Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Спорт

СПОРТЧИЛАРИМИЗНИНГ ЮТУҒИ байрамга муносиб туҳфа бўлди

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этган спортчиларимиз юртимиз Мустақиллигининг 25 йиллигига муносиб туҳфа ҳозирлаб, 4 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза медали билан қайтишди.

Уларни кутиб олишга бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда ғолиб ва совриндор спортчиларимиз номидан сўзга чиққан Ҳасанбой Дўстматов, Руслан Нурудинов, Шаҳобиддин Зоиров, Фазлиддин Ғойибназаров, Бектемир Мелиқўзиев бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирди. Келгусида бундан-да юксак ғалабаларни қўлга киритишга ваъда берди.

– Бизни бундай катта тантана билан кутиб олишганидан хурсандмиз, – дейди XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари кумуш медали соҳиби Шаҳрам Ғиёсов. – Бу эътибор ва ғамхўрлик бизнинг келажакда янада юксак муваффақиятларга эришишимизда қувват бўлади. Фурсатдан фойдаланиб, бутун халқимизни мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами билан табриклайман.

– Ёшларга юксак ишонч билдирадиган, бирор нуфузли мусобақага кетса тантанали кузатиб, байрам қилиб кутиб оладиган мамлакат дунёда кам. Ҳозир қалбим қувончга тўлиб, Ўзбекистон фарзанди эканлигимдан фахрланиб кетяпман. Ҳаммаси учун раҳмат, – дейди XXXI ёзги Олимпия ўйин-лари бронза медали соҳиби Диёрбек Ўрозбоев. – Олимпиада нафақат мен учун, балки бутун терма жамоамиз учун омадли бўлди. Биз, ёшларнинг қўлга киритаётган бундай ютуқларимиз мустақиллигимиз шарофати, Президентимизнинг меҳр-эътибори, ҳар томонлама қўл-лаб-қувватлаши туфайлидир.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан ҳар томонлама баркамол, ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни воя-га етказиш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши этиб белгиланди. Жисмоний тарбия ва спорт умуммиллий ҳаракатга айланди. Барча соҳалар қатори спорт ҳам жадал ривожланди. Анъанавий ўтказиб келинаётган уч босқичли спорт тизими – "Умид ниҳоллари", "Бар-камол авлод" ва Универсиада мусобақалари ёшларни спортга кенг жалб этиш, профессионал спортчиларни тарбиялашда алоҳида ўрин тутмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан дунё миқёсида кузатилмаган мутлақо янги тизим – Болалар спортини ривожлантириш жам-ғармасининг тузилгани бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш, янги босқичга кўтариш ва изчил давом эттиришда муҳим омил бўлмоқда.

Мутлақо янгича асосда бун-ёд этилган таълим-тарбия, спорт ва маданият масканларида замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, Ўзбекистоннинг буюк келажагини ўз куч-қуввати, ўз ақл-заковати билан қурадиган ёш авлод камол топмоқда. Улар нуфузли халқаро мусобақаларда, олимпиада ва жаҳон чемпионатларида ҳеч кимдан кам эмаслигини ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини амалда исботлаётгани барчамизни қувонтиради.

Илгарилари чекка қишлоқ ва олис ҳудудлар манзараси – чанг кўчалар, пастқам, лойсувоқ уйларни кўриб, кўнглимиз хижил бўларди. Бугун қишлоқларимиз шароити ҳам шаҳарникидек. Қаранг, "Рио – 2016"да ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимизнинг аксарияти, 20-25 ёшда. Улар мустақиллик йилларида туғилиб вояга етган, истиқлол иншоотларида билим эгаллаган. Ёшларимизнинг дунёнинг мана-ман деган чемпионлари устидан эришган ғалабасини кузатар экансиз, мамлакатимизда йўлга қўйилган таълим-тарбия ва спорт соҳаларида амалга оширилган ишларнинг ёрқин самарасини кўрасиз. Спортчиларимизнинг ёзги Олимпия ўйинларидаги иштироки эса фикримиз исботидир.

Эътибор берсангиз ёшларимиз Олимпиададан ҳеч қачон медалсиз қайтмаган. Мустақиллик йилларида спорт соҳасида амалга оширилган ишлар натижаси таҳлили учун яна бир мисол. "Рио – 2016"да дунёнинг икки юздан зиёд давлатидан спортчилар қатнашди. Улар орасидан 87 давлат спортчиларигина шоҳсупага кўтарилди. Олтин медални қўлга киритганлар янада кам – 59 та. Ўзбекистон спортчилари 13 медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида 21-ўринни банд этди. Ўзбекистон спорт делегацияси Осиё давлатлари орасида тўртинчи, МДҲ давлатлари орасида иккинчи, Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади.

Боксчиларимиз 3 олтин, 2 кумуш ва 2 бронза медални қўлга киритиб, Куба, АҚШ, Буюк Британия ва Россия каби бокс энг ривожланган давлат спортчиларини ортда қолдириб, дунёда биринчи ўринни эгаллади. Президентимизнинг 2013 йил 25 февралдаги "Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида"ги Қарори спортчиларимизнинг ушбу нуфузли мусобақада юксак натижаларни қайд этишида муҳим дастуриламал бўлди.

Рио-де-Жанейрода ўтган Олимпия ўйинларида 70 нафар спортчимиз академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бадиий гимнастика, бокс, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), теннис, трамполин, ўқ отиш, эркин ва юнон-рум кураши каби қатор спорт турлари бўйича баҳслашди. Улар орасида Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари бўлган тажрибали спортчилар билан бир қаторда ушбу мусобақада илк маротаба иштирок этган ёш спортчилар кўплиги мамлакатимиз спорт салоҳияти юксалиб бораётганидан далолат беради.

Натижа кутилганидан ҳам зиёд бўлди. ХХХI ёзги Олимпия ўйинларида боксчиларимиздан Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев кумуш, Рустам Тўлаганов, Муроджон Аҳмадалиев, дзюдочилар Ришод Собиров, Диёрбек Ўрозбоев, эркин кураш бўйича Элмурод Тасмуродов, Ихтиёр Наврўзов, Магомед Ибрагимов Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига биттадан бронза медаль қўшди.

ХХХI ёзги Олимпия ўйинларининг энг муҳим воқеаларидан бири бокс мусобақаларида рўй берди. 49 килограмм вазн тоифасидаги баҳсларда ўзбек бокс-чиси Ҳасанбой Дўстматов мексикалик Хоселито Веласкес, қозоғистонлик Биржан Жакипов, АҚШ вакили Нико Мигель Хернандесни мағлубиятга учратиб, финалга чиқди.

Ҳасанбойнинг финал жангини беҳаловат кўрмаган, ғалабасини – мусобақадаги илк олтин медалимизни бетоқатлик билан кутмаган юртдошларимиз бўлмаса керак. Масалан, биз жангни дўстлар даврасида кузатиб бордик. Олимпиада олтин медали учун ҳал қилувчи баҳс муросасиз кечди. Чор-атрофдан "Ур!", "Йиқит!", "Бўш келма, Ҳасанбой!", деган ҳайқириқлар қулоққа чалинади. Сўнгги раундни ҳамма тик ҳолда кузатди. Якунда Ҳасанбой колумбиялик Юберхен Мартинесни енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Ҳасанбой Олимпия ўйинларида энг ёрқин жангларни олиб боргани учун "Рио – 2016" олим-пиадасининг энг яхши бокс-чиси сифатида Вэл Баркер кубоги билан тақдирланди.

Оғир атлетикачи Руслан Нуруддинов ҳам Олимпиада олтин медали билан тақдирланди. У штангани даст кўтаришда 194, силтаб кўтаришда 237, иккикураш натижасига кўра 431 килограмм натижа қайд этиб, Олимпия ўйинлари ғолиби бўлди. Унинг силтаб кўтаришда кўрсатган натижаси Олимпиаданинг янги рекорди сифатида тарихга муҳрланди. Чет эл оммавий ахборот воситаларида ўзбек фарзандининг ютуқлари эътироф этилган мақолалар чоп этилди.

Мамлакатимиз спортчилари халқимизни хушнуд этишда, олтин медаллар сонини кў-пайтиришда, Ватанимиз шуҳратига шуҳрат қўшишда давом этди.

– Мусобақада конголик Дивал Малонган, ҳиндистонлик Манож Кумар, АҚШ вакили Гари Рассел, россиялик Виталий Дунайцев, финалда Озарбайжон шарафини ҳимоя қилган Лорензо Коллазо Сотомайорни енгиб, олтин медалга сазовор бўлдим, – дейди XXXI ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби Фазлиддин Ғойибназаров. – Менда финалдаги баҳс, айниқса, катта таассурот қолдирди. Рингга чиққанимда дастлаб юртдошларимиз қўллаб-қувватлаган бўлса, иккинчи ва учинчи раундда залдаги томошабинларнинг "Uz-be-kis-tan!", "Uz-be-kis-tan!" деган ҳайқириқлари қулоғимга чалина бошлади. Ғалаба қозонишимни наинки ватандошларимиз, дунё аҳли ҳам истаётганини англадим. Ҳакам қўлимни кўтарганида кўзимдан ёш отилиб чиқди. Ўша лаҳзада туйган ҳисларимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Муҳими, ишончни оқладим, Ватанимиз байроғи энг баланд кўтарилди, мадҳиямиз дунё узра жаранг сочди!

– Риодаги иштирокимни саралаш босқичидан бошлаганимда вақти келиб Ҳасанбой Дўстматов, Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев ва Фазлиддин Ғойибназаров қаторида бокс беллашувларининг финалига йўлланма олишим хаёлимга ҳам келмаган эди, – дейди ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби Шаҳобиддин Зоиров. – Рақибларимни мағлуб этганим сари Президентимиз, юртдошларимиз билдирган ишонч масъулияти ортди. Финал жангига киришишдан аввал устозим "сен бу ерга нафақат ўзбекистонлик боксчи, балки Ўзбекистоннинг юзи ҳам бўлиб келгансан. Юзинг ерга қарамасин", деди. Хулоса қилдим. Натижаси маълум!

Боксчиларимиз Ҳасанбой Дўстматов, Шаҳобиддин Зоиров, Фазлиддин Ғойибназаров, оғир атлетикачимиз Руслан Нурудинов ғалабаси шарафига ХХХI ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон Республикаси байроғи кўтарилиб, давлат мад-ҳияси янгради. Булар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ёш иқтидор соҳибларини аниқлаш ва қўл-лаб-қувватлаш, уларни юксак ижодий парвозлар сари рағбатлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самараси сифатида Ўзбекистон ёшларининг дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён этаётганидан яна бир далолатдир.

Икки ҳафтадан ошиқроқ вақт мобайнида дунё аҳлига ҳаяжонли ва унутилмас онларни туҳфа этган XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари якунланди. Навбатдаги Олимпиада беллашувлари яна тўрт йилдан сўнг Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтади. Унда ҳам бизнинг спортчиларимиз кўкракларида шода-шода олтин медалларни жамлаб, юртимиз байроғини янада баландроқ кўтарадилар. Бунга ишончимиз комил. Намоз ТОЛИПОВ. (Саҳифа ЎзА материаллари асосида тайёрланди).

№ 33, 26.08.2016 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.