Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
УАШ учун амалий ёрдам

РЕВМАТИК ИСИТМА ВА ЮРАКНИНГ РЕВМАТИК КАСАЛЛИГИ У қандай аниқланади ва уни даволашнинг имкони борми?

Ўткир ревматик иситма (ЎРИ) – А гуруҳига мансуб B-гемолитик стрептококк чақирган тонзиллит (ангина) ёки фарингитнинг инфекциядан кейинги асорати бўлиб, бириктирувчи тўқиманинг тизимли яллиғланиши шаклида устувор юрак қон-томир тизими (кардит), бўғимлар (миграцияланувчи артрит), мия (хорея) ва тери (ҳалқасимон эритема, ревматик тугунчалар) шаклида зарарланиши билан характерланади.

Ушбу касаллик унга мойиллиги бор кишилар ва асосан ёшларда (7-15 ёш) ривожланиб, унинг асосини организмнинг стрептококк антигени ҳамда жароҳатланаётган инсон тўқималарига ўхшаш аутоантигенлари билан кесишган реактивлиги (молекуляр мимикрия феномени) ташкил этади.

Ревматик иситма ва сурункали юрак ревматик касаллиги (СЮРК) аввалгидек юрак қон-томир тизимининг болалар, ўсмирлар, ёш ва ўрта ёшлилар орасида кенг тарқалувчи касаллик сифатида инсон саломатлигига жиддий хавф туғдирмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқа манбаларда қайд этилишича, хасталик таъсирида дунё бўйича ҳар йили 12 миллион нафар инсон жароҳатланиб, 332 минг нафар кишининг ҳаётдан кўз юмиши юқоридаги фикрларимизни тасдиқлайди. Айтиш жоизки, ЎРИ охирги ўн йилликда кескин камайган бўлса-да, аммо у билан касалланиш, ҳатто иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатларда ҳам сақланиб қолмоқда. Бу ҳол тиббиётда А гуруҳига мансуб B-гемолитик стрептококк (АБГС) сақланиб қолар экан, ЎРИ ва СЮРКни бартараф этиш имконсиз деган тушунча билан изоҳланади. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, инсоният кейинги бир неча ўн йилликда ҳам ушбу гуруҳ ревматоген стрептококклардан қутула олмайди. ЖССТ томонидан шу бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижасида Ер куррасининг Евроосиё қисмида 2015 йилдан бошлаб юқори вирулентли АБГС инфекциясини юзага келтирувчи ревматик иситманинг (РИ) эпидемик жиҳатдан янада фаоллашгани эътироф этилган. Шуларни инобатга олган ҳолда, айни пайтда соҳа ходимлари томонидан РИ ва СЮРКнинг нафақат тарқалиши ва этиопатогенетик хусусиятлари, балки ҳозирги кўриниши ҳам чуқур ўрганилмоқда. Бу жараёнда асосий урғу касалликнинг кенг маънода эволюцияси масаласига қаратилмоқда. Боиси, бугунги кунда биргина ороларингиал соҳа микроэкологияси эмас, РИ ва СЮРК клиник "ниқоби" ҳам экоижтимоий омиллар таъсирида ўзгармоқда. Ҳозирда америкалик кардиолог Т. Жонеснинг пентада, яъни бешлик мезонлари ҳамда шу асосида кейинчалик Америка (1992) ва Россия ревматологлари ассоциацияси (2003) қайта кўриб чиққан клиник мезонлар тўлиқлигича кузатилмаяпти. Бунинг сабаби, РИнинг симптомсиз кечиш ҳоллари, аниқ ташхиснинг йўқлиги ёки уларнинг шубҳа асосида қўйилаётганлигидир. Шунинг учун касаллик кечишининг регионал хусусиятлари тўғрисида турли маълумотлар кўпаймоқда.

Мамлакатимизда РИ ва СЮРК устида олиб борилган ишлар саноқли бўлса-да, бироқ сўнгги фаолиятлар натижасида касалликнинг баъзи этиопатогенетик жабҳаларига аниқлик киритилди, хусусан, муайян популяцияларда кечиши ўрганилиб, иммуногенетик жиҳатлари ёритилди. Аммо клиник амалиётдан келиб чиққан ҳолда, РИ ва СЮРКнинг диагностик, клиник мезонлари, унга қарши замонавий даво усуллари, резистентлигик сабабларини ўрганишга бўлган эҳтиёж юқорилигича қолмоқда. Айтиш жоизки, РИнинг 0,3 фоизи спородик ва 3 фоизи эпидемик бурун-ҳалқум А-стрептококк инфекциясидан сўнг ривожланишида беморнинг ушбу инфекцияга алоҳида сезувчанлиги, РИ ва юрак ревматик иллати (ЮРИ) шаклланишига ўзига хос мойиллиги борлиги кўзда тутилади. Шундан сўнг ХХ аср бошларида мутахассис А. Кисель оилавий мойиллик ҳам бўлиши мумкинлигига эътибор қаратгач, ревматизмнинг мультифакториал моделини шакллантиради ва уни генетик ҳамда муҳит омилларининг қўшилиб келиши билан асослайди. Унинг фикрича, оилавий ревматизм популяцияга қараганда 6 марта юқорироқдир. Кейинги 15-20 йилликда РИнинг клиник кўриниши бир қадар ўзгарди ва кўпчилик муаллифлар ревматик кардит кам ҳолларда оғир кечиши, ўлим, шу билан бирга, реакциялари қайталаниши камайиши, касалликнинг моносиндром шаклига ўтиб бориши, кам симптомли ва латент кечиш шакллари кузатилаётганини таъкидлашмоқда. Америкалик изланувчиларнинг таъкидлашича, касалликнинг бу ҳолатда кечиши унинг мураккаб ва ўзгарувчан клиник кўринишини аниқлашга тўсқинлик қилмоқда. Жароҳатланган бўғимлардаги яллиғланиш ўзгаришларининг тўлиқ регрессияси билан характерланувчи ўткир ёки ўткир ости полиартрит РИнинг етакчи клиник синдромларидан бири ҳисобланиб, у 2-3 ҳафта давом этади. Тўғри, бу муддат яллиғланишга қарши замонавий терапия таъсирида бир неча соат ёки кунгача қисқариши мумкин. Бироқ яна бир гуруҳ муаллифларнинг маълумотига кўра, полиартритнинг частотаси 60 фоиздан 100 фоизгача ўзгариб туради. Хусусан, энг кўп тўпиқ ва тизза (90 %), билак ва тирсак (61 %), елка камроқ (44 %), чаноқ-сон (31 %), тўш-ўмров, ўмров-акромиал (6 %) бўғинлари жароҳатланади. Кам ҳолларда бўғин синдромининг атипик кўриниши моноартрит, қўл ва оёқ кафтларининг майда бўғинлари, шу билан бирга, умуртқа поғонасининг бўйин қисми, даво фонида артрит рецидиви учрайди. Бирламчи ревмокардитда эса бу фикрлар бир-бирига мос келмайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бирламчи ревмокардитнинг учраши анча юқори. Албатта, бу ҳолат биринчи ревматизм ҳужумида у қадар юқори эмас. Кўпинча 50-69 фоиз, баъзан эса бундан ҳам паст – 3-38 фоизни ташкил этади. Шу боис, бу каби тафовутларни фақат клиник симптомлар полиморфизми ва турли регион ва дунё мамлакатларида кечиш вариантлари билан тушунтириш қийин. Қолаверса, яққол ифодаланган полиартритда ревмокардитнинг клиник белгилари яхши билинмаслиги мумкин. Аммо шундай бўлса-да, Америка кардиологик ассоциациясининг қайта кўрилган Т. Жонес (1944) мезонларини тўғри қўллашга бағишланган ахборотида юракнинг бирламчи ревмокардитда жароҳатланиши етарлича баён қилинган. Унга кўра, ревмокардитнинг биринчи ҳужумида РИнинг гипердиагностикаси ёки гиподиагностика ҳолати бўлиши мумкин.

Янги авлод тиббий асбоб-ускуналари, хусусан, допплерэхокардиография (ДЭхоКГ) кўмагида турли ёш гуруҳларидаги ревматик эндокардитнинг ДЭхоКГ мезонларини ажратиш имкони яратилди. Аммо ревмокардитнинг диагностикаси барибир қийин кечмоқда. Бунинг асосий сабаблари қуйидаги ҳолатлар билан боғлиқ:

- олдинги бўлиб ўтган бурун-ҳалқум инфекциясининг стрептококкли генези ҳар доим ҳам аниқ бўлавермаслиги;

- антистрептококк антителаларнинг титри паст бўлиш эҳтимоли;

- томоқдан стрептококк экмаси кўпинча натижа бермайди;

- кардит РИда бошланғич кўриниши кам манифест бўлади;

- тизимли яллиғланиш белгиларининг етарли даражада ифодаланмаганлиги.

Ўткир ревматик иситма (ЎРИ) (ревматизм эмас) врачнинг эътиборини АГБС инфекция билан боғлиқлигини аниқлашга, шунингдек, бу инфекцияни эрадикация қилиш учун ўткир даврида (бирламчи профилактика) ва такрорий хуружларнинг олдини олиш мақсадида (иккиламчи профилактика) антибиотикларни қўллаш зарурлигига қаратади.

"Бирламчи ревмокардит (ревматизм)" терминига келсак, клиник тажриба бу тушунчанинг кенгайиб, ҳар қандай бирламчи диагностика қилинган юрак касаллиги, гипермобиль синдромнинг кўриниши – митрал клапан пролапсида ҳам, кузатилиши мумкин бўлган йирик ва ўрта бўғинлардаги ностабиллиги туфайли юзага келадиган артралгияни назарда тутиб ишлатган. Бунинг устига сўнгги 20 йиллик динамик ЭхоКГ текширишлар шуни кўрсатдики, валвулит ревмокардитнинг асосий компоненти ҳисобланиб, у органик юрак шовқини билан намоён бўлади ва миоперикардит билан биргаликда юзага келиши тахмин қилинади. Юракнинг миоперикардит шаклида валвулитсиз зарарланиши, кузатилишича, умуман ЎРИ учун хос эмас, аммо бунда бошқа этиологик кардит билан қиёсий ташхисланади (биринчи навбатда вирусли). Бошқа томондан ЎРИда яққол ифодаланган миграцияланувчи полиартрит ёки кичик хорея-да кардитнинг клиник симптомлари кучсиз ифодаланган бўлиши мумкин. Шунинг учун ЭхоКГнинг допплер техникаси билан қўлланилишининг диагностик аҳамияти янада ортади, чунки шу йўл билан юракнинг анатомик структураси ва юрак ичи қон оқимининг ҳолати, шу жумладан, валвулитнинг дастлабки белгиси – митрал ва аортал регургитацияни кўриш имкони кучаяди.

ЎРИ терапияси ва профилактикасида антибиотиклар қўллаш муаммоси муҳокама қилинар экан, таъсири чўзилган пенициллин (бензатин-бензилпенициллин) устида тўхталиб ўтиш зарур. Сабаби, мазкур препаратни турли формалар, айниқса, бициллина-5 шаклида қўллаш қайталама ревматик ҳужумлар профилактикасида муҳим роль ўйнади. Бугунги кунда А-стрептококкли тонзиллофарингит ва кейинчалик ЎРИ такрорий ҳужумларини ишончли ревматик анамнезли беморларда профилактика учун 3 ҳафтада бир марта 2.400.000 бирликда мушак орасига қўлланилаётган бензатин-бензилпенциллинни ("Синурол", Хитой) фаол ўрганишмоқда. Мавжуд маълумотларда бурун-ҳалқум А-стрептококкли инфекциясида юқори ва давомли фаол таъсири ҳақида сўз юритилади, бу эса уни ЎРИнинг иккиламчи профилактикаси учун самарали препарат сифатида тавсия қилишга имкон беради.

Ҳозирда ҳам РИ ва СЮРК адекват ва сифатли диспансер назоратининг умумтиббий, шунингдек, ижтимоий аҳамияти сақланиб қолмоқда.

Унинг асосий тамойиллари қуйидагилар:

- мунтазам тиббий кўрик ва талаб этилган қўшимча текширувларни ўтказиш;

- ЎРИ такрорий ревматик ҳужумлари профилактикаси;

- инфекцион эндокардит профилактикаси;

- сурункали юрак етишмаслигини даволаш;

- ЮРИни жарроҳлик усулида коррекциялаш масаласини ҳал қилиш (кардио-хирург билан);

- тромбоэмболия асоратлари профилактикаси.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, инсон саломатлиги, аввало, унинг ўзига боғлиқ. Шундай экан, ЮРИ аниқланган беморлар ҳар йили тиббий кўрикдан ўтиб туриши мақсадга мувофиқдир.

Машкура РИЗАМУҲАМЕДОВА, Тошкент тиббиёт академияси 1-клиникаси қошидаги Республика ревматология маркази раҳбари.

№ 16, 21.04.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.