Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
УАШ учун амалий ёрдам

ЭНУРЕЗ КАСАЛЛИГИ ДАВОСИЗ ЭМАС

Киши организмида ҳар бир аъзонинг ўз ўрни бор. Пешоб ажратиш тизими иштирокисиз саломатлик ҳақида гапириш мумкин эмас. Ушбу тизим иккита буйрак, иккита пешоб найи, қовуқ ва пешоб чиқариш каналидан иборат. Ҳар икки буйрак каналчасида ҳосил бўлган пешоб унинг жомига тушади. Жомлардаги босим кўтарилиб, маълум даражага етганда, мускуллар қисқаради, айни вақтда пешоб найларининг силлиқ мускуллари бўшашиб ва қисқариб, суюқликни қовуққа ўтказади. Ушбу найлар дақиқасига 1-5 марта қисқариб, пешоб оқимини тезлаштиради ва у аста-секин кўпайиб боради. Аммо маълум вақтгача қовуқ бўшлиғида босим ортмайди, чунки унинг деворидаги мускуллар таранглиги ўзгармайди.

Пешоб қандай тўпланади ва чиқарилади?

Қовуқдаги сийдик миқдори ёшга боғлиқ ҳолда 50-150 мл.га етиши билан деворлардаги механик рецепторлар қўзғалади, пешоб қилиш ҳисси яққол сезилади. Пешоб миқдори қовуқда 100-300 мл.га етганида, босим 12-15 см.гача кўтарилиб, марказга интилувчи импульслар сони кескин ошади ва қовуқ бўшатилади. Пешобнинг маълум вақтгача қовуқда сақланишини унинг сфинктери ва пешоб чиқариш канали – уретра сфинктери таъминлайди. Қовуқ сфинктери силлиқ мускул толаларидан иборат. Унинг инсон идрокига бўйсунмайдиган фаолиятини тос нерви таркибидаги парасимпатик толалар бошқаради. Пешобнинг қовуқдан чиқишида силлиқ мускуллар қисқариб, сфинктерлар бўшашади. Мускулларнинг ишлаш жараёнини пешоб маркази бошқариб туради. Бу марказ орқа миянинг 3-4-думғаза сегментларида жойлашган. Қовуққа пешоб тўпланиши ва деворларининг чўзилиши туфайли рецепторларда вужудга келган марказга интилувчи (афферент) импульслар орқа мия орқали марказий нерв тизимининг юқори қисмларига, бош мия пўстлоғигача етиб боради ва пешобни чиқариб ташлашга эҳ¬тиёж сезилади.

Аҳоли ўртасида, кўпроқ ёш болалар ҳаётида учрайдиган энурез касаллиги пешоб чиқариш билан боғлиқ бўлиб, у бир нечта касалликларга боғлиқ ҳолда учрайди. Боланинг уйқу орасида ихтиёрсиз пешоб қилиб қўйиши энурез касаллигининг клиник белгисидир. Сийдик ажратиш тизими норасоликлари қулоқ, томоқ, бурун тизими, гижжа, авитаминоз, ўта толиқиш, невроз касалликлари билан боғлиқ. Бола руҳиятидаги ҳар қандай салбий таъсир оқибатида ҳам энурез кузатилиши аниқланган.

Энурезга ташхис қўйиш ва даволашда бемор шикояти, пешоб таҳлили, буйрак ва пешоб йўллари ультратовуш текшируви, микцияли цистоуретраграмма, цистоскопия текширув усулларидан фойдаланилади. Мутахассис текшируви, албатта, бесамар кетмайди ва бунда қуйидаги замонавий технологиялардан фойдаланилади:

1. Микцияли цистоуретраграмма – бемор қовуғига махсус дори модда юборилиб, рент¬ген тасвири олинади.

2. Цистоскопия – пешоб чиқариш канали ва қовуқ ички деворини кўрадиган махсус ускуна.

Савол туғилади, пешоб ажратиш тизими норасоликларини келтириб чиқарувчи сабаблар нимада?

Пешоб чиқариш канали (уретра) клапани

Пешоб чиқариш канали (уретра)нинг қовуққа ўтиш соҳасида унинг шиллиқ қаватидан ўсган парда (тўсиқ) бўлиб, бола кучаниб ва қийналиброқ пешоб қилади. Бу пайтда қовуқ тўлиқ бўшамайди, ҳар маҳал қолдиқ пешоб йиғилиб унинг миқдори ошиб боравергач, ухлаган вақтида бола қовуғи пешобга тўлиб кетгани учун у томчилатиб ёки беихтиёр бор ҳолича пешоб ажратиб юборади. Худди шундай ҳолатни ифодаловчи воқеа тафсилотини сўзлаб берай.

"Мактабга боргим келмаяпти. Уй ишларида сизга ёрдам берақолай, дарсларимни дугонам Садоқат билан бирга таёрлайман, ойижон, майлими?" дея Дилшоданинг ёлворишлари, онасини ташвишга сола бошлади. Қизи кейинги пайтларда шунақа одат чиқарди, бунинг боиси нимада экан? Она қизидаги бу салбий ўзгаришни кўриб, унинг кўнглини оғритмаслик учун розилик билдирди. Аммо асл ҳақиқатни аниқлаш учун қизи таълим оладиган мактаб сари йўл олди.

– Ассалому алайкум, Шоҳида опа, ҳорманг. Болалар сизни чарчатиб қўймаяптими? – мактаб ҳовлисида у қизининг синф раҳбарини учратиб, самимий саломлашди. – Қизим Дилшоданинг ўқишлари, хулқи билан қизиқиб келдим.

Муаллима учун ҳам ўқувчисининг онаси келгани айни муддао бўлди. Аммо гапни нимадан бошласа экан? Тўғрисини айтавергани маъқул. Фан ўқитувчилари Дилшоданинг тез-тез ташқарига чиқиш учун рухсат сўрашидан шикоят қилишарди. Бу ҳолат такрорланавергач, айрим ўқитувчиларга малол келиши табиий. Энг яхши вариант – ўқувчи қизнинг юриш-туришида кузатилаётган нуқсондан ота-онасини огоҳ этиш.

– Баъзи муаллимлар қизингизга рухсат бермаса, қаршилигига қарамай, йиғлаб чиқиб кетар экан. Мен ҳам хавотирдаман. Балки, уни докторга кўрсатиш керакдир.

– Вой, опа, қизим соппа-соғ, нималар деяпсиз? – деди суҳбатдошининг сўзларидан хавотирга тушган онаизор.

Синф раҳбари билан мулоқотда онага шу нарса аён бўлдики, қизининг мактабга боришдан бош тортиши бесабаб эмас. Яхшиси, уни мутахассис-шифокор кўригига олиб боргани маъқул.

Тураржой поликлиникасида болалар жарроҳига учраган она қизидаги бу норасолик унинг пешоб қилиш каналида тўсиқ борлигини рентген тасвири орқали аниқлашда намоён бўлди. Шунинг учун унинг қовуғи тенгқурлариникига нисбатан каттароқ бўлиб, тез-тез пешоб қилишга эҳтиёж сезар экан.

Дарҳақиқат, айрим кичик ёш ва ўсмирлик давридаги фарзандларимизнинг пешоб чиқариш каналида тўсиқ – уретра клапани бўлиб, улар ҳар сафар пешоб қилганда қовуғи тўлиқ бўшамасдан, суюқлик тўпланиб бораверади. Бола пешоб қилгандан сўнг бироз вақт ўтиб, яна қистайди. Дилшода худди шундай эмоционал-ҳиссий ҳолатни бошидан ўтказгани учун ҳам мактабга боргиси келмаган.

2012 йилнинг 15 сентябрида бу қизалоқ операция қилинди. Вальватомия усулида ундаги уретра клапани бартараф этилди. Металл вальватом махсус ускуна бўлиб, пешоб чиқариш канали (уретра) орқали бир учи киритилади, иккинчи учи қовуқ олд деворидан териси 1 см. кесилиб ҳосил қилинган йўл орқали ўтказилади. Уретра клапани соҳасида иккала учлари туташтирилиб, клапан кесиб олинади. Операция бор-йўғи 10-15 дақиқа давом этади ва қовуққа уретра орқали пешоб чиқариш мосламаси – катетер қолдирилади. 8-10 кундан кейин пешоб чиқариш мосламаси (катетер) олинади…

Мана, орадан салкам уч йил ўтгач, қизалоқнинг таърифлаб бўлмас қувончига гувоҳ бўлиб келмоқдамиз. Унинг: "Мен ҳам сиздек шифокор бўламан", деган сўзлари қулоғим остида жаранглайди. Қандай яхши, сизга ва сизнинг касбингизга кимлардир ҳавас қилиб яшаса.

Қовуқ-пешоб найи рефлюкси

Инсон танасидаги ҳар бир аъзо ўз фаолиятини аъло даражада бажарсагина, у соғломдир. Буйраклар пешоб ҳосил қилиш учун хизмат қилади. Ҳосил бўлган пешобни перистальтик равишда қисқариб-бўшашиб, буйраклардан қо¬вуққа ўтказиш, қовуқнинг эса, пешобни тўплаб, ушлаб туриши ва ташқарига ажратишни буйраклар иштирокисиз тасаввур қилиш қийин. Меъёрида пешоб найининг қовуққа туташиш жойи антирефлюкс асосда тузилган. Шунинг учун буйракларда ҳосил бўлган пешоб сийдик найларидан қо¬вуққа ўтади. Агар шу антирефлюкс ҳолат бузилса, қовуқда тўпланаётган пешоб найлар ор¬қали буйракларга қайтиб чиқиб боради. Бу ҳолат қовуқ-пешоб найи рефлюкси, деб юритилишининг сабаби ҳам шунда.

Ёдгорбек дадасининг ёлғиз ўғли. У бувисининг қарамоғида ҳеч нарсага муҳтож бўлмай ўсар эди. 9 йилдирки, унинг соғлигидаги муаммо – об-ҳаво совуса, гоҳо уйқусининг орасида ўрин-чойшабини ҳўл қилиб қўяди. Шукрки, ёз фасли бехавотир. Шу сабабли уни шифокорга кўрсатишмасди. Тахминан май ойларида онаси 5 яшар Ёдгорбекни Карим табибга олиб борди. Табиб болани обдон текшириб, 20 кун давомида шифобахш гиёҳ дамламасини ичиб, қумга тушишини тавсия қилди. Муолажадан сўнг унинг уйқусида ихтиёрсиз равишда пешоб қилиши барҳам топди. Лекин бу норасоликнинг битта белгиси йўқолгани билан унинг асосий сабаби яширинлигича қолаверди. Шу сабабли боланинг буйраклари асоратли таъсирга учраб, қийналиб, пешоб қилишда давом этмоқда эди. Уни шифокорга олиб бордилар.

Ёдгорбек тўлиқ урологик текширувдан ўтказилди. Ана энди, асосий норасолик аниқланди. Унда икки томонлама қовуқ-пешоб найи рефлюкси бўлиб, каналга жойлашган сфинктерлар бир-бирига мос равишда ишлаши, яъни мутаносиблигининг бузилиши оқибатида бола ихтиёрсиз равишда пешоб чиқаришга одатланиб қолган. Табиб бу белги – энурезни даволаган, аммо касалликнинг асл илдизи яширинлигича қолаверган. Бора-бора қовуқ зўриқиб ишлаши туфайли, у кучсизланган, шунинг учун кучаниб пешоб қила бошлаган.

Шифокорлар уни эндоскопик усулда даволашга қарор қилишди. Махсус асбоб – цистоскоп, яъни қовуқнинг ички юзасини кўрадиган найчали ускуна ёрдамида уретра (пешоб чиқариш канали) орқали қовуққа киритилиб, тешикнинг пастки қисмига гельсимон дори моддаси юборилади. Натижада кенгайган қовуқ-пешоб найи тешиги меъёрига келтирилиб, пешобнинг буйракларга қайтиб чиқиш жараёни бартараф қилинади. Усулнинг афзаллиги бемор териси кесилмайди, операция бор-йўғи 20-25 дақиқа давом этади, беморга эртаси куни рухсат бериш мумкин. Бу усул билан 97-98 фоиз ҳолатда ижобий натижа олинади.

Қовуқ тоши

Қовуқ мускулли аъзо бўлиб, қов бирикмасининг орқасида жойлашган. Гўдакларда қовуқ тўлиғича қов бирикмасидан юқорида, чаноқ бўшлиғидан таш¬қарида бўлади. Ёш ўтиши билан қовуқ пастга туша боради ва тахминан 20 ёшларда батамом чаноқ бўшлиғига тушади. Катта ёшдаги одамларда қовуқ пешобга тўлгандагина чаноқ бўшлиғидан юқорига кўтарилиши мумкин. Қарияларда эса қовуқ симфиздан бутунлай пастда бўлади.

Қовуқнинг учи танаси ва туби, ундан ташқари пешоб каналига ўтувчи қисми – бўйни тафовут қилинади. Қовуқ тубида учбурчак шаклдаги силлиқ қисм бўлиб, у "қовуқ учбурчаги" деб юритилади.

Қовуқда тош бўлса, кечаси ихтиёрсиз пешоб қилиши кузатилади. Тош қовуқ деворидаги пешоб қилишга жавоб берувчи механорецепторларни қитиқлаб қўзғатади. Кундузи пешоб қи¬лиш ҳиссини жиловлай олмаган бола ки¬йимини ҳўллаб қўяди. Кечаси ухлаган пайтида тош рецепторларни қўзғатишда давом этади. Натижада бола ўз ихтиёрисиз пешоб қилади. Чунки уйқу маҳалида пешоб қилишни бошқарувчи – идора қилувчи марказ катталарникидек етук ривожланмаганлиги, патологик пешоб чақириғи устунлик қилганлиги учун бола беихтиёр пешоб қилиб юборади.

Аслида ҳомиладорликнинг 2- ҳафтасидан бошлабоқ болада қовуқ ишлай бошлайди. 36 ҳафтада у тўлиқ шаклланиб, фа¬олият юритади. Ҳомила атрофини суюқлик ўраб туради ва пешобни ана шу суюқликка амнион чиқаради. Агар пешоб ажратиш тизимида норасолик бўлса, амниотик суюқлик меъёридан кўп ёки кам бўлиши мумкин.

Бола биринчи марта йиғлаганда, нафас олганда, қовуқнинг илк марта бўшаши кузатилади. У туғилганидан 6 ойликкача мустақил пешоб қилишни идора этолмайди. Қовуқда пешоб маълум миқдорда тўпланиши билан у иштонини ҳўл қилиб қўяверади. Кунига тахминан 20-25 мартадан кам эмас. 6 ойдан сўнг болага қўшимча овқат берилиши, тиши чиқиши, ошқозон-ичак тизими фаол ишлаши билан у пешоб қилиш ҳиссини сеза бошлайди. Қовуқ тўлганлиги ҳақидаги импульс пешоб марказини қўзғатади, буни у безовталик ёки ҳар хил ҳаракатлар билан намоён қилади. Пешоб қилишни идрок этиш 2-3 ёшгача шаклланади. 3 ёшдан ошган болаларда энурез кузатиладиган бўлса, сабабини аниқлаш керак. Йўқса, салбий оқибатларга сабаб бўлиш ҳеч гап эмас!

Шифокор ҳузурига кириб келган она 12 ёшдаги ўғли кечаси ҳам, кундузи ҳам иштонига сийиб қўйишидан шикоят қилди. Очиқ мулоқотда шу нарса маълум бўлдики, онанинг бошқа фарзандларида ҳам укасидаги сингари энурез қайд қилинган, аммо кўпчилик ўтиб кетади, дегани учун ота-она муаммога эътиборсиз қараган. Домла уч фарзанднинг ультратовуш текшируви ва пешоб таҳлили натижаларини кўриб чиқди-да, ёшига мос зарурий дозада укол буюрди.

– Ҳар куни тунги соат 23.00да уларни уйғотинг. Қўлидан етаклаб борманг, ўзини ўзи идора қилиб, бўшаниб келсин, – деб маслаҳат берди шифокор.

Орадан маълум муддат ўтиб, она учала фарзандини профессор кўригига олиб келди. Таҳлил натижалари билан танишган шифокорнинг юзига табассум югурди.

– Нима ўзгариш бўлди?

– Иккала ўғлимнинг сийиб қўйиши йўқолди, яхши. Қизимда бу ҳолат ҳали давом этяпти. Бора-бора у ҳам соғайиб кетса керак…

– Унда қизингиз укол олаверсин, таъсири энди бошланибди.

Бу воқеа болаларда орқа миянинг қовуқ пешоб билан тўлганлиги ҳақидаги импульс (ахборот)нинг бош мияда пешоб қилишни бошқарувчи марказга ўтказувчи фаолияти бузилганидан далолат беради. Бу норасолик ҳар кимда турли хил белгилар билан намоён бўлади, яъни кечаси ёки кундузи ўз ихтиёрисиз пешоб қилишдан таш¬қари уйқуси ҳаддан ташқари қаттиқ бўлган бола жаҳлдор, айни пайтда ахлатини ҳам тута олмайди. Касалликни даволаш учун орқа миянинг импульс ўтказувчи нерв толаларини тўғри шакл¬лантириб, уйқу маҳалида пешоб қилиш ҳиссини йўқотишга эътибор қаратилади. Даво нафақат орқа мия нерв толалари, балки қовуқнинг ҳам ўз вақтида қисқаришига имкон яратади. Бу жараён қовуқ тўлган вақтда пешобни тутиб туришга жавоб берадиган нерв толаларини ҳам етуклаштиради.

Хулоса шундаки, энурез давосиз эмас. Юқорида таъкидлаганимиздек, унинг белгилари кузатилганда бефарқ бўл¬маслик, умумий амалиёт шифокори кўрсатмаси билан уролог, невропатолог, отоларинголог маслаҳатига кўра иш тутиш мақсадга мувофиқдир.

Муҳсинжон АЛИМОВ, Тошкент шаҳар 2-болалар жарроҳлик клиник шифохонаси шифокори.

№ 7, 20.02.2015 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.