Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Мутахассис маслаҳати

ЁЗ МАВСУМИГА ХОС Ғткир юқумли ичак касалликлари билан қандай курашиш керак?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, дунё бўйича ҳар йили кўплаб инсонлар ўткир юқумли ичак касалликларига чалинади ва уларнинг 70 фоизга яқинини 14 ёшгача бўлган болалар ташкил этади.

Бунга қорин тифи, паратиф, сальмонеллёз, ичбуруғ, вирусли гепатитнинг А тури ва бошқа бир қатор ўткир юқумли касалликлар киради.

Бу касалликларни аксарият ҳолларда бактерия ва вируслар қўзғатиб, бемор ва бактерия ташувчи одамлар касаллик қўзғатувчилари манбаси ҳисобланади. Улар касаллик қўзғатувчиларини асосан, ўзининг нажаси орқали ташқи муҳитга чиқаради ва атроф-муҳитни шу касаллик қўзғатувчилари билан ифлослантиради. Масалан, ичбуруғ касаллиги билан оғриган беморнинг 1 грамм нажасида 1 миллионтагача, қорин тифи билан оғриган бемор ёки бактерия ташувчининг 1 грамм нажасида 10 миллионтагача касаллик қўзғатувчи бактерия бўлиши мумкин.

Ўткир юқумли ичак касалликлари қўзғатувчиларининг барчаси ташқи муҳитга анча чидамли бўлади. Масалан, қорин тифи қўзғатувчиси оқар сувда, сабзавот ва меваларда 5-10 кун, кўлмак сувда 1 ойгача, нон ва нон маҳсулотлари юзасида бир неча кун давомида тирик сақланса, вабо қўзғатувчилари оқар сувда 18 кундан 5 ойгача сақланади. Вабо қўзғатувчиси сувда ва сальмонеллёз қўзғатувчилари озиқ-овқат маҳсулотларида қулай шароитда ҳаттоки кўпайиши ҳам мумкин.

Ўткир юқумли ичак касалликларининг юқиш йўллари бир-бирига ўхшаш бўлса-да, уларнинг ҳар бирига хос етакчи юқиш омили бор. Масалан, қорин тифи ва вабо касалликларида етакчи юқиш омили сув ҳисобланса, сальмонеллёз касалликларида эса озиқ-овқат маҳсулотлари етакчи юқиш омили ҳисобланади. Ёз ойларида ўткир юқумли ичак касалликлари омиллари фаоллашади. Аҳоли кўпроқ сув, ҳар хил чанқовбосди ичимликлар ичади, мева-сабзавот, кўкат истеъмол қилади ҳамда касаллик қўзғатувчилари билан ифлосланган очиқ сув ҳавзаларида чўмилиб, ўткир юқумли касалликларни юқтириб олишлари эҳтимолдан холи эмас. Касалликлар мавсумий характерда бўлиб, асосан йилнинг ёз ва куз ойларида кўпроқ учрайди, чунки бу фаслларда касалликнинг юқиш омиллари фаоллашади.

Касаллик қўзғатувчиларининг одам организмига тушиб, токи касалликнинг илк аломатлари пайдо бўлгунига қадар маълум муддат ўтади. Бу давр касаллик белгиларисиз кечади ва бунга касалликнинг яширин даври де¬йилади. Бу давр бир неча соатдан 21 кунгача давом этади. Касалликнинг яширин даври турига қараб, қисқариши ёки чўзилиши мумкин. Бу давр касаллик қўзғатувчисининг айрим хусусиятлари ва одамнинг иммунитетига боғлиқдир.

Беморда ҳолсизлик, кўнгил айнаши, қусиш, ич суюқ кетиши, тана ҳарорати кўтарилиши каби клиник белгилар кузатилади. Агар беморга ўз вақтида тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаса, бу касалликлар ўзидан бир қанча асоратлар қолдириши мумкин. Бунга ичак фаолиятининг бузилиши, ичакдаги яралардан қон кетиши, ичак деворларининг тешилиши, ўткир буйрак етишмовчилиги ва ҳоказолар кириши мумкин.

Аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланганлиги, хонадонларда, жамоат жойларида тозалик ва обондонлаштириш ишларини мунтазам амалга ошириш, умумий овқатланиш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг савдоси билан шуғулланадиган корхоналарда санитария-гигиена талабларига риоя қилиш ҳамда аҳоли тиббий-санитария маданиятини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Овқатланишдан олдин, ҳожатхонадан чиқиб, қўлларни совунлаб ювиш, тирноқларни ўз вақтида олиш, шахсий гигиена воситаларидан фойдаланиш талаб қилинади. Бозорларда, кўчаларда сифати кафолатланмаган, қўлда (уй шароитида) тайёрланган яхна ичимлик – шарбат, айрон ва компотларни истеъмол қилмаган маъқул. Ўткир юқумли ичак касалликлари асосан, 3 ёшгача бўлган болалар ўртасида кўпроқ учрашини инобатга олиб, ота-оналарга, мактабгача таълим муассасаси тарбиячи ва энагаларига қуйидагилар тавсия қилинади:

- мунтазам равишда болани педиатр врач кўригидан ўтказиб туриш;

- бола парвариши билан шуғулланувчилар шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиши, кичкинтойни ҳам шунга кўниктириши;

- эмизикли оналар болани эмизишдан олдин қўлини совунлаб ювиши ва сўнгра эмизиши;

- совуткичда узоқ муддат сақланган таомларни едирмаслик, уларни тўғри келган озиқ-овқат маҳсулотлари билан озиқлантирмаслик;

- сув ва хом сутни албатта қайнатиш;

- кўчадан уйга кирганда, болага овқат тайёрлашдан олдин ва уни овқатлантиришдан аввал қўлларни совунлаб ювиш;

- бола учун алоҳида сочиқ ажратиш;

- озиқ-овқат маҳсулотларини пашша, суварак ва бошқа бўғимоёқлилардан асраш;

- болаларнинг бармоғини сўришига йўл қўймаслик;

- бозор ва кўча-кўйда сотилаётган мева-сабзавотларни оқар сувда ювмасдан татиб кўрмаслик зарур.

Соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя қилган киши нафақат ўткир юқумли ичак, балки бошқа касалликларга ҳам чалинмайди. Туман, вилоят, шаҳар соғлиқни сақлаш муассасалари, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларнинг шифокорлари аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзига риоя қилиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришса, мақсадга мувофиқдир.

Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш минг бор афзал эканлигини унутманг!

Ҳусан САПАРОВ, Республика давлат санитария- эпидемиология назорати маркази бўлим бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди.

№ 27, 15.07.2016 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.