Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Мутахассис маслаҳати

ҲОМИЛАДОРЛИКНИ СОҒЛОМ ЎТКАЗИШНИНГ АЙРИМ ҚОИДАЛАРИ ВА УЛАРНИ БАЖАРИШ ҲАҚИДА МУЛОҲАЗАЛАР

Ҳомиладорликни соғлом ўтказиш жараёнига ниҳоятда катта эътибор қаратиш ва унга қўйилган талабларни меъёрида бажариш, аввало, тиббиёт ходимлари ҳамда ҳар бир оила олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу боис, фарзанд кутаётган бўлажак она, албатта, тиббий қоидаларга амал қилиши, ўз вақтида шифокор кўригига бориши, рўйхатдан ўтиши зарур.

Бугунги мавзуимизни бежиз ҳомиладорликни соғлом ўтказиш ҳақида мулоҳазалар деб танламадик. Сабаби, давлатимиз томонидан соҳага оид чиқарилаётган фармон ва қарорларнинг аксарият қисми она ва бола саломатлигига қаратилган бўлиб, улар замирида соғлом онадан соғлом фарзанднинг дунёга келиши асосий мақсад этиб белгиланади.

Шу ўринда таъкидлаш муҳимки, никоҳдан сўнг ҳомиладор бўлган аёл она бўлишдек, улуғ бахтни ҳис этиш ва туғилажак фарзанди соғлом бўлишини истайди. Бунинг учун ҳомиладор аёл тиббиёт нуқтаи назаридан саломатлиги, қолаверса, ҳомиланинг тўғри ривожланишига эътибор қаратиши лозим. Шифокор кўригидан ўтиб бўлгач, ҳомиладорликнинг асосий даврида оғир юк кўтармаслик, шамоллашдан сақланиш, стресслар олмаслик, уйда чекувчилар бўлса, улардан узоқроқ бўлиши, гипоксия ҳолатига тушиб қолмаслик кабиларга аҳамият бериши керак.

Ҳомиладорликнинг куртак аъзолар ҳосил бўлиш даврлари ҳам шундай хавфли, чунки бу даврларда салбий таъсирлар бир неча туғма оғир нуқсонларга сабаб бўлиши мумкин. Масалан, ҳомиланинг 19-21 кунлари асаб ва 23-24 кунлари юрак қон-томирлар тизимига асос солинади ва бошқалар. Агар ҳомиланинг ушбу ривожланиш даврида онада шамоллаш, руҳий зўриқиш, нотўғри овқатланиш ёки асабий ҳолатлар юзага келса, ҳомила туғма нуқсонлар билан шаклланиши табиий. Бунинг учун оилада ҳомиладор аёлга самимий муносабатда бўлиш, шифокор қабулига турмуш ўртоғи ёки оила аъзоларининг бирортаси билан бирга борилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳомиладор аёл ҳомила ривожланишида бўладиган қалтис даврларни ҳам билиб қўйгани яхши. Чунки бу даврда ташқи ва ички салбий таъсирлар остида организмнинг тузилиши, жинсий ҳужайраларнинг ривожланиши, ҳомила меъёрий тараққиётининг бузилиши кузатилади. Қалтис даврлар умумий ва хусусий кўринишга бўлинади ва у ҳомила ривожланишининг бир босқичидан иккинчи босқичига ўтиш даврига тўғри келади.

Умумий қалтис даврлар:

- имплантация - оталанишдан сўнг 6-9 кунлари (ҳомиланинг бачадон деворига кириши);

- плацентация – йўлдош ҳосил бўлишининг бошланиши (ҳомиладорлик бошлангандан сўнг иккинчи ҳафта охири);

- туғиш - перинатал давр.

Хусусий қалтис даврлар аъзолар, аъзо тизимлариниг шаклланиш даврида кўпроқ бўлади. Шунинг учун баъзи адабиётларда 21 тагача қалтис давр ажратилади. Инсон тарақиётида (онтогенезида) учрайдиган асосий қалтис даврлар:

- гаметогенез (овогенез ва сперматогенез) жинсий ҳужайраларнинг тараққиёти. Овогенез аёлда 28 кун, сперматогенез эркакларда 75 кун давом этади ва бу даврдаги салбий таъсирлар касалланган ҳужайраларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Касалланган ҳужайралар билан оталанган ҳомилада, албатта, туғма камчилик бўлади.

- Имплантация – ҳомиланинг бачадон деворига кириши.

- Плацентация-йўлдошнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши.

- Куртак аъзолар ҳосил бўлиши (оталанишдан сўнг 3-ҳафта бошларидан-8 ҳафталаргача). 17-кунларда ҳомила варақлари, 19-21 кунларда нерв найи ҳосил бўлади.

- Бош миянинг кучли тараққиёти ва ўсиши (15-20 ҳафталар).

- Асосий тизимлар ва жинсий аъзолар шаклланиши ва тараққиёти (20-24 ҳафталар),

- Туғилиш даври,

- Чақалоқлик даври (бир ойгача),

- Балоғат ёши (12-16 ёш).

Бу даврларни ҳар бир ҳомиладор аёл ва шифокорлар билиши зарур. Айтиш муҳимки, ҳомила ривожланиш даврида унда туғма нуқсонлар борлигини аниқлаш учун ҳомиладор аёллар скрининг марказларидан энг камида икки марта (12-24 ҳафталар. 32-36 ҳафталар) ультра товуш ташхисидан (УТТ) ўтишлари лозим. 16-18 ҳафталарда қон зардобида альфа-протеин аниқланади ва бу билан марказий асаб тизимидаги, шунингдек, хромосомалардаги ўзгаришлар (масалан, трисомия – Даун касаллиги бўлиши мумкин) аниқланади. Касалликка қараб даволаш усуллари қўлланилади. Тиббиёт ривожи шуни тасдиқламоқдаки, ҳозирда ҳомилада туғма нуқсон бўлса, уни жарроҳлик йўли билан бартараф этиш имкони мавжуд. Туғма нуқсонларга қуйидаги ҳолатлар сабаб бўлиши мумкин.

- Ота-оналардаги ирсий касаликларнинг ген ва хромосомалар орқали ҳомилага ўтиши,

- Экзоген омиллар. Носоз экология, дорилар, ҳар хил заҳарланишлар.

- Кўп омилли тасиротлар (мультифактор), генетик ва экзоген омиллар таъсири,

Булардан ташқари, ҳомиладорликнинг қайси босқичида зарарли омиллар таъсир этишига кўра, 4 хил нуқсон вужудга келиши мумкин.

- Гаметопатиялар – зигота давридан бошланади.

- Бластопатия – куртак ҳужайралар давридан бошланади. Бу икки даврдаги патологияда ҳомила тараққий этмайди,

- Эмбриопатия – 15-кундан 8-хафтагача; бу даврда асосий туғма нуқсонлар пайдо бўлади.

- Фетопатия – ҳомиладорликнинг 10- ҳафталаридан бошланади ва кўпроқ умумий ўзгаришлар юз беради, ақлий нуқсонлар, ўсишнинг орқада қолиши, ҳомила гипотрофияси ва бошқалар намоён бўлади.

Ҳомиладорлик даври

маданияти

Ҳомиладор она ўзини эркин тутиши, эҳтиросларга берилмаслиги, асабийлашиб, жанжалли ҳолатларга аралашмаслиги керак. У доимий кўтаринки кайфиятда бўлиши, табиат манзараларидан баҳра олиши, турли адабиёт, қўлланма ва кўрсатмаларни ўқиб туриши ҳамда уларга амал қилиш мақсадга мувофиқ. Маълумотларга қараганда, ҳозир дунёда сурункали чарчаш синдромлари аниқланган. 2009 йилдаги далилларга кўра, биргина АҚШда бу синдром ҳар юз минг одамдан 10 мингида учрайди. Қарангки, уларнинг асосини аёллар ташкил этар экан. Бу касалликнинг сабаблари доимий стресслар, чарчаш ва ҳаёт ташвишларидан иборатдир. Мазкур ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳомиладор аёл ҳолатини турмуш ўртоғидан тортиб, оила аъзоларининг ҳаммаси тушуниши, қолаверса, керакли шароит ва имкониятларни яратиб бериши зарур.

Ҳомиладор аёлга қуйидагилар тақиқланади

- гўзаллик салонида ҳар хил ҳимиявий моддаларни танага, тирноқларга, сочга ишлатиш,

- инфекция эпидемияси бор ҳудудларга бориш,

- овқатни кўп истеъмол қилиш ва тана вазнининг ошиши,

- оч қолиш,

- охирги уч ойликда узоқ йўлга чиқиш (самолёт, поезд, автотранспорт).

Ҳомиладорлик ва экология

масалалари

Дунё миқёсида глобал муаммога айланиб бораётган экологик омилларнинг ўзгариши натижасида болаларда учрайдиган туғма нуқсонлар сони ортиб бораётганлиги барча соҳа мутахассисларини ташвишга солаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас.

Ҳомиладаорлик ва баланд

товушлар

Ҳомиладорлик даврида паст товушлар 40-децибал (дб) ҳомилага ҳам, бўлажак она организмига ҳам яхши таъсир этади. Мутахассислар фикрига қараганда, баланд товушлар (80-150 дб) она ва бола организмига салбий таъсир этиб, айниқса, боланинг эшитиш қобилияти кескин пасайиб кетар экан. Бунинг тасдиғи сифатида айтиш муҳимки, Стокгольм Қироли университетиниг Атроф-муҳит тиббиёт институти ходимлари маълумотига (интернет маьлумоти) кўра, баланд товушли ишлаб чиқариш корхоналарида ишлаган ҳомиладор аёллардан туғилган болаларнинг кўпчилигида эшитиш қобилияти сусайганлиги аниқланган. Масалан, Швецияда 1986-2008 йилларда 1,4 миллион нафар боланинг эшитиш қобилияти ўрганилганда корхонада товуш баландлиги 85 дб. дан ортиқ бўлганда туғилган болалаларда эшитиш қобилият кескин пасайгани кузатилган. Шунга кўра, Швеция олимлари "Ҳомиладор аёллар баланд товуш таъсирларидан сақланиш" шиорини ўртага ташлашган…

Ҳомиладорлик ва ифлослашган

атмосфера

Ҳозирда атмосферанинг ифлосланиши кескин ортиб бормоқда. Биринчи навбатда автотранспортларнинг кўпайиб бораётганлиги ва улардан чиқаётган газлар таркибида 200 дан ортиқ заҳарли моддалар борлигини барчамиз яхши биламиз. АҚШ ва Франция олимлари берган хабарлаларга кўра, атмосфера ҳавосида майда зарарли заррачалар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда ва натижада 18-22 фоиз туғилган болаларнинг оғирлиги меъёридан кам бўлмоқда. Юта штати ҳар йили бир неча бор "Юта штати шифокорлари тоза атмосфера ҳавоси учун" номли семинар ташкил этиб, юрак зўриқиши, инсультлар, қоннинг қуйилиши ва туғма нуқсонли касалликларнинг атмосфера ҳавосининг ифлосланишидан келиб чиқаётганлиги тўғрисида тадбир иштирокчиларига чуқур маълумотлар берадилар. Шунингдек, ҳомиладор аёл ҳомиладорликнинг иккинчи ойида озон ва углерод оксиди баланд бўлган ҳаводан нафас олганда, ундан туғиладиган болада туғма нуқсонлар сони 3 мартагача кўп бўлганлиги аниқланган.

Қуёш нурлари таъсири

Кейинги йилларда ультрабинафша нурларнинг озон қатламларидан ўтиши осонлашган. Чунки, озон қатламлари юпқалашиб, озон тешикларининг кўпайганлиги ҳақида адабиётлар етарли. Озон қатламининг юпқалашуви ва тешикларнинг пайдо бўлишига кўпроқ автомобил газлари, ҳозирда глобал иссиқлик натижасида ген мутациялари, онкологик касалликларнинг кўпайиши ҳомиладор аёллар саломатлигига ҳам таъсир этиш билан бирга, қуёш нури натижасида теридаги ўзгариш, холларнинг кўпайиши, иммун ҳимоянинг пасайиши сезилади. Бундай ҳолатлардан сақланиш учун рухсат этилган крем ва қуёшдан ҳимояловчи кузойнаклардан фойдаланиш мумкин.

Ифлосланган сув таъсири

Сувларда зарарли микроб, паразит ва кимёвий моддалар бўлиши табиий. Шундай экан, кейинги йилларда ҳомиладор аёлларга хлорланган водопровод сувидан ичиш ман этилмоқда. Қайнатилган хлорланган сувда диоксидлар кўпайиб, улар имунитет ва репродуктив эндокрин тизимларга таъсир этиши ҳамда онкологик, генетик аномалияларга олиб келиши мумкин экан. Инсон экологияси ва атроф-муҳит гигиенаси илмий текшириш институти мутахассислари муддати ўтмаган шиша идишлардаги сувлардан фойдаланишни тавсия этадилар. Уларнинг таркибида фойдали элементлар кальций, натрий, магний ва калий бор.

Ҳомиладорликка электромагнит

нурларининг таъсири

Ҳозирги цивилизация даврида телекомуникация, мобиль телефонлар, радар сингари маиший жиҳозларнинг кўпайиб бориши инсон организмига электромагнит таьсирларини кучайтирмоқда. Ҳомиладор аёл электромагнит майдонида кўпроқ қолганда, ҳомиланинг тушиб кетиши, муддатидан олдин туғилиши, туғма нуқсонларнинг кўпайиши аниқланган. Масалан, Британияда мобиль телефонларнинг кўп ишлатилиши натижасида ҳомила миясида ўсмалар пайдо бўлиш эҳтимоли кўпаймоқда. Россия олимларининг олиб борган тадқиқотлари шуни кўрсатдики, инкубацияга қўйилган икки гуруҳ тухумлар бирининг ёнига мобиль телефон қўйилганда, бу гуруҳдаги тухумлар жўжа очмаган. 1980-йилларда АҚШ, Канада, Испания ва Швеция олимларининг аниқлашича, компьютер мониторлари, телевизорлардан пайдо бўладиган ўзгарувчан магнит майдонлари жуда кўп акушер-гинекологик муаммоларни келтириб чиқарган.

Ҳомиладор аёл ва тамаки тутуни

Тамаки тутунида 2000 дан ортиқ кимёвий бирикма бор. Улар таркибига стирол, бензол, ксилол, этил бензол, никотин, фенол ва бошқалар киради. Пассив чекувчанлик кашандага қараганда ён-атрофидан ўтирган инсонлар организмига жиддий зарар кўрсатади. АҚШда ўтказилган тадқиқотларга кўра, пассив чекишдан юрак, ўпка ва бошқа касалликлардан ҳар йили 60 минг нафар одам вафот этади. Кўп давлатларда чекиш ман қилинган. Масалан, Хитойнинг айрим ҳудудларида 2015 йилдан чекиш тақиқланиб, чекувчилар жарима тўлайдилар (маҳсус жарима ташкилотлари фаолият кўрсатади). Хулоса ўрнида айтиш жоизки, мамлакатимизда ёшлар, айниқса, ёш аёлларнинг чекишларига асло йўл қўймаслигимиз керак. Мазкур йўналишда олиб борилаётган тадбирларга қарамай, пойтахтимиздаги бир қанча коллеж ва институт ёшлари ичида 20 фоиздан ортиқ чекувчилар борлиги аниқланди. Бу албатта, ачинарли ҳол. Бу каби зарарли одатларнинг олдини олиш учун таълим, маҳалла, идора ва ташкилотлар ҳамда тиббий муассасалар ҳамкорликда иш олиб боришлари даврнинг муҳим талабларидан бирига айланмоқда. Демак, тамаки тутунининг зарари онадан кўра ҳомилага салбий таъсир қилиши натижасида носоғлом фарзанд дунёга келиши муқаррар.

Ҳомиладорлик ва озиқ-овқат экологияси

Шифокорларнинг фикрича, овқатга қўшиладиган турли хил табиий хомашёлар чуқур кимёвий қайта ишлаганда уларнинг фойдали томони камаяди. Айниқса, кимёвий бўёқлар билан газлаштирилган ва ширинлаштирилган овқатлар инсонлар организмига салбий таъсир этади. Шу ерда ҳомиладор аёлларнинг суткалик овқат рационига ҳам эътибор қаратайлик. Ҳомиладорликнинг биринчи ярмида овқат калорияси 2400-2700 к.кал. бўлиши мақсадга мувофиқ. Оқсиллар кунига 110 гр. атрофида (шундан 50 фоиз ҳайвонлар оқсили). Ёғлар 75 гр. (ҳомиладор аёллар овқат рационида 40 фоиз ўсимлик ёғи бўлиши керак), углеводлар кунига 350 гр. бўлиб, қолган углеводлар клетчатка-крахмалга бой нон маҳсулотлари, мева ва сабзавотлардан олинади. Витаминлар ва микроэлементларнинг ҳомиладорлар учун ишланган суткалик нормаси қуйидагича. Витамин А-800 мкг, Д-10 мкг, К-65 мкг, С-70 мг, В-1-1,5 гр, В-2-1,6 гр, витамин ПП-17 мг, фоли кислотаси- 400 мкг. Микроэлементлар калций –1200 мг, фосфор-1200 мг, магний 320- мг, темир-30 мг, рух-15 мг, йод -115 мкг, селен –160 мкг.

Ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида овқат калорияси 2800-3000 к.кал. бўлиши лозим. Ҳомиладор аёл суткасига оқсиллар 120 гр., ёғ 85 гр., углевод 400 гр.гача бўлиши, бундан ташқари, овқатланиш сони ортиб, кам миқдорда тез-тез овқатланиб туриш тавсия этилади.

Юқорида келтирилган фикрлардан хулоса қиладиган бўлсак, ҳомиладор аёл ва унинг оила аъзолари ҳар бир меъёрий қоидаларга қатъий риоя қилсаларгина, соғлом онадан – соғлом фарзандлар дунёга келиши, бу албатта, жамиятимиз тарққиётининг равнақ топишида асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Эркин ТУРСУНОВ, Тошкент педиатрия тиббиёт институти гистология- цитология, эмбриология кафедрасининг профессори.

№ 22, 01.06.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.