Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Врач конспекти

Болалар ва Ўсмирларда Ўпка ва Ўпкадан бошҚа аъзолар сили

Бирламчи сил

Инсон организмига биринчи марта сил таёқчаси тушиши натижасида ривожланган жараён, бирламчи сил деб аталади. Бу жараённинг ривожланиши, макроорганизмнинг иммунбиологик хусусияти, сил микобактерияси сони ва вирулентлик хусусияти, таъсирлаш вақти билан аниқланади. Одам организмидаги туғма табиий чидамлилик билан боғлиқ иммун тўсиқ натижасида сил микобактерияси билан зарарланган 90-95 фоиз шахсларда сил касаллиги ривожланмайди. Зимдан кечадиган ўзига хос кичик ўзгаришлар ривожланиши билан тугалланади. Иммунологик жиҳатдан курашиш даражаси паст, БЦЖ билан эмланмаган организмда бу жараён касаллик сифатида рўёбга чиқади.

Бирламчи сил белгилари, кўпинча, болалар ва ўсмирлар орасида топилади. Сил бўйича эпидемиологик ҳолатнинг турли даврларида бирламчи силнинг ҳар хил клиник манзараси кузатилади. Кейинги йилларда Ўзбекистонда кузатилаётган сил эпидемиологиясидаги салбий силжишлар бирламчи сил турларининг кўпроқ болалар орасида тарқалганини кўрсатмоқда. Умуман бирламчи сил, илк марта топилган сил беморларнинг 0,8-1 фоизини ташкил этади.

Патогенези ва

патологик анатомияси

Одам организмига тушган сил микобактерияси кўп ва вирулентлик хусусияти кучли бўлса, иммунбиологик тўсиқлардан ўтиб, қон оқими (бациллемия) орқали ретикуло-эндотелиал тизим аъзоларига жойлашади (лимфа тугунлари, суяк илиги ва бошқалар). Бу зимдан кечадиган даврда организмда рўй берган иммунологик ўзгаришлар натижасида, зарарлангандан кейин 6-8 ҳафта ичида туберкулинга сезгирлик (вираж) кузатилади. Шу даврда ўпка, жигар, талоқ, суяк илиги, юрак, сероз қопчиқлар, тери тўқималарида носпецифик ёки параспецифик яллиғланишга хос лимфоид, макрофогал ҳужайралар тўпланиши кузатилади. Сил жараёнининг кейинги ривожланишига одамнинг табиий ва сунъий иммунбиологик ҳолати жуда муҳим аҳамиятга эга. Ҳар хил сабаблар туфайли, иммунологик чидамлилик суст бўлган, БЦЖ вакцинаси билан эмланмаган ёки сифатсиз эмланган болаларда бирламчи силнинг локал турлари рўёбга чиқади. Кўпинча, патологик жараён лимфа тугунлари, ўпка, плеврада, баъзан суяк бўғимларда авж олади. Ушбу жараён специфик яллиғланишга хос белги бўлиб, сил гранулемаси ҳосил бўлиши билан ажралиб туради. Сил грануломалари эпителиоид, лимфоид ҳужайралар тўплами Пирогов-Лангханс гигант ҳужайраси, марказий казеоз тўпламидан иборат. Бу махсус яллиғланишнинг ҳажми кичик бўлса, касаллик суст ёки белгисиз кечиши мумкин. Фақат катта патологик ўзгаришлар мавжуд шароитда касалликнинг клиник, рентгенологик белгилари ривожланади ва манзараси кечиши бўйича бирламчи силнинг ҳар хил турлари тафовут қилинади. Бирламчи сил энди бошланган даврда ўзига хос клиник белгилар бўлмаслигига қарамай, туберкулинга сезгирлик кузатилса "вираж" диагнози қўйилади. Бундай болалар ва ўсмирлар сил ривожланадиган хавфли гуруҳга киради, шу туфайли, силга қарши диспансер кузатувида кимёпрофилактика ўтказиш керак бўлади.

Силдан заҳарланиш

Силдан заҳарланиш болалар ва ўсмирлар организми сил инфекцияси билан зарарланишнинг эрта даврида ўзига хос клиник кўринишда рўёбга чиқади. Силдан заҳарланишнинг барча белгилари организмда турли аъзолар ва тизимларнинг фаолияти, ўзгаришлар натижасида пайдо бўлади. Касаллик боланинг хулқ-атвори ўзгариши, тажанглик, ҳаракатчанлигининг сусайиши, иштаҳаси йўқолиши ва тез чарчаб қолиши каби белгилар билан бошланади.Кейинчалик боланинг тана ҳарорати субфебрил рақамгача кўтарилади, оза бошлайди. Бу белгилар, бошқа бир неча хил касалликларда учраганлиги туфайли, болалар ҳар хил касалликлардан даволанишади. Силга алоқадор бу белгилар, кўпинча, сил синамасига бирламчи мусбат – "вираж" билан айни бир вақтда содир бўлади. Касалликка диагноз қўйишда юқорида кўрсатилган белгилар қаторида, ташқи лимфа тугунларининг таъсирланиши жуда катта аҳамиятга эга, яъни бир неча (5-6) гуруҳ лимфа тугунлари катталашади. Ўзгарган лимфа тугунларини пайпаслаганда юмшоқлиги, кўп сонлилиги билдан ажралиб туради (микрополиадения). Касаллик узоққа чўзилганда лимфа тугунлари қаттиқ ёки тошдек қўзғалувчан бўлади.

Бу белгиларидан ташқари,ниқобли белгилар ҳам учраши мумкин. Бу белгилар, сил инфекциясига нисбатан ривожланган ўта сезгирлик натижасида рўёбга чиққан параспецифик белгилар тўпламидан иборат. Клиник манзарасига кўра, тез-тез қайталаб турадиган нафас йўллари яллиғланиши, тери эритемаси, кератоконъюктивит бўлиши мумкин. Шу клиник белгилар, силга алоқадор бўлмаган бошқа заҳарланишларда учрашини ҳисобга олиб, диагноз қўйишда бола анамнезига, сил беморлар билан мулоқотда бўлганлигини, сил синамасига сезгирлиги динамикаси, БЦЖ эмлаш сифати, бошқа касалликлар мавжудлигини ҳисобга олиш керак. Болани рентген текширувда, одатда, ўпканинг илдиз олди соҳаси сурати кучайиши кузатилади. Қон таҳлилида бир оз лейкоцитоз, нейтрофилез, ЭЧТ ошган бўлиши мумкин. Диагноз қўйишда сурункали тонзиллит,холецистит, гелментларга боғлиқ заҳарланиш аломатларидан ажратиш лозим.

Бирламчи сил мажмуаси

Патогенези. Сил таёқчалари нафас йўллари орқали ўпканинг периферик ва ҳаммадан кўп кенгаядиган қисми алвеола тўқималарига ўтириб, бирламчи сил мажмуасини (БСМ)пайдо қилади. Сил таёқчаларининг тарқалиши камдан-кам ўпканинг чап, кўпроқ ўнг томонида, юқори ва ўрта қисмида кузатилади. Сил таёқчалари ўпка алвеолаларига тушгач, кўпая бошлайди, натижада яллиғланиш ривожланиб, бирламчи сил аффекти (бирламчи ўпка аффекти) шаклланади, яллиғланиш давом этиши билан бир вақтда, плеврада ҳам ўзига хос ўзгаришлар содир бўлади.

Ўпка аффекти ҳосил бўлиш жараёни бошланишида бир нечта алвеолалар, кейинчалик эса яллиғланиш респиратор бронхиолаларни қамрайди. Шундай қилиб, бирламчи аффект (ўпка аффекти) бир нечта алвеолалардаги жараён, зотилжам ўчоғи сифатида тариқдек катталикда бўлади. Кўпинча, жараён 30-60 ва бундан кўп алвеолаларни қамраб олса, зотилжам ациноз ва бўлакча тусида бўлади. Ниҳоят, зотилжам ҳажми ўпканинг бир қисмини эгаллаб олиши мумкин. Бирламчи алвеолитнинг тарқалиши сил инфекциясининг миқдори ва вирулентлигига боғлиқ, у қанча кам вирулентли бўлса, ўчоқ ҳам шунча кичкина ёки аксинча бўлиши мумкин. Яллиғланиш ўчоғи бошланган даврда специфик хусусиятга эга бўлмайди.

Бу давр тезда специфик яллиғланишга ўтиб, сузмасимон ириш ривожланади. Бирламчи зарарланган ўчоқ казеоз зотилжам кўринишида бўлиб, тарқалиш майдони ациноз, лобуляр бўлиши мумкин. У доимо шишсимон тўқима билан ўралади (перифокал яллиғланиш) ва юзасида оқсил модда (фибрин) пайдо бўлиб, кейинчалик қаттиқлашади. Сил таёқчалари ўпкадаги бирламчи аффектдан лимфа йўллари, бронх ва қон-томирлар орқали тарқалган лимфангаит шаклланади ва регионар лимфа безларига ўтади. Кўрсатилган жараён регионар лимфа тугунларига ўтганда, ўпкадаги бирламчи аффектга ўхшаб, бошланғич даврида носпецифик яллиғланиш лимфа томирларида кузатилади. Бу яллиғланиш , тезда ўзига хос яллиғланишга айланади ҳамда сил тўқимаси ривожланишини четлаб ўтиб, сузмасимон ирий бошлайди. Баъзи бир ҳолларда лимфа безнинг ҳаммаси ирий бошлайди, шундай қилиб лимфаденит пайдо бўлади. Бу уч компонент – бирламчи аффект, лимфангит ва лимфаденит бирламчи сил мажмуасини ташкил этади. Сил касаллигига тўлқинсимон кечиш хос бўлганидан бирламчи мажмуаси морфологик жиҳатдан турли хил бўлиши мукин. Зардобли ўзгаришлар ириган тўқимага, сўнгра яна зардобли некроз ҳолатига ўтади ва ҳоказо. БСМ қайтар экан, перифокал яллиғланиш зоналари йўқолиб, экссудатив жараён продуктив жараёнга ўтиб, ғилофланиш ривожланади.

Бирламчи ўчоқ, атрофидаги ўпка тўқимасидан, қалин қўшма тўқимали ғилоф билан ажралади, оҳакланиш, айрим ҳолларда суяк тўқимаси ривожланади. Лимфа безларида жараён секин қайтади, оқсилли ғилофланиш ва оҳакланиш кузатилади.

Бирламчи сил мажмуасининг

хусусиятлари

1. БСМ организмнинг ўзига хос сезгирлиги замирида, силга иммунитет бўлмаганда ва вакцинациядан кейинги иммунитетнинг сусайиши асосида кечади.

2. БСМ да регионар лимфа тугунлари ҳам зарарланади ва сузмасимон иришга мойиллик бўлади.

3. Эмланмаган болаларда БСМ жуда тез тарқалиш хусусиятига эга (лимфа қон-томирлари орқали сил таёқчалари тарқалиб, менингит ривожланади).

4. Гўдакларда БСМ даги жараён ўткир ва оғир (сегментар ва лобит) кечади.

5. Сероз пардалар ҳам зарарланади (плеврит).

6. Кўпчилик ҳолларда жараён ўз-ўзидан тузалиб, оҳакланиши мумкин (Гон ўчоғи шаклланади).

БСМ – болаларда бирламчи силнинг асосий турларидан биридир. Ҳозирги вақтда, сил эпидемияси кескинлашиб бораётган шароитда бу клиник турнинг ривожланишига қуйидаги омиллар таъсир қилади: сил ўчоқларида катта миқдорда сил таёқчасини ажратувчи беморлар билан мулоқотда бўлиш; БЦЖ вакцинациясининг айрим сабабларга кўра, вақтида қилинмаганлиги ёки самарасизлиги; респиратор инфекциялар, сурункали инфекцион касалликлар ва ҳоказолар.

БСМ 95 фоиз ўпка тўқимасида ривожланади. Ҳозирги вақтда БСМ ўпка қисми кўкрак қафаси лимфа безлари зарарлангандан кейин ривожланиши кўпаймоқда. Бунда ўпкада сил ўчоғи кечроқ ривожланиб, ҳажми кичкина бўлади, кичикроқ перифокал яллиғланиш кузатилмоқда. Ўпкадаги ўчоқ эмас, кўкрак қафаси лимфа безларидаги ўзига хос ўзгаришлар касалликнинг клиник манзарасини белгиламоқда.

Касалликнинг

клиник кўриниши

БСМ клиник аломатлари ҳар хил ва морфологик ўзгаришлар даражасига (казеос ўчоқ, перифокал яллиғланиш соҳаси ҳажми), организмнинг реактивлигига, инфекциянинг вирулентлигига ҳамда боланинг ёшига боғлиқ бўлади. Шунинг учун 7 ёшгача бўлган болаларда БСМ клиник белгилари кучли ривожланган бўлади, чунки морфологик жиҳатдан катта перифокал яллиғланиш кузатилади. Ўпкадаги жараён бир ёки ундан кўп бўлакчаларни эгаллайди, баъзи ҳолларда бир бўлакда тус олади. Бу ёшда ўпка тўқимасининг шаклланиши тугалланмаган, лимфа томирлар тирқишлари кенг, лимфа қон-томирларига бой бириктирувчи тўқима тўсиқлари яллиғланишнинг тез тарқалишига сабаб бўлади. Бирламчи ўчоқ ҳажми кичик, перифокал яллиғланиш бўлмаса ёки сезиларли даражада бўлмаса, кўкрак қафаси ичи лимфа тугунларидаги ўзгаришлар чегараланган бўлса, БСМнинг клиник белгилари билинмайди ёки белгилари кам намоён бўлади. Шунинг учун, кўпинча, бирламчи сил мажмуаси зимдан кечиб, оҳакланиш даврида флюорографик текширганда аниқланмоқда.

Клиник белгиларига кўра, бирламчи сил комплекси 4 та турга бўлинади, касалликнинг кечиши бўйича текис ва асоратли турлари тафовут бўлади.

1. Пневмонияли (зотилжамли) тури – ўзига хос жараённинг яллиғланган даврига тўғри келади. У кучли ривожланган белгилар билан кечиб, носпецифик зотилжамга ўхшайди, тана ҳарорати 38-39°С гача кўтарилиб, иштаҳа пасаяди, ҳолсизлик, чарчаш кучаяди, бемор балғамсиз йўталади, қаттиқ заҳарланиш белгилари рўёбга чиқади. Баъзи ҳолларда касаллик аста-секин бошланиб, бир неча ҳафта ичида ривожланиб кетади, бу вақтда беморнинг аҳволи яхши бўлиб, ҳарорати субфебрил бўлади. Йўтал икки товушли бўлиб, бронхлар зарарланиб, қуруқ, хуружли бўлади. Периферик лимфа безларининг 5 ва ундан кўп гуруҳлари пайпаслаганда, юмшоқ эластик консистенцияли, ҳаракатчан, оғриқсиз бўлади.

БСМда перкутор (тўқиллатиш) ўзгаришлар кўпроқ диагностик аҳамиятга эга; ўпка тўқимаси яллиғланган жойда перкутор товушнинг қисқариши ёки бўғиқлиги эшитилади. Ёш болаларда бўғиқ товуш сегмент ёки ўпка қисми доирасида аниқланиши мумкин. 2 ТБ Манту синамаси мусбат бўлади. Ёш болаларда бу жараён ўта мусбат (гиперергик) бўлиб, баъзи ҳолларда натижа манфий бўлиши мумкин. Қон таркибида касалликнинг бошланишида лейкоцитоз 8-10 минг бўлади, нейтрофиллар кўпаяди, эритроцитларнинг чўкиш тезлиги соатига 25-30 мм. га ортади. Болалар камдан-кам балғам ташлайди. Шу сабабли, сил микобактерияларини аниқлаш учун провакцион ингаляция усуллари қўлланади, бронх ва ошқозоннинг ювиндисидан фойдаланилади.

2. Гриппсимон тури – клиник кечиши гриппга ўхшаш бўлади. Касаллик ўткир бошланиб, тана ҳарорати кўтарилади, бадан увишади, бурун оқади, аксириш, конъюктивит ҳамда йўтал кузатилади. Бу белгилар 4-5 ҳафта давом этади, иситмани туширадиган дорилар таъсир қилмайди, бир ой ва ундан узоққа чўзилади.

3.Тифга ўхшаш (ич терламасимон) тури – клиник манзарасига кўра, қорин тифига (ич терламасимон) ўхшайди. Бирдан бошланиб, бош оғрийди, тил қуруқ, оқиш-кулранг караш билан қопланади. Ўпкада физикал ўзгаришлар бўлмайди, зарарланган ўчоқ устида перкутор товуш бўғиқ эшитилади. Юрак тонлари бўғиқ, систолик шовқин, тахикардия (қорин тифида -брадикардия). Қорин оғрийди, жигар катталашади, беморнинг эс-ҳуши беқарор бўлиб қолади. Гемограммада лейкоцитоз 12.0.109/л ортиқ ва лимфопения кузатилади. Сил синамаси – мусбат (қорин тифида – манфий) бўлади.

4. Кам белгили тури – мактаб ёшидаги болаларда клиник ва заҳарланиш белгилари кузатилмайди, флюорографик текширишда аниқланади.

Текис кечувчи бирламчи сил комплекси, асоратсиз кечганда БСК 2-4 ҳафтада ўткир клиник белгилари даволанмаса ҳам ўз-ўзидан ўтиб кетади, субфебрилитет узоқ сақланади. Гемограммада ЭЧТ камайиши, лейкоцитоз ҳамда лимфоцитларнинг камайиши кузатилади. Заҳарланиш белгилари сақланади ва яна ҳам зўраяди. Болаларда иштаҳа бўлмайди, ўсишдан орқада қолади, озиб кетади, жиззаки бўлиб қолади.

Рентгенологик тасвири. Бир текис БСМда К. В. Помелцов тўрта босқични ажратади:

1. Пневмоник – яллиғланиш даври;

2. Сўрилиш даври – икки қутблилик даври;

3. Зичланиш даври;

4. Оҳакланиш – Гон ўчоғи шаклланиши.

А. УБАЙДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги.

№ 35, 03.09.2010 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.