Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Спорт

ГИМНАСТИКА ТУРЛАРИ ИСТИҚБОЛИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 7 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикасида спортнинг гимнастика турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорида спортчиларнинг маҳорати ва малакасини мунтазам ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, гимнастиканинг барча турларини аҳолининг кенг қатлами, айниқса, ёшлар ва қизлар ўртасида фаол тарғиб қилиш ва оммалаштириш борасида бир қатор вазифалар белгилаб берилган.

Ўзбекистон гимнастика федерацияси бош котиби Гёзал Филиппова ЎзА мухбирига қарорда белгиланган вазифалар ижроси хусусида қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Мамлакатимизда йирик халқаро мусобақаларда улкан ғалабаларни қўлга киритадиган етук спортчиларни тарбиялаш билан бирга оммавий спортни ривожлантириш учун ҳам барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Бунинг самарасида бугун спорт халқимиз ҳаётининг ажралмас қисмига айланди.

Бугун нафақат шаҳарларда, балки олис ва чекка қишлоқларда ҳам замонавий спорт иншоотлари барпо этилган. Халқаро талаблар даражасидаги кўплаб марказлар ва секциялар, спорт комплекслари ҳамда заллари фаолият кўрсатмоқда. Биринчи Президентимиз раҳнамолигида Ўзбекистонда болалар ва ёшларни спортга кенг жалб қилиш бўйича дунёда ўхшаши йўқ уч босқичли тизим шакллантирилди. Мактаб, коллеж ва лицей ўқувчиларининг "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод", талабаларнинг Универсиада спорт ўйинлари нафақат етук спортчиларни тайёрлаш ва тарбиялаш мактабига, айни вақтда жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг муҳим омилига айланди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, барча спорт турлари қатори гимнастика ҳам том маънода юксалди. 2005 йилда ташкил қилинган Ўзбекистон гимнастика федерацияси мамлакатимизда ушбу спортнинг барча асосий турлари – эркаклар ва аёллар спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика, трамполин, акробатикани оммалаштиришга доир изчил ишларни амалга оширмоқда.

Мамлакатимизнинг барча вилоятларида гимнастика билан шуғулланиш учун халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган марказлар ташкил этилди, уларда ҳар куни минглаб ўғил-қиз ушбу спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Уларнинг энг истиқболли ва иқтидорлилари гимнастика бўйича ўсмирлар ва миллий терма жамоалар сафига қўшилмоқда. Нафақат спорт комплекслари ва ихтисослаштирилган спорт мактаблари, балки умумтаълим мактабларининг спорт залларини замонавий гимнастика инвентарлари билан жиҳозлаш бўйича катта ишлар амалга оширилди.

2007 йилда Гимнастика бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби ва 2011 йилда Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган Республика олимпия захиралари спорт мактаби ташкил қилинди. 2009 йилдан буён -гимнастиканинг барча турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоалари спортчиларини олимпиадага тайёрлаш маркази ҳисобланган мазкур мактабда ўқувмашғулотларни юқори савияда ташкил этиш ҳамда йирик мусобақаларни ўтказиш учун барча имкониятлар яратилган.

Жаҳон тажрибаси ҳисобга олинган ҳолда, мураббийлар малакасини оширишга катта эътибор берилмоқда. Бу борада истиқболли илмий ва тиббий янгиликларни ўрганиш, спортчиларни тайёрлаш, шунингдек, спорт ускуналарини ишлаб чиқаришга жорий этиш – буларнинг барчаси спортни янада оммалаштириш, саломатлик омилига айлантиришга хизмат қилаётир. Ўзбекистон гимнастика федерацияси шу мақсадда Халқаро гимнастика федерацияси ва Осиё гимнастика иттифоқи томонидан ўтказилаётган халқаро форумларда фаол иштирок этиб келмоқда. Илғор тажрибани оммалаштириш учун пойтахтимиз ва вилоятларда халқаро ҳамда маҳаллий мутахассислар иштирокида мураббийлар ва ҳакамлар учун семинарлар мунтазам ташкил этилмоқда. Бу, биринчи навбатда, мамлакатимиз ҳудудларида спортчиларни тайёрлаш даражасини оширишга ёрдам бераётир.

Нуфузли халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган гимнастикачиларимиз маҳорати ортиб бораётгани Ўзбекистонда ушбу спорт турини ривожлантиришга тизимли равишда ёндашилаётганининг самарасидир. 2008 йил Пекинда ўтган ёзги Олимпия ўйинларида спорт гимнастикаси устаси Антон Фокин ва трамполинчи Екатерина Хилько бронза медалга сазовор бўлди. 2010 йил Хитойда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида ҳам спортчиларимиз гимнастика турларида учтадан кумуш ва бронза медални қўлга киритди. 2012 йил Лондондаги ёзги Олимпиадада Ульяна Трофимова бадиий гимнастика беллашувларида муносиб иштирок этди.

2014 йил Жанубий Кореяда бўлиб ўтган XVII Осиё ўйинларида бадиий гимнастика бўйича қизларимиз жамоавий баҳсларда қитъамизнинг етакчи спортчиларини ортда қолдириб, олтин медалга сазовор бўлди. Яккалик баҳсларида Анастасия Сердюкова учинчи ўринни эгаллади. Спорт гимнастикаси бўйича баҳсларда Антон Фокин, Оксана Чусовитина ва Абдулла Азимов шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди.

2016 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида спорт гимнастикаси усталари Антон Фокин ва Оксана Чусовитина, трамполинчи Екатерина Хилько, бадиий гимнастикачи Анастасия Сердюкова ҳамда жамоавий баҳсларда Самира Амирова, Валерия Давидова, Луиза Ғаниева, Зарина Қурбонова ва Марта Растобуровадан иборат жамоамиз муносиб қатнашди.

Мамлакатимизнинг юксак спорт салоҳияти, мустаҳкам моддий-техник база, яратилган шарт-шароитлар, тўпланган бой тажриба туфайли юртимизда ҳар қандай йирик спорт тадбири юқори савияда ўтказилиши халқаро спорт жамоатчилиги томонидан кенг эътироф этилмоқда. Шу боис юртимизда гимнастика бўйича нуфузли спорт мусобақалари ва анжуманлари мунтазам ташкил этилмоқда.

Пойтахтимиз бир неча бор бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичларига мезбонлик қилди, 2010 йилда ўсмирлар ўртасидаги I Олимпиадага йўлланма берувчи Осиё чемпионати ўтказилди. Жажжи қизалоқларни гимнастиканинг нафис турига кенг жалб этиш мақсадида анъанавий "Happy Caravan" халқаро турнири мунтазам ташкил этилмоқда. 2014 йил ўсмирлар ва қизлар ўртасида спорт гимнастикаси бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли мусобақа қитъа гимнастикачилари учун II Олимпия ўйинларига йўлланма бериши билан аҳамиятли бўлди. Мазкур мусобақаларда кашф этилган ёш спортчиларимиз бугун қатор давлатларда ўтказилаётган нуфузли спорт анжуманларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.

Тошкентда Халқаро гимнастика федерациясининг 80-конгресси ва Осиё гимнастика иттифоқининг Бош ассамблеяси ҳам ташкил этилди. Бу Ўзбекистоннинг халқаро майдонда катта обрў-эътиборга эга эканидан, мамлакатимизда спортнинг энг оммавий турларидан бирига айланган гимнастикани ривожлантиришда улкан ютуқлар қўлга киритилаётганидан далолатдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 7 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикасида спортнинг гимнастика турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 18 ноябрдаги "Гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорлари ижроси юзасидан федерациямиз қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда изчил ишлар олиб бормоқда.

Аввал фақатгина бадиий гимнастикага ихтисослаштирилган мактаб эндиликда спорт гимнастикаси ва трамполинни ўз ичига қамраб олган ҳолда Гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактабига айлантирилди.

Бундан кўзланган асосий мақсад гимнастиканинг барча турларини ёшлар ўртасида оммалаштириш билан бирга халқаро майдонларда ўз иқтидори ва салоҳияти билан юқори натижаларга эриша оладиган спортчиларни тарбиялашдан иборатдир. Айни пайтда мактабда спорт гимнастикаси ва трамполин бўйича бўлимлар ташкил этилиб, шу йилнинг 10 январь куни мазкур бўлимларга кириш имтиҳонлари ўтказилди. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган 11 ўғил-қиз беш йил давомида ўз тажриба ва маҳоратини мазкур мактабда оширади.

Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институти мутахассислари билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг ўқув-машғулот жараёнини илғор илмий-методик тавсиялар асосида, бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси ва трамполин бўйича ютуқларни ҳисобга олган ҳолда самарали ташкил этиш борасида мураббий ва ўқитувчилар учун янги ўқув режаси ва методик тавсиялар тайёрланмоқда. Айни пайтда ўқувчилар учун инвентарлар, озиқ-овқатлар, спорт инвентарлари, жиҳозлари, экипировкалари ва махсус формаларининг замонавий талаб ва стандартларга мувофиқ янги меъёрлари ишлаб чиқилди ва тегишли вазирликларга келишиш учун жўнатилди.

Мамлакатимизнинг гимнастика бўйича спортчиларини тизимлаштириш ва ҳисобга олиш учун ягона ахборот-таҳлил базаси яратилди ва федерациянинг барча ҳудудий бўлимларига спортчи ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш учун жўнатилди.

Малакали кадрлар – мураббийлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг касб маҳорати ва тажрибасини, спортчиларни тайёрлаш, мусобақаларда ҳакамлик қилиш борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида федерация ҳузурида Спортнинг гимнастика турлари бўйича республика мураббийлар ва ҳакамлар мактаби ташкил этилди.

Ўзбекистон гимнастика федерацияси Тошкент шаҳрида жаҳоннинг етакчи мутахассислари иштирокида семинарлар, конференциялар ва мастер-класслар ташкил этиш учун Халқаро гимнастика федерацияси ва Осиё гимнастика иттифоқи билан музокаралар олиб бормоқда.

Шу йилнинг 5-11 февраль кунлари Тошкент шаҳрида Халқаро гимнастика федерацияси томонидан бадиий гимнастика бўйича халқаро ҳакамлик курслари ва ҳакамлар учун имтиҳонлар ўтказилади. Мазкур тадбир Халқаро гимнастика федерацияси қоидалари асосида бадиий гимнастика бўйича етакчи мутахассислар иштирокида бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли тадбирда ўндан зиёд давлатдан саксонга яқин ҳакам иштирок этиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Спортнинг гимнастика турлари бўйича республика мураббийлар ва ҳакамлар мактаби томонидан йил давомида ҳудудларда ёш мураббийлар учун махсус курслар, ҳакам ва мураббийларнинг малакасини ошириш учун семинарлар ўтказиш режалаштирилмоқда. Гимнастиканинг Олимпия ўйинлари дастурига киритилмаган акробатика, аэробика, гимнастика барча учун сингари турларини ҳам ёшлар ўртасида кенг оммалаштириш, ушбу спорт турлари билан шуғулланиш учун зарур шароитларни яратиш борасида ҳам изчил ишлар олиб борилмоқда.

Айни пайтда спортчиларимизни нуфузли мусобақалар – жаҳон ва қитъа чемпионатлари, 2018 йил Индонезиядаги Осиё ўйинлари, Аргентинада ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинлари ва 2020 йил Японияда бўладиган Олимпия ўйинларига тайёрлаш ишлари бошланди. Юқоридаги қарорлар ижроси мамлакатимизда гимнастиканинг барча турларини жадал ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом вояга етишини таъминлаш билан бирга нуфузли спорт анжуманларида Ватанимиз довруғини юксалтиришга қодир спортчиларни тарбиялашга хизмат қилади.

Байрам АЙТМУРОДОВ, ЎзА.

№ 3, 20.01.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.