Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Мутахассис маслаҳати

ФОЖИАГА ЕТАКЛОВЧИ ХАСТАЛИК

Одам иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) бугуннинг долзарб муаммоларидан бири бўлиб, унинг ер юзида кенг тарқалиши дунё давлатларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ушбу инфекция биргина инсонга хос бўлиб, одам иммунитет танқислиги вируси билан зарарланиши натижасида келиб чиқади. Сурункали юқумли касалликка олиб келувчи мазкур верус одам организмига тушиб, иммун ҳужайраларини зарарлайди. Оқибатда шикастланган иммун тизимининг ҳимоялаш вазифаси сусайиб, бемор организмида турли юқумли касалликларга мойиллик кучаяди. Хавфли жиҳати – вирус бемор организмини бутун ҳаёти давомида тарк этмайди. Касаллик инфекциясининг кечиши бир неча даврдан иборат бўлиб, яширин даври ойлаб, ҳатто 5-10 йил ва ундан ортиқ муддат давом этиши мумкин. Бу даврда вирусни юқтирган шахслар соғлом кўринади, яъни уларда касалликнинг белгилари кузатилмайди. Айтиш муҳимки, яширин давр ўта хавфли ҳисобланиб, бемор шахс ўзи билмаган ҳолда касалликни бошқаларга ҳам юқтириши мумкин.

Касалликнинг бирламчи ўткир клиник даврида айрим беморларда гриппга хос белгилар – камқувватлик, иштаҳа пасайиши, кўп терлаш, тана ҳарорати кўтарилиши, лимфа безлари, талоқ ва жигар катталашуви кузатилади. Касалликнинг авж олиш даврида бемор вирусли гепатит, сил, нафас йўллари ва ошқозон-ичак тизимини зарарловчи турли касалликларга берилувчан бўлиб қолади. Шунингдек, бўғимларда оғриқ пайдо бўлиб, терига ҳар хил тошмалар тошади, йўтал, узоқ муддат давомида ич кетиш ҳолатлари рўй беради. Агар тегишли даво чоралари кўрилмаса, вирус организмда тўсиқсиз кўпайиб, касалликнинг охирги босқичи, яъни орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) ривожланишига сабаб бўлади.

ОИВ инфекциясидан зарарланиш асосан қуйидаги йўллар билан юқади. Жумладан, ОИВ юқтирган шахс билан жинсий алоқада бўлиш, парентерал, яъни таркибида ОИВ инфекцияси мавжуд бўлган компонентлар, орган ҳамда тўқималар трансплантациялари, экстракорпорал уруғлантирилиш, бир марталик тиббий жиҳозларни такроран ишлатиш, наркотик моддалар шахслар томонидан ишлатилиб, яна бошқа инсонларнинг қўллаши натижасида юзага келади, вертикал йўлда эса ҳомиладорликда, она сутидан ва туғиш жараёнида ҳам онадан болага ўтади. Бундан ташқари, шахсий гигиена (тиш чўткаси, устара, терини кесувчи ва санчилувчи ашёлар) буюмлари орқали вирус юқиш имкониятларини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Чунки ушбу воситаларда касалликка чалинганларнинг қони қолган бўлиши мумкин. ОИВ инфекцияси қон сўрувчи ҳашаротлар (кана, бит, чивин) чақиши орқали юқмайди.

ОИВдан ҳимояланишнинг ишончли усули тартибсиз жинсий алоқадан сақланиш, оила, турмуш ўртоғига вафодор бўлиш ва умуман наркотик модда қабул қилмасликдир. Боиси, наркотик моддалар истеъмолидан тийилиш соғлом ҳаёт сари танланган оқилона йўл бўлса, тартибсиз жинсий алоқадан сақланиш, у орқали юқувчи кўплаб касалликларнинг олдини олишга ёрдам беради. Тиббий муолажалар олиш зарурияти туғилганда фақатгина стерилланган ва бир марта ишлатиладиган воситалар, қолаверса, шахсий гигиенага амал қилинган (тиш чўткаси, устара, терини кесувчи ва санчилувчи ашёлар) воситалардан фойдаланиш, уй шароитида тиббий муолажалар ўтказишга зарурият туғилганда фақат тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. ОИВ инфекциясини юқтириб олиш хавфини туғдирган омиллар кузатилганда, ҳудудий оилавий поликлиника ёки ОИТСга қарши курашиш марказларида лаборатория текширувларидан ўтиш ва мутахассислар маслаҳатини олиш тавсия этилади. Айтиш муҳимки, мазкур марказларга мурожаат этган шахсларнинг исми, шарифи сир сақланади ва ихтиёрий равишда лаборатория текширувидан бепул ўтиш учун барча шароитлар яратилган.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, инсонга умр бир марта берилади. Шунинг учун, соғлиғимизни издан чиқарувчи ҳар қандай зарарли иллат, хавфли инфекция ва оқибати турли юқумли касалликларга олиб келувчи барча салбий одатлардан вос кечиш лозим. Мақсадимиз соғлом турмуш тарзи орқали фаровон ҳаёт кечиришдан иборат экан, унга муносиб курашайлик. Шу билан бирга, юқорида сўз юритган ОИВ инфекцияси билан зарарланишдан ўзимиз ва яқинларимизни ҳимоя қилайлик.

З. ЭРМАТОВА, Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш маркази эпидемиология мониторинг бўлими мудири.

№ 4, 27.01.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.