Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
УАШ учун амалий ёрдам

МИЕЛОМ КАСАЛЛИГИ ДИАГНОСТИКАСИ ВА ДАВОЛАШДАГИ ЯНГИ ЮТУҚЛАР

Миелом касаллиги – қон яратиш тизими касалликлари гуруҳига киради. У гемабластозларнинг 10 фоизи ва барча хавфли ўсма касалликларининг эса 1 фоизини ташкил этади. Қон яратиш тизими ўсма касалликлари орасида учраши бўйича лимфомалардан сўнг иккинчи ўринда туради. Асосан 60 ёшдан катта инсонларда учрайди, 10 фоиз ҳолларда эса 40 ёшгача бўлганларда кузатилади.

Охирги йиллар давомида касалликнинг 40 ёшгача бўлган даврда учраш ҳолатлари кўпайганлиги аниқланмоқда. Касалликка ремиссиядан сўнг рецидивлар билан кечиш хосдир. Ушбу хасталик бошланганда суякларда оғриқ, сабабсиз ҳолсизлик, тез-тез яллиғланиш касалликларига мойиллик кузатилади. Беморларнинг 40-60 фоизида касаллик буйрак фаолияти бузилиши билан асоратланади. Миелом белгиларининг хилма-хил бўлиши ва сурункали ривожланиши бирламчи диагностикани қийинлаштиргани боис, беморлар йиллаб бошқа соҳа шифокорлари, жумладан, невропатолог, нефролог, пульмонолог, онколог, травматолог ва нейрохирург томонидан даволаниб келади ва касаллик авж олган даврдагина гематолог шифокорига мурожаат қилишади. Ушбу ҳолат касалликни даволаш самарасига ҳам сезиларли таъсир кўрсатади. Унинг диагностикасида суяк кўмигидан аспират олиш ва унда плазматик ҳужайралар сони ошганлигини текшириш билан бир қаторда қон зардобида патологик оқсиллар аниқланиши муҳим мезон ҳисобланади. Қон зардоби ва сийдикда патологик оқсиллар иммунофиксация методи ва оқсилларни фракциялаш усули касалликнинг муҳим диагностикасидир. Миелом касаллиги шубҳа қилинганда, яъни суякларда оғриқ, сабабсиз камқонлик, эритроцитлар чўкиш тезлигининг ошиши, сийдик билан оқсиллар ажралиши, буйрак фаолияти бузилиши кузатилганда беморда суяк кўмигидан пункция қилиш, қон зардоби ва сийдикда патологик оқсиллар иммунофиксацияси текширувини ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

Касалликни даволашда химиотерапевтик дори воситалари қўлланилади. Маълумки, химиотерапевтик дорилар бир қатор асоратларга олиб келади. Ёндош ҳаётга хавф солувчи касалликлар ҳам мавжудлиги кўп ҳолларда химиотерапевтик дори воситасини тўлиқ қўллашга имкон бермайди. Бу эса касаллик ремиссияга чиқишини даволаш натижаси самараси пасайишига олиб келади. Бугунги кунгача миелом касаллигидан ўртача умр кўрсаткичи 3-4 йилни ташкил қилган эди. Аммо ушбу давр орасида беморлар қайта-қайта химиотерапевтик даво курсларини қабул қилишга мажбур бўлганлиги учун ҳаёт сифати пасайишига олиб келади. Даволаниш давомида асоратлар юзага келиши даво курслари тўхтатилишига, баъзи ҳолларда эса бемор ўлимига ҳам сабаб бўлади. Ўлим сабаби кўп ҳолларда ўпка артерияси тромбоэмболияси, миокард инфаркти ва ўткир буйрак етишмовчилигидир. Энг кўп учрайдиган асоратлар: септик шок, тромбоз, тромбофлебит, ўткир вирусли пневмониялар, ўсма лизис синдроми, бош мия қон айланиши ўткир бузилишларидир. Беморларнинг аксарият қисмида бирламчи химиотерапиядан сўнг касалликнинг ушбу дори воситаларига резистентлиги кузатилади ва ўтказилган химиотерапияга резистентлиги кейинги даво курсларини танлашда қийинчилик туғдиради ва асоратлар ошишига олиб келади. Касаллик сурункали тез-тез қайталангани боис, беморларга иқтисодий жиҳатдан катта қийинчилик туғдиради ва даволанишни охиригача олиб бормаслик ҳолатлари ҳам бўлиб, бунда резистентлик янада ошади.

Мамлакатимизда 2013 йилдан бошлаб Республика гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида миелом касаллигининг замонавий диагностика усуллари жорий қилинди, яъни қон зардоби ва сийдикда патологик оқсиллар иммунофиксация методи ҳамда оқсилларни фракциялаш усули йўлга қўйилди. Бу усул касалликни даволаш босқичлари ҳамда даволаш самарадорлигини баҳолашда ишончлидир. Шунингдек, беморда даволаниш жараёнида суяк кўмиги пункцияси амалиётининг ўтказилиш сони камайишига сабаб бўлади ва беморларни ортиқча амалиётдан халос этади. Оқсилларни иммунофиксациялаш йўли орқали патологик иммуноглобулинлар турини аниқлаш касаллик кечиши ҳақида маълумот беради ва даволаш курсини танлашда муҳим ҳисобланади. Касалликни даволашдан асосий мақсад, тўлиқ ва узоқ муддатли ремиссияга эришишдир. Ремиссияга эришиш билан бир қаторда резистент беморлар ва химиотерапия давомида ҳаёт сифатини яхшилаш ҳам катта аҳамиятга эга. Тиббиётнинг янада ривожланиши натижасида гематология соҳасидаги эришилган ютуқлар сабабли охирги йиллар давомида янги инновацион дори воситалари амалиётга кириб келмоқда. Миелом касалликларида янги воситалар: протеасома ингибитори – бортезомиб, иммуномодуляторлар – леналидомид, помалидомид ва шу кабилар. Янги воситалар қўллангунга қадар резистент ва эрта рецидивланувчи касаллик шакллари яшаш давомийлиги ўртача 1 йилни ташкил қилган эди. Ҳозирда бутун дунёда ушбу дори воситаси бирламчи даво курслари таркибига стандарт даво сифатида киритилган. Бортезомиб дори воситасининг резистент ва рецидивли касаллик гуруҳларида ҳам самарадорлиги юқоридир. Ушбу дори воситаси туфайли беморларнинг ўртача яшаш даври миелом касаллигида 4-9 йилни ташкил қилади.

Бортезомиб воситаси Республика гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида 2013 йилдан буён ишлатиб келинмоқда. Унинг миелом касаллигида самарадорлиги ўртача 80 фоизни ташкил қилади, шунингдек, у ўсмага қарши восита бўлиб, протеасомага нисбатан юқори селектив ингибитор хусусиятга эга. Бортезомиб протеасоманинг химотрипсинсимон фаолиятини ингибиторлайди, натижада протеолиз сусайиши ва апоптозга олиб келади. Маълумки, миелом ҳужайралари апоптозга соғлом плазматик ҳужайрага нисбатан 1000 маротаба сезгир. Ушбу дори воситасининг ярим чиқарилиш даври 5 соатдан 15 соатгача бўлиб, дозага боғлиқ ҳолда ўзгариб, касалликни даволашда юқори самарадорликка эга. Препаратни юбориш йўли ҳам қулай бўлганлиги сабабли даво курсларини амбулатор давом эттириш мумкинлиги ҳам беморнинг яшаш сифатини оширади. Гематологик ва токсик ножўя таъсирларнинг 10 фоиз ҳолларда учраши ҳам бемор учун иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан қулайлик яратади. Препарат беморни касаллик рецидивисиз яшаш даврини узайтириш билан бир қаторда, резистентли касалларда ҳаёт сифатини яхшилайди. Қўшимча ножўя таъсирлар камлиги эса ҳаёт учун хавфли ёндош касаллиги мавжуд беморларда ҳам қўллаш имконини беради. Бу жиҳатдан бортезомиб воситасини амалиётда кенг қўллаш мақсадга мувофиқдир. 20-30 фоиз ҳолларда бортезомиб препаратига касаллик резистентлиги юзага келганда иккинчи тартиб дори воситалари ёки юқори дозали полихимиотерапия даво курслари буюрилади.

Миелом касаллигини даволаш протоколларига янги препарат бўлган иммуномодуляторлар гуруҳининг кириб келиши ҳам ушбу касалликнинг рецидивсиз яшаш муддати ошишига олиб келмоқда. Леналидомид дори воситаси иммуномодуляторлар гуруҳига киради. Миелом касаллигида ушбу дори ҳам ишлатилмоқда. Ушбу дори воситасининг бирламчи тартибда қўлланилиши борасида ҳозирда илмий изланишлар олиб борилмокда. Леналидомид Республика гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида асосан бирламчи тартиб дориларга резистент беморларда иккиламчи тартиб дори воситалари билан бирга қўлланилмоқда. Дори воситасининг оғиз орқали қабул қилиниши ҳам беморга уй шароитида даво курсларини олиш имконини беради. Ушбу дори воситаси ёрдамида беморларнинг рецидивсиз яшаш даври узаймоқда.

Химиотерапевтик даво муолажаларидан ташқари миелом касаллигида гемопоэтик ўзак ҳужайралари билан даволаш амалиёти хам муваффақиятли қўлланилмоқда. Гемопоэтик ўзак ҳужайралари (ГЎҲ) билан даволаш, яъни аутологик трансплантация касалликнинг рецидивсиз яшаш даврини узайтириб қолмасдан, ҳаёт сифати тубдан яхшиланиши, бемор ижтимоий ҳаётга қайтишига сабаб бўлади. ГЎҲ билан даволаш ҳозирда бизда фаол қўлланилмоқда. Ушбу усул юқори самарадорликка эга бўлиш билан бирга даволаниш давомида ёндош касаллиги мавжуд ва 65 ёшдан катта беморларда қўллашни чеклашимизга сабаб бўлади. Аутологик ГЎҲ билан даволаш ёш касаллар учун айни муддао бўлади, чунки уларда хасталик кўп ҳолларда агрессив ривожланади. Ушбу усул билан даволаниш натижаси касалликнинг эрта даврларида ремиссияга эришишни таъминлайди. Касаллик рецидиви ёки химиотерапияга резистентлик ҳолатида ўтказилганда етарлича натижа кузатилмайди. Шу сабабли ушбу усулнинг ёш беморларда касалликнинг биринчи ремиссиясида ўтказилиши мақсадга мувофиқдир. Бу амалиётни юртимизда жорий қилиниши ҳам миелом касаллигига учраган беморларни муваффақиятли даволашимизга хизмат қилмоқда. Аммо ушбу амалиёт юқори технологияли текширув усуллари ва ҳужайра йиғиш амалиётини ўтказишни талаб этади. Республика гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида аутологик ГЎҲ билан даволаш амалиёти ҳозирги кунда тўлиқ йўлга қўйилган. Миелом касаллиги ва лимфома билан касалланган беморларда аутологик ГЎҲ билан даволаш натижасида беморларни ушлаб турувчи химиотерапиясиз яшаш даврининг узайишига олиб келмоқда.

Мамлакатимизда охирги 4 йил давомида замонавий янги гуруҳ ўсмага қарши воситаларининг амалиётда кенг қўлланилиши ушбу касалликни даволашнинг хавфсизлигини кўрсатди. Полихимиотерапиянинг ножўя таъсирлари кескин камайишига олиб келди. Касалликнинг рецидиви ва резистентлик ҳолларда даво протоколларини танлаш қийинчилик туғдирган ҳолларда ушбу дори воситалари комбинацияда қўлланилиши касалликни бартараф қилишга ёрдам беради. Адабиётларга кўра беморлар яшаш давомийлигини 2,5 марта узайтирди. Булар билан бир қаторда талидомид ва бендамустин дори воситаси ҳам гематология амалиётига иккиламчи тартиб дори воситалари сифатида қўлланилмоқда. Талидомид бирламчи тартибда ҳам полихимиотерпия билан биргаликда даволаниш самарасини оширади. Иккиламчи тартиб дори воситалари билан бирга қўлланилганда химиотерапияга бўлган касаллик резистентлигини 50 фоиз ҳолларда енгишга ёрдам беради.

Ўсмага қарши химиотерапевтик ва биологик таъсир қилувчи янги дорилардан бири бендамустин воситасидир. Ушбу восита лимфоид ўсма тўқимасига яққол цитотоксик таъсир қилиши ва энг паст токсиклиги билан бошқа дори воситаларидан ажралиб туради. Ўсма ҳужайрасига қарши алкилловчи (циклофосфан, мелфалан), пурин аналоглари (флударабин, кладрибин) каби таъсир қилиши ва кам токсиклиги билан уникал даво воситаси ҳисобланади. Шу билан биргаликда препарат р53 оқсилига боғлиқ бўлган ген механизмлари орқали ҳам ўсма ҳужайра апоптозини фаоллаштириши аниқланган. Препаратни қўллашнинг энг қулай ва хавфсиз томонларидан бири бу буйрак фаолиятига ножўя таъсир қилмаслиги бўлиб, у асосан жигар орқали экскреция бўлади. Бу ҳолат ҳаттоки терминал буйрак етишмовчилиги билан кечувчи миелом касаллигида бирламчи тартиб препарати сифатида қўллаш имконини беради.

Маълумотларга кўра ўтказилган метаанализлар натижасида бендамустин воситаси бортезомиб, леналидомид билан комбинацияда қўллаш ҳам касалликнинг индукцион терапиясида юқори натижалар кўрсатди. Бортезомиб ва леналидомид воситаларига бўлган резистентлик ҳолатларида бендамустин сақловчи полихимиотерапия курслари резистентликни бартараф қилиши аниқланган. Дори воситасининг нисбатан хавфсизлиги, айниқса, бортезомиб қабул қила олмайдиган ҳолатларда ёши катта беморларда қўллаш имконини беради. Янги даво воситаларини адекват доза ва комбинацияда танлаш гематологларга юқори даволаш самарасини кўрсатади. Айниқса, охирги йилларда амалиётга кириб келган дори воситалари бу вазифани енгиллаштирди. Ҳозирги кунда ушбу янги дори воситалари Республика гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида миелом касаллигида кенг қўлланилмоқда. Ушбу дори воситаларининг амалиётга жорий қилиниши беморлар ҳаёт сифати ошишига, ўзига хизмат қила олиш фаолияти эрта тикланишига олиб келди. Даво курслари давомида касалхонада ётиш кунлари қисқариши, полихимиотерапия асоратлари туфайли юзага келадиган ёндош касалликларнинг давоси учун сарфланадиган вақт ва дори воситалари камайиши кузатилди. Бемор даво курсларини амбулатор равишда олган ҳолларда меҳнат қобилиятини сақлаб қолади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ушбу янги дори воситалари ва ГЎҲ билан даволаш амалиётда миелом касаллигини даволашда муҳим аҳамият касб этди. Айтиш жоизки, энг аввало полихимиотерапиянинг ножўя таъсирлари кардио, нефро, гепатотоксиклик камайиши ва беморни қўшимча дори воситаларини қабул қилишдан халос этди. Гематологик токсикликнинг камлиги эса миелом касаллиги билан оғриган беморларда ўринбосар терапия (гемо, плазмотрансфузия) қўлланилишини минимумга олиб келди. Ёндош инфекцион асоратлар камайиши эса қўшимча антимикроб терапияга кўрсатмалар камайишига сабаб бўлди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, миелома касаллигини эрта аниқлаш ва тўғри ташхис қўйишда шифокорлар етарли билим ва тажрибага эга бўлишлари зарур. Юқорида таъкидлаганимиздек, ушбу касаллик билан оғриган беморлар миелома хасталиги тўғрисида чуқур маълумотга эга бўлишлари, шу билан бирга мутахассисга мурожаат қилганда касаллик белгиларини тўғри таърифлаб беришлари муҳимдир.

Ҳамид КАРИМОВ, Республика гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтининг Молекуляр тиббиёт ва ҳужайралар технологияси бўлими раҳбари, профессор.

Абдураҳмон ҚАЮМОВ, Гемопоэтик ўзак ҳужайралар билан даволаш маркази мудири, тиббиёт фанлари номзоди.

Г. ҚЎЗИЕВА, Гемопоэтик ўзак ҳужайралар билан даволаш маркази шифокори.

№ 26, 30.06.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.