Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Мутахассис маслаҳати

ИНСОН САЛОМАТЛИГИДА УЙҚУНИНГ АҲАМИЯТИ

Соғлом турмуш тарзига амал қилиш билан ёндашар эканмиз, бу борада эътибор қаратишимиз лозим бўлган масалалар талайгина. Жумладан, инсон фаолияти учун талаб этиладиган зарурий эҳтиёжлардан бири уйқунинг аҳамияти хусусида ҳам шундай дейиш мумкин.

Дарҳақиқат, тана дам олишининг бир кўриниши – бу меъёрий уйқудир. Қолаверса, ҳаётий фаолият, яъни ўқиш, ишлаш кабиларнинг тўлиқ бажарилиши учун етарлича дам олиш, тиниқиб ухлаш зарур. Сабаби, кун давомида йўқотилган энергия заҳиралари айнан уйқу ёрдамида қайта тикланади. У организмни тетиклаштиради, тинчлантириб, фикрларни тиниқлаштиради. Шунингдек, соғлом ва бақувват бўлишни таъминловчи омилларнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Замонавий тасаввурларга кўра, уйқу нафақат дам олиш, балки кун бўйи олинган турли ахборотни қайта ишлаш ва янги ахборот қабул қилиш қобилиятини яхшилашга қаратилган жараён ҳамдир. Уйқу меъёри – тананинг ором олиши, баданда уйғоқлик, осойишталик ва хотиржамлик ҳолати юзага келиши билан ўлчанади. У тинч ва оромли бўлса, унинг сифати ҳам яхши бўлади. Яна киши тўйиб ухласа, мия ва асаб толалари ўз имкониятларини тўлиқ тиклаб олади. Инсон эрта тонгда ўзини тетик сезиши ва кайфиятнинг яхши бўлиши учун ҳам уйқу меъёрига амал қилиши керак. Айтиш жоизки, уйқу давомийлиги ёшга боғлиқ бўлган ҳолат. Бироқ, бу вақт 6 соатдан кам бўлиши тавсия этилмайди. Шу ўринда савол туғилиши табиий, хўш, меъёрий уйқу жараёнига қанча вақт талаб этилади? Агар инсон умрининг учдан бир қисмини уйқу ташкил этиши ва организм ҳаётий фаолиятининг ўртача 26 соат мобайнида уйғоқлиги инобатга олинса, одатий уйқу вақти 6 соатни ташкил этиши кузатилади. Албатта, уйқу соатлари катталар ва турли ёшдаги болаларда бир хил бўлмайди. Инсон ёши улғайгани сари уйқу соатлари камайиб боради. Кичик ёшдаги болаларда эса аксинча, кўпроқ вақтни ташкил этади. Чақалоқлар сутканинг учдан икки қисмини уйқуда ўтказишлари керак бўлса, кексалар учун 7 соат етарли ҳисобланади.

Бундан кўринадики, ҳар бир инсон билиши лозим бўлган ўзига хос индивидуал меъёрий уйқу соатлари фарқланади. Уйқу ва уйғоқлик вақтининг тўғри ташкил этилиши турли касалликларни самарали даволашда ҳам муҳим ўрин тутади. Айниқса, кундузги уйқу ақлий меҳнат билан шуғулланувчилар учун жуда фойдали ҳисобланади. Бундай қисқа вақт давом этадиган уйқу орқали чарчоқ тарқайди, барча аъзолар фаолияти тикланади ва диққатни жамлаш яхшиланади. Куннинг кечки қисмида ишлайдиганлар учун эса, албатта, кундузги уйқу шарт, чунки бу тартибдаги иш фаолияти организмда ортиқча чарчоқни юзага келтиради. Ўз ўрнида кундузги уйқу 1-2 соатдан ошмаслиги керак, акс ҳолда бош оғриғи ва жиззакилик пайдо бўлиши мумкин. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, уйқусизликка дучор бўлганлар, қандли даибет билан хасталанганлар, қон босими юқори кишилар кундузги уйқудан воз кечганлари маъқул.

Уйқуга тўймаслик натижасида қандай ҳолат юзага келади?

Бугунги кунда кўпгина инсонлар мунтазам руҳий зўриқишлар натижасида уйқусизликдан азият чекади. Уйқуга тўймаган киши кўзларининг қизариб қолиши, чарчоқ ва лоқайд ҳолати кўриниши билан бошқалардан ажралиб туради. Бу эса саломатликка жиддий таъсир кўрсатади. Жумладан, иммунитетнинг пасайиши, бошда тез-тез оғриқ туриши, юрак қон-томир касалликлари ривожланиш хавфининг ошиши, гормонал тизим фаолиятининг бузилиши, ичакларда яллиғланишлар юзага келиши, стресс гормони- кортизол миқдорининг кўтарилиши, жиззакилик, бефарқлик ва тушкунлик ҳолатлари, кайфиятнинг ўзгариб туриши, хотира ҳамда кўриш қобилиятининг сусайиши, ишга бўлган ҳафсаласизлик, қариш жараёнининг тезлашиши, кўп овқат истеъмол қилиш, натижада тана вазнининг ошиши – семизликнинг келиб чиқиши кузатилади.

Уйқусизликка йўл қўймаслик учун нима қилиш керак?

Аввало, ҳис-ҳаяжонларга сабаб бўладиган ваҳимали ўйхаёлларга берилмаслик, кескин тортишувлар қилмаслик, болаларга эса "қўрқинчли эртаклар" ўқиб бермаслик керак. Кечки овқатни ухлашдан 2-3 соат олдин истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Болаларнинг тинч ухлашлари учун уларни тўғри ҳолатда ётишга ўргатиш зарур. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бола қўлини бошининг остига қўйиб ётса, бу уйқу учун мос келадиган ҳолат ҳисобланар экан... Шунингдек, болалар учун ҳам, катталар учун ҳам уйқу сифатига бирдек таъсир этувчи физиологик "воситалар" борки, аксарият ҳолларда кўпчилик уларга эътибор бермайди. Жумладан:

- тоза ҳаво (ухлашдан олдин хонани шамоллатиш тинчлантирувчи таъсир кўрсатади);

- кечки сайр (тинч кўчада 20-30 дақиқалик);

- сув муолажалари (уйқудан олдин илиқ душ қабул қилиш).

Бундан ташқари, ухлаш учун хона иссиқ, тинч ва қоронғилашган бўлиши уйқу сифатини таъминлайди. Тўшак жуда юмшоқ ёки жуда қаттиқ бўлмаслигига эътибор бериш керак. Шу билан бирга, ҳар куни маълум бир вақтда ётишни ва уйғонишни одат қилиш уйқу тартибига ижобий таъсир этади. Ушбу одат орқали кўникма шаклланади, натижада тез ухлаш, осон уйғониш мумкин.

Келтирилган маълумотларга асосланиб, хулоса қилиш мумкинки, соғлом меъёрий уйқу организм учун ниҳоятда зарурий эҳтиёж ҳисобланади. Шу боис, уйқу нотинч ёки бетартиб бўлса ва уйқусизлик безовта қилса мутахассис шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Каримбой АБДУРАСУЛОВ, Хоразм вилояти, Қўшкўпир тумани Саломатлик маркази бўлими мудири.

№ 22, 01.06.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.