Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
УАШ учун амалий ёрдам

ХАВФЛИ ЎСМА КАСАЛЛИКЛАРИНИ ЭРТА АНИҚЛАШ ВА УЛАРНИНГ ДАСТЛАБКИ БЕЛГИЛАРИ

Дунё бўйича барча давлатларда онкологик касалликларнинг ўсиши кузатилмоқда. Шу билан биргаликда ўлим кўрсаткичи йилдан-йилга ўсиб бораётгани сир эмас. Бунинг асосий сабабларидан бири ўсма касалликларининг ўтиб кетган босқичларда аниқланиши, яширин кечиши ва эрта бос¬қичда аниқланмаслигидир. Ҳар йили дунё бўйича 14 миллиондан ортиқ кишида онкологик касаллик турлари аниқланади, ўлим кўрсаткичи эса 8 миллионга яқин кишини ташкил қилади. Онкологик касалликлар ичида энг кўп учрайдиган турлари – ўпка, сут бези, тўғри ва кўндаланг чамбар ичак, меъда, тери, жигар ва простата бези саратонларидир.

Охирги йилларда тухумдон, сут бези, оғиз бўшлиғи аъзолари, бош мия, буйрак, сийдик қопи ўсмаларининг кўпа¬йиши кузатилмоқда. Болаларда хавфли ўсма касалликлари 2,5-3 фоизни (умумий касалликлар структурасида) ташкил қилади. Онкологик касалликларни барвақт босқичларда аниқлаш имконияти ҳалигача яратилмаган, бу эса ўлим кўрсаткичи ўсишига олиб келмоқда. Касалликни эрта аниқлашда унинг дастлабки белгилари (симптомлари)га эътибор бериш керак. Касаллик ривожланишида клиник белгилар муҳим ахамиятга эга. Ўсма жараёни узоқ йиллар ривожланишини инобатга оладиган бўлсак, (10-20 йилгача) ва у 80 фоиз беморнинг тўқималарида ўсмаолди ўзгариши ёки ўсмаолди касалликларидан кейин ривожланиши мумкин. Шунинг учун ўсма касалликларининг ўзига хос белгилари кузатилмайди, бўлса ҳам уни илғаб олиш қийин. Бундан ташқари, ҳар бир аъзонинг ўзига яраша ўсмаолди касаликлари мавжуд бўлиб, маълум бир клиник кўринишга эгадир.

Хавфли ўсманинг ривожланиши ҳар бир аъзога ўз таъсирини кўрсатади. Организмдаги ўсмаолди касалликларини ўз вақтида аниқлаб, уни даволаш унинг ривожланишини бартараф қилади. Ўсмаолди касалликларига туғма аномалиялар, сурункали ўзгаришлар, узоқ вақтдан буён битмаётган яралар, оқмалар, жароҳатдан кейинги ўзгаришлар, хавфсиз ўсмалар, тўқималардаги гиперпластик ва ўсмаолди ўзгаришлари киради.

Барча ўсмаолди касалликлари 2 турга бўлиниб, улар хавфли ўсмага икки хил йўл билан айланади:

1. Факультатив ўсмаолди касалликлари.

2. Облигат ўсмаолди касалликлари.

Факультатив ўсмаолди касалликларига қуйидагилар киради: теридаги қарилик кератози, бачадон бўйни лейкоплакияси, эрозияси, меъда, йўғон ичак полипи, фиброз-кистоз мастопатия, фиброаденома, тератомалар, куйгандан кейинги чандиқлар, оқма яралар, бачадон бўйни гормонал гиперплазияси. Ушбу касалликлар ўзига хос белгиларга эга бўлиб, узоқ вақт мобайнида организмда ривожланиб, 5 фоизгача хавфли ўсмаларга айланиши мумкин. Облигат ўсмаолди касалликлари аксарият ҳолларда хавфли ўсмага айланиши мумкин. Шуни инобатга олиб, олимлар хавфли ўсма касалликларининг дастлабки симптомларини облигат касалликлардан қидириш керак, дейишади. Облигат касалликлар турига йўғон ичак полипози, терининг пигментли ксеродермаси, тери Боуэн дерматози, Педжет касаллиги, бачадон бўйни дисплазияси, меъданинг тана қисми каллёз яраси, эрозив эгофагит, ярали ректит, индуратив панкреатит ва бошқа касалликлар киради. Ушбу касалликларнинг хавфли ўсмаларга ўтиши узоқ даврни ташкил қилади (20-30 йил).

Хавфли ўсмаларнинг ривожланиши узоқ давом этадиган жараён бўлиб, клиник симптомлар шунга яраша намоён бўлади. Клиник симптомларнинг рак касаллигида пайдо бўлиши кўп жиҳатдан хавфли ўсманинг қайси бир аъзода пайдо бўлишига, унинг гистологик структурасига, касаллик босқичига, метастаза борлигига ва клиник шаклига боғлиқдир. Хавфли ўсма клиник симптомларининг пайдо бўлиши, кўп жиҳатдан ўсма жараёнининг ривожланишига боғлиқ. Л. Шабад (1979 й.) хавфли ўсмалар организмда ривожланишида қуйидаги босқичлардан ўта¬ди: 1. Касаллик ривожланадиган аъзодаги ҳужайраларда диффуз гипер¬плазия, яллиғланиш ёки регенератив ўзгарган тўқималар даври; 2. Диффуз гиперплазия ўрнида ўчоқли пролифератлар ривожланади; 3. Ўчоқли пролифератлар қўшилиб, хавфсиз ўсма шаклини қабул қилади; 4. Хавф¬сиз ўсмалар кейинчалик қулай шароитда хавфли турга айланади. Мана шу даврда хавфли ўсмаларнинг дастлабки симптомлари пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун касалликни ушбу босқичда аниқлаш мақсадга мувофиқдир.

Хавфли ўсма касалликларининг асосий клиник симптомлари:

- маҳаллий (тугунли ўсманинг аниқланиши, ўчоқли ўзгаришлар, ўсмадан қон кетиши, яраланиши, ундан турли ажралмаларнинг ҳосил бўлиши, оғриқ, бошқа аъзолар фаолиятининг бузилиши ва бошқалар;

- умумий (тана ҳарорати кўтарилиши, ваража, терлаш, уйқусизлик, кахексия, ҳаво етишмаслиги, қоринда оғриқ, қорин ва кўкрак бўшлиғида суюқлик йиғилиши ва бошқалар);

- ўсманинг метастатик зарарланиш симптомлари (патологик синиш, оғриқ синдроми, ҳаво етишмаслиги, қорин ва кўкрак бўшлиғида суюқлик йиғилиши, ички аъзо фаолиятининг бузилиши, неврологик бузилиш ва бошқалар).

Ўсма касаликларини эрта бос¬қичларда аниқлаш учун умумий амалиёт шифокорларининг онкологик эҳтиёткорлигини ва аҳоли тиббий саводхонлигини ошириш керак.

Онкологик эҳтиёткорлик қуйидагиларни ўз ичига олади:

1. Шифокор касалликнинг эрта босқичдаги симптомларини билиши;

2. Ўсмаолди касалликлари ҳақидаги ахборотга эга бўлиши ва уни даволаши;

3. Онкология хизматининг ҳолатини билиш ва беморни керакли мутахассисга юбориш;

4. Беморни синчковлик ва замонавий усуллар билан текшириш, малакали мутахассисга юбориш;

5. Беморга онкологик касалликнинг ташхисини қўйишда малакали мутахассисларни жалб қилиш ва даволаш тактикасини ҳал қилиш.

Онкологик касалликлар ичида дастлабки босқич қуйидаги аъзоларда кўпроқ аниқланади: тери саратони ва меланомасида, сут бези, оғиз бўшлиғи, бачадон бўйни ва тўғри ичак, прос¬тата бези саратонида. Ўпка, жигар ва меъда саратонларида замонавий текшириш усулларини кенг миқёсда қўллаб эрта босқичда аниқлаш мумкин (ультратовуш усули, мультиспирал компьютер томографияси, видеогастрофиброскопия).

Аҳоли орасида скрининг текширувининг ўтказилиши хавфли ўсмаларни ҳали симптомлари пайдо бўлмасдан ёки дастлабки симптомлар намоён бўл¬ганда аниқлаш имкониятини яратади.

Ҳозирда кенг миқёсда қуйидаги касалликларда скрининг текшируви қўлланилмоқда:

1. Маммография ва ўсма маркерларини аниқлаш (СА-15-3) – сут бези саратонида (50 ёшдан ошган аёлларда бир йилда бир марта).

2. Нажасда қонни аниқлаш (гемокульт), сигмоскопия, колоноскопия тўғри ва йўғон ичак саратонида (бир йилда бир марта).

3. Пап-тест ва кольпоскопия бачадон бўйни саратонида (ҳар 6 ойда).

4. Ультратовуш текшириш усули ва ўсма маркерини аниқлаш (РСА) простата бези саратонида (ҳар 6 ойда).

5. Мультиспирал компьютер томография ўпка саратонида (1 йилда бир марта).

Ушбу текширишларни аҳо¬ли орасида хавф омилига эга бўлган инсонларда ўтказиш юқори даражада ўсма касалликларини барвақт аниқлаш имконини яратади. Бундан таш¬қари, хавфли ўсмаларнинг клиник симптомлари намоён бўлмаганда, морфологик жиҳатдан сурункали касалликлар ёки хавфсиз ўсманинг хавфли ўсмага ўтиш бос¬қичини морфологик ўзгаришлар даражасида аниқлаш келажакда беморни тўлиқ даволаш имконини беради. Бемор билан шифокор орасидаги суҳбатда касалликнинг ривожланиш бос¬қичига (анамнез), клиник симптомлари ривожланишига ва беморнинг умумий аҳволига эътибор қаратиш керак.

Юқорида айтиб ўтилганидек, ташқи аъзоларда жойлашган ўсмаларда (тери, сут бези, оғиз бўшлиғи, юмшоқ тўқима) ва визуал жиҳатдан кўриш имконияти бор аъзолардан (бачадон бўйни, қин, простата бези, тўғри ичак, бурун-ҳал¬қум) хавфли ўсмаларини аниқлашда дастлабки симп¬томлар қуйидагилардан иборатдир: пайпасланадиган ҳосила, чегаралари ноаниқ, атроф тўқимада инфильтратив ўзгариш борлиги билан ифодаланади. Ўсманинг ривожланиши унда яра ҳосил бўлиши, қонаши, ҳидли ажралмалар ҳосил бўлиши билан кечади. Ушбу жараённи ўз вақтида аниқлаш ва баҳолашда инс¬трументал ёки компьютер томография текширувини ўтказиш шарт эмас. Шуни таъкидлаш лозимки, аксарият ҳолларда бу ўзгаришларни беморнинг ўзи аниқлайди. Лекин беморнинг касалликдан чўчиб, ташхиси салбий чиқишидан қўрқиши, бир неча ой мобайнида врачга эмас, ¬аксинча табибга мурожаат қилиши ўсманинг ривожланиб кетишига, дастлабки босқичдан ке¬йинги босқичга ўтишини тезлаштиради (I босқичдан III-IV босқичгача). Шунинг учун ҳар бир инсон организмида юқоридаги симптомлар пайдо бўлиши билан дарҳол умумий амалиёт шифокори, кейин эса онколог кўриги ва маслаҳатига бориши керак. Агар бемор ўз вақтида шифокорга мурожаат қилса ва даволовчи-врач клиник симптомларни тўғри талқин қилса, юқорида кўрсатилган касалликларнинг 70 фоизига дастлабки (I-II босқичда) ривожланиш даврида тўғри ташхис қўйиш мумкин ва улар тўғри даволанса, 90 фоизига 5 йиллик кўрсаткичга эришиш мумкин.

Ички аъзоларда жойлашган хавфли ўсмаларда клиник симп¬томлар кўпинча ўтиб кетган бос¬қичда намоён бўлади. Беморда ўз-ўзидан озиб кетиш, оғриқ пайдо бўлиши, иштаҳа бўғилиши, кўнгил айнаши, қайт қилиш, ич кетиши ёки қотиши, ичакдан патологик ажралмаларнинг кетиши (қон, шилимшиқ, ҳидли ажралма, ичнинг қора келиши, ахлатда ёки сийдикда қон пайдо бўлиши, қайт қилганда қон бўлиши, йўталганда бал¬ғам билан қон кетиши, қорин ёки кўкрак қафасида суюқлик йиғилиши, оёқ ёки қўлнинг ўсма ривожланиши натижасида синиши) дарднинг ўтиб кетган босқичларида аниқланадиган симптомларидир. Аксарият ҳолатда ички аъзолар хавфли ўсмасида клиник симптомлар дастлабки босқичда яққол намоён бўлиши мумкин. Кўпчилик беморлар (80 фоизгача) онкология муассасаларига касалликнинг ўтиб кетган босқичларида худди шундай симптомлар билан мурожаат қилади. Касалликни эрта бос¬қичда аниқлаш учун хавф омиллари бор беморларга кўпроқ эътибор қаратиш керак, уларни диспансер ҳисобига олиб, тез-тез даволаш, морфологик текширувларини ўтказиб туриш керак (сурункали касалликларда, хавфсиз ўсмаларда, ирсиятга мойил бўлган яллиғланиш жараёни кўп хуруж берадиган аҳоли гуруҳларида). Аҳоли орасида хавф гуруҳи ичида клиник симп¬томлар ривожланишига ва намоён бўлишига эътибор қаратиш керак. Албатта, ушбу гуруҳга мансуб аҳоли орасида замонавий тиббий асбоб-анжомлар билан текширишни йўлга қўйиш керак (магнит-резонанс томограф, мультиспираль компьютер томография, доплер ультратовуш текшируви, эндоскопик текширувлар, радиоизотоп текшируви, позитрон-эмиссион томография).

Шуни айтиш мумкинки, хавфли ўсма касалликларини барвақт аниқлаш имконияти мавжуд. Биринчи нав¬батда, касалликнинг клиник симптомларини тўғри талқин қилиш, аҳоли орасида хавф гуруҳига мансуб бўлган инсонларни тўлиқ текшириш ва диспансер ҳисобига олиш, ўз вақтида ўсмаолди касалликларини аниқлаш, уларнинг назоратини олиб бориш ва даволаш, замонавий тиббий усулларни кенг миқёсда қўллаш (молекуляр-биологик, молекуляр-генетик, эндоскопик, ультратовуш, компьютер томография) мақсадга мувофиқдир. Бу асосий вазифа умумий амалиёт шифокорига юклатилади, сабаби, бемор биринчи маротаба умумий амалиёт шифокорига мурожаат қилади.

Шундай экан, ҳар бир шифокор саратон касалликларига жиддий ёндашган ҳолда тўғри ташхис белгилаш жараё¬нида хатоликка йўл қўймаслиги ва беморни ўз вақтида онколог-шифокорга мурожаат этишини таъминлаши муҳимдир.

М. ҒОФУР-ОХУНОВ, Тошкент шаҳар онкология диспансери бош шифокори, профессор.

№ 5, 05.02.2016 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.