Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Врач конспекти

ҚУВОНЧДАН ЁШЛАНГАН КЎЗЛАР...

Дунёга келдинг, мурғак қизалоқ, Ўсиб, улғайгин, бахтингни берсин. Биз бир сабабчи инсонмиз, бироқ, Оллоҳ, илоҳим шифосин берсин. Онанг яшамоқда бағрини тилиб, Ҳаёт ташвишлари у ёқда турсин. Сенинг дардингга бардошли бўлиб, Оллоҳ, илоҳим шифосин берсин.

28 июнь. Қуёш оловини пуркаган, ҳаво айни исиб, кишининг салқин хонадан ташқарига чиққиси келмайдиган ёз кунларидан бири. Аммо, ҳаёт қизғин давом этмоқда. Одамлар ҳаракатда.

Одатдагидек, шифокорлар эрталаб ўз иш жойларига келаркан, беморлар уларни кутиб, кўзлари тўрт бўлиб ўтирарди.

Соат 8.00.. Ходимлардан бирининг баланд овозда: "Мажлис вақти бўлди", деган чақириғи эшитилди.

Ҳамма ўз ўрнини эгаллади. 8-10 дақиқа давомида йиғилишда навбатчилик жараёнида беморларнинг аҳволи тўғрисида ахборот берилди. Ҳисобот якунига етар-етмас, эшик олдида турган ходимлардан бири келиб: "Азизбек, сизни сўраб икки аёл келишибди. Маслаҳатли иши бор экан", деди.

Биласизми, бундай гапларни эшитганда инсон жуда ғурурланиб кетади. Қалбим алланечук бўлиб, улар томон ошиқдим. Ахир, мендек, эндигина клиник ординатуранинг иккинчи босқичини тамомлаётган, юксак чўққиларни кўзлаб, устози ортидан илм сари олға қадам ташлаётган 27 ёшли интилувчан йигит учун бу улкан ифтихор.

Дадил-дадил қадам босиб, шижоат билан бўлим эшиги олдига яқинлашарканман, икки қўлида халта кўтариб олган, қайноналарга хос савлатга эга, ёшлари улуғ, бир умр меҳнат қилиб яшаган заҳматкаш аёл, иккинчиси эса ҳаёт ташвишларидан эзилган, қўлида ҳали онанинг бағридан ажралишни истамаган фарзандини юпатишга уринаётган бир "муштипар онаи¬зор" турарди.

Юрагим эзилиб кетди. Сездирмасликка ҳаракат қилиб, улар билан саломлашдим: "Ассалому алайкум. Келинглар, мен Азизбекман, нима хизмат?", дедим.

Шунда фарзандли аёл шоша-пиша рухсат сўрагандек бўлиб, ёнидаги шеригига бир нигоҳ ташлади-да, менга қараб:

– Биз Фарғонадан келдик. Сизга учрашишимизни айтишганди, – деди.

Унинг овозидаги ҳазинлик ҳар қандай дийдаси қаттиқ, юраги тош инсонни ҳам бир бора ўйланишга ундарди. Мен аёлнинг хатти-ҳаракатларини кузатиб, унга далда бўлсин деган мақсадда самимий гапира бошладим:

– Биздан нима ёрдам керак, тортинмай айтаверинг, қўлимиздан келганича ёрдам берамиз, – дедим.

Нима демоқчилигимни билиб, келиннинг ёнидаги онахон:

– Бизни домла Жуманазар Бекназаровга юборишди. Фарғонадаги шифокорлар сизларга учрашишимизни айтишди. Илтимос, бизни домла билан учраштиринг, – деди шошибгина.

– Майлику-я, ҳозир домла меҳнат таътили билан сафарга кетгандилар. Ичкарига киринглар, узоқ йўлдан ҳориб келибсизлар, батафсил гаплашамиз, – дея уларни шифокорлар хонасига бошладим. Хонада Мухибилло исмли домланинг тажрибали шогирди ўтирарди. Бу мен учун айни муддао эди:

– Мухибилло ака! Домлага Фарғонадан бемор юборишибди, маслаҳатингиз зарур, – дея илтимос қилдим.

Мухибилло ака "Олиб келинг-чи!" деди. Онахон билан аёлга қараб, киринглар опа, деб ўрнимдан турдим. Она хонадаги стулга ўтирар экан, қизалоғи дардига даво топилганидек ғамгин юзига илиқлик югуриб, шифокорга қаради.

– Эшитамиз, нима гап? Қизалоқни нима безовта қилаяпти, – деди Мухибилло ака.

– Қизим 9 ойлик, ўзи пешоб қила олмайди, ичини ҳуқна қилиб келтираман, – аёл фарзандини бағрига босиб, йиғламсираб сўзлади.

– Қачондан буён шундай? – дея аста-секинлик билан касаллик сабабини тамомила билишга киришди Мухибилло ака.

– 4 ойлигида Фарғонада орқа мия чуррасини операция усули билан олиб ташлашган. Ўшандан сўнг сийдик тутилиб қолиши касаллигига учради, – деди онаси.

Шифокор қизалоқнинг ҳолатини тўлиқ билиши учун саволлар беришда давом этди:

– Қанақа текширувлардан ўтказдингиз?

Аёл докторнинг саволига жавоб тариқасида сумкасидан бир талай қоғозларни чиқарди:

– Ҳамма текширув натижаларини олиб келганман. Мана, кўринг-чи, доктор. Фарғ¬онадаги докторларнинг айтишича, сийдиги буйрагига қайтиб чиқаётган экан. Чораси бормикан деб шу ергача келдик, – дея шифокорнинг кўзларига термилди онаизор.

Мухибилло ака синчковлик билан рент¬ген тасвирлари ва текширув қоғозларини бирма-бир кўриб чиқди-да, тасвирдаги маълумот ноаниқлигини тушуниб, менга қаради:

– Қизчани цистограмма текшируви қилиш керак, Азизбек!

Мухибилло аканинг нима демоқчилигини дарҳол тушундим:

– Хўп бўлади, ака. Бугун бажарамиз, – дедим-да аёлларга юзландим. Шуни кутиб тургандек онахон оғзини тўлдириб, нафаси бўғзига тиқилиб, гапира кетди:

– Азизбек! Текширув шу шифохонанинг ўзида қилинадими? – Шошибгина сўзлаётган онахоннинг ҳамма ташвишини англадим-да, хотиржам қилиш учун қандай ёрдам керак бўлса, улар билан бирга эканлигимни айтдим.

– Майли, Азизбек, биз пастда бўламиз, – деб, икки аёл хонадан чиқди.

Аёллар билан суҳбатлашиб, бемор қизалоқ ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлдим.

Мадинахон исмли бу қизалоқ 4 ойлигида орқа мия чурраси операциясини бошидан ўтказган. Шундан сўнг у ўзи мустақил на пешоб қила олади, на ичи келади. Яхшиямки, тоғдай бардошли онани яратган экан. Ҳаёт ташвишларидан эзилган аёл қизалоғини ўзи ҳуқна қилдириб, ичини келтирар, кечаси ухлаб ётган пайтида бирдан чинқираб қорнини ушлаб йиғлашини ва бу ҳолатда қовуғига сийдик чиқариш мосламаси (катетер)ни қўйиб, қизалоғини сийдиришини куюниб гапирди. Она қайта-қайта ҳар сўзининг орасида: "Азизбек, қизимни даволаса бўладими, айрим шифокорлар даволаб бўлмайди, умр бўйи шу ҳолатда қолади, дейишяпти. Шу гап ростми", дея сўрайверишидан юрагим безовта бўларди. Уларни тинчлантиришга уринардим.

– Шошилманглар, текширув натижасини кўрайлик, кейин сизнинг саволларингизга жавоб бера оламан. Хафа бўлманг, опа, Худойим суйган бандасига дард беради, давосини ҳам ўзи беради, албатта, – дедим бошқа гап топа олмасдан.

Қизалоқни рентген столига ётқизар эканман, бечора юзида қўрқув билан онасига интилиб: "Онажон мени бу ердан олиб кетинг", дегандек, йиғлай бошлади. Қизалоқнинг кўзларидаги мунг, овозидаги ингроқ, унинг дарди нечоғлик азоб бераётганлигини яна бир бор исботлаб турарди.

Жараён тугади. Текширув хулосасига кўра, ўнг томонда пешоб қовуқдан буйракка қайтиб чиқиб бораётгани аниқланди.

Ташхис аниқ! Қандай даво қилиш керак?! Бу муаммони фақат домла ҳал қила оларди. Бироқ у киши хизмат сафари билан Хоразмга кетган.

Онаси эса ҳар лаҳзани ғанимат билиб, тезроқ фарзандини бу азоблардан қут¬қаргиси келарди, шу боисми, такрор-такрор таъкидласам ҳам, бир саволни қайтараверарди: "Азизбек, домла қа¬чон келадилар?"...

Бу интиқлик беғубор, ҳали яшашнинг таъмини тўла татиб кўрмаган, ҳаётга ташналик билан қараётган мурғак қизалоқнинг тақдири учун кураш эди.

Ҳа, уларга албатта, ёрдам бериш керак. Қизалоққа ҳаёт бахш этиш зарур. Шу боис Мухибилло ака билан узоқ маслаҳатлашиб, маълум вақт муолажа қилиш кераклигини айтдик. Икки аёл хурсанд бўлганича айтилган фурсатда келамиз дейишиб, шифокорлар хонасидан хайрлашиб чиқиб кетишди.

Орадан 4 ой ўтди. Куз. Ҳар кунгидек менга бир нечта телефон қўнғироқлари бўларди. Беморлар домлани қаердан топиш кераклигини сўрарди. Ҳар бир қўнғироқдан бу ҳаётда кимгадир керак бўлиб яшаш нақадар буюк саодат эканлигини англардим. Қалбан мен изидан бораётганим – устоз Жуманазар акага ўхшагим келарди.

Мана, яна бир телефон қўнғироғи, лекин бу овоз бошқаларникидан фарқли. Жуда ғамгин, дардли, кўнгли тўлиб турган аёлнинг овози.

– Мен Фарғонадан телефон қиляпман. Мадинахоннинг аясиман.

Аввалига танимадим, сўнгра эсладим. Ҳол-аҳвол сўрадим. Аёлнинг турмуш ўртоғи жигар касаллиги билан оламдан ўтганини, шу сабабли белгиланган вақтда келиш имкони бўлмаганини изтироб билан сўзларди.

– Майли, опа, Худо дадасининг умрини сизга ва фарзандларига қўшиб берсин!

Аёлнинг сўзларини сабр билан тингладим-да, тасалли бериб, домланинг қабулига келаверишини айтдим.

* * *

Сийдик чиқариш мосламаси (катетер)ни олиб ташлаганимда, бемор бир кун сиймади, учрашганимизда аёл қизалоқнинг ҳолатини тушунтира бошлади.

– Чинқираб йиғлаб, иссиғи тушмади. Шифохонага олиб бориб яна сийдик чиқариш мосламаси (катетер)ни қўйдирдим. Бошқа иложим бўлмади.

Аёл сўниб бораётган шамдек сўзларди. Аммо ишонардимки, у тортган изтиробларининг рағбатини олади. Шамдек эриб борса-да, унинг шуъласини сақлаб қолишимиз кераклигини, ана шу ёғду билан у келажакда фарзандларининг йўлини ёритишини ҳис этардим. Ички бир куч билан ҳаёт майдонида – курашга отландим.

Қизалоқни қайтадан текширишга қарор қилдик.

Домла текширув натижаларини синчиклаб ўрганиб, пешоб ўнг томонда қовуқдан буйракка қараб чиқишини ва қовуқдан пешоб чиқиш йўлида тўсиқ борлигини тушунтирди. Операциядан бошқа чора йўқлигини, дорилар билан даволаб бўлмаслигини айтди...

* * *

Орадан 14 йил ўтди...

2014 йил. Ҳароратли кунлардан бири. Хизмат сафари билан Фарғона вилоятидаман. Айтганларича бор экан, водийнинг ҳавоси ўзгача ёқимли. Юмшоқфеъл одамлари шинаванда. Хуллас, беморларни текширувдан ўтказяпман-у, худдики, дам олаётган инсондай завқланяпман. Кай¬фия¬тимни яна бир ҳодиса янада ўзгартириб юборганини айтмасам бўлмайди.

Ҳа, халқимиз топиб айтади: "Тоғ тоғ билан учрашмайди, одам одам билан учрашади".

Қабулимга бир аёл 14-15 яшар қизи билан келди. Она ёнидаги қизига: "Кел қизим, кира қол, сени операция қилган докторинг келибди!" дея хурсандчилик билан ичкарига бошлади.

– Ассалому алайкум, Азизбек! Бизни танияпсизми? Қизим Мадинахонни эслай оласизми!

Уларга ажабланиб қараб турганимни кўриб, аёл сўзида давом этди:

– Чақалоқлик пайтида домла билан Тошкентда операция қилгансиз. Жуда оғир аҳволда эди.

Уларга термулиб, хотиралар жонлана бошлади. Йиллар ортга қайтди. Вақт¬нинг шиддат билан ўтишини қаранг. Мадина кап-катта қиз бўлибди-ку. Унинг соғлом бўй-бастини кўриб, лабимга табассум югурди:

– Сиз, ўшами, – беихтиёр ҳазиллашгим келди улар билан.

Аёл бирдан хандон отиб кулиб юборди. Шунча йилдан буён… Унинг неча бор ғамгин қиёфасини кўравериб, бу кулишлар худдики вулқон отилгандек хонани ларзага келтирди.

– Азизбек, ҳаммаси яхши! Зўр! Сизнинг келганингизни эшитиб, раҳмат айтиш учун келдик. Касалликнинг давоси йўқ, дейишганди айрим шифокорлар. Мана дунёда мўъжизалар ҳам бўлар экан-ку. Операциядан сўнг аста-секин яхши бўла бошлади. Ҳозир Худога шукр, ҳаммаси яхши! Сизлар қизимни ҳаётга қайтаргансизлар, Азизбек, домлангизга ҳам яна бир бор раҳматимизни айтиб қўясиз. Биз у инсондан то абад миннатдормиз, – дея аёл тўхтамай гапирар, ичидагини танига сиғдира олмасди. Шу боис унинг сўзларини бўлмай тингладим, қувончдан ёшланган кўзларини артиб, ўзини босиб олгач, қатъият билан бир сўз айтдим:

– Бу – бизнинг шифокорлик бурчимиз.

Ҳа, аёлнинг кейинги гаплари қулоғимга кирмасди, гўё. Танлаган касбим ва тақдирнинг инояти учун ич-ичимдан ғурурланардим.

Ана шундай улуғ, ўткир нигоҳ, кенг тафаккур, теран идрок соҳиби Жуманазар Бекназаровнинг шогирди бўлганимдан қувониб кетдим. Инсон саломатлиги нақадар улкан бойлик. Дардманларга бахт улашиб, улар билан елкама-елка курашиш, кўзларда шодлик кўриш учун яшаш нечоғлик буюк нашида. Мен чин ирода соҳибаси – ўша аёлнинг бир сўзини ҳанузгача унутолмайман. Ҳар тонг мана шу сўзни ёдга олиб, аъло кайфиятда ишга йўл оламан:

– Яхшиямки, бу дунёда шифокорлар бор экан. Бошларингиз омон бўлсин!

Мухсинжон АЛИМОВ.

Мамнуният билан айтилган бундай сўзларни эшитса, қайси шифокорда ўз касбига нисбатан меҳр-муҳаббат уй¬ғонмайди, дейсиз?

№ 30, 01.08.2014 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.