Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Врач конспекти

АЛКОГОЛЛИ ПСИХОЗЛАРГА ДАВО БОРМИ?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари томонидан узоқ умр кўриш омиллари аниқланган. Зарарли одатлар – чекиш, ичиш инсон умрини қисқартирувчи омил эканлиги сир эмас. Айниқса, спирт¬ли ичимлик нафақат ички аъзоларга зиён-заҳмат етказади, айни пайт¬да муттасил ичиб юрувчи кишини ҳар томонлама пассивлаштиради. Бу ўз нав¬батида шахс руҳий оламининг бузилиши билан боғлиқ касалликларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.

Халқимиз орасида соғлом турмуш тарзига амал қилиш, тиббий маданиятни юксалтириш, зарарли одатлардан ҳимояланиш каби масалаларда тушунтириш-тарғибот ишлари мунтазам равишда олиб борилмоқда. Аҳолининг ўз саломатлигига нисбатан эътиборли бўлиши, соғлигини назорат қилиш мақсадида шифокор қабулига бориб зарур тавсияларни олиши бу ўз-ўзидан киши ҳаётини ижобий томонга ўзгартиришга хизмат қилади. Айниқса, оғир асоратларга олиб келувчи ичкиликбозлик ва унга қарамлик ҳолатидан халос бўлиш, даволаш ва соғлом ҳаётга қайтиш каби эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган масалалар бўйича маълумот беришни лозим топдик.

Аввало, алкоголли психозлар ўзи нима? У қандай кўринишларда намоён бўлади? Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу касалликнинг клиник кўринишлари ва руҳий фаолият бузилиши билан боғлиқ таъсирлари ҳар хил тусда кечади. Ичкиликбозликнинг II ва III босқичларида модда алмашинуви бузилиши билан сурункали заҳарланиш кузатилади ва бунинг натижасида ички аъзолар шикастланади. Кўпинча улардан олдин соматик ва руҳий бузилишлар ривожланади. Кўп алкоголь психозлар (делирий ва галлюцинозлар) организмнинг алкоголдан ўта заҳарланиш давридан кейин пайдо бўлади. Узоқ давр ёки сурункали кечадиган алкоголь галлюциноз ва васвасавий психоз мобайнида конституционал ирсий аномалияга айланиши мумкин.

Алкоголь психозларнинг қуйидаги турлари ёки клиник кўринишлари мавжуд:

1. Алкоголли делирий.

2. Алкоголли галлюцинозлар.

3. Алкоголли васвасавий психозлар.

4. Алкоголли энцефалопатиялар.

Суд-психиатрия амалиётида алкоголли делирийлар, алкоголли галлюцинозлар, алкоголли параноидлар ва алкоголли рашк васвасалари (алкоголли паранойя) катта аҳамиятга эга бўлади.

Алкоголли делирий (оқ алаҳлаш). Бошқа психозлар орасида тез-тез учрайди. Касалликнинг кунлаб, ҳафталаб кечадиган продромал (касаллик олди) даврида уйқунинг бузилишлари, хусусан тушдаги қўрқув, тез-тез уйғонишлар ва вегетатив белгилар билан, кундузи эса – астеник бузилишлар ва ўзгарувчан аффект (осон пайдо бўладиган чўчиш ва хавотирлик)лар билан кечади.

Алкоголизмнинг учинчи босқичида алкоголли психознинг продромал даври бўлмаслиги ҳам мумкин. Делирий асосан абстиненция ҳолатида, ичкиликбозликни тўхтатгандан сўнг, бир неча соат ёки бир неча кундан кейин юзага келади. Делирий ҳолатининг ҳамма белгилари кечга бориб ёки тунда кучая¬ди, кундузи эса йўқолиши мумкин. Беморда ҳаяжонланиш, кўп гапириш, фикрлар ва сўзлар кўпайиши, имо-ишора ва ҳаракатларнинг жонланиши, ўта сезувчанлик, кайфиятнинг тез ўзгариши, уйқусизлик, вегетатив ўзгаришлар пайдо бўлади. Делирий ҳолатлардан 10-19 фоизида тутқаноқ тутиш олдин келади; вербал галлюцинация¬лар ёки тасвирли васвасалар кузатилиши мумкин.

Касаллик зўрайган даврда тўла уйқусизлик, фантастик иллюзиялар (парейдолиялар) ва ҳақиқий кўриш галлюцинациялари ривожланган бўлади. Галлюцинациялар кичрайтирилган зоопатик ёки "саҳнадагидек" кўришлар билан ифодаланади. Бемор кўзига ҳашаротлар, балиқлар, илонлар, иплар, симлар, кам ҳолларда – катта ҳайвонлар, одамлар, ўликлар кўринади. Галлюцинациялар ҳаракатчан, ўзгариб турувчан бўлади, битта ёки ҳар хил бўлиб, бир-бирини калейдоскопик алмаштириб туради. Шу билан бирга, галлюцинация¬ларнинг мазмуни беморнинг хулқ-атворидан, ҳаракатидан, васвасавий гаплари билан ифодаланади. Хаёли ўта бузилувчан, гапираётган гаплари узилган, қисқа сўзлардан иборат бўлади. Мимикаси, аффекти ўта ўзгарувчанлиги билан тавсифланади.

Баъзида кўнгил кенглиги, тушкунликка тушиш, ҳазилкашлик, ҳайрат, қўрқув бир-бирини алмаштириб туради. Таъқиб қилиш, васваса ғоялари ёки жисмоний зўриқиш, баъзан қизғаниш ҳоллари кўпроқ учрайди. Ташқи ҳодисаларга, вақт ва жойга бўлган мўлжалларининг йўқолиши кузатилади, аммо ўз шахсларига бўлган мўлжал бузилмайди. Вақт мўлжалининг бузилиши – унинг узайиши ёки қисқаришида ифодаланади. Делирийни ҳосил қилувчи бузилишлар ташқи таъсиротлар (шифокор билан суҳбатда ва ҳ.к.) остида сусаяди – бу люцид даври деб аталади.

Делирий 3-5 кундан 1-2 ҳафтагача давом этиши мумкин. Соғломланиши кескин ёки аста-аста (литик) тўлқинсимон: бузилишларнинг сусайиши борган сари паст даражада қайталаниши билан кечади. Делирий неврологик, соматик, биринчи ўринда вегетатив бузилишлар билан кечади. Бунда титроқ, гандираклаш, мушаклар гипотонияси, рефлексларнинг куча¬йиб кетиши – гиперрефлексия, конвергенциянинг сусайиши, терлаш, юз терисининг қизариши, юрак уриши тезлашиши, артериал қон босимининг ўзгарувчанлиги, жигар катталашиши, склераларининг сарғайиши билан кузатилади. Кўпинча тана ҳарорати субфебрил бўлади, қонда эса лейкоцитоз ва лейкоцитар формуласи чапга силжийди, эритроцитларнинг чўкиш тезлиги ошади, билирубин ва холестерин миқдори ҳам ошиб кетади. Тасвирлаб берилган делирий клиник кўринишлари ўзгарувчан бўлишига қарамай, "типик" ва "классик" деб аталади. Ушбу психоз бошқа алкоголли психозлар билан ўрин алмашиб туриши мумкин.

Ўткир алкоголли галлюцинози (алкоголли галлюцинатор васваса синдроми). Кўпинча абстинент бузилишлар тасвирида намоён бўлади. Делирийдан фарқи, бунда тутқаноқ тутиш аломатлари бўлмайди. Ўткир алкоголли галлюцинози қўққисдан бошланиб, кечқурун ёки тундаги уй¬қусизлик давомида ёки уйқуга кетиш олдида (гипнагогик эшитиш галлюцинози) – оддий товуш эшитиш ҳолатлари шаклланади. Бошида мазмун жиҳатдан нейтрал акоазма ва фонемалар пайдо бўлади.

Беморнинг хатти-ҳаракатлари овоз-товушларига мос келиб, уларнинг безовта бўлиши, хавотирга тушиши, мавҳум хавф-хатарга қарши чораларни излаш ҳоллари кузатилади. Галлюциноз дебютида делириоз бузилишлар фрагментлари пайдо бўлиши мумкин.

Кейинчалик безовталаниш, қўрқув ҳолларига сўз эшитиш галлюцинациялари қўшилади – бунда нутқ, суҳбат ёки кўпчилик кишиларнинг сўзлашиши эшитилади. "Улар" беморни сўкишади, койишади, ҳақоратлашади, дўқ қилишади, огоҳлантиришади, буйруқ беришади ва ҳ.к. Унда таъсирчанлик йўқолади. Бу галлюцинациялар ўзгарувчан бўлиб, ҳар доим ўтмишдаги, ҳозирги вақтдаги реал ҳолатлар билан боғлиқдир. Вербал (сўз эшитиш) галлюцинацияларнинг интенсивлиги бақириққача бориб, шивирлашгача пасайиб ўзгариб туради. Вербал галлюцинациялар кучайиб борганда – бир мавзуга монанд кетма-кет бир-бирини алмаштирувчи саҳналар каби кечувчи поливокал галлюциноз ривожланади. Масалан, бемор прокурор, холислар, адвокат, жабрланувчилар иштирокида ўзининг устидан олиб борилаётган суд жараёнини эшитади ва бу ҳақда бемор ҳақиқатдан ҳам шундай бўлганини кўриб ўтгандек таассурот қолдиради. Шундан келиб чиққан ҳолда бундай ҳолатлар делириоз деб изоҳланади.

Психознинг бошланғич даврида ҳиссий васвасалар пайдо бўлади. Улар асосан таъқиб этиш, айблаш, бузғунчилик руҳидаги васвасалардир. Бемор асосан аниқ, унга таниш шахслар бошчилигида (қўшни, ҳамкасаб, қариндошлар, хотини, эри, таниш-билиш) таъқиб этувчи "банда" ҳақида сўзлашади.

Галлюцинациянинг энг ривожланган вақтида бемор қўрқув, хавотирланиш, умидсизлик каби аффектив ўзгаришларни бошдан кечиради. Бемор ўзини ҳимоя қилади, қуролланади, милицияга мурожаат этади ёки ўз-ўзини нобуд қилади. Психоз асосан чуқур ва давомли уйқудан сўнг ёки аста-аста тугалланади. Охирги ҳолда вербал галлюцинациялар сусайиб бораверади ва кундузи йўқолади. Бир вақтда ёки аста аффектив бузилишлар, васвасавий ғоялар сўниб боради. Ўткир алкоголли галлюциноз бир неча соатдан бир неча ҳафтагача ёки бир ойгача давом этади. Ушбу ҳолат – мукаммалашган, типик, алкоголь галлюцинози деб аталади.

Ўткир алкоголли параноид (алкоголь таъқиб қилиш параноиди) – абстинент даврида юзага келади. Продромал даври қисқа бўлиб – васвасага мойиллиги, вербал иллюзиялари, хавотирлик билан ифодаланади. Васваса ғоялари безовталаниш, ҳаяжон, қўрқинч, ҳаракат қўзғалувчанлиги ва кутилмаган хатти-ҳаракатлар билан чамбарчас боғлиқликда намоён бўлади. Тез орада кўриш ва эшитиш иллюзияларининг пайдо бўлиши кузатилади. Бемор хатти-ҳаракати ўзгаради, у таъқибчилардан қочиши, саросимада ўз-ўзига жисмоний шикаст етказиши, ҳаракатдаги транспорт воситасидан сакраши, совуққа қарамай кўчага чиқиб кетиши мумкин. Унга яқинидаги ҳар қандай нотаниш киши таъқибчи бўлиб туюлаверади. Бемор атрофдагиларнинг мимикасига, хатти-ҳаракатига, уларнинг сўз ва гапларига эътибор билан қарайдилар. Кўрган ва эшитганларини ўзига тааллуқли деб қабул қиладилар. Кечки пайт ва ярим тунда делириоз белгилари ва эшитиш галлюцинациялари пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳолат бир неча кундан бир неча ҳафтагача давом этади. Ушбу психоз бир неча ойларгача чўзилиб кетганда – сурункали алкоголли параноид, деб юритилади.

Алкоголли рашк васвасалари. Паранойял тарзида хулқ-атворга эга бўлган шахсларда, кам ҳолларда – шахс алкоголли инқирозга учраганда намоён бўлади. Асосан, бундай васваса ғоялари етилган ёшдаги эркакларда учрайди. Бошланишда турмушдаги хиёнат васвасаси мастлик ҳолати ёки хумор синдроми даврида ривожланади. Беморларда гўё хотинлари ҳақида нотўғри фикрлар пайдо бўлади. Шу билан бирга улар далил-ашёлар қидириб, хотинларини кузатиб, уларнинг кийим-бошларини текширадилар. Кўпинча хотинлари аввал ҳам нотўғри йўлда бўлганлиги, болалари "уларники" эмаслиги тўғрисида гапирадилар. Аффектив ўзгаришлар тушкунлик – ғазаб тўла кайфият билан ифодаланади. Бемор кўпинча ўз хотинига нисбатан оғир хуруж ўтказади. Ундан хиёнат сабабларини сўраб, айбини бўйнига олса, кечиришини ваъда қилади. Бошқа ҳолларда беморда хотинлари томонидан моддий зарар етказиш васвасалари қўшилади ҳамда бемордан "қутилиш" учун "заҳарлаш", "афсунгарлик" васваса ғоялари кузатилади. Ичкилик давом этилганида, бу психоз белгилари ўткирлашади ва беморнинг агрессивлиги кучайиб, атрофдагилар учун хавфли бўлиб қолади. Касаллик интенсивлиги ўзгариб, узоқ йиллар давом этиши мумкин.

Касалликни алоҳида ва мажмуавий даволаш усуллари бор: 1. Дезинтаксикацион. 2. Витоминотерапия. 3. Антипсихотик. 4. Дегидратацион. 5. Десенсибилизацион. 6. Симптоматик: юрак қон-томир тизими фаолиятини кучайтириш. 7. Гемодиализ, гемосорбция. Ушбу хасталикнинг бошланғич давридаёқ даволаш ижобий самара беради. Беморни яхши парваришлаш, унинг сўзларига қулоқ тутиб, хушмуомалалик кўрсатиш, эътиборли бўлиш, руҳий аломатлари сезилса дар¬ҳол шифокор билан маслаҳатлашиш муҳим аҳамият касб этади.

Отабек МАҲМУДОВ, Республика руҳий касалликлар клиник шифохонаси 1-бўлим мудири.

№ 27, 10.07.2015 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.