Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Мутахассис маслаҳати

ГРИПП КАСАЛЛИГИГА БЕПАРВО БЎЛМАНГ!

Грипп кенг тарқаладиган ўткир юқумли касалликлардан бири бўлиб, деярли дунёнинг барча мамлакатларида учрайди. Мавсумий кўтарилиш кўрсаткичлари йилнинг ноябрь, март ойларига тўғри келсада, кўп ҳолларда куз-қиш ойларида рўйхатга олинади.

Касаллик вирусининг А, В, С турлари мавжуд ва унинг асосий манбаи бемор одам ҳисобланади. Ҳавода сақланиб турган грипп вируси соғ-лом одамга тезда юқади ва бу ҳол атрофдагиларга бемор аксирганда, йўталганда ёки у билан гаплашганда ҳаво-томчи йўллари орқали ўтиши мумкин. Касаллик тўсатдан, ўткир бошланади. Хавфли жиҳати, касалликнинг биринчи белгилари пайдо бўлгунга қадар кечадиган яширин даври бир неча соатдан 3 кунгача давом этади.

Грипп касаллигига барча ёшдагилар мойил бўлиб, айниқса, нимжон, яъни иммунитети паст болалар, кекса ёшдагилар, ҳомиладор аёллар ҳамда сурункали хасталиклари бўлган кишиларда оғир кечади. Касаллик асосан нафас йўллари яллиғланиши билан бошланиб, кейинчалик беморда тана ҳарорати 38-40 даражага кўтарилиши, бурун битиши, бурундан суюқлик ажралиши, йўтал, мушакларда оғриқ пайдо бўлиши, бош ва томоқ оғриши, ҳолсизлик ҳамда иштаҳа бузилиши, баъзида қусиш ҳолатлари кузатилиб, беморларда енгил, ўрта ва оғир шаклларда кечади. Касаллик ўпка тўқималари яллиғланиши, пневмония (зотилжам), менингит (мия пардаси яллиғланиши), менингоэнцефалит (мия пардаси ва моддаси яллиғланиши), отит (ўрта қулоқ яллиғланиши, синусит (бурун ёндош бўшлиқлари- яллиғланиши), нефрит, пиелонефрит (буйрак яллиғланиши) каби энг хавфли асоратларни келтириб чиқаради. Баъзида, яъни гриппнинг енгил шакллари билан оғриган беморлар атрофдагилар учун кўпроқ хавф туғдиради. Чунки улар аксарият ҳолларда уйда даволанмай, касаликка етарли даражада эътибор бермай, оёқда ўтказадилар.

Куз ва қиш мавсуми бошланишини эътиборга олган ҳолда юртдошларимиздан қуйидагиларга риоя қилишларини сўраймиз:

- гриппга қарши эмлаш;

- мавсумга хос кийиниш;

- ўз вақтида овқатланиш ва дам олиш;

- хоналарни вақти-вақти билан шамоллатиб, полларни нам латта билан артиб туриш;

- ишлаб чиқариш корхоналари, даволаш-профилактика, ўқув муассасалари, болалар, қариялар уйлари, ташкилот ва идоралар ҳамда тураржой биноларида иссиқлик режимига риоя қилиш, барча хоналарнинг иссиқлик ҳарорати 22 даражадан паст бўлмаслиги;

- касалликни эрта аниқлаш мақсадида мактабгача тарбия муассасалари, мактабга кириш жойларида эрталабки фильтрни ташкил этиб, унинг ўтказилишига эътибор қаратиш;

- грипп ва ўткир респиратор касалликларига гумон қилинган болаларни изоляторга жойлаштириш ҳамда ота-онаси ва ҳудудий поликлиникага хабар бериш;

- эрталабки фильтр ишини амалга оширадиган грипп ва ўткир респиратор касалликларига гумон қилиниб, изоляторга ётқизилган беморларни парвариш қиладиган ходимларни ниқоблар билан таъминлаш;

- ўкув-тарбия муассасаларида танаффус пайтида хоналарни шамоллатиш режимини ташкил қилиш;

- мактабгача тарбия муассасаларида ҳар куни болаларни камида 2 маротаба тоза ҳавога сайрга олиб чиқиш;

- барча ўқув муассасаларида санитария-тарғибот ишларини олиб бориш;

- концерт заллари, кино-театр, ўқув ва иш жойларини кунига 3-4 маротаба шамоллатиб туриш, хоналарда дезинфекция моддаларини қўллаган ҳолда намли тозалов ишларини олиб бориш.

Ўзингиз ва атрофдагилар соғлом бўлишини хоҳласангиз, қуйидагиларга амал қилинг:

- грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекция (ЎРВИ) билан оғриган барча бемор иситма даврида, албатта, ётоқ режимига амал қилиши ва шифокорни уйга чақириш;

- касалликни оёкда ўтказмаслик;

- шифокор маслаҳатлари ва тавсиялари асосида иш тутиш;

- агар бемор уй шароитида даволанса, унга алоҳида хона, идиш, сочиқ, ўрин-кўрпа ажратилиб, кам ҳаракат қилиш;

- беморга қараётганлар бурун ва оғизларини респиратор ёки докали ниқоб билан тўсишлари ва қўлларини тез-тез совунлаб ювиб туриш;

- бемор ётган хонани тез-тез шамоллатиб, намли тозалов ишларини амалга ошириш;

- беморлар кўпроқ суюқлик – қуруқ мевалар қайнатмаси, мева шарбатларини ичириш ҳамда осон ҳазм бўладиган оқсил ва витаминларга бой таомларни истеъмол қилиш;

- йўталган ва аксирганда оғиз-бурнини рўмолча билан ёпиш;

- ўзбошимчалик билан даволаниш касалликнинг оғир асоратларига олиб келишини унутмаслик!

Касалликнинг олдини олишда танани чиниқтириш, бадантарбия билан мунтазам шуғулланиш, очиқ ҳавода юриш, ўз вақтида овқатланиш алоҳида аҳамиятга эга. Совуқ кунларда иссиқ кийиниш, албатта, бош кийим кийиш, оёқлар иссиқ бўлиши муҳимдир. Касаллик авж олган пайтда (декабрь, январь, февраль ойларида) нафақат эпидемик жиҳатдан муҳим бўлган корхона ва ташкилотлар ишчи-хизматчилари, балки барча фуқароларимизга ниқоб тақиш тавсия этилади.

Касаллик қандай бўлишидан қатъи назар, инсон саломатлиги ва турмуш фаровонлигига жиддий зарар етказади. Шу боис, соғлиғимизга бўлган масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда, мавсумий касалликлардан эҳтиёт бўлайлик. Унутманг, касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал.

Грипп касаллигига қарши эмлаш, бу албатта, хасталикнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Кўп ҳолларда аҳоли томонидан мазкур касалликни эмлаш тўғрисида саволлар берилади. Демак, бугунги мавзумиз доирасида грипп касаллигига қарши эмлаш бўйича йўлланган саволларингизга қуйидагича жавобларни берамиз.

1. Гриппга қарши эмлаш Ўзбекистонда қачондан йўлга қўйилди?

Республикада гриппга қарши эмлаш 1970 йилларда бошланган бўлиб, унда гриппга қарши вакцина фақат интроназал, яъни бурун орқали томизилган. Илмий изланишларнинг олиб борилиши натижасида ҳозирда вакциналарнинг янги турлари ишлаб чиқарилган. Аҳоли орасида гриппга қарши эмлаш йилдан-йилга ортиб бормоқда.

2. Бу эмлаш турининг организм учун фойдаси қандай?

Эмлаш натижасида организмда грипп вирусларига қарши антителолар пайдо бўлади, организмнинг иммунитет таранглиги ортади ва грипп вирусига нисбатан чидамлилик ҳосил бўлиш натижасида организм грипп касаллигига чалинмайди ёки енгил турда ўтади.

3. Неча ёшдан эмлаш мумкин?

Эмлашга тиббий чекловлар бўлмаса 6 ойдан бошлаб, барча ёшдаги соғлом аҳолини эмлаш мумкин.

4. Эмлашдан олдин инсон организмидан қандай тайёргарлик талаб этилади, тиббий кўрик керакми? (Масалан, шамоллаш ёки болаларда ич бузилиши бўлмаслиги ҳолатлари ва бошқа).

Албатта, эмлашдан олдин барча эмланувчилар тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. Тиббиёт ходими томонидан рухсат берилганда эмланиш керак.

5. Қанча муддатгача касалликдан сақлайди?

1 йил давомида гриппга қарши иммунитет бўлиб, шу давр ичида касалликдан сақлайди.

6. Қаерларда эмлатиш мумкин?

Гриппга қарши эмлаш мажбурий эмлаш жадвалига кирмаслиги, яъни эпидемик кўрсатма асосида тиббий ходимлар ва бошқа меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари давлат томонидан эмланадилар. Аҳоли ўз хоҳиши билан пуллик вакцина марказларида эмланишлари мумкин.

7. Эмлангандан кейин организмда бирор ўзгариш сезилса, қандай чора кўрилади?

Эмлангандан сўнг ножўя ўзгаришлар бўлса, дарҳол тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш зарур.

Дилором ТУРСУНОВА, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария- эпидемилогия назорати бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

№ 40, 21.10.2016 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.