Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Назария ва амалиёт

МУТАХАССИСЛАР ОЛДИДА ТУРГАН МУҲИМ ҚАДАМЛАР

Бугунги кунда мамлакатимизда 150 нафарга яқин гастроэнтеролог фаолият юритмоқда. Вилоят ва туманларда уларнинг вазифалари шифокор-терапевтлар зиммасига юклатилади. Бунинг учун ушбу соҳа ходимлари тажрибасини бойитиш, гастроэнтерология ва гепатология йўналишида мутахассисларнинг малакасини ошириб бориш талаб этилади. Ана шу каби бир қатор вазифалар I халқаро Ўзбекистон гастрофорумида кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти томонидан гастроэнтерология, гепатология ва юқумли касалликларга бағишлаб ташкил этилган ушбу форум мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими тарихида илк бор ўтказилмоқда. Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 апрелдаги "Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 174-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича етакчи хорижий клиника ҳамда тиббий олий таълим муассасалари билан халқаро ҳамкорлик кенгайтирилиши кўзда тутилган.

Тадбирни Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ҳабибулла Ақилов кириш сўзи билан очиб, замонавий гастроэнтерология, эндоскопия, гепатология, педиатрия, нутрициология билан боғлиқ бўлган бошқа йўналишларга оид назарий ва амалий муаммолар, уларнинг ечими кенг доирада муҳокама этилишида мазкур форум ғоят муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шу билан бирга, жигар ва ошқозон-ичак тракти касалликларининг ташхиси, уларни даволашнинг замонавий усулларини кундалик ва умумий врачлик амалиётига татбиқ этишни жадаллаштириш мақсадида ташкил қилинган мазкур тадбир мутахассисларнинг ўзаро билим ва тажриба алмашиши, тиббий таълимнинг янада тараққий этиши учун хизмат қилиши борасида тўхталиб ўтди. Ўзбекистон миқёсида илк бора ўтказилаётган гастрофорум тиббиёт мутахассисларининг касбий маҳоратини оширишга ёрдам бериб, мамлакатимиз тиббиёти ривожида муҳим роль ўйнайдиган илмий-амалий тадбирларнинг бошланиши, деб эътроф этди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фан ва ўқув юртлари бош бошқармаси бошлиғи Ўктам Исмаилов сўзга чиқиб, мамлакатимиз тиббиёт тизимида эришилаётган ютуқлар, истиқболдаги режалар, тиббиёт муассасалари бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланаётгани, шифо масканларида беморлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда тиббий хизмат сифатини янада оширишга эътибор қаратилаётгани инсон манфаатлари ва унинг саломатлигини мустаҳкамлашда хизмат қилиши зарурлигини алоҳида таъкидлади. Бунинг баробарида жойларда ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, вилоятлардаги филиалларининг фаолияти ҳам йўлга қўйилиб, ушбу муассасалар жаҳон андозалари даражасидаги асбоб-ускуналар билан жиҳозланганлиги касалликнинг олдини олиш, тўғри ташхис қўйиш ҳамда самарали муолажа усулларини қўллаш имконини бераётганини эътироф этди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи асосида гастроэнтерология бўйича клиник баённомалар яратилиб, фиброскан, pHметрий технологиялари ўзлаштирилган. Даволаш ва диагностика амалиётлари халқаро стандартларга тенглаштирилган. Мутахассислар томонидан ўтказилган фундаментал эпидемиологик тадқиқотларга кўра, Helicobacter Pylori инфекциясининг сурункали гастрит, ошқозон ўсмаси ва яра касаллиги юзага келиш тезлиги билан алоқасини кўрсатди. Республикамизда ҳазм қилиш аъзолари касалликларининг тарқалганлиги эса юрак қон-томир тизими ва нафас аъзолари касалликларидан сўнг учинчи ўринни эгаллайди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизими ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувларида тиббиётимиз фаолиятини чуқур таҳлил қилиб, камчилик ва муаммоларни таъкидлаб, аниқ вазифаларни белгилаб берган эдилар. Шундан келиб чиқиб, бугун соҳада кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур халқаро I Ўзбекистон гастрофоруми шулар жумласидандир. Тадбир нафақат гастроэнтеролог ва гепатологлар, балки кардиолог, невропатолог, пульмонологлар, айниқса, ёш мутахассисларни қамраб олганлиги билан муҳим аҳамият касб этади. Маълумки, бугунги кунда ошқозон-ичак тракти касалликларидан азият чекаётган беморлар сони ошиб бормоқда. Ушбу форум ана шу каби долзарб масалалар, хусусан, гастроэнтерологик касалликларнинг олдини олиш, тўғри ташхислаш ва даволаш бўйича мутахассисларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишига замин яратиб берди, десак муболаға бўлмайди. Айтиш жоизки, ҳозирги кунда республикамизда бир қанча тиббиёт марказлари, уларнинг вилоятлардаги филиаллари фаолият олиб боряпти. Мазкур шифо масканлари давр талабига тўлиқ жавоб бера оладиган, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Улардан оқилона фойдаланишда малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш учун замонавий ташхис қўйиш асбоб-ускуналарида ишлаш маҳоратига эга бўлган чет эллик мутахассислар интерактив тарзда, яъни тарқатма материаллар, юқори технологиялар қўллаган ҳолда маҳорат дарсларини олиб боришди. Орттирилган билим ва тажрибаларни келгусида шифокорлар малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш тизимига жалб этишда кутилган самарани бериши шубҳасиз. Анъанавий ташхис қўйиш ва даволаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилиб, жаҳон стандартлари асосида ўрганиб чиқилмоқда, – дейди Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг терапия кафедраси декани, профессор Феруза Ҳамрабаева.

Семинар шаклида давом этган форумда маҳаллий ҳамда хорижий олимлар томонидан "Терапевтик амалиётда эссенциал фосфолипидлар", "Меъда қайнаши, ремиссияни узайтиришнинг имкони", "Халқаро тавсиялар нуқтаи назаридан ошқозон ости бези экзокрин етишмовчилигини бартараф этиш", "Сурункали панкреатитни аниқлаш ва уни даволашга замонавий ёндашув" каби мавзуларда маърузалар қилиниб, ўртага ташланган фикр ва мулоҳазалар бўйича иштирокчиларнинг саволларига атрофлича жавоб берилди.

– Ўзбекистонда Президентингиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳасига алоҳида эътибор қаратилаётгани, тиббиёт муассасалари кадрларининг малакаси ошириш, шифо масканлари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланаётганидан хабардорман. Бу эса ўзининг кўплаб натижаларини бермоқда, деб ўйлайман. Айтиш жоизки, бугунги форум тиббиёт, хусусан, гастроэнтерология ва гепатологиянинг долзарб масалаларига бағишлангани, унда маҳаллий ва хорижий давлатлар олимлари иштирокида муҳокама қилиниши билан менда қизиқиш уйғотди. Украинанинг Харьков миллий тиббиёт университети ва Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ўртасида илмий-амалий ҳамкорлик бўйича тузган шартномаси асосида маҳорат дарслари ҳамда соҳадаги янгиликлар, хусусан, жигар касаллиги ва қандли диабетнинг 2-тури бўлган беморларни даволашни оптималлаштириш бўйича маъруза қилдим. Ушбу тадбирдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, юртингиз профессорлари билан ҳамкорлик алоқаларимиз янада мустаҳкамланади. Бу ўз ўрнида бизнинг фаолиятимизга ижобий самара беради. Шунингдек, мазкур тадбир соҳа тараққиётига салмоқли ҳисса қўшишига шубҳамиз йўқ. Мақсадимиз эришилган натижаларни аҳоли саломатлигини асраш амалиётига жорий этишдир, – дейди Харьков миллий тиббиёт университети тиббиёт фанлари доктори, профессор Лариса Журавлева.

Шунингдек, гастрофорумда замонавий гастроэнтерология, эндоскопия, гепатология, педиатрия, нутрициология билан ёндош бўлган бошқа соҳаларнинг назарий ва амалий муаммолари бўйича клиник тавсияномалар ҳамда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби ва стандарти муҳокама қилинди. Форум доирасида замонавий дори воситалари, ахборот технологиялари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Қисқа қилиб айтганда, тиббиёт равнақи ҳамда соҳа мутахассисларининг малакасини оширишга бағишлаб ўтказилаётган ана шундай халқаро форумлар мамлакатимизда инсон саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасигача кўтарилиб, халқ манфаати ҳар нарсадан устун эканининг ёрқин ифодасидир.

Жонибек МАЪРУПОВ,

Диёра БОЗОРОВА.

Ж. МАЪРУПОВ олган суратлар.

№ 39, 22.09.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.