб борилаётганлигини ўз фикрларида баён этди. Шунингдек, марказнинг тажрибали ходимлари ҳамда тренерлари амалдаги фаолиятлар бўйича маълумот бериб ўтдилар.

БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ижрочи директори, БМТ Бош котибининг ўринбосари Бабатунде Осотимеин Республика перинатал марказидаги фаолиятлар ҳамда мутахассисларнинг иш жараёнлари билан танишар экан, ўзи ҳам шифокор эканлигини алоҳида таъкидлаб, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ниҳоятда масъулиятли эканлигини дилдан ҳис этган ҳолда қуйидагиларни гапириб ўтди:

– Замон талаблари даражасида қад кўтарган марказнинг ташқи кўриниши диққатимни ўзига тортган бўлса, ичкаридаги шарт-шароитларнинг халқаро андозаларга мослиги мени ва делегация аъзоларини бефарқ қолдирмади. Шунингдек, янги тиббий технологияларда ўз билим ва маҳорати билан ишлаётган мутахассисларни кўриб, Ўзбекистон тиббиётининг дунё ҳамжамиятида муносиб ўрни борлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, ҳомиладор аёллар учун туғруқ залларининг ўзига хослиги ҳамда она ва фарзандининг соғломлигини кўриб, юртнинг келажаги порлоқ эканлигини юракдан ҳис этдим. Эътирофлиси шундаки, бугунги кунда Ўзбекистонда 99 фоиз туғруқ шифохоналарда амалга оширилмоқда. Бу жуда яхши кўрсаткич бўлиб, Ўзбекистоннинг тиббиёт соҳасида эришган катта ютуқларидан биридир. Президент Ислом Каримов она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича аниқ ва қатъий позицияга эга экани бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистоннинг "Соғлом она – соғлом бола" дастури юксак эътироф ва ўрганишга муносиб, деб биламан.

Ташрифнинг иккинчи куни меҳмонлар пойтахтимиздаги Бадиий гимнастика бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби, "Сув спорт саройи"да бўлишди.

Аввало, улар бадиий гимнастика бўйича ўз маҳоратларини ижро этаётган фарзандларимизнинг спортга бўлган иштиёқ ва қизиқишларини кўриб, Президентимиз томонидан юртимизда болалар спортига берилган эътибор катта эканлигига гувоҳ бўлишди. Сўнгра, делегация "Сув спорт саройи"да спортнинг синхрон усулида машқ бажараётган ёш спортчи қизларнинг чаққон ва эпчиллигига тан беришди.

БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ижрочи директори, БМТ Бош котибининг ўринбосари Бабатунде Осотимеин мазкур спорт мажмуаларидаги ёш, иқтидорли спортчиларимиз билан алоҳида суҳбатда бўлди.

– Давлатингиз раҳбари олиб бораётган бундай одилона сиёсат ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва баркамол ўсишларида асосий пойдевор бўлишига янада ишонч ҳосил қилдим. Юқоридаги спорт мажмуаларидаги шароитларнинг мавжудлиги Ўзбекистонда болалар спорти ривожланиб бораётганлигидан далолат бериб турибди. Фикримни якунлар эканман, республика соғлиқни сақлаш тизимида "Соғлом она – соғлом бола" дастурининг аҳамияти нечоғлик муҳим ҳамда болалар спортининг фарзандларингиз баркамоллиги йўлида асосий мезон эканлигига яна бир бор иқрор бўлдим.

Дарҳақиқат, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ижрочи директори, БМТ Бош котибининг ўринбосари Бабатунде Осотимеин тизимдаги оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишларини юксак баҳолар экан, бунинг исботи сифатида шуни айтиб ўтишимиз жоизки, тиббиёт соҳасида эришилаётган ютуқлар жаҳоннинг энг нуфузли халқаро ташкилотлари томонидан ҳам алоҳида тилга олинмоқда. Хусусан, ЮНИСЕФнинг Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари бўйича офиси томонидан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги дастурларини жорий этишда Ўзбекистоннинг минтақадаги намунавий модель сифатида эътироф этилгани, айниқса, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Европа минтақасидаги мавжуд 53 та мамлакат ичидан фақатгина 4 та давлат, жумладан, Ўзбекистоннинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тиббий хизматининг миллий модели юқори баҳоланиб, ана шу мамлакатлар учун намунавий модель сифатида қабул қилинганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир. Яна бир қувончли жиҳат шундаки, ўтган йили Ўзбекистон дунёдаги энг нуфузли – "Save the children" ("Болаларни асрайлик") халқаро ташкилоти томонидан тузилган жаҳон рейтингида болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида катта ғамхўрлик кўрсатилаётган энг илғор етакчи ўн мамлакат қаторига киритилганлиги ҳаммамизга чексиз ғурур бағишлаб, мамлакатимиз ушбу кўрсаткичлар бўйича рейтингда тўққизинчи ўринни эгаллади. Мазкур қувончли воқеанинг мантиқий давоми ўтган йилнинг ноябрь ойида пойтахтимизда жаҳоннинг энг нуфузли халқаро ташкилотлари ва 50 га яқин ривожланган мамлакатлари вакиллари иштирокида "Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели: "Соғлом она – соғлом бола" мавзуидаги халқаро симпозиумнинг юксак даражада ўтказилганлиги юқоридаги фикрларимизнинг яққол исботидир десак, янглишмаган бўламиз.

Хулоса ўрнида айтишимиз жоизки, ушбу ҳамкорлик замирида инсонлар саломатлиги ётар экан, бу борада юртимиз тиббиёт ходимларининг жаҳон тиббиётида ўз ўрни борлиги, уларнинг касбига бўлган масъулияти юқори эканлигини кўрсатиб турибди. Мартабали меҳмоннинг фикрича, мамлакатимиз тиббиёти илғор ютуқлар сари янада юксалиб, илм-фан ривожини тараққий эттиришда муҳим омил бўлаётганлигини амалдаги ислоҳотлар билан бевосита уйғунлашиб бораётганлигида кўриш мумкин. Дарвоқе, бундай эзгу ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад инсон саломатлигига қаратилар экан, бу жараёнда барчамиз бирдек масъул ва ҳамфикр ҳолда иш юритишимиз лозим.

Ибодат СОАТОВА. Суратлар муаллифи Анвар Саматходжаев.

№ 44, 02.11.2012 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.