Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Соғлом она ва бола йили

СОҒЛОМ АВЛОД ТАҚДИРИГА МАСЪУЛЛИК

Жорий йилнинг 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида "Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасининг ютуқлари, муаммолари ва истиқболлари: ҳудудлар тажрибаси" мавзусида республика анжумани ташкил этилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ва унинг ўринбосари, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари, уларнинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича муовинлари, вилоятлардаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари бош шифокорлари, вилоят бош педиатрлари ва перинатал марказлари бош шифокорлари, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиаллари бош шифокорлари, республика вилоятлари бош акушер-гинекологлари, республика ихтисослаштирилган марказлар директорлари, тиббиёт олий ўқув юртлари, Тошкент врачлар малакасини ошириш ва илмий-текшириш институтлари профессор-ўқитувчилари иштирок этдилар.

Анжуманни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икрамов кириш сўзи билан очиб, мамлакатимиз тиббиёт тизимида амалга оширилаётган фаолиятлар хусусида атрофлича тўхталди. Айниқса, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлиги ва бу борада соҳада эришилаётган ютуқларни эътироф этиб, истиқболдаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Дилором Аҳмедова юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилишда Давлат дастури бўйича олиб борилган ижобий ишларни таъкидлаб, ушбу йўналишда давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик боис, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати тубдан яхшиланганлигини айтиб ўтди.

Анжуманда тиббиёт фанлари доктори, профессор Анвар Алимов мамлакатимизда -Биринчи Президентимиз -Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини босқичма-босқич ислоҳ этиш натижасида оналик ва болаликни муҳофазалашнинг ноёб тизими шаклланганлигига урғу қаратиб, унинг асосида "Соғлом она – соғлом бола" тамойили ўз ифодасини топганлиги ва айни пайтда ушбу концепция кенг омма ҳамда хорижий экспертлар томонидан эътироф этилаётганлигини тилга олди. Бунинг баробарида соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш босқичлари, ўтказилаётган ислоҳотлар натижалари, давлатимиз томонидан соҳага оид чиқарилаётган қонун, фармон ва қарорлар замирида ҳам инсон саломатлиги ва унинг манфаатлари мужассамлиги бу – жамиятимиз тараққиётининг юксалиб бораётганлиги тўғрисида ўз фикрларини баён этди. Шунингдек, "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурининг амалга оширилишида 11 та бўлимдан иборат устувор вазифа ва йўналишлар белгилаб берилганлиги ва йил давомида уларнинг ижроси таъминланаётганлиги ҳамда мазкур дастур бўйича 7483,3 миллиард сўм ва 194,0 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилганлигини таъкидлади. Бундан ташқари, республикада оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш Давлат дастурини амалга ошириш доирасида 2011-2015 йилларда ҳуқуқий-меъёрий база ҳам такомиллаштирилиб, 300 дан ортиқ тиббиёт муассасаларида қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилди. Шу билан бирга, вилоят ва республика болалар тиббиёт марказлари 17,4 миллион евро миқдоридаги замонавий даволаш ва диагностика асбоб-ускуналари билан жиҳозланди. Болалар ва туғруққа кўмаклашувчи тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган мутахассислар малакаси оширилди, аҳолига, айниқса, оналар ва болаларга ихтисослаштирилган ва юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий усуллари жорий этилиб, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари, патронаж ҳамширалар фаолияти янада яхшиланди. Натижада аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини сезиларли даражада оширишга эришилди, дея фикрини давом эттирди.

Хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатишнинг ҳуқуқий-меъёрий базасини янада шакллантириш мақсадида "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури доирасида 2016 йил 17 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг "Мурувват" ва бошқа тиббий-ижтимоий муассасалардаги ногирон болалар учун уй-интернатлари фаолиятини такомиллаштириш ҳақида"ги 347-сонли қарори қабул қилинди. Бу, албатта, ушбу муассасаларда тарбияланаётган болалар ҳамда у ердаги ходимлар меҳнатига бўлган эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Шу билан бирга, оналик ва болаликни янада муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 ноябрдаги 2650-сонли "Ўзбекистонда 2016-2020 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янда такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақида"ги Қарори қабул қилинганлигини алоҳида таъкидлади. Ушбу Қарор ижросига қаратилган қуйидаги, яъни аёллар ва болаларни патронаж хизмати билан қамраб олиш, туғруқ муассасаларини тўлиқ жиҳозлаш, ўсмир қизларга кўрсатилаётган гинекологик хизматларни яхшилаш, болаларда бошқариладиган юқумли касалликларнинг олдини олиш каби қатор муҳим масалалар тизим олдида турган асосий вазифалардан бири эканлигига эътибор қаратди.

Шунингдек, мамлакатимиз ҳудудларида болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, унинг ҳолати, ўз ечимини кутаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари ўзларининг таҳлилий фикрларини билдириб ўтдилар.

Анжуманда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт ва перинатал марказлар фаолиятини баҳолаш ҳамда мониторинг натижалари тақдим этилди.

– Мамлакатимизда оналик ва болалик муҳофазаси устувор вазифа сифатида белгилаб олинган бўлиб, давлатимиз томонида ушбу йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилди, – дейди Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Дилором Аҳмедова. – Бу ишлар ўз ўрнида ЖССТ ҳамда қатор халқаро ташкилот экспертлари томонидан юқори баҳоланган. Агар биз бунга ютуқ деб қарайдиган бўлсак, бу муваффақиятга, аввало, давлатимиз томонидан қабул қилинган қатор қонун, қарор ва фармонлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда белгилаб олинган Давлат дастурлари асосида олиб борилган тизимли чора-тадбирлар орқали эришилди. Хусусан, соғлиқни сақлашнинг бирламчи тиббиёт тизимини кучайтириш ҳамда аҳолига шошилинч ёрдам кўрсатишни янгича босқичга олиб чиқишнинг асослари ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, ихтисослаштирилган юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш жаҳон стандартларига мос келадиган даражада шакллантирилди. Дастур -доирасида амалга ошириладиган вазифалардан кўзланган мақсад, бу биринчи навбатда бўлғуси онани соғломлаштириш, ҳомиладорлик даври бехатар ўтишини таъминлаб, соғлом бола туғилишига эришишдир. Бунинг учун бажарилиши лозим бўлган ишлар қишлоқ врачлик пунктларида аёллар ҳомиладорлигининг биринчи ҳафтасидан махсус рейтингдаги витамин комплекслари билан таъминлаш, улардаги камқонликнинг олдини олиш, бундан ташқари, она ва бола скрининг тизими фаолиятини янада кучайтириш, яъни бирламчи бўғинлар скрининг хизматини яхшилаш орқали юзага келиши мумкин бўлган ногиронликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди. Шунингдек, Республика перинатал ҳамда ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказлари ва вилоят филиалларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилди. Муҳим йўналишлардан яна бири оналар ва чақалоқларга ҳудудлаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш ҳам ташкил этилди, унинг асосий мақсади оналарда учрайдиган хавфли белгиларни перинатал марказларда бартараф этишдан иборатдир. Қолаверса, эмлаш масалаларидан тортиб, кадрлар салоҳиятини ошириш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилди. Хусусан, ишлар самарадорлигини яхшилаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, "Саломатлик-3" лойиҳаси ҳамда бир қанча халқаро ташкилотлар ҳамкорликдаги нуфузли лойиҳалар асосида педиатр, умумий амалиёт шифокорлари, патронаж ҳамшираларнинг билим ва малакаси оширилди. Мазкур анжуманнинг асосий мақсади, ҳар бир ҳудудда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш ҳолати, ечимини кутиб турган муаммоларни бартараф этиш ҳамда жойларда болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдамни яхшилашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Шуни ҳам таъкидлашим лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 ноябрдаги "Ўзбекистонда 2016-2020 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янда такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақида"ги Қарорининг қабул қилинганлиги юқорида амалга оширилган ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, ҳар бир тиббиёт ходими зиммасига катта масъулият юклайди.

– Муассасамиз 400 ўринга мўлжалланган 18 та бўлимдан иборат бўлиб, уларда 123 та шифокор, 300 нафарга яқин ҳамшира фаолият юритади, – дейди Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Маматқул Азизов. – Бугунги кунда мамлакатимизнинг қайси бир тиббиёт марказида бўлмайлик, яратилган имкониятлардан мамнун бўлаётган халқимизнинг эътирофли фикрларини эшитамиз. Айниқса, давлатимиз томонидан она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган бундай катта ғамхўрлик бошқа мамлакатларда бу даражада эмас. Жумладан, марказимиз Инвестиция дастури асосида қайта таъмирланиб, янгича қиёфа кашф этди. Шунингдек, шифо масканимизда даволанувчилар учун зарурий шароитлар яратилди, янги технологиялар билан таъминланди. Бунинг баробарида, юз жарроҳлиги, чақалоқлар хирургияси, ўсмир қизларда учрайдиган туғма муаммолар бўйича операция жараёнлари амалга оширилмоқда. Шу ўринда яна бир муҳим воқеа – 2017 йилда болалар кардиохирургияси бўлими йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Мазкур бўлим фаолияти учун имкониятлар етарли ҳамда ушбу йўналишда мутахассисларимиз малакаси оширилмоқда. Истиқболдаги режаларимизнинг қамрови ниҳоятда кенг, бунинг учун барчамиз масъуллик билан ишлашимизни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Куни кеча "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтган Конституциямизнинг 24 йиллигига бағишлаб ўтказилган маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз маърузаларида тиббиёт соҳасида эришилаётган ютуқларга, жумладан, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган ижобий ишларни санаб ўтдилар ва тиббиёт ходимлари меҳнатини қўллаб-қувватладилар. Албатта, биз бунга жавобан келажак ворисларимиз бўлган фарзандларимиз соғлиғини сақлашда бор куч ва билимларимизни аямаймиз ҳамда шу мақсадда астойдил хизмат қилишга тайёрмиз.

– 2016 йил "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури -доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоятимиз соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди, – дейди Наманган вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Абдумалик Раҳмонов. – Айтиш муҳимки, марказимизда яратилган шароитлар туфайли бемор болаларга ўз вақтида сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Буларнинг барчаси истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб давлатимиз томонидан оналар ва болалар саломатлигига қаратилган эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Айни пайтда марказимиз моддий-техник базаси бойитилиб, болаларда учрайдиган касалликларни эрта аниқлаш, олдини олиш ва даволашда энг сўнгги русумдаги аппаратуралар муҳим аҳамият касб этмоқда. Муассасамизда кадрлар масаласига катта эътибор қаратилиб, мураккаб операция жараёнларини муваффақиятли амалга оширмоқдалар. Айниқса, хирургия, урология, травматология-ортопедия ҳамда неонатология йўналишларида ижобий кўрсаткичларга эришилмоқда. Эътирофлиси шундаки, анжуманда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишдаги ютуқ ва истиқболлар хусусида билдирилган фикрлар ҳақиқатан ҳам, амалдаги фаолиятлар тасдиғини кўрсата олди, десам муболаға бўлмайди. Шунингдек, келгусида мақсад қилиб олинган вазифаларнинг ҳам ўртага ташланганлиги ҳар биримиз фаолиятга жиддий ёндашишимизни талаб этади.

– Бугунги йиғилишнинг асосий вазифаси ҳар битта вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари ўринбосарлари иштирокида оналик ва болаликни муҳофазалаш тизимида шу вақтга қадар амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ҳамда бу борада ҳудудлардаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимини ҳал этиш чораларини излаб топишдан иборат бўлди, – дейди Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Дилбар Камаритдинова. – Боиси, ҳозирги кунда оналар ва болалар саломатлигини муҳофазалашда юзага келаётган айрим муаммолар, яъни аёлларимизда учрайдиган экстрагенитал касалликларни бартараф этиш, уларда мураккаб жарроҳлик амалиётини бажариш билан боғлиқ бўлган жараёнларни чекка ҳудудларда амалга оширишда камчиликлар юзага келаётганлиги аниқланди. Шу мақсадда вазиятни чуқур ўрганиш, улар туфайли юзага келаётган салбий ҳолатларга ижобий ечим топиш масаласига жиддий ёндашилмоқда. Натижалар шуни кўрсатмоқдаки, тизимнинг мазкур йўналишига жаҳоннинг илғор тажрибасини ўзлаштириш, хусусан, лапароскопик усулдаги жарроҳлик амалиётини республикамизнинг барча ҳудудларидаги муассасалар фаолиятига жорий этиш даврнинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Айниқса сўнгги йилларда аёлларимиз орасида учраётган кўкрак бези, бачадон бўйни саратони касалликларининг ортиб бораётгани ҳар биримизни ташвишга солмоқда. Шу ўринда айтмоқчиманки, аёлларимиз саломатлигини ҳар томонлама муҳофаза қилиш масалаларига давлатимиз ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан катта эътибор қаратилиб, чуқурлаштирилган тиббий кўриклар мунтазам тарзда олиб борилмоқда. Шунингдек, бу борада скрининг текширувларининг ўтказилиши юртимиз миқёсида кенг қамраб олинса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 -ноябрдаги "Ўзбекистонда 2016-2020 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорининг қабул қилиниши мазкур йўналишда ечимини кутаётган муаммоларимизни бартараф этишда дастуриламал бўлиб хизмат қилиши, бунинг баробарида Қарорнинг тегишли бандида туғруқ қийин кечганда оналар ва болаларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг 40 та туғруқ бўлимлари негизида туманлараро перинатал марказлар ташкил этилишининг кўзда тутилганлиги ҳам айни муддао бўлди.

Ушбу анжуман жуда муҳим ва алоҳида эътиборга молик бўлиб, унинг асосий мақсади, оналик ва болаликни муҳофазалаш ҳолатини муҳокама қилиш ва натижалар асосида ҳар бир ҳудуд учун адрес дастурини ишлаб чиқиш орқали хизмат фаолиятини янада яхшилаш йўлларини белгилашдан иборат бўлди. Анжуман якунида республиканинг барча ҳудудларида оналик ва болалик муҳофазаси масалалари бўйича резолюция қабул қилинди. Шунингдек, йил якунлари бўйича вазифаларни амалга ошириш натижаларини муҳокама қилиш ва кейинги йилларда биринчи навбатда амалга оширилиши режалаштиришган чора-тадбирларни белгилаб олиш учун йилда бир маротаба республика анжуманини ўтказишга келишиб олинди. Анжуман сўнгида 3 та энг яхши вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт ва 3 та перинатал марказлари тақдирландилар.

Ибодат СОАТОВА, Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

№ 49, 16.12.2016 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.