Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Назария ва амалиёт

ПРОФИЛАКТИК ТИББИЁТНИНГ БУГУНИ ВА ЭРТАСИ

Президентимиз томонидан жорий 2018 йилнинг "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш" йили деб эълон қилинганлиги, бу албатта, барча соҳа ривожида ўз ифодасини топаётганлиги қувонарли ҳолдир. Айниқса, фаол тадбиркорлик қолаверса, инновацион ғоялар ва технологияларининг ҳар бир тизим йўналишига изчиллик билан кириб келаётганлиги жамиятимиз ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу ўринда эътироф этиш лозимки, бугунги кунда юртимизда тиббиёт соҳасини янада такомиллаштириш, шунингдек, тизимни халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини юқори босқичга кўтариш, соҳада янгилик ва инновацион технологияларга кенг йўл очишга алоҳида эътибор берилмоқда. Аҳамиятлиси шундаки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш замирида тиббиётнинг асоси ҳисобланган профилактикага эътибор қаратиш борасидаги кўрсатмалари муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

А. КОЗЛОВ,

профессор (Россия):

– Мен Андижонга бир неча бор келганман. Андижон давлат тиббиёт институти Россиянинг нуфузли олий ўқув юртлари, тиббиёт марказлари билан таълим соҳасида маҳорат дарсларини ўтказиш бўйича яхши ҳамкорлик алоқалари ўрнатган. Сўнгги йилларда андижонлик ва россиялик мутахассислар ҳамда талабалар алмашинуви йилдан-йилга ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда. Андижонга шу йилнинг февраль ойида келгандим. Орадан озгина вақт ўтиб яна ташриф буюрдим. Бу ердаги улкан бунёдкорлик ишлари, ўзгаришларни кўриб қувондим.

Ана шундай эзгу мақсадларга қаратилган "Профилактик тиббиёт: бугун ва эртага" мавзусидаги республика илмий-амалий анжуман 2018 йилнинг 8-9 июнь кунлари Андижон давлат тиббиёт институтида бўлиб ўтди. Унда Россия, Германия, Украина, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларидан келган мутахассислар қатнашишди.

Конференцияни Андижон давлат тиббиёт институти ректори Мадаминжон Мадазимов кириш сўзи билан очиб, мамлакатимиз тиббиёт соҳасидаги фаолиятларга урғу қаратиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги, 5 майдаги "Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги, 27 июлдаги "Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги, 2018 йил 7 майдаги "Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларини жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорлари ижросини изчил таъминлашда фаолиятлар жадаллик билан олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидлади. Шундан сўнг, вилоят ҳокимининг ўринбосари Серобиддин Исмоилов сўзга чиқиб, юртимизда тиббиёт соҳасидаги янгилик ва ўзгаришлар, хусусан, хорижий олимлар ҳамда тажрибали мутахассисларнинг вилоятга ташрифи, тажриба алмашинуви, улар иштирокидаги анжуман, учрашув ва маҳорат дарсларининг мунтазамлиги малакали тиббий ёрдамнинг янада такомиллашувида муҳим аҳамият касб этаётганлигини айтиб ўтди. Шунингдек, анжуманга ташриф буюрган чет эллик ва маҳаллий соҳа мутахассисларни анжуман билан самимий қутлади. Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори Ҳабибулла Оқилов тадбирда иштирок этиб, бу каби юқори даражадаги анжуман соҳа фаолиятида ўз ўрнига эга эканлиги хусусида атрофлича тўхталиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадмановнинг табригини ўқиб эшиттирди. Тадбирда Қирғизистон Республикаси Ўш давлат университети, тиббиёт факультети декани, доцент А. Исмаилов, Ўш клиник шифохонаси бош шифокори, профессор Ш. Сулаймонов ҳам сўзга чиқиб, қардош ўзбек ва қирғиз халқларининг азалий дўст, қадрдон эканлигини, бугунги кунда ҳар икки давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликлар, айниқса, тиббиёт соҳасида Андижон давлат тиббиёт институти билан халқаро алоқаларнинг янада юксалиб бораётганлигини алоҳида таъкидладилар.

Германия ҳамкорлик халқаро ташкилотининг вакиллари ҳам сўз олиб ҳамкорликда олиб борилаётган фаолиятларга алоҳида эътибор қаратди. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, анжуманнинг янада нуфузли ўтишида халқаро ташкилотнинг ҳиссаси катта бўлди.

Анжуманда замонавий профилактик тиббиётнинг қуйидаги, яъни ички касалликларнинг олдини олишда янги инновацион технологиялар, кардиоваскуляр ва юқумсиз касалликларнинг бирламчи ва иккиламчи профилактикаси, юрак қон-томир етишмовчилиги асоратларининг медикаментоз даволаш, фармакоэпидемиологияси ва фармокоиқтисодиёти, шошилинч ва режали жарроҳликда асоратларда прогнозлаш профилактикаси ва инновацион технологиялар билан даволаш, оилада ўткир ва сурункали касалликларнинг профилактикасига замонавий қарашлар, болалар ва ўсмирлар, аёллар гинекологик касалликларини эрта ташхислаш ва даволаш, ВИЧ/ОИТС ва инфекцион касалликари профилактикаси каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда россиялик академик Р. Акчурин "30 йиллик тажрибадан келиб чиқиб юрак ишемик касаллигини жарроҳлик йўли билан даволаш", германиялик профессор Салман Туриал "Кичик инвазив жарроҳлик", россиялик профессор А. Попов "Генитал пролапсни жарроҳлик йўли билан даволаш", украиналик мутахассис Г. Соловьёва "Жигар ноалкоголь ёғли касалликларини даволаш ва профилактикаси" мавзуларида маъруза қилдилар.

ИФТИХОР

Кейинги 15 йил давомида институтнинг иқтидорли ёшлари, илмий-амалий анжуманларда фаол иштирок этиб, долзарб мавзуларда илмий ишлар олиб бормоқдалар. Ўқув дастурида белгиланган барча фанларни аъло даражада ўзлаштириб, илмий-амалий анжуманларда фаол иштирок этиб келаётган 13 нафар талаба Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиати соҳиби бўлишга эришди.

Тадбир доирасида ички касалликлар, жарроҳлик, болалар касалликлари, травматология, нейрохирургия ва ортопедик хасталиклар бўйича секцияларда турли долзарб мавзуларда маъруза ва маҳорат дарслари ўтказилди.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда институт профессорларидан Неъматжон Мамасолиев, Зуҳриддин Салоҳиддинов, Сайфиддин Юнусов, Қобилжон Худойбердиев, Ғуломиддин Ходжиматов, Мадаминжон Мадазимов каби малакали мутахассислар кенг миқёсда илмий изланишлар олиб бориб, профилактик тиббиётни юқори босқичга олиб чиқишда ўзларининг беқиёс ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Дарҳақиқат, профилактик тиббиёт бугунги кунда энг долзарб йўналиш бўлиб, инсон саломатлигининг мустаҳкам ҳимоячисига айланиб бормоқда. Албатта, бу йўналишда юрак қон-томир ва сурункали юқумсиз касалликларнинг олдини олиш, турли хасталикларнинг хавфли омилларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш масалалари киради. Шундай экан, институтда ички касалликлар, кардиология ва юқумсиз касалликлар профилактикаси бўйича муаммолар ҳайъати фаолият олиб бормоқда. Бу ҳайъатнинг профилактика соҳасида олиб бораётган илмий-тадқиқот ишлари алоҳида эътирофга лойиқ.

Мазкур анжуманда иштирок этган мутахассислар профилактик тиббиётнинг энг сўнги янгиликлари, чора-тадбирлари, диагностикаси, шунингдек, даволашнинг самарали йўллари борасидаги билим ва малакаларини оширдилар. Яна шуни таъкидлаш лозимки, конференция иши давомида мутахассислар учун илмий-маърузалар, тиббий-кўриклар, маҳорат дарслари ва жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Бунинг баробарида институтнинг магистратура ва клиник ординатура йўналишидаги талабалар ва изланувчи тадқиқотчилар ҳамда иқтидорли талабалар ҳам иштирок этиб, ўз маърузалари билан қатнашдилар.

ЭЪТИБОР БЕРИНГ

Андижон давлат тиббиёт институти олимлари МДҲда биринчилар қаторида тиббиёт профилактикасига йўл очдилар. Муассаса олимлари томонидан халқаро стандартлаштирилган усул ва ягона режа асосида кенг масштабли популяцион-профилактик изланишлар олиб борилмоқда. Институтда тиббиёт профилактикаси соҳасида халқаро миқёсда кўзга кўринган етук мутахассислар фаолият кўрсатади. Бу даргоҳда профилактик кардиология бўйича илмий мактаб очилиб, республикада шу соҳада мутахассислар тайёрлашда фаол иш олиб борилмоқда. Ушбу мактаб фаолиятида соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинлари фаолиятини кенг миқёсда яхшилаш, соғлом авлод шаклланишини таъминлаш, аҳоли соғлиғини сақлаш тизимини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масаласига эътибор қаратилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, хорижий давлатлардан иштирок этган 60 нафардан зиёд соҳа мутахассислари нуфузли анжуманнинг ниҳоятда самарали ҳамда юксак даражада ташкил этилганлиги ва ўз ичига долзарб масалаларни қамраб олинганлигини эътироф этдилар.

Ибодат СОАТОВА.

Одил ЎРОҚОВ олган суратлар.

№ 24, 15.06.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.