Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Спорт

БРАЗИЛИЯ САРИ ЯНА БИР ҚАДАМ

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2014 йилда Бразилияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиш учун саралаш мусобақаси доирасида Ливан вакилларига қарши баҳс олиб бориб, муҳим ғалабани қўлга киритди.

Пойтахтимиздаги мустақиллигимизнинг 21 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган муҳташам "Бунёдкор" стадионида кечган ўйинда терма жамоамиз сардори Сервер Жепаров томонидан киритилган ягона гол учрашув тақдирини ҳал қилди. Ушбу ғалаба вакилларимизни мундиаль сари яна бир қадам яқинлаштирди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йиллар ўзбек футболи учун муваффақиятларга бой ўтмоқда. Хусусан, 2012 йилда ногирон-ампутантлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳамюртларимиз кетма-кет учинчи бор чемпион унвонига сазовор бўлишди. Эронда ташкил этилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида эса терма жамоамиз бош совринга эга бўлиб, келгуси йили Бирлашган Араб Амирликлари мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Бундай ғалабали юриш Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси томонидан ҳам давом эттирилди. Иродали ўйин кўрсатган футболчиларимиз БАА яшил майдонларида ўтказилган қитъа биринчилигида ярим финалга чиқиб, жорий йил Туркияда ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.

Айни пайтда қалбимизга чексиз ғурур ва ифтихор бахш этган бундай қувончли натижаларни 2014 йилги мундиаль йўлланмаси учун кураш олиб бораётган миллий терма жамоа¬миздан ҳам кутмоқдамиз. Чунки мухлислар саралашнинг икки босқичидан муваффақиятли ўтган футболчиларимизни ҳал қилувчи тўртинчи бос-қич беллашувларини ҳам кўтаринки кайфиятда ўтказишини кутганди. Аммо вакилларимиз бу сафарги баҳсларни ўта суст бошлашди. Эътибор беринг, дастлабки уч ўйиндан атиги икки очко. Мухлису мутахассисларда мундиаль йўлланмаси бу сафар ҳам армон бўлиб қолади деган хавотирлар пайдо бўлганди. Лекин керакли пайтда ўзини ўнглаб олган футболчиларимиз масъулиятни ҳис қилиб, кейинги ўйинларда кетма-кета ғалабаларни қўлга киритишди, яъни Эрон ва Қатар терма жамоалари ўз майдонларида таслим этилди. Бу муваффақиятлардан сўнг вакилларимиз "А" гуруҳида пешқадамликни қўлга олди.

Шу боисдан ҳам терма жамоамиз энди хато қилишга ҳаққи йўқ эди. Шундан келиб чиқиб, 26 март куни ўйинга ҳар қачонгидан ҳам пухта ҳозирлик кўрилди. Чунки мазкур ўйинда қайд этиладиган натижа жамоалар учун ҳам муҳим аҳамият қасб этганди. Чунончи, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ғалабаси "А" гуруҳида пешқадамликни сақлаб қолишни таъминларди. Ўз навбатида, ливанлик футболчиларга бу ўйинда қайд этиладиган ижобий натижа йўлланмалар учун курашиш имконини берарди. Буни яхши англаган ҳар иккала жамоа аъзолари дастлабки дақиқалардан эҳтиёткорлик билан тўп суришди. Айниқса Ливан терма жамоаси асосий эътиборни мудофаага қаратиб, катта куч билан ҳимоялангани ўйиннинг қизиқарли ва ҳужумкор кўриниш олишига кўп жиҳатдан халал берди. Ўта тартибли ҳимоя¬ланган жамоага қарши ўйнаган вакилларимиз биринчи бўлимда рақиб дарвозасига йўл топа олмади. Шунга қарамай, майдонда ва баъзи бир статистик кўрсаткичларда устунлик бизнинг томонда бўлди. Масалан, ҳамюртларимиз олти бор бурчак тўпини амалга оширишди, тўрт марта рақиб дарвозаси томон зарба беришди. Бунга жавобан Ливан терма жамоа¬си фақат бир марта дарвозамиз олдида хавфли вазиятни содир этди.

Иккинчи бўлимни эса ливанликлар кутилмаганда фаол бошлашди ва бу имконият кўпроқ бизнинг фойдамизга хизмат қилди. Рақибнинг ҳужумга ўтиши натижасида ҳимоясида бўшлиқлар пайдо бўла бошлади. Қолаверса, захирадан майдонга туширилган ярим ҳимоячи Олег Зотеев ва ҳужумчи Фарҳод Тожиевнинг саъй-ҳаракатлари терма жамоамиз ҳужумларини анча мазмунли ва хавфли кўриниш олишини таъминлади. Бу эса ўйиннинг 64-дақиқасида ўз самарасини берди. Терма жамоамиз сардори Сервер Жепаровнинг рақиб жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси учрашув дарвоза тўрига бориб тушди – 1:0!

Голдан кейин ҳам вакилларимизда бир қатор қулай имкониятлар юзага келди. Аммо сўнгги зарбани йўллашда уларда аниқлик етишмади. Шу тариқа ўйин Ўзбекистон миллий терма жамоа¬сининг ғалабаси билан якунланди. Ягона гол муаллифи Сервер Жепаров учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

– Авваллари "Бунёдкор" каби маҳобатли стадионларни фақат телевизорлар орқали кўрар эдик, – дейди ўйинни бевосита кузатган футбол мухлиси Бекзод Узоқов. – Истиқлол шарофати билан энди бундай гўзал мажмуа пойтахтимизда барпо этилди. Бу ерда ўтказилган илк расмий ўйинда футболчиларимизнинг қўлга киритган ғалабасидан чексиз қувондик. Терма жамоамизга навбатдаги ўйинларда ҳам муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз. Табиийки, ушбу ғалабадан сўнг футбол мухлисларининг кўпчилигида терма жамоамиз Бразилияга боришига ишончи янада ортди.

– Ушбу чиройли ғалаба билан ҳаммани табриклайман, – деди ўйиндан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов. – Мухлислар ажойиб тарзда қўллаб-қувватлагани, футболчиларимиз эса бор кучи билан ҳаракат қилгани учун миннатдорлик билдираман. Бундай ўйинларда ғалаба қозониш осон эмас. Ўйинга келадиган бўл¬сак, биринчи бўлимда Ливан терма жамоаси тартибли ҳимояланди ва бизга деярли имкон бермади. Иккинчи бўлимда эса захирадан майдонга тушган футболчиларимиз ўйинни кучайтирди. Дастлаб асосий вазифамиз Ливаннинг хавфли ва тезкор қарши ҳужумларига имкон бермаслик эди. Ке¬йинчалик эса ҳужумкорликни ошириб, керакли натижани қўлга киритдик.

Ўйиндан сўнг Ливан терма жамоаси бош мураббийи Теодор Бюкер ҳам қуйидаги фикрини айтиб ўтди:

– Жаҳон чемпионати йўл¬ланмаси учун кураш Ўзбекистон, Эрон ва Жанубий Корея терма жамоалари ўртасида кечади. Ўйлашимча, биз ва Қатар жамоалари савия жиҳатидан ҳали бироз пастроқ. Умуман олганда, уларни ўзаро таққосламаган бўлардим. Биринчи бўлимда жисмоний ҳолатимизни бир мувозанатда сақлаб тура олдик. Бироқ кейинчалик чарчаб қолдик. Шундан сўнг Ўзбекистон ўзининг жисмоний кучлилиги ҳисобига устунликни ўз қўлига олди. Ўйиннинг аксарият вақти давомида биз ҳимояда ҳаракат қилдик, бироқ атайлаб ҳимояга ўтиб олганимиз йўқ, балки рақибимиз – Ўзбекистон миллий терма жамоаси бизни шунга мажбур қилди. Ҳар бир терма жамоа ўз имкониятлари даражасида ўйин кўрсатади.

Мазкур гуруҳдаги иккинчи учрашувда Жанубий Корея терма жамоаси ўз майдонида Қатарни қабул қилди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шу тариқа мазкур турдан сўнг "А" гуруҳидаги вазият қуйидагича кўриниш олди:

"А" гуруҳидаги навбатдаги ўйинлар 4 июнда ўтказилади. Шу куни Қатар терма жамоаси ўз майдонида Эронни қабул қилади. Жанубий Корея эса Ливан терма жамоаси меҳмони бўлади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги ўйинни 11 июнь куни сафарда Жанубий Корея терма жамоасига қарши ўтказади.

Ниҳоят сўнгги турда вакилларимиз Тошкентда Қатар терма жамоасини қабул қилади. Ушбу учрашув 18 июнь куни бўлиб ўтади.

Фурқат САНАЕВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари.

№ 13, 29.03.2013 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.