ЭЪТИБОР ВА ҒАМХЎРЛИКДАН АҲОЛИ МАМНУН
"Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" шиори остидаги тиббий-ижтимоий акция Қашқадарё вилоятида ҳам юқори савияда бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги Қарори ва "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури ижроси доирасида ташкил этилган акцияда аҳолининг барча қатлами, айниқса, кам таъминланган оилалар, оналар ва болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Навоий вилояти
Навоий вилоятининг Нурота тумани Алишер Навоий номидаги қишлоқ врачлик пункти ҳудуддаги 3 мингдан ортиқ аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган масканда ташхис ва муолажа учун барча шароит мавжуд. Кундузги стационар даволаш йўлга қўйилган бўлиб, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар кўриги алоҳида эътиборга олинган. Болалар саломатлиги ҳам шифокорларнинг доимий назоратида. Туман миқёсида ўтказилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўрикларнинг мунтазам тарзда давом этаётганлиги аҳоли орасида касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлашда алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда. Айниқса, "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" шиори остидаги тиббий-ижтимоий акция доирасидаги мазкур тадбирдан аҳоли мамнун бўлмоқда.
ЎзА.
|