Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Назария ва амалиёт

ТАЖРИБА: НАЗАРИЯ ВА АМАЛИЁТ УЙҒУНЛИГИ

Бугун мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган фаолиятлар аҳолига сифатли тиббий хизматларни яқинлаштирмоқда. Бунинг баробарида кадрлар малакасини мустаҳкамлаш ҳамда шу мақсадларга хизмат қилувчи ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Жумладан, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида Россия давлатининг Г. Илизаров номидаги травматология-ортопедия илмий-текшириш институти профессори иштирокида бир ҳафта давомида амалга оширилган тиббий кўрик, маҳорат дарслари ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари фикримиз далилидир.

Мирҳаким АЗИЗОВ,

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия

илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор:

– Россиялик мутахассиснинг ташрифидан кўзланган мақсад, аввало, ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашдир. Яъни, улар иштирокида бир ҳафта давомида болаларда умуртқа поғанасида учрайдиган оғир касаллик – сколиозни даволашга инновацион технологиялар ва янгича ёндашувларни татбиқ этиш, бу борада илмий маърузалар уюштириш, маҳорат дарслари ҳамда мураккаб жарроҳлик амалиётларини ташкил қилишдир. Биринчи ўринда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, тиббиётимиз амалиётига юқори технологик тиббий асбоб-ускуналарни олиб кириш, бу орқали нафақат пойтахтимизда, балки вилоят ва чекка ҳудудлар аҳолисига ҳам сифатли тиббий хизматни яқинлаштиришимиз зарур. Мазкур фаолиятлар эса ана шу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятли. Яратилган шарт-шароитлар натижасида беморлар ҳар қандай мураккаб операция бўлмасин хорижга чиқишига ҳожат қолаётгани йўқ, зарурат туғилса, чет эллик мутахассисларнинг ўзлари жалб қилинмоқда. Бу каби ҳамкорлик алоқалари туфайли фаолиятга янги усуллар жорий этилмоқда. Марказимиз мутахассисларининг ҳам тажрибаси катта албатта, бироқ бугунги тиббиёт тўхтаб қолишни ёқтирмайди. Шу боис, тиббиёт ходими доимий изланишда бўлиши керак. Шундагина халқимизни сифатли тиббий хизмат билан таъминлашдек асосий мақсадимизга эришишимиз осон кечади.

Шундан сўнг, марказдаги фаолиятлар ва ҳамкорлик алоқалари хусусида хорижлик мутахассис фикри билан қизиқдик.

Сергей РЯБЫХ,

Академик Г. Илизаров номидаги травматология-ортопедия

илмий-текшириш институти тиббиёт фанлари доктори, профессор. Россия:

– Мамлакатингизда соҳага қаратилаётган эътибор натижасида тиббиёт жадал ривожланмоқда. Бу борада салмоқли натижаларга эришилмоқда. Халқаро кўламдаги ҳамкорлик алоқалари эса муҳим ҳисобланади. Шу маънода ушбу марказ фаолиятида олиб борилаётган тизимли ишларни мен ҳам қўллаб-қувватлайман. Сабаби, тиббиётда малака ва тажриба алмашиш муҳим ўрин тутади. Кўп йиллик тажрибам мисолида айтишим мумкинки, илмий изланиш, янгича ёндашув ва замонавий технологияларсиз тиббиёт ривожланишини тасаввур қилиш қийин. Касалликлар бўйича фикр алмашиш, тажрибалар хилма-хиллиги эса фаолият сифатини яхшилашга хизмат қилади. Ахир илм-фан мунтазам ривожланиш жараёнида, янгиликларни фаолиятда дадил қўллаш учун эса малака, тажриба ва маҳорат зарур. Шу маънода юртингизда, хусусан, ушбу марказда йўлга қўйилаётган тизимли ишлар ва ҳамкорлик алоқаларида айни шу мақсадлар назарда тутилган. Касаллик хусусида тўхталадиган бўлсам, албатта, бунга жиддий қараш лозим. Агар вақтида олди олинса ва зарурий муолажалар амалга оширилса бугунги тиббиёт имконияти билан уни бартараф этиш мумкин.

Йилига 100 нафарга яқин бемор сколиоз хасталигидан холи қилинаётган муассасада олиб борилаётган ишлар борасида малакали мутахассис қуйидаги фикрларга тўхталиб ўтди.

– Халқимиз тилида букрилик деб юритиладиган сколиоз касаллиги ортопедик хасталиклар ичида энг оғир тур ҳисобланади, – дейди марказ мутахассиси, тиббиёт фарлари доктори Илҳом Хўжаназаров. – У умуртқа поғонасининг ёнга ва ўз ўқи атрофида қийшайиши билан кечади ва асосан болаларда учрайди. Шулар орасида туғма сколиоз болаларда онанинг ҳомиладорлик давридаёқ шаклланади ва нуқсон билан туғилади. Шулардан келиб чиққан ҳолда айни пайтда марказда мазкур хасталикларни эрта ташхислаш, олдини олиш ва уларни самарали даволаш усуллари бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, хорижнинг етук мутахассислари билан ҳамкорликда жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Бунинг натижасида сколиознинг энг оғир тури билан хасталанган беморлар ҳам соғлом ҳаётга қайтарилмоқда. Бундай операциялардан чиққан беморлар соғлом турмуш тарзига қайтиши баробарида маълум муддатдаги реабилитациядан сўнг енгил спорт турлари билан бемалол шуғулланиши ҳам мумкин.

Фаолиятлар кўлами кенг, эришилаётган натижалар салмоғи ҳам шунга яраша. Керакли муолажалардан сўнг, шифо топиб, саломатлиги бутунлай тикланган беморлар қалбидаги қувонч эса сўзимиз исботидир.

– Мендаги ногиронлик кўриниши нафақат жисмоний саломатлигим, балки тенгдошларим орасида юришимда ноқулайликлар туғдириши билан руҳиятимга ҳам салбий таъсир кўрсатар эди, – дейди бемор Рухшона Бозорбоева. – Мана, 6 соатлик жарроҳлик амалиётидан сўнг мен ҳам соғломман. Бунинг учун барча шифокорларга миннатдорлик билдираман. Ривожланаётган мамлакатимизда тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор натижасида бугун мен каби беморлар яна соғлом ҳаётга қайтмоқда. Орзуларим кўп, бироқ саломатлигимдаги муаммо улар рўёбига эришишимга тўсқинлик қиларди. Шундай экан шифокорлар нафақат соғлиғимни, балки орзуларимга бўлган умид ва ишончимни ҳам қайтариб берди. Ёшлигимдан ҳамшираликка қизиқаман, шу боис, мен ҳам келажакда шифокор бўлмоқчиман.

Ҳа, шифокорлик касби масъулияти оғир, меҳнати машаққатли. Бироқ, навбатдаги узоқ давом этган мураккаб операциядан чиққан ҳар қандай мутахассис учун ҳам заҳматли меҳнати эвазига соғлом ҳаётга қайтган беморнинг миннатдорлиги ва самимиятидан ортиқ бахт бўлмаса керак. Тиббиёт соҳасини янада такомиллаштириш, халқимиз саломатлигини асраш йўлидаги бу каби эзгу фаолиятларнинг мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётганлиги эса эртанги соғлом келажакка мустаҳкам пойдевор бўлиши шубҳасиз.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

№ 17, 27.04.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.