Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Мутахассис маслаҳати

"СИЗГА КИМЁТЕРАПИЯ ТАВСИЯ ЭТИЛАДИ..."

Ҳозирги вақтда саратон касалликлари хавфлилиги жиҳатидан дунё бўйича иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Замонавий онкология амалиётида ушбу касалликни даволашда учта асосий усул: жарроҳлик, нур (нур терапия) ва ўсмага қарши дори воситалари қўлланилади. Амалиётда кўпинча уларни биргаликда қўллаш кенг тарқалган.

Ўтказилган социологик тадқиқотлар ривожланган давлатлар аҳолиси орасида онкологик хасталикларга нисбатан қўрқув ҳисси кўпроқ бўлишини кўрсатди. Одамларнинг онгида онкология (кимётерапия) сўзи ўлимга яқинлашиш маъносини билдиради, лекин бу мутлақо нотўғри фикр. Онкология фани ва амалиётининг ривожланиши сабабли бугунги кунда ушбу касалликка чалинганларнинг ярмидан кўпи тўлиқ тузалиб кетишмоқда, ўсма дастлабки босқичда аниқланганда эса, 100 фоиз беморларда яхши натижа кузатилади.

Бугунги кунда беморларга ўсмага қарши даво сифатида кимёпрепаратлар, гормонлар, иммунопрепаратлар, таргет препаратлари, баъзи бисфосфонатлар ҳам берилади. Лекин, анъанага кўра, тиббий адабиётларда, оммавий ахборот воситалари ва халқ орасида дори-дармон билан даволаш усули "кимётерапия" сўзига сингдирилган. Кўпчиликда "кимё" сўзига нисбатан тушунмовчилик сабабли манфий муносабат ҳосил бўлган.

"Сизга кимётерапия тавсия этилади..." деган сўзлардан сўнг кўпчилик беморларда иккиланиш пайдо бўлади. Бунга асосий сабаб, аҳолининг тиббий (онкологик) саводхонлиги пастлигидир. Онкологик касалликка чалинган бемор ва унинг яқинлари шу мавзуга бағишланган маълумотларни қидира бошлашади. Булар асосан, оммавий ахборот воситалари (газета, журнал, телевидение, радио ва ҳ.к.) ва шу қаторда, интернет маълумотларидир. Бу манбаларда берилган маълумотлар жуда кўп ва кўпинча аниқ эмас, баъзан бир-бирини инкор қиладиган фикрлар ҳам билдирилади.

Онколог-кимётерапевтларнинг асосий вазифаси – бемор ва яқинларига кимётерапиянинг аҳамияти, фойдаси, ножўя таъсири ва ундан кутилаётган натижалар ҳақида оддий, тушунарли тилда объектив маълумот беришдир. Бугунги кунда онкологик беморлар узоқ ва сифатли ҳаёт кечиришларининг асосий манбаси, бу албатта самарали дори воситалари кўпайиши ва кимётерапия самарадорлиги ошишидир. Кимётерапияга нисбатан бўлган эскича салбий фикр, бемор ва қариндошларида ҳосил бўладиган руҳий тўсиқлар ҳозирги кунда деярли бутунлай бартараф қилинди. Онкологик шифохоналарнинг 75-80 фоиз беморлари даволанишнинг маълум бир босқичида кимётерапия олади. Замонавий дори-дармон билан даволаш усулига ҳам бемор, ҳам унинг яқинлари катта ишонч ва умид билан қарайдилар.

Ҳозирги кунда Республика онкология илмий марказида кўпчилик беморларни даволашда ижобий натижаларга эришилаётганлигининг сабаби – операциядан олдин ўтказилаётган кимётерапиядир. Жарроҳлик усулига кўрсатма бўлган баъзи касалликларда, биринчи босқичда дори-дармон билан ўсмага қарши даволаш усули (2-4, 6-курсгача) ўтказилади. Бундан асосий мақсад – субклиник (ташхислаш усуллари ёрдамида аниқланмайдиган), аниқланган метастазлар ва бирламчи ўчоқда жойлашган ўсма ҳужайраларининг кўпайиши ва тарқалишини тўхтатишдир. Бу йўналиш бўйича марказимизда Давлат гранти ажратилган бўлиб, кенг кўламда илмий иш олиб борилмоқда. Операциядан аввал (неоадъювант) кимётерапия олган ва олмаган беморларни даволаш самараси баҳоланганда, олганларда рецидивсиз, яъни касаллик қайталамасдан, узоқ вақт, сифатли умр кечириш кўрсаткичлари юқорилиги кузатилмоқда.

Операциядан кейинги кимётерапия аввалдан кўплаб саратонга чалинган беморларда кенг қўлланиб келинган. Ҳозирда янги, замонавий ўсмага қарши препаратлар пайдо бўлгани сабабли, ушбу даволаш усулига кўрсатмалар ва ўтказиш мумкин бўлган онкологик касаллик турлари янада кенгайиб бормоқда.

Онкологик беморларни даволашда қўшма ва комплекс даволаш режаларига, жарроҳлик усулидан ташқари, маҳаллий даволаш турларидан бири – нур терапия киритилган. Қўшма даволаш усули ҳисобланмиш кимё-нур терапия кўплаб беморларда тўлиқ узоқ ремиссиясига эришишга олиб келади. Беморларга даво усуллари бир вақтда, кетма-кет ёки олдинма-кейин қўлланилиши мумкин. Баъзи беморларда асосий даволаш усули нур терапия бўлган ҳолатларда, нурланиш кимёпрепаратлар фонида ўтказилади. Сабаби, баъзи дори воситалари модификатор хусусиятига эга бўлгани сабабли нурни даволаш самарасини ошириб беради.

Жарроҳлик усулига ва нур терапиясига қарши кўрсатмалар бўлганда ёки бу усулларни қўллаш мақсадга мувофиқ бўлмаса, ўсмага қарши дори-дармон билан даволаш ягона самарали усул бўлиб, беморнинг узоқ ва сифатли умр кечиришига сабаб бўлади.

Кимётерапия олаётган беморларни даволаш самараси юқори бўлиши учун нафақат кимёпрепаратларни, балки биргаликда олиб борилаётган фармакотерапия ва симптоматик терапиянинг ҳам аҳамияти юқори. Бу гуруҳга касаллик сабабли намоён бўлган, беморнинг аҳволини оғирлаштирадиган ҳолатлар ёки даволаш сабабли ривожланган ножўя таъсирларни бартараф қилувчи ва камайтирувчи дори воситалари, ҳаёт учун зарур бўлган ички аъзолар фаолиятини тиклаб ва сақлаб турувчи препаратлар киритилган. Замонавий ўсмага қарши дориларни қўллаш ва симптоматик терапияни тўғри ўтказиш йўли билан беморларда кузатиладиган кимёпрепаратларнинг заҳарли таъсирини бартараф этиш мумкин. Беморда ножўя таъсирлар ривожланмайди, ўзини яхши сезиб, ҳаёт сифати юқори бўлади.

Кимётерапия самарадорлиги бемордаги ўсма ҳужайраларининг кимёвий турғунлигига тўғридан-тўғри боғлиқ. Кимётурғунлик, ўз навбатида, ўсманинг биологик (молекуляр, ген, рецептор, иммуногистохимик) хусусиятларига боғлиқ. Иккита бир хил хавфли ўсма ташхисли беморда тавсия қилинган препаратлар ҳар хил таъсир кўрсатиши мумкин. Бунинг сабаби ўсма ҳужайраларининг бир-бирига ўхшамайдиган ўзига хос бўлган биологик хусусиятларидир. Марказимизда ўсмаларнинг биологик хусусиятларини аниқлаш ва уларни даволаш самарадорлигини ошириш учун Давлат грантлари доирасида илмий ишлар олиб борилмоқда. Хавфли ўсмаларнинг биологик хусусиятлари хусусида ҳозирги вақтгача олинган тажрибалар беморларга барвақт ташхис қўйиш, тўғри даволаш, даволаш самарадорлигини олдиндан билиш ва назорат қилиш (мониторинг) учун амалиётда қўлланилмоқда.

Текшириш натижасида беморга хавфли ўсма ташхиси қўйилгандан сўнг, ўсманинг биологик хусусиятлари аниқланиб, ўсмага қарши биотерапияни тавсия қилиш мумкин. Биотерапия таргет (авастин, герцептин, мабтера, гливек, нексавар ва бошқалар), гормонал (тамоксифен, золодекс, фемара, эгестрозол ва бошқалар), иммунотерапия (интерферонлар, цитокинлар, интерлейкинлар)ларни ўз ичига олади. Кимётерапия билан биргаликда ўтказиладиган биотерапия усуллари дори-дармон билан даволаш усулининг самарасини ошириб, беморлар узоқ ва сифатли яшашига олиб келади.

Ўсмага қарши дорилар бемор организмига таблетка, вена қон томири, артерия қон томири, бўшлиқлар (қорин, кўкрак қафаси, қовуқ бўшлиқлари) орқали юборилади. 95 фоиз кимётерапия олаётган беморларга дори вена қон томири орқали юборилади. Кимё-препарат томирдан юборилганда асоратларнинг олдини олиш ва беморга қулайлик яратиш мақсадида замонавий янги технологиялар асосида ускуна ва махсус мосламалар ёрдамида (порт-система, инфузомат ва помпалар) дориларни юбориш йўлга қўйилган. Маҳаллий (регионар) йўллар билан кимё-препаратларни беморга юбориш мақсадга мувофиқми ёки йўқлиги, ҳар бир ҳолатда (беморда), индивидуал ёндошган ҳолда мутахассислар консилиумида ҳал қилинади.

Кимёпрепаратларни таблетка шаклида (крселода, фторафур, темодал) сут бези саратонида, йўғон ичак саратонида, жигарда метастазлар бўлганида, баъзан, бачадон бўйни саратонида ва бош мия хавфли ўсмаларида нур терапия билан биргаликда қўлланилади. Кўпинча таблетка (капсула) шаклида гормон – (золодекс, тамоксифен, фемара, эгестрозол, анастрозол) ва таргет (мабтера, авастин, гливек, иресса, нексавар, сутент) терапиялар ўтказилади.

Ҳозирги вақтда, бутун дунё онкологлари ва етук онкология марказларининг тажрибаси, ўсмага қарши даволаш усулининг бемор учун аҳамияти юқори эканлигини тасдиқлади. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, давлатимиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва РОИМ раҳбарияти томонидан ўсмага қарши янги даволаниш усуллари бўйича илмий-амалий ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят онкология диспансерларида кимётерапия бўлимлари таъмирланиб, янги қурилган биноларда алоҳида кимётерапия бўлимлари ташкил қилиняпти. Бугунги кунда РОИМ клиникасида биринчи ва нисбатан янги ташкил қилинган иккинчи кимётерапия бўлимлари, болалар кимё-терапия бўлими фаолият кўрсатмоқда. Яқин келажакда беморларга амбулатор кимётерапия хизматини ташкил қилиш режалари кўриб чиқилмоқда.

Вилоят онкология диспансерлари кимётерапия бўлимлари, поликлиника кимётерапевтлари даволаш-услубий ишларида РОИМ кимётерапия хизмати билан узвий боғлиқликда фаолият юритишади. Жипслашув қуйидаги кўринишларда намоён бўлади: беморлар РОИМ кимётерапевтлари томонидан кўрилиб, даволаш режаси аниқлаб берилади, вилоятлар аҳолисини РОИМ кимётерапия бўлимларида стационар даволаш, кейинги даволаш курсларини яшаш жойидаги диспансерларда давом эттириш, вилоят диспансер мутахассислари томонидан беморни назоратга олиш тавсия этилади. Кўпчилик вилоят онкодиспансер кимётерапевтлари илмий йўналишда ҳам фаолият юритмоқдалар. Улар ичида илмий ишини якунлаб, диссертацияни муваффақиятли ҳимоя қилганлар, илмий ишини фаол давом эттираётганлар ва энди режалаштираётганлар ҳам бор.

Яна бир катта аҳамиятга эга бўлган ютуқ, бу диспансер кимё-терапевт мутахассисларига РОИМ кимётерапия бўлимларида шифокорлар томонидан амалий ҳамда назарий билим берилиши ва сертификатланишидир. Бу борада янги ўқув дастури ҳам тайёрланмоқда. Ўқитишдан мақсад – кимётерапия кўрсатмаларини аниқлаш, тўғри даволаш режасини тузиш, даволаш, натижани тўғри баҳолаш, рецедив ва метастазларни вақтида аниқлаш мақсадида беморларга режали мониторинг ўтказиш борасида мутахассисларни тайёрлашдир.

Ҳозирги кунда ўсмага қарши дорилар билан даволаш жараёнини яхшилаш мақсадида бизнинг марказда бир нечта йўналиш бўйича иш олиб борилмоқда. Асосийси, замонавий ва эффектив хавфли ўсмаларга қарши препаратларни қўллаш (таксанлар, гемцитабин, навелбин, элоксатин, кампто, кселода, кампто, зомета, фемара ва б.)дан иборат.

Хавфли ўсмаларнинг биологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда янги синтез қилинган ўсмага қарши биопрепаратлар (авастин, герцептин, мабтера, гливек, иресса, нексавар ва б.) таргет терапия сифатида қўлланилмоқда.

Ўсмага қарши препаратларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида кимётерапия модификаторлар (бошқа гуруҳлар дори воситалари, умумий ва маҳаллий гипертермия) билан биргаликда олиб борилади, заҳарли таъсирини бартараф қилиш ва камайтириш учун катта гуруҳ антитоксик ва ички аъзолар фаолиятини тикловчи препаратлар қўлланилади.

Онкология амалиёти учун жуда муҳим бўлган ютуқ – марказда колхицин асосида бир қатор янги ва самарали хавфли ўсмаларга қарши препаратлар яратилиб, тажриба-синовдан ўтказилиб, беморларда ишлатишга рухсат берилмоқчи.

Замонавий кимётерапия тез ва мустаҳкам ривожланиб келаётган кўп тармоқли даволаш усулидир. Беморнинг хавфли ўсмадан тўлиқ даволаниб кетиши биринчи навбатда тўғри танланиб, вақтида бажарилган кимё-терапияга боғлиқ. Келажакда хавфли ўсмаларга қарши дорилар билан даволаш усули янада такомиллаштирилади.

Дониёр ПЎЛАТОВ, Республика онкология илмий маркази I ва II кимётерапия бўлими илмий раҳбари, тиббиёт фанлари доктори.

№ 38, 07.10.2016 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.