Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
УАШ учун амалий ёрдам

ТЎҒРИ ТАШХИС: ДАВОЛАШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Аҳоли орасида турли касалликлар мавжуд бўлиб, унинг олдини олиш кўпроқ ўзимизга боғлиқлигини унутмаслигимиз керак. Бунинг учун, авваламбор, соғлом турмуш тарзига амал қилишимиз бугуннинг асосий талабига айланаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Шундай бўлсада, айрим касалликлар бехосдан бошланиб қолиши ва унинг асоратлари кўнгилсиз ҳолатларга олиб келиши табиий. Бунинг учун тиббиёт ходими ҳар қандай касалликни кўздан кечириб, унга тўғри ташхис қўя олиши хасталикнинг олдини олиш ва сифатли даволашда муҳим аҳамият касб этади. Газетамизнинг бу сонидаги мақолалар умумий амалиёт шифокорларига қўлланма ва тавсия сифатида тақдим этилмоқда.

Ялтироқ

темиратки

Этиологияси ва патогенези тўлиқ аниқланган эмас. Кўпчилик олимлар фикрича, касаллик эндо- ва экзоген қитиқловчи омилларга нисбатан тери тўқимасининг лихеноидли ре¬ак¬ция¬си ҳисобига пайдо бўлади.

Клиникаси. Дерматоз кўпинча болалар орасида учрайди. Касалликнинг бирламчи элементи бўлиб диаметри 1-2 мм. келадиган ясси, думалоқ тугунча ҳисобланади. Тугунчанинг усти кепакланмайди, ялтироқ, чегараси аниқ, ранги оч пушти ёки соғлом тери рангида бўлади. Тошмалар аксарият тирсак ва тизза бўғимлари атрофида, олат терисида жойлашади. Баъзан тошмалар тананинг катта қисмига тарқалади, аҳён-аҳёнда шиллиқ қаватларда ҳам учраши мумкин. Беморлар субъектив белгилардан шикоят қилмайдилар. Касаллик даволанмаса узоқ кечади.

Диагнози. Касалликни сил касаллигининг лихеноидли шаклидан, қипиқли темираткидан, фолликуляр темираткидан, қизил ясси темираткидан фарқлаш керак.

Давоси. УАШ касалликни диагностика қилади, зарурат бўлса шошилинч тиббий ёрдам чақиради. Беморни дерматовенеролог даволайди. Узоқ муддатга А витамини (100-200 ҲБдан кунига 2-3 марта) ва бош¬қа витаминлар (С, Д, В гуруҳи) тавсия этилади. УБ нурини қўллаш даволаш самарасини оширади. Маҳаллий даво сифатида 1-2 фоизли салицил малҳами, кортикостероид ва 0,05 фоизли ретиоид кислота сақловчи крем ва малҳамлар буюрилади. УАШ бемордаги йўлдош касалликлар ва этиологик омилларни бартараф этади.

Фолликуляр

темиратки

Этиологияси ва патогенези тўлиқ аниқланган эмас. Касаллик А витамини етишмаслиги туфайли келиб чиқади ёки унинг клиник манзараси инфекцион ва ноинфекцион касалликларда ҳам намоён бўлади, деган маълумотлар бор.

Клиникаси. Касаллик асосан болалар (ўғил болаларда қизларга нисбатан кўпроқ кузатилади) орасида учрайди. Бирламчи морфологик элемент бўлиб бир оз қизарган терида пайдо бўладиган фолликуляр тугунча ҳисобланади. Тошмалар асосан, бўйиннинг орқа қисми, қорин, қўлнинг бармоқ соҳаси, думбада жойлашади. Бир талай тугунчалар бир-бири билан қўшилмайди, лекин зич жойлашганда пилакчаларни ҳосил қилади. Патологик ўчоқ қўл билан силанса, у қирғичнинг устини эслатади. Папулалар устида ипсимон тиканчалар кўриниши дерматозга хос иккинчи белги ҳисобланади. Баъзи беморлар кучсиз қичишишдан шикоят қиладилар. Касаллик даволанмаса, узоқ кечади.

Диагнози. УАШ касалликни диагностика қилади, зарур бўлса шошилинч тиббий ёрдам кўрсатади. Беморни дерматовенеролог даволайди. Узоқ муддат А витамини (100-200 ҲБдан кунига 2-3 марта) ва бош¬қа витаминлар (С, Д, В гуруҳи) тавсия этилади. Маҳаллий даво сифатида 1-2 фоизли салицил малҳами, кортикостероид ва 0,05 фоизли ретиоид кислота сақловчи крем ва малҳамлар бую¬рилади. УАШ бемордаги йўл¬дош касалликлар ва этиологик омилларни бартараф этади.

Тангачали

темиратки

(псориаз)

Псориаз – анчагина кенг тар¬қалган тери касалликларидан бири. У мультифакториал табиатга эга бўлиб, эпидермисда ҳужайралар (кератиноцитлар)нинг гиперпролиферацияси, кератинизацияси бузилиши, дермада эса яллиғланиш реакцияси ва турли аъзо ҳамда системаларда патологик жараёнлар пайдо бўлиши билан кечади.

Этиологияси ва патогенези. Псориазнинг келиб чиқишида турли назариялар (вирусли ёки инфекцион, невроген, ирсий, токсик, иммунологик) мавжуд. Кўпчилик олимлар фикрича, псориаз бу мультифакториал касаллик ҳисобланади. Ке¬йинги йиллардаги изланишлар шуни кўрсатадики, псориазнинг келиб чиқишида турли иммунологик ўзгаришлар, жумладан ўсмалар некроз фактори (TNF-) ва интерлейкин 17нинг аҳа¬мияти катта.

Клиникаси. Псориазнинг клиник манзараси кўпчилик ҳолларда аниқ ифодаланган бўлади: думалоқ, пушти ранг доғлар пайдо бўлиб, уларнинг усти кумуш ранг тангачалар билан қопланади. Тошмалар ҳаж¬ми аста-секин катталашиб, инфильтрация кучаяди, улар устидаги тангачалар эса кўпаяди. Тошмаларнинг бундай ўзгариши натижасида тугунчалар ва пилакчалар ҳосил бўлади. Псориаз диагнос¬тикасида ўзига хос учта симптом (псориатик триада) ва Кёбнер феномени ёки изоморф реакция характерлидир. Псориатик триада папулани тирнаш йўли билан юзага келади, у учта феномендан иборат: 1) оқ-кумуш тангачали кепакланиш; 2) тангачалар олиб ташланганидан сўнг ялтираган нам юза ҳосил бўлиши (терминал ёки псориатик парда феномени); 3) тирнаш давом эттирилса, қонли нуқталар юзага келиши (Auspitz ёки қонли шудринг феномени) кузатилади. Бу феноменлар патогис¬тологик ўзгаришлар (паракератоз, акантоз, папилломатоз) натижасида келиб чиқади. Псориаз билан оғриган бемор терисида механик, кимёвий (тирнаш, пичоқ ёки ўткир буюмлар билан терини кесиб олиш, нурланиш, ишқаланиш, куйиш) омиллар туфайли тошмалар тошиши – изоморф реакция ёки Кёбнер феномени деб аталади.

Псориазнинг клиник келиб чиқишида 3 давр тафовут қилинади: зўрайиб борадиган (прог¬рессив), стационар ва регресс даврлар. Касалликнинг зўрайиб борадиган даврида янги тугунчалар пайдо бўлиб, баданнинг қичишиб туриши, эски элемент¬ларнинг кенгайиши ва папулалар атрофида қизил гардиш, яъни яллиғланиш гултожиси, Кёбнер феномени ва псориатик триада пайдо бўлиши билан белгиланади. Стационар даврида янги тошмалар тошиши, яллиғланиш гултожиси периферия¬га қараб ўсиши тўхтайди. Регресс даврида тошмалар яссиланиб, ранги ўчади. Тангачалар ҳосил бўлиши камаяди ёки тўхтайди, папулалар атрофида депигментли гултожи пайдо бўлади. Папулалар марказидан ёки периферик қисмидан сўрила бошлайди. Элементлар сўрилганидан сўнг кўпинча депигментли, баъзан гиперпигментли доғлар қолади. Псориазда тирноқлар зарарланиши ҳам бот-бот учрайди. Бунда улар юзасида узунасига кетган чизиқлар, чуқурчалар ("ангишвана" симптоми) пайдо бўлади, тирноқ ранги хиралашади. Баъзан псориаз билан оғриган беморларда барча тирноқларнинг уваланиши ёки тирноқ ости гиперкератози кузатилади.

Псориатик тошмалар себорея¬ли тери сатҳида – юз, бошнинг сочли қисми, кўкрак ва тери бурмаларида жойлашган бўлса, у себореяли псориаз деб юритилади ва у клиник жиҳатдан себореяли экземани эслатади. Тошмалар чегараси соғлом теридан аниқ ажралиб туради, улар қуруқ ва оқ-кумушсимон тангачалар билан эмас, балки сар¬ғиш тангачалар билан қопланган бўлади.

Псориаз турли омиллар (иқ¬лимий, невротик, эндокрин бузилишлар ва бошқалар) таъсирида кучайиши мумкин. Псориазнинг метеорологик ва иқлимга нисбатан ёзги (рецидив – ёзда учрайди), қишки (рецидив – қишда учрайди) ва аралаш хиллари бор. Псориазнинг қишки тури кўпроқ учрайди. Псориазда бўғимлар ҳам ши-каст¬ланиши (артропатик псориаз) мумкин. Псориазнинг оғир шакллари (псориаз эритродермияси, пустулёзли псориаз) бот-бот учраб туради.

Псориаз эритродермиясида тери равшан қизил рангда, шишган, инфильтрацияга учраган бўлади. Яллиғланган тери устида майда ва йирик пластинкали тангачаларни, соч тўкилишини учратиш мумкин. Лимфатик тугунлар катталашади, тирноқлар деструкцияга учрайди. Беморлар қичишиш ва тери тортилишидан шикоят қиладилар.

Артропатик псориаз кам учраши ва оғир кечиши билан ифодаланади. Бунда асосан, йирик ҳамда майда бўғимлар зарарланади, патологик жараён кўпроқ панжа ва товоннинг майда бўғимларида, тиззада, умурт-қаларда учрайди. Беморларни бўғимлардаги кучли оғриқ безовта қилади, оғриқ, айниқса, ҳаракат қилганда кучаяди.

Пустулёзли псориазнинг тарқалган шакли терида йирингли элементлар пайдо бўлиши билан характерланади. Беморнинг умумий аҳволи оғирлашади, ҳарорат кўтарилади, ҳолдан тойиш, лейкоцитоз кузатилади. Терида кўпгина эритематоз ўчоқлар пайдо бўлиб, улар тез орада бутун баданга тарқалади, турли ранг ва шаклга эга бўлади. Шу орада аста-секин майда пустулёз элементлар пайдо бўла бошлайди, кейинчалик йирингчалар қотиб сариқ, жигарранг пўстлоқларга айланади.

Давоси. Давони дерматовенеролог олиб боради. Касалликнинг зўрайиш даврида десенсиблизацияловчи, антигистамин ҳамда нерв системасини тинчлантирувчи (транквилизаторлар) препаратлар, витаминлар (А, С, В1, В12) тавсия этилади. Касаллик оғирроқ кечса ёки юқоридаги дорилар кор қилмаса, цитостатиклар (метотрексат) буюрилади. Псориазнинг эритродемик, артропатик, пустулёз кўринишларини даволашда ретиноидлар, глюкокортикостероид гормонлар ҳамда яллиғланишга қарши ностероид дорилар (вольтарен, индометацин)ни қўллаш мумкин.

Физиотерапевтик усуллардан ПУВА-терапия, УБ нурлар тавсия этилади. Маҳаллий даво сифатида стероидли (масалан, мезонит, дипросалик, целестодерм, элоком, дайвобет ва бош¬қалар) ва сўрилтирувчи мал¬ҳамлар (10-20 фоизли нафталан, 5-10 фоизли ихтиол ва б.) буюрилади. Касалликнинг ремиссия даврида беморларга санаторий ва курортларда дам олиш тавсия этилади.

Умумий амалиёт шифокори касалликни ташхислайди ва беморни ихтисослашган муассасага юборади. Псориазнинг ремиссия даврида йўлдош касалликларни бартараф этишда фаол қатнашади. У псориазни келтириб чиқарувчи омиллар (моддалар алмашинувининг бузилиши, руҳий изтироб, инфекция ўчоқлари, эндокринопатия, меъда-ичак касалликлари ва бош¬қалар)ни бартараф этиши зарур. Беморлар эса парҳезга риоя қилишлари лозим.

Касаллик зўрайган даврида терига кучли таъсир этувчи малҳамлар (5 фоизли салицил малҳами, псориазин, хризаборин ва бошқалар)ни суртиш ярамайди.

Қизил ясси

темиратки

Этиологияси ва патогенези тўлиқ аниқланган эмас. Касаллик келиб чиқишида турли назариялар (вирусли ёки инфекцион, невроген, ирсий, токсик, иммунологик) мавжуд.

Клиникаси. Касалликнинг асосий клиник-морфологик элементи дермо-эпидермал папулалар (диаметри 1-3 мм.) бўлиб, унинг қуйидаги ўзига хос хусусиятлари бор: 1) полигонал, ясси шаклли; 2) папулалар юзасида (асосан марказда) киндиксимон ботиқ бўлиши; 3) периферияга қараб ўсиши; 4) тошмалар устига ўсимлик мойи суртилса, тўрсимон шакллар вужудга келиши – Уикхем белгиси (эпидермис донадор қаватининг нотекис кенгайиши); 5) ўтувчан ёруғликда папулалар юзасининг пушти-бинафша ранг¬да ялтираб туриши. Касалликнинг вулгар шаклида тошмалар аксарият қўл ва оёқнинг букилувчи соҳаларида (тирсак олди, билак, оёқда) юзага келиб, сўнг бутун баданга тарқалиши мумкин. Тошмалар баъзан оғиз бўшлиғи ва жинсий аъзоларнинг шиллиқ қавати, кўпроқ лунжларда оқимтир тасмалар шаклида учраб, бир-бири билан қўшилиб, пилакчалар ҳосил қилади. Бу сурункали давом этиши мумкин. Касаллик авж олган даврида, янги тошмалар тошади ва улар катталашиб боради. Кейин касаллик стационар даврга ўтади, бунда папулалар аста-секин сўрилиб, ўрнида тўқ жигарранг доғ қолади. Терининг таъсирланган жойида ёйлар кўринишида жойлашадиган папулалар пайдо бўлади. Касаллик қаттиқ қичишиш билан кечади. Қайталаниш анча кам учрайди. Қизил ясси темираткига Кёбнер изоморф реакцияси ҳам хос. Баъзан тирноқлар ҳам ўзгариб, ранги хиралашади, устида узунасига кетган чизиқлар пайдо бўлади.

Давоси. Умумий амалиёт шифокори касалликни ташхислайди ва беморни ихтисослашган муассасага юборади. Давони дерматовенеролог олиб боради. Касаллик ўткир кечганида антибиотиклар, кальций тузлари эритмаси, натрий гипосульфат инъекция ҳолида тавсия этилади. Тинч¬лантириш мақсадида бром препаратлари, транквилизаторлар буюрилади. Витаминлар (РР, В1, В6, В12), антигис¬тамин дориларни қўл¬лаш даволаш самарасини оширади. Касаллик клиник жиҳатдан оғирроқ кечганида систем стероид гормонлар тавсия этилади. Беморни гипноз ва электр таъсир эттириш йўли билан ухлатиб даволаш, бўйиндаги симпатик тугунларни диатермия, паравертебрал блокада қи¬лиш, бел соҳасида индуктотремия ўтказиш ҳам яхши натижа беради. Баъзан ПУВА-терапия тавсия этилади.

Маҳаллий даво глюкокортикоидли малҳамларни (мезонит, целестодерм, дермовейт) қўллашдан иборат. Масалан, мезонит малҳами кунига 1 маҳал патологик ўчоқларга суртилади. Касаллик кўпинча кучли қичишиш билан кечганлиги туфайли у иккиламчи инфекция билан асоратланади. Бундай ҳолларда санакут кремининг нафи катта. У клобетазол пропионат, кетоконазол ва неомициндан ташкил топган бўлиб, кунига 2 маҳал патологик ўчоқларга суртилади.

Касалликнинг гипертрофик турида тошмаларни диатермокуагуляция қилиш, СО2, суюқ азот билан куйдириш, улар атрофидан гидрокортизон эмульсияси ёки стероид гормон эритмалари билан инъекция қилиш тавсия этилади. Касалликнинг ремиссия даврида беморга санаторий ва курортларда даволаниш ҳамда парҳезга риоя қилиш буюрилади.

УАШ касалликнинг ремиссия даврида йўлдош касалликлар (моддалар алмашинувининг бузилиши, руҳий изтироб, эндокринопатия, меъда-ичак касалликлари ва бошқалар) бартараф этиш, инфекцион ўчоқларни санация қилиш бўйича чора-тадбирлар ўтказади.

П. МЕНЛИҚУЛОВ, С. АРИФОВ, профессорлар, А. АБДУРАШИДОВ, тиббиёт фанлари номзоди. "Умумий амалиёт шифокорлари учун дермато-венерологиядан қўлланма" китобидан олинди.

№ 39, 03.10.2014 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.