Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Спорт

БАРКАМОЛ АВЛОДНИ ШАККЛАНТИРИШДА ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТНИНГ ТИББИЙ АСОСЛАРИ

(Давоми. Боши ўтган сонларда).

ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТ БИЛАН

ШУҒУЛЛАНИШ

БЎЙИЧА ТИББИЙ

ГУРУҲЛАР

Болаларнинг жисмоний тарбия машғулотлари аввало, уларнинг саломатликларига боғлиқ. Боланинг жисмоний тайёргарлигига биринчи навбатда, унинг функционал ривожланганлиги (юрак қисқаришининг сони, АБ, нафас олишнинг сони, ЎҲС, панжалар кучи), ёш стандартлари кўрсаткичларига таққосланиб, баҳо берилади; жисмоний тайёргарлигини аниқлаш учун 20 марта ўтириб туриладиган функционал синама ўтказилади. Олинган соғлик кўрсаткичлари таҳлил қилинади ҳамда уларни анамнез билан тўлдириб, (неча марта касал бўлганлиги ва оғир, енгиллиги) соғлик ва жисмоний тарбия бўйича гуруҳи аниқланади.

Мактаб, лицей ва коллежларда жисмоний тарбия машғулотлари учун 3 та тиббий гуруҳ белгиланган. Улар асосий, тайёрлов ва махсус гуруҳлардир.

1. Асосий гуруҳ.

Бу гуруҳда жисмоний ривожланиши ва саломатлигида чекланишлари бўлмаган ёки жуда кам бўлган, етарлича жисмоний тайёрланган болалар шуғулланишлари мумкин. Улар учун жисмоний тарбия дастури бўйича тўлиқ ҳажмда спорт секцияларида машғулотларда қатнашиш, мусобақаларда иштирок этишга рухсат берилади. Булар биринчи соғлик гуруҳига кирувчи, яъни амалда соғлом болалардир.

2. Тайёрлов гуруҳи.

Мазкур гуруҳга жисмоний ривожланиш ва саломатлигида чекланишлари мавжуд, жиддий функционал бузилишлари ҳамда жисмоний тайёргарлик даражаси етарлича бўлмаган болалар киради. Бу болалар II соғлик гуруҳини ташкил қилиб (соғлик томонидан морфо-функционал ҳолатида чекланиши кўп бўлмаган болалар), уларга юкламалари пасайтирилган жисмоний тарбия дастури бўйича машғулотлар тавсия қилинади. Жисмоний тайёргарлиги яхшиланиб, соғломлаштирилганидан сўнг, болалар асосий гуруҳда тавсия қилинадиган спорт турлари билан шуғулланишлари мумкин.

3. Махсус тиббий гуруҳ (МТГ).

Саломатлиги одатдаги мактаб дастурини бажаришга халақит бермайдиган талайгина доимий ёки вақтинчалик чекланишлари бўлган болаларга даволаш ва тўғриловчи гимнастика зарур. Бундай болалар III соғлик гуруҳини ташкил этиб, улар умумий гуруҳларда жисмоний тарбия билан шуғулланмасликлари керак.

Таянч-ҳаракат аппаратининг рўйи-рост бузилишларида (фалажлар, шолнинг енгил шакли ва ҳ.к.), шунингдек, ҳар қандай даражадаги жиддий бузилишларда, (махсус Б гуруҳ) болалар поликлиникаларида ёки врачлик жисмоний тарбия диспансерларида даволаш машғулотларини ўтказиши зарур.

Болалар мактаб ёшига етганда (6-7 ёшда) жисмоний тарбия ва спортнинг вазифалари турли хил ҳаракатларни такомиллаштириш, қоматни шакллантиришдан иборат бўлади. Ёшлигидан жисмоний тарбия билан танаси чиниққан бола мактабга бақувват ҳамда бир мунча тетик бўлиб келади.

ЖИСМОНИЙ МАШҚЛАР

ВА ЎҚУВЧИЛАР УЧУН ЖИСМОНИЙ ЮКЛАМАЛАРНИ ТАҚСИМЛАШ

Жисмоний машқлар – элементар ҳаракатлар, улардан тузилган ҳаракат ҳолатлари ва уларнинг мажмуалари, жисмоний ривожланиш мақсадларида тизимлаштирилган унсурлардир. Жисмоний тарбия амалиётида жисмоний машқлар инсоннинг кунлик меҳнат, маиший, ҳарбий фаолият турларидан (югуриш, юриш, сакраш, ирғитиш, оғирликлар кўтариш, сузиш ва бошқалар) ўзлаштириб олинган ва ташкилий-услубий равишда гимнастика, енгил ва оғир атлетика, ҳаракатли ва спорт ўйинлари, спорт туризми ва бошқалар сифатида расмийлаштирилган, ҳаракатлар ва ҳолатлар асосига қурилган бўлади.

Жисмоний машқларнинг яхлит дастури 5 та етакчи таркибий қисмлардан ташкил топган: чигилни ёзиш (разминка), асосий қисм (узлуксиз ритмик ҳаракатлар тартибида бажариладиган машқлар), "кечикиш" ("заминка" – машқнинг тугаганлиги), кучни ошириш ва чидамлиликка доир машқлар.

1. Чигилни ёзиш.

Машқларнинг асосий қисмини бошлашдан олдин (машқларга ўтишдан аввал, узлуксиз ритмик ҳаракатлар тартибида бажариладиган машқлар) 5-10 дақиқа давомида чигилни ёзиш зарур, яъни аввал анча енгил жисмоний машқларни бажариш лозим бўлади. Чигилни ёзиш пайтида бажариладиган машқлар ўзининг турига кўра, асосий қисм бажариладиган пайтдагидек бўлиши ҳам мумкин; улар фақат жадаллиги билан фарқланиб туради. Масалан, секинлашган юришга – югуриш олдидан, чигилни ёзиш сифатида бажариладиган машқ тури сифатида қаралади. У юрак мушаклари ва бошқа мушакларга, шунингдек, ўпка ва бўғимларга жисмоний юкламаларнинг ошишига кўникма ҳосил қилиш имконини беради. Бундан ташқари, чигилни ёзиш ёки мушаклар ва бўғинларни қиздириш, эҳтимолли шикастланишларнинг олдини олишда ёрдамлашади. Чигилни ёзишдан сўнг мушакларни енгил бўшаштириш амалини ўтказиш лозим.

2. Асосий қисм.

Асосий қисм узлуксиз ритмик ҳаракатлар тартибида бажариладиган машқлардан ташкил топган. Фойдаси шундаки, улар юрак қон-томир ва нафас олиш тизимига хайрли таъсир кўрсатади. Бу машқларни бажариш жараёнида мушакларнинг йирик гуруҳлари ишга туширилади, бу эса кислород оқими ошиб бориши ҳисобига, уларни маълум зарурий вақт ичида бажариш учун керакли бўладиган энергетик салоҳиятини таъминлаб беради. Натижада, анаэробли (ҳаво мавжуд бўлмаган ҳолат) машқларда бўлиб турадигандек, сут кислотасининг йиғилиб қолиши кузатилмайди.

Машқларнинг мазкур фазасидан кўзланган мақсад, юрак қон-томир ва нафас олиш тизимини мустаҳкамлаш ҳисобланади. Жисмоний машқлар дастурининг мундарижаси (машқларни танлаб олиш), одамнинг айни дақиқадаги жисмоний ҳолати, турмуш тарзининг хусусиятлари ва шахсий афзалликларига боғлиқ бўлади. Қуйида келтириладиган мезонлар шахсий машқлар дастурини ишлаб чиқиш учун ўзига хос қўлланма вазифасини ўтайди.

а) Такрорланиш (частота).

Машғулотларнинг такрорланиш тезлиги (частотаси) машқларнинг ҳафта ичидаги сони орқали аниқланади. Умумжисмоний ҳолатингизни яхшилаш ва тана вазнини мақбул даражада ушлаб туриш учун жисмоний тарбия билан ҳафтасига камида 3 марта шуғулланинг; бу ўринда ҳар қандай иккита машқлар орасидаги танаффус икки кундан ошиб кетмаслиги зарур. Машқлар дастурингиз бошланишида яхшиси ҳафтасига 3 марта (кун оралаб) 4-6 ҳафта давомида шуғулланган маъқул. Масалан, бу душанба, чоршанба ва жума ёки сешанба, пайшанба ва якшанба кунлари бўлиши мумкин. Кейинчалик машғулотлар частотасини ҳафтасига 4-6 кунгача оширсангиз ҳам бўлади.

б) Изчиллик.

Изчиллик тушунчаси остида машқларнинг асосий қисмида сарфланадиган саъй-ҳаракатлар (жисмоний куч) сонини тушуниш қабул қилинган. Изчиллик даражаси дастлабки умумжисмоний тайёргарлик даражасига, шунингдек, бу одам ўз олдига қандай мақсадлар қўйганига ҳам боғлиқ: саломатликни яхшилаш ва касалликлар профилактикаси ёки масалан, ўпкалар ҳаётий сиғимини ошириш (ЎҲС), бошланишдан етарли даражада жисмоний тайёргарликка эга бўлмаган одамларга машғулотларни жадалликнинг энг паст даражасида бошлаш тавсия қилинади.

Пульс қон-томир уриши (юрак қисқаришлари сони ЮҚС) – машқлар пайтида жадалликнинг индикатори ҳисобланади. Машқлардан кўзланган мақсад машғулотларни шундай ЮҚС даражасида олиб бориш керакки, у жисмоний юкламадаги пульс тезлигига ёки машқдаги пульс частотасига тенг бўлсин. МПЧни ҳисоблашнинг энг содда усулларидан бири, пульснинг максимал частотаси (ПМЧ)дан фоизни аниқлашдир. Бу қуйидаги формула орқали ҳисобланади: МПЧ=ПМЧ * жадаллик % (ПМЧ=220-ёш).

МПЧ=(220-ёш) * жадаллик %

МПЧ юрак қисқаришларининг 1 дақиқа вақт ичидаги маълум бир сонини билдиради. МПЧнинг 10 сония ичидаги кўрсаткичига эришиш учун 6 га бўлиш лозим. Энг яхшиси томир уришини машқларнинг асосий қисми бошланган вақтдан сўнг, орадан 10 дақиқа вақт ўтгач текширган маъқул ва буни дақиқаларда эмас, балки 10 сония ичида қилиш лозим. Агар долзарб томир уришингиз жисмоний машқларни бажариш лаҳзаларида МПЧда ҳисоблаб кўргандан кам бўлса, машқлар жадаллигини ошириш керак. Агар у сизнинг МПЧнгиздан ошиб кетган бўлса, аксинча машғулотлар жадаллигини пасайтиришингиз зарур. Дастлабки машқларнинг 4-6 ҳафтасида жадалликнинг тавсия қилинадиган даражаси пульснинг максимал частотасидан 50-70 фоиз бўлади. Жисмоний юкламаларнинг бу каби жадаллик даражасида одам одатда гаплашишга қодир бўлади. Умумжисмоний ҳолатнинг яхшиланиши билан аста-секин жадаллик даражасининг ошиб бориши ПМЧдан 60-90 фоизгача етади.

в) Вақт.

Вақт ёки машқларнинг давомийлиги бу зўр бериб бажариладиган жисмоний машқларга сарфланган дақиқалар сонидан иборат. Тезлик даражаси юқори бўлмаса, машқлар давомийлигини ошириш лозим, агар аксинча, машқлар тезлиги етарлича юқори бўлса, унинг давомийлигини бир мунча камайтириш мумкин. Масалан, одам доимий жисмоний меҳнат билан шуғулланадиган бўлса (дурадгор, фермер ёки қурувчи), у ҳатто ЮҚЧ катта бўлмаган ҳолатида ҳам, "машқ қилинган самарага" эришиши мумкин, негаки у амалда ҳар кунини ҳаракат билан ўтказади. Асосан ўтириб ишлайдиган одамлардаги ҳолатда жисмоний юкламалар ва ЮҚСнинг ошиш даражаси "машқ қилинган самарага" эришиши учун анчагина юқорироқ бўлиши лозим (70-85 фоиз ПМЧ). Мана шу тарзда, машқлар қанчалик тезкор бўлиб борса, унинг учун шунчалар кам вақт сарфланади ва аксинча. Етарли даражада жисмоний тайёргарлиги мавжуд бўлмаган шахслар учун ўзининг машқлар дастурини ҳафта давомида 4-6 кун 10-15 дақиқадан, ўртача тайёргарлик даражасига эга бўлганлар –20-30 дақиқадан, яхшигина жисмоний тайёргарликка эга бўлганлар эса –30-60 дақиқадан бошлашлари тавсия этилади.

Жисмоний машқлар ва спорт билан шуғулланиш, инсон фаолият юритадиган исталган иш турларидаги каби шахснинг хусусиятларига доир маълум бир талабларни тақдим этади ва биринчи навбатда, у ёки бу спорт тури орқали машғулотларнинг муваффақиятли кечаётгани аниқлаб олингач, ўша хусусиятларни шакллантиришга кўмаклашилади. Мисол сифатида, ҳар хил спорт турлари билан шуғулланадиган спортчиларнинг иродавий сифатларининг таркиби ўз аҳамиятига кўра бир тартибда келтирилади.

Жисмоний юкламаларнинг турлари

Жисмоний машғулотлар орқали самарали соғломлаштирувчи натижага эришиш учун таркиби ва меъёри қатъий белгиланган жисмоний юкламаларни бажариш зарур. Жисмоний тарбия ва спортда юклама деганда, жисмоний машқларнинг шуғулланувчилар организмига таъсири тушунилади. Уни таърифлаш учун қуйидаги саволларга жавоб бериш зарур:

Юклама нима учун ва қандай мақсадда бажарилади?

Унинг натижаси – машқ қилишнинг нафи нимада?

У инсон организмига қандай таъсир кўрсатади?

Юкламани бажариш услуби қандай?

Жисмоний юкламани бажариш учун 3 та асосий мақсадни фарқлаш мумкин. Булар спортда натижага эришиш, соғликни мустаҳкамлаш, бирор-бир фаолиятга тайёргарликдан иборат. Мазкур мақсадларга биноан, спортга оид соғломлаштирувчи ва амалий юкламалар ажратилиб, шунингдек, улар таркиби ва катта-кичиклигига кўра ҳам жиддий фарқ қилади (катта спорт юкламалари билан соғломлаштирувчи жисмоний тарбия ўртасида кейинчалик бўлиниш оқими қайд қилинади). Юклама қиймати унинг жадаллиги ва ҳажмининг параметрлари билан тавсифланади. Юкламаларни тўғри тақсимлаш (дозалаш)нинг асосий мезонлари юрак қисқаришлари сони (ЮҚС), машқларни максимал такрорлашлар миқдори бўйича қаршиликлар қиймати, дақиқалик нафас ҳажми ва бошқалар ҳисобланади.

Дилором АҲМЕДОВА, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор.

(Давоми бор).

№ 44, 02.11.2012 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.