Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Соғлом она ва бола йили

ЖИСМОНАН, РУҲАН ВА МАЪНАВИЙ РИВОЖЛАНИШ

Мактабгача таълим муассасаси узлуксиз таълимнинг илк бўғини ҳисобланиб, бу босқичда бола кичик ёш давридан катта гуруҳ сари қадам босади, ҳар томонлама –жисмонан, руҳан ва маънавий ривожлантирилади. Шундан сўнг боланинг умумий ўрта таълим жараёнидаги фаолияти бошланади. Мамлакатимизда 4950 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлиб, 581 минг 539 нафар болани ҳар томонлама соғлом ривожлантириш имкониятлари ишга солинмоқда. 51 минг 928 нафар педагог уларнинг таълим-тарбиясига жалб қилинган бўлиб, бундан ташқари кичкинтойлар саломатлигини доимий назорат қилиб борадиган умумий амалиёт шифокори ҳамда тиббиёт ҳамширалари ҳам фаолият кўрсатяпти.

Пойтахтимиздаги Ҳамза туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига қарашли 203-"Кичкинтой" номли мактабгача таълим муассасасида "Болажон" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросига жиддий эътибор қаратилиб, бунинг учун мавжуд имкониятлардан оқи¬лона фойдаланилмоқда. Ҳафтанинг 5 куни мобайнида эрталабки соат 7 дан бошлаб кичкинтойлар ота-онаси, опа-акаси, бува-буваси ҳамроҳлигида ўз қадрдон масканларига кириб келар экан, боғча опалар уларни илиқ ва самимий қарши олишади. Ҳали жойлашганига кўп вақт бўлмаган болакайлар хархаша қилишса, тарбиячи ва энагалар уларни бисотидаги энг ширин сўзлар билан эркалаб бағрига босадилар.

– Муассасамизда 215 нафар турли ёшдаги ўғил-қизларни жисмонан, руҳан ривожлантириш чора-тадбирлари амалга оширилади, – дейди тиббиёт ҳамшираси Зуҳра Йўлдошева. – Эрталаб боғчага кириб келган бола фильтрдан ўтказилади, яъни унинг эгни-боши, юз-кўзи, сочи, тирноғини кўз¬дан кечирамиз. Тана ҳарорати йўқми, уни бирор нарса безовта қилмаяптими, ота-онасидан ҳеч қандай шикоят бўлмагачгина уни гуруҳ тарбиячиси қабул қилиб олади. Шу тариқа 8 та гуруҳда эрталабдан бошлаб соғломлаштириш ва тарбия жараёни бошланади. Икки ёшга қадар турли касалликларга қарши деярли эмлаб бўлинган болаларни кўпроқ гижжа касалликлари безовта қилгани боис, оналарига вақти-вақти билан уларнинг ахлатини топширтириб, даволаш тадбирлари қўлланади. 31-оилавий поликлиника умумий амалиёт шифокори Гулчеҳра Расулова белгиланган кунда бу ерга келиб, тарбияланувчилар соғлигини кўрикдан ўтказади. Муассасамиздаги соғломлаштириш жараёни гуруҳ хоналари, ошхона, ҳожатхона, ҳовлининг саранжом-саришталиги, тоза-озодалиги билан боғлиқдир. Гуруҳ хоналари ҳар куни болалар уйига кетиши билан хлорамин эритмасида артиб чиқилади. Ҳожатхона буюмларини ҳар бир гуруҳ санитаркаси зарарсизлантиради. Қўл ювишда суюқ совундан фойдаланилмоқда. Ўрин-кўрпа чойшабларини икки ҳафтада алмаштириб турамиз.

Ҳар бир мактабгача таълим муассасасида бўлгани каби бу ерда болани соғломлаштириш жараёнидан ташқари унинг маънавий дунёсини бойитиш кун тартибидаги асосий масалалардан бирига айланган. Бу ҳар бир гуруҳ тарбиячисининг фаолияти билан юзага чиқарилади. 8 нафар тарбиячи мутахассислик маълумотига эга бўлиб, уларнинг ҳар бирида бола ёш даражасига кўра белгиланган ўқув предметлари бор. 2 та ясли гуруҳида кўпроқ ўйин машғулотлари ташкил қи¬линса, иккита кичик ва ўрта гуруҳда бола оддий элементлар воситасида атроф-олам билан таништирилади, унда илк тушунчалар шакллантирилади.

Иккинчи кичик гуруҳ тарбиячиси Дилфуза

МУРОТОВА:

– Гуруҳимда 34 нафар бола билан шуғулланаман. Эрталабки фильтрлаш жараёнидан сўнг улар билан нонуштага қадар бадантарбия машқларини олиб бораман. Ҳозир ёз, шунинг учун жисмоний машқларни ўз майдончамизда амалга оширамиз. Ҳаво совуқ пайтда гуруҳ хонасида албатта бадантарбия машқ¬ларини бажарамиз. Сабаби, аксарият болаларда иштаҳасизлик кузатилади, овқат емагач, унда ланжлик, инжиқлик бошланади. Жисмоний машқ¬нинг камида 6 та турини 5 мартадан такрорлаган бола сарфлаган энергиясини қоплаш учун ўз-ўзидан овқатлангиси келади, у тенгқурига қа¬раб ўзини ростлайди, ундан яхшироқ бажаришга интилади. Сакраш, югуриш, нафас олиш ва чиқариш, қўл, оёқ, елка, тизза, бўйин машқ¬ларини ҳар куни бажариб борган боланинг иммун тизими ҳам мустаҳкамлана боради. Оддийгина бадантарбия машқларининг нафақат бола саломатлиги учун, балки маънавий дунё¬сини оширишдаги ролига ҳам тарбиячи сифатида амин бўлиб келяпман. Бундан таш¬қари, гуруҳ тарбияланувчилари билан тасвирий санъат, аппликация, мусиқа, атроф-олам билан таништириш бўйича 30-35 дақиқалик маш¬ғулот ташкил қиламан. Тасвирий санъатда бола ўз тасаввуридаги нарса-ҳодисани чизишга ўрганса, аппликацияда ранг¬ни фарқлашга, қоғозни қирқиб буюм ясашга малака ҳосил қилади. Мусиқий машғулотда унга қўшиқ ва куй ҳавола этилади, рақсга тушиш ўргатилади. Қайси машғулот тури бўлишидан қатъи назар, бола ақлий, руҳий, жисмоний, эстетик жиҳатдан ривожлантирилиб, ке-йинги босқич – ўрта гуруҳга уза¬тилади. Бу ерда боланинг психофизиологик даражаси инобатга олиниб, "Болажон" Давлат дастурида белгиланган билим, кўникма ва малака меъёрларини эгаллашига имконият яратилади. Сўнгра у тайёрлов гуруҳида умумтаълим жараёнига тайёрланади.

Ўз дилбандини мактабгача таълим даргоҳига кузатган ота-она кўнгли тўқ бўлиб, ишга ёки ўқишга отланади. 203-мактабгача таълим муассасасида кечга қадар ўз фарзандини қолдирадиган ота-оналар бу ерда боласи учун ташкил қилинадиган барча хўжалик, тиббий санитария, соғломлаштирувчи тадбирларга гувоҳ бўлиши мумкин. Муассасада тарбияланувчиларнинг овқатланиш рационини ташкил қилишда Ўзбекис¬тон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2000 йил 1 июлдан амалиётга татбиқ қилинган "Мактабгача таълим муассасаларида овқатланишни ташкил этиш меъёрлари тўғрисида"ги буйруғига риоя этилади. Ушбу буйруқда боланинг бир кунлик ўртача истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари қатъий таркиби ва миқдори белгиланган. Бунга кўра, 2 ёшгача бўлган бола 80 гр. нон, 500 гр. сут, 180 гр. мева-сабзавот, 120 гр. картошка, 60 гр. гўшт, 12 гр. сариёғ, 35 гр. шакар, 3 гр. пишлоқ, 40 гр. творог 5 гр. сметана истеъмол қилиши керак. Икки ёшдан ошиб, 7 ёшгача бўлган болалар учун айнан шу озиқ-овқат хилларининг миқдори 30-40 грамм¬дан оширилади.

Дилноза ИСЛОМОВА,

муассаса мудираси:

– Боланинг овқатланиш ра¬цио¬нини тўғри белгилаш учун гўшт, сут, парранда, мева, сабзавот маҳсулотлари келтирилиб, улар тановулдан олдин тозаланади, термик ишлов берилади. Таомнома тузишда кўпроқ ўзимизда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан фойдаланишга эътибор берамиз. Нонуштада кўпроқ сутли бўтқа, тушликда салат, суюқ-қуюқ таом, мевали компот тортилади. Айрим болаларда иштаҳасизлик кузатиладики, буни бартараф этиш учун улар билан ҳаракатли ўйин, сайр амалга оширилади. Айни пайтда муассасамизда меҳнат қилаётган техник ходимлар хўжалик характеридаги юмушларни ўз вақтида уддалаб келмоқдалар. 3 нафар ошпаз, 2 нафар санитарка, 3 нафар қоровул, умуман, барча ходимлар даврий тиббий кўрикдан ўтказилади. Боғча ҳовлиси ҳар куни супуриб-сидирилади, гул ва дарахт кўчатлари доимий парваришда. Баҳорда очиқ майдонларга 100 туп атиргул, 30 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқаздик. Ҳар бир гуруҳ ўз ўйин майдончасига эга бўлиб, у зарурий воситалар билан жиҳозланган. Ҳар бирида қум тўкилган бурчак бор. Бу ерда тарбиячилар бола билан турли ўйинлар воситасида уларнинг қўл моторикасини ҳам ривожлантирадилар.

Мана, ёзнинг ҳароратли кунлари давом этмоқда. Тиббий-педагогик жиҳатдан айтсак, ҳозир ёзги соғломлаштириш мавсумидир. Барча МТМ¬ларидаги сингари 203-болалар боғчаси ҳам бу мавсумни соз ўтказаяпти. 5х3 ҳажмдаги сув ҳавзаси тозаланиб, таъмирланган. Барча гуруҳларда соғломлаштирувчи тадбирлар сайр, чўмилиш, соат 11 га қадар қуёшнинг ультрабинафша нурини қабул қилиш, ўйин каби босқичлар билан амалга оширилади. Бола чўмилишдан аввал ва кейин душ қабул қилади. Шу тариқа ёз фаслининг ҳароратбахш кунлари орқали ҳар бир кичкинтой соғ¬лом-лаштирилади.

Ҳулкар КУЗМЕТОВА. Суратлар муаллифи Жасур ЖАЛИЛОВ.

№ 30, 01.08.2014 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.