Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Мутахассис маслаҳати

ТИББИЁТДА БОШҚАРУВ: РАҲБАР ВА ХОДИМ ЎРТАСИДАГИ МУНОСАБАТЛАР

Мустақилликка эришилгандан бери, дунёнинг илғор мамлакатлари тажрибаларидан ва Ўзбекистоннинг ўзига хос тарихий-маданий, миллий урф-одатлари, анъаналаридан, демографик, экологик вазиятдан, ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда соғлиқни сақлашнинг янги тизими, уни бошқаришнинг замонавий усуллари ишлаб чиқилмоқда ва ҳаётга татбиқ этилмоқда. Тиббиётда менежмент тушунчаси бор? Хўш, бу қандай маъно ва тавсифга эга? Тиббиётдаги бошқарувда раҳбар ва ходим ўртасидаги муносабатларнинг ўзига хос жиҳатларини таҳлил қилишга ва моҳиятини очиб беришга ҳаракат қиламиз.

Раҳбарнинг ходимлар билан ўзаро муносабати

Ходимларни бошқариш моделининг муҳим қисми ташкилот раҳбарининг жамоа ёки ходим билан ўзаро муносабати ҳисобланади. Ҳозирги даврда одамларнинг меҳнат шароити, ҳаётининг ижтимоий масалаларига, турмуш тарзига катта аҳамият берилмоқда. Чунки, ҳар бир ходимнинг меҳнат унумдорлиги, ишининг самараси кўпроқ унинг ишидан қониқиш ҳосил қилишига, маънавий-маданий даражасига, ҳаёт, турмуш шароитларига боғлиқ. Шунинг учун ҳам бугун бошқарувдаги психологик омилларга катта аҳамият бериляпти. Шу боис, раҳбар ходимларни тайёрлаш курсларида ижтимоий психология дарслари ўтилмоқда. Ҳатто, кўплаб корхоналарда психолог лавозими киритилган.

Социолог ва иқтисодчилар ўтказган тадқиқотларга кўра, техника соҳасида ишловчи муҳандисларнинг муваффақияти бор-йўғи 15 фоиз ҳолатда унинг техник билимига, 85 фоизи эса шахсий сифатларига, одамларни бошқара олиш қобилиятига боғлиқ. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, кўп корхоналарда хизматчилар ўзларининг жисмоний ва руҳий қобилиятларининг бор-йўғи 10 фоизга яқинидан фойдаланар экан. Олимларнинг кузатишларига қараганда, ижобий эмоция (ҳис-ҳаяжон) иш кунининг охирида, чарчоқ пайдо бўлганда иш қобилияти 22 фоиздан 76 фоизгача ошишига, салбий ҳис-ҳаяжонлар эса эрталабдан иш қобилияти 10-20 фоизга, куннинг охирида эса 40-65 фоизга камайишига олиб келади. Ишлаб чиқаришдаги унумдорлик эса 20 фоиз ҳолатда одамларнинг кайфиятига боғлиқлиги қайд этилган. Одамнинг касбига бўлган қизиқиши, хоҳиши, ички сафарбарлиги у ёки бу фаолиятни чин юракдан бажариш истаги ишнинг натижасига жуда катта таъсир этади.

Ҳозирги кунда жамоада соғлом ижтимоий-руҳий муҳитни яратмасдан туриб, раҳбар уни бошқара олмайди. Бу ўз навбатида раҳбарлардан бошқаришда ижтимоий руҳшунослик асосларидан етарлича билимга эга бўлишни, бошқарувда ижтимоий-руҳий усулларини қўллай билишни талаб этади.

Раҳбар ўз қўл остидаги ҳар бир ходимни ўрганиши, психологик ташхислаши, ижтимоий кузатувчанлик хусусиятига эга бўлиши, ходимлар имкониятларини бажараётган ишга тўлиқ мос келишини аниқлай олиши лозим. Жамоанинг жипслигини, ундаги соғлом маънавий муҳитни ушлаб туришнинг энг асосий воситаларидан бири раҳбарнинг коммуникабеллиги, яъни ҳар томонлама алоқани ушлаб туриши ҳисобланади.

Раҳбарнинг функционал вазифаси биринчи навбатда, одамларнинг биргаликдаги фаолиятида ўзаро муносабатлар тизимини яратиши билан белгиланади.

Раҳбарнинг сифатий томонлари ва иш стили

Олимлар раҳбарга хос бўлган 5 та сифатий хусусиятларни қуйидаги тартибда белгилашади: принципиаллик, адолатпарварлик, ишнинг кўзини билиш, компетентлик, талабчанлик ва ташкилотчилик хусусиятлари. Раҳбар учун ўта аҳамиятли 2 та кўрсаткич мавжуд: бу унинг ҳурмати ва обрў-эътибори. Мана шу икки кўрсаткич раҳбар тўғрисидаги жамоа фикрини ва муносабатларини белгилайди. Ҳурмат, обрў-эътибор жамият томонидан тан олинган ўлчов бирлиги бўлиб, у жамоанинг раҳбар томонидан қабул қилган қарорлари, унинг фикри, маслаҳати, ўзиникидай қилиб тан олиш, қабул қилиш орқали намоён бўлади.

Ҳурматни белгиловчи асосий омил бўлиб – ўзининг хизмат лавозимидан фойдаланиб қабул қилинган тадбирлар билан эмас, балки жамоа томонидан олға сурилган фикрлар билан иш тутиш унинг сифатий томонларидан бири ҳисобланади.

Раҳбар ўзининг тутган ўрни ва мавқеига мос ҳолда юқори даражадаги обрў-эътиборга (ҳурматга) эга бўлиши лозим. У кўпроқ жамоани йўналтира олиш, ишонтириш, ишонч ҳосил қилиш орқали (демократик стил), қолаверса, буйруқ орқали мажбурлаш (автокрот стил) билан бошқаради. Япония олимларининг маълумотига қараганда, автократ – раҳбарнинг фаолияти натижасида йил давомида жамоанинг меҳнат унумдорлиги 8 фоизга камайиши, аксинча демократик стилда иш юритувчи раҳбар жамоасида меҳнат унумдорлиги 14 фоизга ошиши кузатилган.

Раҳбарликдаги муваффақият раҳбарнинг хизмат лавозими бўйича ҳукмронлик кучи билан эмас, балки унинг обрўси, мавқеи, энергияси, катта тажриба, кенг қамровли билим, истеъдод ва заковатига боғлиқ.

Яхши раҳбар нима қилиш, қандай ишлаш кераклигини билади, фаолиятни тўғри ташкил этади, жамоани мақсад сари интилишига йўналтира олади.

Раҳбарлик фаолиятидаги муваффақият унинг ва бутун жамоанинг меҳнатга бўлган қизиқишига, интизоми, моҳир ташкилотчилигига, мақсадга эришиш йўлида ишни интилувчанлик билан ташкил этишига боғлиқ. Шундай қилиб, раҳбар фақат "дирежёр" ролини эмас, балки "композитор" ролини ҳам ижро эта олиши лозим.

Маълумки, барча бошқарув муносабатлари негизида унинг ҳам объекти, ҳам субъекти ҳисобланган жамоа туради. Жамоадаги ижтимоий психологик муҳит қуйидаги мезонлар орқали белгиланади: жамоатчилик, жипслик, бирлик, очиқлик, ташкилотчилик, ахборот алмашиш, масъуллик, жавобгарлик ва бошқалар. Мақсаднинг ягоналиги, ўзаро дўстона муносабат, одамларга ҳурмат кўзи билан қараш уларни бирлаштиради, жамоада ижодий – ишчанлик, соғлом маънавий психологик муҳитни яратади. Бунга эришиш раҳбарнинг энг муҳим вазифаси ҳисобланади.

Раҳбарнинг яна бир муҳим хусусиятларидан бири – ходимларнинг вазифасини аниқ белгилаш, ходимларга раҳбарлик бўйича ваколатлар бериш ва уларни оқилона бошқариш орқали яхши натижаларга эришишдир. Раҳбар ўз қўл остидагилар қила олиши мумкин бўлган ишни қилмаслиги, уларнинг эркин ҳаракат қилишларига йўл очиб бериши ва ундан қўрқмаслиги лозим. Ишни тақсимлашда раҳбар ходимларга маълум ваколатлар бериш билан бирга уларнинг жавобгарлигини ҳам ошириши муҳим.

Раҳбар ишда ҳар доим ўзини ўз ходимининг ўрнига қўйиб кўра олиши лозим. Инсон ўзига бўлган ҳурматни сезса, унга маълум шароитлар яратилган бўлса, ишни қизиқиш, ташаббускорлик билан бажаради, бўйнига жавобгарликни олади, топағонлик, ташкилотчилик хусусиятларини намоён қилган ҳолда фаолият юритади.

Раҳбар одамларни эшитиш ва улар билан гаплашишни ўрганиши лозим, бошқача қилиб айтганда, дўстона муҳитни яратган ҳолда мақсадга йўналтирилган суҳбатни олиб бориши муҳим. Суҳбатни императив оҳангда, маслаҳат усулида олиб бориши ва у ўзининг фикрини қисқа, аниқ тушунтириб баён этиши лозим. Раҳбарнинг мақсади, хатти-ҳаракати, қўл остидаги ходим учун керагича тушунарли бўлиши зарур. Раҳбарнинг мақсадини ходим тушуниб етмаса, аччиқланиши, жаҳли чиқиши мумкин. Тушунтирмасдан берилган буйруқ ўзаро ишончни йўқотади, бундай ҳолатда эса раҳбар ўз вазифасини бажара олмайди.

Ходимлар бошқаруви жараёнларининг асосий босқичлари

Одамларсиз ташкилот бўлмайди ва уларсиз кўзланган мақсадга эришиш ва яшаши мумкин эмас. Бироқ, ташкилотга қандай одамлар зарурлиги ва уларни умумий вазифаларни ҳал этишга қандай йўналтириш кераклигини аниқлаш учун қуйидаги босқичлар зарур бўлади:

1. Меҳнат ресурсларини режалаштириш: ходимларга (шифокорлар, ҳамширалар, ўрта тиббиёт ходимлари ва бошқалар) келгуси эҳтиёж қондириш режасини ишлаб чиқиш.

2. Ходимларни йиғиш: барча лавозимлар бўйича имкониятли номзодлар захирасини яратиш.

3. Танлов: ишчи жойларига номзодларни баҳолаш ҳамда йиғиш давомида яратилган захирадагилардан танлаш.

4. Иш ҳақи имтиёзларини аниқлаш: хизматчиларни жалб этиш, ёллаш ва сақлаш мақсадида иш ҳақи ҳамда имтиёзлар таркибини ишлаб чиқиш.

5. Касбий йўналтириш ва мувофиқлаштириш: ёлланган ишчиларни ташкилот ва унинг бўлимларига киритиш, ишчиларда ташкилот ундан нима кутаётганини ҳамда қандай меҳнат хизматга яраша баҳони олишини тушунишни ривожлантириш.

6. Ўқитиш: ишларни самарали бажариш учун талаб этиладиган меҳнат кўникмаларига ўқитиш учун дастурлар ишлаб чиқиш.

7. Меҳнат фаолиятини баҳолаш: меҳнат фаолиятини баҳолаш услубиятини ишлаб чиқиш ва уни ишчиларга етказиш.

8. Лавозимни ошириш, тушириш, бошқа ишга ўтказиш, ишдан бўшатиш: ишчиларни кўп ёки кам жавобгарликка эга лавозимлардан кўчириш усулларини ишлаб чиқиш, бошқа лавозимларга ёки иш бўлимларига кўчириш йўли билан уларнинг касбий тажрибасини ривожлантириш, шунингдек, ёллаш шартномасини тўхтатиш тартиби.

МЕНЕЖМЕНТ НИМА?

Менежмент – бу кўзланган мақсадга эришиш қобилияти ва маҳорати демакдир. Бошқаришнинг асосий мақсади жамиятнинг моддий-маънавий эҳтиёжларини тўлиқ қондириш мақсадида ижтимоий муносабатлар ва ишлаб чиқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда ривожлантиришдан иборат.

Менежмент деганда бошқа одамларнинг хатти-ҳаракати, интеллекти, меҳнатидан фойдаланган ҳолда олдинга қўйилган мақсадга эриша олиш қобилияти тушунилади.

Менежмент – бу мавжуд хом ашё, моддий, молиявий ва интеллектуал ресурслардан ишлаб чиқаришда унумли фойдаланган ҳолда энг юқори самараларга эришишга қаратилган бошқарув санъатидир.

Менежмент – ўз фаолиятини муваффақиятга эришиши мақсадидаги бошқарув фаолият тури. Менежер – бу бошқарув фаолиятини малакали амалга ошираётган одамлар тоифаси – раҳбардир.

Раҳбар маданиятига баҳо бериш учун қўлланиладиган кўрсаткичлар

Раҳбарнинг ўзига нисбатан маданияти

Сўз билан ишнинг бирлиги:

• Сўз бердингми, ваъда қилдингми, белгиладингми — аниқ мўлжалланган муддатда бажар;

• ўз касбий маҳоратини, иқтидори-маънавий комиллигини ўстириш устида қайғуриш;

• оқилона турмуш тарзи, жисмонан соғломлигини сақлаш;

• ўз-ўзини танқид асосида ўз камчиликларини бўйнига олмоқ;

• ўзини интизомга бўйсундириш;

• ўз малакасини оширишга бўлган интилиш ва унинг уддасидан чиқа олиш;

• ҳаракатнинг мақсадга қаратилганлиги ва қатъийлиги;

• ўзига ва меҳнат фаолиятига бўлган талабчанлик.

Ахлоқнинг қуйидаги алифболарига қатьий риоя қилиш:

камтаринлик, ҳақгўйлик, ҳалоллик, ўзини тута билишлик, оддийлик,тўғрилик, виждонлилик.

Раҳбарнинг жамоага нисбатан маданияти

Халқпарварлиги, яъни:

• кишиларга эътибор ва ҳурмат;

• кишиларга хайрихоҳ ва илтифотли бўлиш;

• олижаноблик ва беғаразлик, холислик;

• кишиларнинг қадр-қимматига етиш кабилар.

Фуқаролик ва касбий бурчини бажариш:

• одамларга ишонч, кишиларнинг ўз кучига, қобилиятига бўлган ишончини қўллаб-қувватлай олиш, уни шахсий камчиликларини бартараф қилишга йўналтира билиш;

• юқори нутқ маданиятига эга бўлиш ва ташқи кўринишдаги озодалиги;

• салбий фазилатларга эга бўлган, қонун-қоидаларга риоя қилмайдиган, одобсиз кишиларга, шу жумладан, қон-қариндош ва яқин таниш-билишларга нисбатан тоқати йўқ.

Ўзаро муносабатдаги қуйидаги оддий этика қоидаларига риоя қилиш:

хушмуомалалик, сиполик, камсуқумлик, андишалилик, вазминлик, меҳнат ва дўстликдаги шерикчиликда ўзаро ёрдам ва қувватлаш, ҳозиржавоблик ва мажбурийлик, сўзсиз бажаришлик, принципиаллик ва ишонч, талабчанлик.

Раҳбарнинг жамиятга нисбатан маданияти

• Юқори даражадаги фуқаролик, ватанпарварлик ва байналминаллик;

• Жамият бахт-саодати йўлида ҳалол меҳнат қилиш, жамият бойлигини кўпайтириш ҳақида ғамхўрлик қилиш;

• Қонунларга, ҳуқуқий акт ва битимларга, давлат интизомига қатьий риоя қилиш;

• Ижтимоий бурчни юксак даражада англаш, жамият манфаатлари бузилишларига нисбатан шафқатсиз бўлиш;

• Ҳуқуқий, моддий ва маънавий жавобгарликни тан олиш ва риоя қилиш;

• Кўп фикрликка очиқ кўнгил бўлиш ва уни ҳурмат қилиш.

"Соғлиқни сақлаш менежменти" ўқув қўлланмаси асосида Намоз ТОЛИПОВ тайёрлади. (Давоми бор).

№ 6, 10.02.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.