Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Мутахассис маслаҳати

ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИШ — САЛОМАТЛИК ГАРОВИ

Соғлом турмуш тарзи – бугуннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Шу боис, аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш ва жисмоний фаолликни ошириш, спиртли ичимлик ҳамда тамаки маҳсулотлари истеъмоли каби зарарли одатларга қарши кураш чораларини кенг тарғиб қилишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Жумладан, тўғри овқатланиш қоидалари борасида ҳам ана шундай дейиш мумкин. Овқатланиш – тиббий нуқтаи назардан ёш, тана тузилиши, иқлим ёки касаллик бўлса унинг тури ва давридан келиб чиқиб турли хил тартиб ва таркибда тавсия этилади. Бироқ, кўпчилик "рационал овқатланиш" деганда, мазали, тўйимли, юқори калорияли таомларни истеъмол қилишни назарда тутади. Аммо, кузатувлар шуни кўрсатадики, юқори сифатли ун маҳсулотлари ва ҳайвон ёғидан тайёрланган таомлар ҳамда ширинликларни меъёридан ортиқ тановул қилиш инсон организмининг қатор аъзоларида касалликлар пайдо бўлишига олиб келади. Сабаби, бу каби таомлар тана вазни ортиши – семизлик, қонда холестерин миқдори ошиши, жигарни ёғ босиши, ошқозон ости бези хасталикларини келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Натижада, меҳнат фаолияти сусайиб, ҳаёт сифати ёмонлашади. Негаки, улар истеъмолидаги меъёр ортиши организмда оқсил, углевод, ёғлар мувозанати бузилишига хизмат қилади.

Тиббиётда ҳазм аъзолари (ошқозон-ичаклар, жигар ва ўт пуфаги, ошқозон ости бези) касалликларини гастроэнтерология фани ўрганади. Республикамизда ҳазм аъзолари касалликлари кўп тарқалган бўлиб, меъданинг яллиғланиши – гастритлар, ўн икки бармоқ ичак яраси ва яллиғланиши – дуоденит, ингичка ва йўғон ичак яллиғланиши – энтероколитлар, жигар ва ўт пуфаги яллиғланиши – гепатит ва холециститлар, ошқозон ости бези яллиғланиши – панкреатитлар ва бошқа шаклларда учрайди. Ҳазм аъзолари касалликлари келиб чиқишида турли физик, кимёвий, микробиологик омилларнинг салбий таъсирлари, спиртли ичимликлар, айниқса, рационал овқатланиш тартиби бузилиши сабаб бўлади. Овқат таркибида кўп миқдорда аччиқ, шўр, ёғли, дудланган, нордон маҳсулотлар бўлиши эса хасталикнинг ривожланишига замин яратади. Ушбу касалликларни даволаш мажмуасида дори-дармонлар, физиотерапия, фитотерапия (шифобахш ўтлар ёрдамида даволаш) қаторида шифобахш овқатланиш – диетотерапия ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шифобахш овқатланиш меъёридагидан ўзининг таркиби ва тайёрлаш усуллари билан фарқ қилади. У касал организмнинг озиқа моддаларига бўлган эҳтиёжини таъминлаши, яъни физиологик томондан тўла қимматга эга бўлиши ва касал аъзонинг функциясини тиклашга ёрдам бериши керак. Шифобахш овқатланиш ҳар бир касалликнинг ўзига хос хусусиятлари, клиник кечишини ҳисобга олган ҳолда тузилади ва унинг маълум даврига мўлжалланади. Чунки парҳез таомлар таркиби ва миқдори маълум чекланишларга йўл қўйилгани учун уларни беморга узоқ муддатга буюриш мумкин эмас.

Ҳазм аъзолари касалликларида қуйидаги таом ва овқат маҳсулотлари тавсия этилмайди: иссиқ нон ва нон маҳсулотлари, ёғли гўшт, қовурилган таомлар, кучли гўштли шўрвалар, жўхори, перловка ёрмалари, мош, нўхатдан тайёрланган таомлар, нордон, шўр, аччиқ дудланган маҳсулотлар, спиртли ва газли ичимликлар, аччиқ чой, қаҳва, какао, музқаймоқ. Шунингдек, мол ва қўй ёғи, консерва маҳсулотлари, маргаринда тайёрланган маҳсулотлар, хом мевалар, пиёз, саримсоқ, турп, мариновка қилинган маҳсулотлар, шоколад ва тез тайёрланадиган таомларни ҳам истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ эмас.

Тавсия этиладиган озуқа маҳсулотлари ва таомлар: бир кун олдинги ёки қуритилган нон, қуруқ печенье, қайнатилган мол гўшти, тухум, эзиб яхши пишган макка ёрмаси, гуруч, сули, қора буғдой бўтқалари (ширгуруч, шовла, ширқовоқ, макка бўтқаси), ёвғон хўрда, ширали шўрвалар, буғда пишган гўштли таомлар, қайнатилган тил, жигар, духовкада пиширилган гўшт, кефир, ёғсиз қатиқ, қаймоқ, чучук пишлоқ, чала пишган тухум, эзилган картошка, пиширилган қовоқ, сабзи, лавлаги ва чучук помидорлар. Ўсимлик ёғида димланган таомлар, пишган сабзавотлардан турли салатлар, ширин меваларни пишириб ёки димлаб тайёрланган десертлар, асал, мурабболар, шакар, шунингдек, суюқ чой, кисель, ширин шарбатлар, наъматак суви ва минерал сувлар тавсия этилади.

М. КАРИМОВ, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази ошқозон-ичак касалликлари бўлими илмий раҳбари, тиббиёт фанлари доктори.

№ 1, 05.01.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.