Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
УАШ учун амалий ёрдам

ҚЎРҚУВГА АСОС ЙЎҚ ёхуд Ғсма касаллигига қарши янги дори воситаларидан хабардормисиз?

Инсон танаси бутун ҳаёти давомида турли ташқи ва ички омиллар таъсири остида умр кечирар экан, бу унинг организми меъёрий фаолиятига қайсидир даражада таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Бунинг оқибатида эса, кўпчилик ҳолларда киши турли дардлар билан оғриши мумкин. Организм касаллик билан курашади, баъзан дори-дармонлар кўмагида бемор бу дардлардан фориғ бўлади, баъзан эса касаллик зўрайиб кетиши мумкин. Инсониятни азалдан ўйлантириб келаётган хас¬таликлардан бири – хавфли ўсма касалликлари бўлиб, жаҳон тиббиёти жадал ривожланиб бораётган ҳозирги XXI асрда бу янада ўткир муаммолардан бирига айланди.

Саратон касаллиги инсон аъзолари ва тўқималарида мавжуд ҳужайралар мутацияси юз бериши, ҳужайраларнинг кўпайиб, организмда аста-секин ўсма жараёнини вужудга келтириши оқибатида ривожланувчи жараёндир. Бу касаллик барча аъзо ва тўқималарда, ҳар қандай ёшда кузатилиши мумкин. Хавф¬ли ўсма аста-секин ўсиб бориб, атрофдаги тўқима ва аъзоларга таъсир кўрсата бошлайди. Тўхтовсиз ўсиб бораётган бу ҳужайралар лимфа ва қон оқими бўйлаб бутун танага тарқалибгина қолмай, бошқа аъзоларда ҳам янги ўсма ўчоқларини пайдо қилади. Буни илмий тилда биз шифокорлар "метастазлар ҳосил бўлиши" деб атаймиз.

Саратон касаллиги тарқалиш даражасига кўра, тўрт босқичга бўлинади. Биринчи ва иккинчи босқичларда ўсма маҳаллий жойлашган бўлиб, қўшни аъзоларга ўтмаган ва метастаз бермаган бўлади. Учинчи босқичда жараён атроф тўқималарга қараб ўса бошлайди ва тўртинчи босқичга келиб, касалликнинг тўлиқ метастазланиши кузатилади.

Ҳар қандай касалликнинг олди олинса ёки қанчалик эрта босқичларда аниқланиб, даволанса, натижа қониқарли бўлишига шубҳа йўқ. Бу касалликни ҳар қанча эрта босқичларда даволашга киришилса, шунчалик натижа қувонарли бўлиши мумкин. Айниқса, биринчи ва ик¬кинчи босқичларда даволаниш жа¬раё¬ни бошланса, деярли барча ҳолатларда бу касалликдан тўла фориғ бўлиш эҳтимолдан ҳоли эмас. Касаллик қўшни аъзоларга ўсганида ва айниқса, метас¬тазланиш ҳолати кузатилса, даволаш узоқ ва мураккаб кечади. Бу ҳолатда касалликни енгиш учун бемор ва даволовчи шифокордан матонат ва меҳнат талаб қилинади.

Саратон касаллигини даволашда асосан уч хил усул қўлланилади. Биринчиси, жарроҳлик усули бўлиб, ўсма жараёнини соғ тўқималар чегарасида кесиб олиб ташлаш ва атроф лимфа тугунларини кесиб олишдан иборат. Касаллик қайси аъзода жойлашгани, ўсма ўлчамлари, аъзонинг ва атроф тўқималарнинг қанчалик зарарланганига қа¬раб, жар¬роҳлик амалиёти кўлами ҳам турлича бўлиши мумкин.

Иккинчи даволаш усули – нур терапия таъсирида ўсма ҳужайраларининг шикастланиши, ўсма ўлчамларининг кичрайиши ва унинг тўла йўқотилишига эришиш мумкин.

Учинчиси – деярли 75-80 фоиз беморда қўлланилаётган дори воситалари билан енгиллатиш усулидир. Онкология соҳасида дори воситалари билан даволаш – "кимёвий терапия" номи билан қабул қилинган. Охирги ўн йилликларда кашф қилинаётган замонавий биотерапия дори воситаларининг самарали нишонловчи (target) таъсирини ҳисобга оладиган бўлсак, дори-дармон билан даволашнинг кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.

Онкологик касалликларни даволаш тарихидаги учта асосий усул алоҳида қўлланиб келинган ва аста-секин такомиллашиб борган. Ўтган XX асрнинг иккинчи ярмига келиб, даволашнинг ҳар учала усули биргаликда қўлланила бошланди ва комбинирланган, комплекс даволаш усуллари такомиллашди.

Замонавий жаҳон онкологияси ама¬лиё¬тида II-III босқич хавфли ўсма касалликларини даволашда кимёвий терапия ва баъзан нур терапия ёрдамида ўсма ўлчамлари маълум даражада кичиклашишига, айрим ҳолатларда тўлиқ сўрилишига эришилади ва жарроҳлик йўли билан олиб ташланмоқда. Олинган ўсма гис¬тологик ва иммуногистокимёвий жиҳатдан текширилиб, даволаш самарадорлиги баҳоланади ҳамда касаллик босқичига қараб, амалиётдан кейинги кимё ва нур терапияси ўтказилади. Метастазланган тўртинчи босқич саратон касаллигида эса, кимёвий терапия асосий даволаш усули хисобланади.

Онкологик касалликларни даволашнинг устувор йўналиши бўлиб, кимёвий терапия ҳисобланар экан, у ҳақда батафсил тўхталиб ўтиб, бундан ҳамкасбларимизни хабардор қилишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисобладик.

Инсон танаси миллионлаб ҳужайралардан иборат бўлиб, одатий соғлом ҳужайралар қайси тўқима ва аъзода жойлашганлигига қараб маълум даврий бўлиниш ва кўпайиш циклига эгадир. Соддароқ қилиб айтганда, ҳар бир аъзонинг ҳужайралари маълум бир вақт оралиғида кўпаяди, ўсади ва парчаланади. Бу ҳолат "апоптоз" деб номланади. Ўсма ҳужайраларида эса, ана шу апоптоз ҳолатининг бузилиши кузатилади. Кимёвий терапия дори воситалари асосан, ҳужайраларни митоз, яъни бўлиниш циклининг маълум бир даврларига таъсир қилади, ҳужайраларнинг бўлиниш, кўпайиш ва ўсишини тўхтатиб, ҳалок қилади. Ўсма қайси аъзо ва тўқимадан келиб чиққанлигига қараб, турли таъсир механизми ва доирасига эга бўлган кимёвий дори воситалари қўлланилади. Ҳозирги вақтда асосан, бир неча дори воситаларини биргаликда қўл¬лаш, яъни поликимёвий терапия усуллари амалиётга татбиқ қилинган.

Кимёвий воситаларни мушак орасига, томир ҳамда бўшлиқ ичига, масалан қорин ва плевра бўшлиқларига юбориш технологиялари мавжуд. Сўнгги йилларда таблетка ҳолидаги кимётерапия воситаларининг янгидан-янги турлари кашф қилинмоқда. Бундан ташқари, дори воситаларини бевосита ўсмани қон билан таъминловчи томирга ёки лимфа томирига регионар юбориш, бевосита ўсма ичига оқизишнинг турли усуллари ва айниқса "target" терапияси ижобий самара бермоқда. Кимё терапия воситалари ўсма ҳужайраларига таъсир қилиши билан бирга, соғлом тўқима ва аъзолар ҳужайраларига, уларнинг фаолиятига хам турли даражада салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабдан ҳам кимёвий терапиянинг ножўя таъсирлари ёки заҳарлилик даражаси намоён бўлади. Ана шу таъсирларнинг олдини олиш, уларнинг намоён бўлишини камайтириш ва бартараф қилиш мақсадида кимёвий терапия кўмаклашувчи даво фонида олиб борилади. "Кўмаклашувчи даво" деганда, қон элементлари ишлаб чиқилиши, жигар, меъда-ичак тизими, буйрак, юрак қон-томир тизими фаолиятини яхшиловчи, иммунитетни тикловчи, инфузион, детоксикацион (заҳарланишни бартараф қилувчи) даво усуллари назарда тутилади. Албатта, қўлланиладиган кимёвий дори воситаларининг қайси аъзо ва тизимга ножўя таъсир қилиши, бу жараённинг қай даражада намоён бўлишига қараб кўмаклашувчи даво тури ва кўлами танланади.

Ўтган асрнинг иккинчи ярмида кимёвий терапия қўлланила бошлаган даврларда, уларнинг ножўя таъсирлари етарлича ҳисобга олинмаган, уларни бартараф қилиш йўллари тўла ишлаб чиқилмагани боис, ножўя таъсирлари кузатилган. Шу боис, бемор онгида ҳам кимёвий терапияга нисбатан салбий қарашлар муҳрланиб қолган.

Янги дори воситаларига асосан уч хил талаб қўйилади, яъни унинг ўсмага қарши таъсири аввалгиларидан кучлироқ, ножўя таъсири эса камроқ бўлсин. Қўллаш талаби янада муҳим. Янги кимё¬вий дори воситалари самарали бўлибгина қолмай, ножўя таъсирлари ҳам кам. Ҳаттоки умумий аҳволи анчагина оғир бўлган ва аввал миокард инфарк¬ти, артериал гипертония касалликларини бошидан ўтказган, қандли диабет ва бош¬қа оғир хасталиклар ҳамроҳ бўлган беморларда ҳам бу дори воситалари қўлланилганда, асорат кузатилмаётгани қувонарли ҳолдир.

Ўсмага қарши терапия дори воситаларининг кашф қилиниши билан бир қаторда, тиббиётнинг бошқа соҳалари ҳам жадал ривожланиб бормоқда. Жигар, юрак қон-томир, меъда-ичак тизимлари, буйрак, иммун тизими ва бошқа аъзолар фао¬лиятини яхшиловчи самарали дори воситалари амалий тиббиётнинг тегишли йўналишларига кенг кириб келмоқда. Янги препарат ва медикаментоз хиллари 80-90-йиллардаги воситаларга нисбатан бир неча ўн маротаба самаралироқдир. Ҳозирда жаҳон онкология тизимида кам токсик характердаги кимёвий терапияга самарали кўмаклашувчи даво воситалари билан биргаликда замонавий реанимацион, жадал (интенсив) терапия ва юқори технологик ускуналар ёрдамида турли аъзо ва тизимлар мониторинги остида қўлланилишини ҳисобга олсак, кимёвий терапиядан қўрқишга ҳеч қандай асос қолмайди.

Саратон касаллигидан фориғ бўлишнинг яна бир жиҳати, беморнинг ихтисослашган онкологик муассасада, малакали онколог томонидан текширилишидир. Ихтисослашмаган муассасада, онколог малакасига эга бўлмаган шифокорда даволаниш – нафақат турли асоратларга олиб келади, балки касалликнинг ривожланиб, даволаб бўлмайдиган, кечки босқичларга ўтиб кетиши учун шарт-шароит яратади.

Республикамизда жуда пухта шаклланган онкологик тизим мавжуд. Барча туман кўп тармоқли марказий полик¬линикаларида шифокор-онколог фа¬о¬лият юритади. Онкологик касалликда шубҳа қилинган ҳар бир инсон тегишли диспансерга чуқурлаштирилган кўрикка юборилади. Республика онкология илмий маркази бошчилигида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ихтисослашган онкологик диспансерлар фаолият юритмоқда. Шунингдек, марказ мамлакатимиз онкология тизимининг бош муассасаси ҳисобланиб, барча диспансерлар фаолиятини мувофиқлаштириб туриш, амалий ва назарий кўмак бериш, юртимизда профилактик ва скрининг текширувлари ўтказиш, беморга ташхис қўйиш, уларга малакали ихтисослашган ёрдам кўрсатиш, онкология соҳасида илмий изланиш олиб бориш вазифаларини ҳам бажаради.

РОИМда барча онкологик касалликларни даволашга ихтисослашган бў¬лимлар мавжуд. Барча бўлимларда профессор ҳамда етакчи ихтисослашган онколог-шифокор фаолият юритмоқда. Дунёнинг етакчи онкологик муассасаларида бажариладиган барча даво усуллари марказимизда ҳам бажарилмоқда. Ҳукуматимиз томонидан тиб¬биёт соҳасига кўрсатилаётган жуда катта эътибор натижасида, республикамизнинг аксарият онкодиспансерлари янгидан қурилиб, ишга туширилди. Барча диспансерлар ва онкология илмий марказлари капитал таъмирланди. Ҳозирда ушбу даволаш муассасаларининг барчасини энг замонавий ташхислаш, даволаш ускуналари ва дори-дар¬монлар билан таъминлаш жараёнига жадал киришилган.

Марказ шифокорлари чет давлатлар етакчи клиникаларида малака ошириб келишмоқда. Германия, Корея Республикаси, Франция, Япония, Чехия, Ҳиндистон каби давлатлар онкологик муассасалари билан яқиндан алоқа ўрнатганмиз. Шу сабабдан ҳам Республика онкология илмий марказида юртимиз аҳолисига малакали юқори сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишидан ташқари, қўшни ва МДҲ давлатларидан ҳам жуда кўплаб беморлар марказимизга даволаниш учун келишмоқда.

Саратон касаллигидан чўчишга, кимё¬терапия муолажаларини олишдан хавфсирашга ҳеч қандай асос йўқ. Ўз вақтида ихтисослашган онкологик муассасага, малакали шифокор-онкологга мурожаат қилинса бас. Юртимиз шифокор-онкологлари эса энг замонавий даво усуллари, шу жумладан самарали кимёвий, "target" терапия дори воситалари ва бошқа мукаммал даволаш усуллари билан бемор дардига мал¬ҳам бўладилар.

Дониёр ПЎЛАТОВ, Республика онкология илмий маркази кимётерапия бўлими илмий раҳбари, тиббиёт фанлари доктори.

№ 1, 09.01.2015 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.