Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Врач конспекти

Болалар ва Ўсмирларда Ўпка ва Ўпкадан бошҚа аъзолар сили

1. Зотилжамсимон босқичда – БСМнинг ўткир даврида рентгенда соялар шакли ҳар хил бўлади. Баъзи ҳолларда соя унча қуюқ бўлмайди ва қовурға, мушаклар ва кўкрак қафасининг юмшоқ тўқималаридан ажратиш қийин бўлади. Бошқа ҳолларда соя ва унинг чегаралари аниқ кўринади. Бронхолобуляр бирламчи ўчоқ тавсифига кўра, орқада ва олдинда жойлашган ўпка майдонидаги қон-томир ва бронхиал тасвирга туташиб кетади. Шунинг учун соялар чўзилгандек ва чегараси ноаниқ кўринади. Кўпинча бирламчи сил мажмуасининг зотилжамга ўхшаш каттароқ яллиғланиши (битта бўлакча билан чегараланмаганлари) рентгенологик аниқланади. Регионар лимфа безларидаги ўзгаришлар қўшимча рентгенографиядаги белгилар яққол кўринади.

Зотилжамга ўхшаш каттароқ яллиғланишлар 3-4 см. ёки бундан катта бўлиб, кўп бўлакчали (полисегментар) жойлашиши ёки ўпканинг бир бўлагини (лобит) эгаллаши мумкин. Айрим ҳолларда топографик жараён медиал майдонда жойлашган бўлса, кенг юрак қон-томири билан беркилса, аниқланмай қолиши мумкин. Жараён маркази ўпка илдизи олдида ёки орқасида ва тасвир нафас чиқариш вақтида олинган бўлса, илдиз кенг ва зич бўлади. Ўпканинг пастки базал қисмида синусларнинг олдинги ва орқа томонидан диафрагма ҳамда қорин бўшлиғи аъзолари сояси билан беркилиб турганда ҳам худди шу ҳолат кузатилади. Зотилжамсимон каттароқ яллиғланиш сояси камдан-кам ҳолларда юмалоқ, кўпинча учбурчак ва овал шаклда бўлади. Бирламчи зотилжам фокуси сояларининг қуюқлиги жараённинг тарқалганлигига қараб, ҳар хил бўлади, фокус қанча кичкина бўлса, соя ҳам шунча очроқ, фокус қанча катта бўлса пневмоник фокуснинг сояси шунча қуюқ бўлади. Ёш болаларда специфик жараёнлар катта бўлиб, ўпканинг ёшга қараб тузилиши сабабли, лобар ҳолатга ўтади, чунки лимфа тирқишлари тешиклари кенг, зич бўлмаган бириктирувчи тўқима тўсиқлари лимфа томирларига бой, бу эса, ўз навбатида, болаларда кенг перифокал жараённи зўрайтиради (А. И. Струков, В. И. Пузик). Бола қанча ёш бўлса, специфик жараён шунчалик катта бўлиб, оғир кечади.

Зотилжам босқичида рентген тасвирда БСМнинг учта компоненти (қисми) аниқ кўринмайди. Ўпкадаги яллиғланган соя (ўпка аффекти) илдизга туташиб кетади.

2. Сўрилиш босқичида – атрофдаги яллиғланиш ташқаридан марказ томон аста-секин камайиб боради, ўпкада соя ҳажми кичраяди, ўпка тасвиридаги ўзгаришлар тўрсимон, уясимон бўлади. Бу ҳолат қўшимча соялар, яъни қон-томирлар, бронхлар ва оралиқ тўқималарнинг қалинлашиши туфайли юзага келади, икки қутбли соя пайдо бўлади, перибронхиал зичланиш аниқроқ кўринади, бирламчи аффект яққол кўзга ташланади. Сояларнинг қуюқлиги бир хил бўлиб, устма-уст тушган қовурғалар сояси орасидан осонлик билан аниқланади, илдиздаги катталашган лимфа безлари аниқ кўринади. БСМнинг учта компоненти яққол билинади.

3. Зичланиш босқичида – бирламчи ўпка ўчоғининг зичланган сояси рентгенологик текширишда топилиши билан тавсифланади. Бу вақтда бирламчи ўчоқ кичраяди ва чегаралари аниқ бўлади, зичланган сояда жуда кичкина увоқларга ўхшаган қаттиқ киритмаларни аниқлаш мумкин.

БСМнинг зичланиш босқичида ўпка илдизидаги регионар лимфа безларида кальций тузларининг чўкиши ва чандиқланиш намоён бўлади.

4. Оҳакланиш босқичи ёки Гон ўчоғи ҳосил бўлиши. Ўпкада бирламчи ўчоқнинг оҳакланиши даврида катталиги 5-10 мм.дан ошмайдиган, кўпинча овал ёки чегаралари нотекис, қиррали соя аниқланади. Гон ўчоғининг ҳосил бўлиши учун 2-3 йил керак бўлади.

Қаттиқланиш босқичига нисбатан, бу босқичда, сузмасимон моддалар ярим соя ҳолатида кўринмайди. Сўрилаётган бирламчи ўчоқнинг чегаралари емирилиб, Гон ўчоғи ўзининг бир хиллигини йўқотиб, бўлакларга бўлинади, бутунлай сўрилиб кетиши мумкин. Гон ўчоғи ҳосил бўлаётган даврда ўпка илдизидаги регионар лимфа безлари кейинроқ оҳакланади.

Асоратли БСМ – бу ҳолат бола тез-тез шамоллаб турса, яшаш шароити ёмон бўлса, бошқа бир касаллик қўшилса, хирургик муолажалар ўтказилганда, МНТ зарарланиши ва ташқи ёки ички омиллар организмнинг иммунбиологик ҳолатини сусайтиришга сабаб бўлса, БСМ ривожланишида турли асоратлар пайдо бўлиши, хуружлар қайталаши, касаллик 3-4 йилга чўзилиши мумкин.

БСМнинг асоратларидан бири ўчоқнинг емирилиши ва бирламчи ковак ҳосил бўлишидир. Бу вақтда боланинг аҳволи ёмонлашади, тана ҳарорати кўтарилади, ҳоли қурийди, тез-тез йўталиб, балғам ташлайди. Бирламчи ковак (рентгенограммада ковак деворлари юпқа – ҳозирча фиброз йўқ) бронх билан боғланади. Ковак нотўғри шаклда ички деворлари бутага ўхшаш, кемтиклар ва ҳажми ҳар хил бўлиши мумкин. Ковак ҳосил бўлганда ўпка товуши бўғиқ бўлади, нам хириллаш эшитилади. Перкуссияда тимпаник товуш аниқланади. Бемор балғамида сил микобактериялари топилади.

Плевритлар кўпинча токсик-аллергик тавсифли ва контакт табиатли бўлади. Бирламчи ўчоқ плевра остида, ўпка илдизи лимфа безлари ва кўкс оралиғи плеврасига ёндашса сил яллиғланиши плеврага ўтади. Плевритлар йирингли, зардобли, фибринозли бўлиши мумкин. Аллергик табиатдаги плевритлар асоратлар қолдирмай, сўрилиб кетади. Контакт плевритлар оғирроқ ўтиб, аллергик плевритга қараганда заҳарланиш белгилари билан кечади, сўрилгандан кейин қалинлашган қатламлар қолади.

Қон туфлаш ёки қон оқиши – бирламчи ковак ҳосил бўлганда ва сузмасимон моддалар ҳамроҳ томирларни емирганда юзага келади.

Ҳар хил ҳажмли ўпка ателектази.

БСМда ателектазнинг ривожланиш сабаблари:

* катталашган лимфа безининг бронхни босиб қўйиши;

* ўзига хос яллиғланишнинг бронхлар деворига ўтиб, уларнинг тешикларини беркитиб қўйиши;

* сузмасимон модда зарарланган лимфа безини ёриб, бронхнинг тирқиши беркилиб қолиши рўй берса.

Диссеминацияланган сил ривожланиши. Казеоз масса бирламчи ўчоқдан ёки лимфа безидан бронхга тушса, тарқалиб, бронх орқали бир томонлама ёки илдиз олди зонасига ўтади. Сил микобактериялари оралиқ тўқимага казеоз ўчоқдан ўтиб, лимфа йўллари орқали тарқалиши мумкин.

Сил таёқчалари қон орқали гематоэнцефалик тўсиқдан ўтгач, сил менингити ривожланади.

БСМ ҳолдан тойган организмда сурункали ҳолатга ўтиб, тўлқинсимон хуружлар билан кечади, бу даврда беморнинг аҳволи ёмонлашиб, тана ҳарорати кўтарилади, умумий заҳарланиш кучаяди, лекин хуруж сезиларсиз ўтиши ҳам мумкин. Рентгенограммада калцинатлар атрофида перифокал яллиғланиш кузатилиши мумкин. БСМнинг сурункали ўтиши натижасида сил жараёни бошқа ички аъзоларга ўтиши эҳтимол.

Плевра остидаги ўчоқнинг плевра бўшлиғига ёриб чиқиши натижасида спонтан пневмоторакс кузатилиши мумкин.

Зичланиш даврида атрофдаги яллиғланиш сўрилиб, бирламчи ўпка ўчоғи дағал қўшма тўқима билан ўралади ва ўсмага ўхшаб кетиши мумкин, ана шу – бирламчи туберкуломадир.

Казеоз зотилжам. Ўпка тўқимасининг гиперергик яллиғланиши, юқори патоген ва вирулентли сил таёқчаларининг кўп тушиши натижасида пайдо бўлади. Силнинг бу тури билан оғриган беморларнинг кўпчилиги дунёдан кўз юмади. Касаллик ўткир бошланади, тана ҳарорати кўтарилади, заҳарланиш жуда кучаяди. Беморнинг кўкрак қафаси оғрийди, йўталиб, балғам ташлайди, ҳансираб туради, титраб-қақшайди, иштаҳаси йўқолади, салга чарчаб қолади, терлайди. Объектив текширганда перкутор товуш жуда бўғиқ, бронхиал нафас, ҳар хил калибрдаги нам хириллашлар, қон таҳлилида гипохром анемия, лейкоцитоз, нейтрофилларнинг кескин чапга силжиши, лимфопения, эозинофилия, ЭЧТнинг жуда тезлашиши кузатилади. Балғамда, эластик толалар тўпланади. Туберкулин синамалари суст мусбат ёки манфий бўлади. Рентгенограммада – аввал сал қоронғилашиш, сўнгра жуда қоронғилашиш ўпканинг бир қисмини эгаллаши мумкин, худди шу жойларда сал оқарган ёки катта ковакларнинг ноаниқ чегаралари бўлади. Жараён зўрайиб боргани сари, у ёки бу ўпкада бронхоген метастазлар пайдо бўлади.

Асоратли бирламчи сил мажмуасининг оқибатлари

БСМнинг аслига қайтиш жараёни 3-4 йилгача давом этади. Кўпинча безли компонентнинг нотўлиқ оҳакланиши рўй бериб, бирламчи ўчоқда қуруқ казеоз соялар қолади, бола ўзини яхши сезишига қарамай, вақти-вақти билан сил микобактерияларини ажратиб туради. Асоратли БСМга оҳакланиш табиатли бўлиб, бу ҳолат тутга ўхшаш кўп ўчоқларда кузатилади. Бемор антибактериал давргача, БСМнинг асоратларидан – ўпканинг диссеминацияли сили, казсоз зотилжам, менингит ва ҳоказолардан сўнг нобуд бўлган. Ҳозирги вақтда касалликнинг нисбатан енгилроқ кечиши кузатилаяпти.

Кўкрак қафаси ичи лимфа

безлари сили

Сил касаллигининг замонавий патоморфози натижасида болаларда ривожланган бирламчи сил касалликлари турлари орасида охирги 5 йилликда кўкрак ичи лимфа безлари сили 47,7 фоиздан 60,4 фоизни ташкил қилмоқда.

Сил таёқчалари лимфа безларига, кўпинча, лимфа қон-томири орқали келиб жойлашади ва зарур шароит мавжуд бўлган ҳолатда патологик жараённи ривожлантиради. Кейинчалик силнинг яллиғланиш жараёни лимфа безларига яқиндаги аъзолар, тўқималарига (бронхлар ва ўпка тўқималарига) контакт орқали ўтади. Анатомик тасвири жиҳатидан кўкрак ичи безлари қуйидаги гуруҳларга бўлинади:

* паратрахеал;

* трахеобронхиал;

* бронхопулмонал;

* бифуркацион.

Лимфа безларидаги специфик яллиғланиш жараёни бошқа жойга тарқалмаслиги мумкин. Лимфа безларидаги яллиғланишнинг ҳажми, чуқурлиги бевосита сил таёқчаларининг миқдорига, касаллик қўзғатувчисининг кучига ва одам организмининг чидамлилиги қанчалик ривожланганига боғлиқ. Силнинг яллиғланиши туфайли, катталашган лимфа безларида (казеоз) сузмасимон йиринг ҳосил бўлса, бронх деворини тешиб, бронхлар орқали ўпканинг соғлом жойларига тарқалади ва ўпкани тарқоқ ҳамда бронхлар сили ривожланишига олиб келади, бундай вазиятларда бемор йўталиб, балғам ташлаш орқали сил таёқчаларини ажратади.

Болаларда катталашган лимфа безлари бронхларни сиқиб, ўпка тўқимасининг пучайишига (коллапси ёки ателектазга) олиб келади.

Болаларда кўкрак ичи лимфа безлари сили ҳар хил клиник – рентгенологик кўринишда кечиши диагноз қўйишда қийинчилик туғдиради. Касалликнинг клиник манзараси сил жараёнининг турига, даврига ва ҳажмига боғлиқ.

Патоморфологик жараённинг сифатига (турларига) қараб, кўкрак ичи лимфа безлари силининг кичик, яллиғланган ва шишсимон (ўсмасимон) турлари тафовут қилинади. Кичик турлари белгиларсиз ёки камлиги билан намоён бўлади, ўпка жароҳати белгилари билан кечадиган турлари (бронхлар, висцерал плевра варағи шикастланиши билан кечадиган) асорат кузатилади.

Касалликнинг яллиғланган ва шишсимон (ўсмасимон) турлари, кўпинча, йўтал, ҳароратнинг кўтарилиши, озиб кетиш, иштаҳасизлик, терлаш каби белгилар билан кечади. Кўкрак ичи лимфа безлари силини аниқлашда рентгенологик текширув катта аҳамиятга эга.

Кўкрак ичи лимфа безлари силининг кичик турида рентген суратида унча катталашмаган 0,5-1,0 см.гача бўлган лимфа безлари яққол кўринмайди, фақат томографияда аниқланади.

Рентгенологик текширувда лимфа безлари атрофида (перифокал) яллиғланиб, лимфа суюқлиги димланиши натижасида ўпка илдизлари кенгаяди ва 2-2,5 см.ни ташкил қилади, ўнг томондаги асосий бронх расми кўринмайди.

Ўсмасимон (шишсимон) турида рентген суратида 2,0 см. ва бундан катта лимфа безларининг чегаралари аниқ кўринади.

Кўкрак ичи лимфа безлари сили қуйидаги касалликлар билан тафовут қилинади:

* бронхит, сурункали зотилжам;

* тимомегалия, тимома (айрисимон без ўсмаси);

* лимфогранулематоз;

* кўкс оралиғи (медиастенал) хавфли ўсмаси;

* лимфолейкоз;

* саркоидоз;

* дермоид кисталар, тератома;

* аорта аневризмаси;

* лимфосаркома;

* носпецифик аденит.

Бронхит, сурункали зотилжамда клиник-рентгенологик ўзгаришлар 2 ҳафта давомида сўрилиб кетади. Тимома гўдакларда учрайди, белгиларсиз кечади. Катталашган айрисимон без нафас йўлларини сиққанда, бирданига боланинг нафаси сиқиб, кўкариб кетади, лекин бу ҳолат тез ўтиб кетади.

Рентгенологик текширувда кўкс оралиғининг юқори қисмида бир ёки икки томонлама интенсив учбурчак шаклида гомоген ўзгариш намоён бўлади. Бемор йўталганда, ютинганда ёки чуқур нафас олганда рентгенда юзага чиқмайди.

Дермоид кисталарда – патанатомик кўринишда учта тери қатламлари тер ва ёғ безгалари, соч толалари, тиш ва суяк, нерв тўқималаридан иборат бўлади. Дермоид кисталар кўкс оралиғи олдида пастда жойлашиб, кўкс оралиғининг ассиметриясига олиб келади.

Саркоидозда рентгенда икки томонлама лимфа безларида калцинатлар бўлади. Калцинатлар нафақат лимфа безларида, балки бронх, трахея деворларида 29-30 фоиз беморларда кузатилади.

Клиник кечишида периферик лимфа безлари катталашади. Гистологик текширишда гранулёмалар ичида некроз тўқималар топилмайди.

Лимфогранулёматозда – туберкулин синамаси манфий натижа беради. Беморларнинг кўкрак қафаси ва оёқлари қаттиқ оғрийди.

Бўйин ва ўмровнинг юқорисида периферик лимфа тугунлари 90-95 фоиз катталашади ва пайпаслаганда тахтадек қаттиқ бўлади, йирингламайди ва оғрийди.

Лимфогранулёматозда қон таҳлилида камқонлик, лейкоцитоз, нейтрофилия, лимфопения (кучаяди) ва эозинофилия кузатилади, сил касаллигида эса чуқур ўзгаришлар бўлмайди.

Рентгенологик манзараси: лимфа безлари икки томонлама симметрик жойлашган шишсимон, полициклик чегарали, шунинг ҳисобига кўкс оралиғининг юқори қисми кенгайиб, медиастенал плевра қавати қалинлашиб, "қувур"симон кўринишда бўлади, ассиметрик ҳолат камдан-кам учрайди.

№ 37, 17.09.2010 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.