Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Мутахассис маслаҳати

БЕДАВО КАСАЛЛИКДАН САҚЛАНИНГ

Қутуриш – иссиқ қонли ҳайвонлар ҳамда одамда учрайдиган ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланади. Инсониятга қадимдан маълум бўлган бу касаллик муқаддам "гидрофобия", яъни "сувдан қўрқиш" деб номланган. Машҳур француз олими Луи Пастер 1884 йилда биринчи бўлиб қутуриш касаллигига қарши вакцина ишлаб чиққан ва бу вакцинани ит, бўри тишлаган одамларни қутуришга қарши эмлаш учун биринчи бор қўллаган. Оламшумул ушбу кашфиёт бугунги кунда ҳам дунёда кенг қўллаб келинмоқда. Махсус санитария қонун-қоидалари ишлаб чиқилиб, татбиқ этилиши натижасида Норвегия, Швеция, Дания, Англия ва бошқа Европа давлатларида қутуриш касаллиги батамом тугатилган. Одамлар ўртасида қайд этилаётган қутуриш касаллигининг 95 фоизга яқини Африка ва Осиё қитъалари мамлакатларига тўғри келади. Республикамизда қутуриш касаллиги одамларда аҳён-аҳён бўлсада, аммо учраб турибди.

Қутуриш касаллигини асаб тизимига таъсир қиладиган нейротроп вируслар қўзғатади. Ушбу вирус сақловчиси ва манбалари ёввойи ҳайвонлардан бўри, чиябўри, тулки, кемирувчилар, кўршапалак, уй ҳайвонларидан – ит, мушук кабилар ҳисобланади. Республикамизда одам учун қутуриш касаллиги қўзғатувчиси манбаи ўртача 95 фоиз ҳолатларда ит, беш фоизгача – мушук ва бошқа ҳайвонлардир. Касаллик одамга асосан ҳайвонлар тишлаши, айрим ҳолларда – тирнаши ва сўлаклаши натижасида юқади. Ҳайвондан ҳайвонга ҳам юқади, бироқ одамдан одамга ва одамдан ҳайвонга юқмайди. Қутуриш ҳар хил ҳайвонларда турлича кечади. Итларда касалликнинг яширин даври, яъни касаллик вируси ит организмига тушганидан токи касалликнинг илк аломатлари рўёбга чиққунга қадар бўлган давр: икки ҳафтадан 8 ҳафтагача давом этади, баъзида бу давр саккиз ойгача чўзилиши мумкин. Касалликнинг биринчи кунлари ит эгасига итоат этмайди, ёнига чақирса келмайди, яшириниб, ўзини олиб қочишга ҳаракат қилади, бирданига ўзгариб қолади. Кейинчалик ит еб бўлмайдиган, яъни дуч келган тош, дарахт, латта ва бошқа нарсаларни ғажий бошлайди. Оғзидан кўп сўлак оқади, ҳуриши ўзгаради, бўғиқ бўлади. Тўғри йўналишда чопиб, дуч келган нарсага, шу жумладан ҳайвонлар ва одамга ҳам ташланиб, тишлайди. Шундай ҳолатда ит бир кунда 50 километргача масофани босиши мумкин. Лекин борган сари аҳволи оғирлашади, оёқларида фалаж бошланади, беш-олти кун ўтгач, ўлади. Мушукларда қутуриш касаллиги тўсатдан қўзғалиш билан бошланади. Мушук жуда тажовузкор ҳамда ҳужумкор бўлиб, дуч келган ҳайвонлар, одамларга ҳам ташланади, уларни тирнайди ва тишлайди. Касаллик бошланганидан икки-уч кундан кейин фалаж мушук ҳалок бўлади.

Одамларда қутуриш касаллигининг яширин даври етти кундан бир йилгача чўзилиши мумкин. Аксарият ҳолларда касалликнинг яширин даври ўртача икки-уч ой давом этади. Бу вақт қисқа ёки узоқ давом этиши вирус хусусиятлари, одамнинг касалликлар билан курашиш қобилияти, тишлаган ҳайвоннинг тури, жароҳатнинг қаерда жойлашганлиги, катта-кичиклиги ва чуқур-юзакилигига боғлиқ бўлади. Бошланғич давр бир-уч кун давом этади. Бу вақт давомида тишланган жой қичийди, тортишиб оғрийди. Бемор тушкунликка тушади, одамлар билан мулоқотдан қочади, уйқуси бузилади, иштаҳаси бўғилади, қўрқув ҳисси пайдо бўлади, кайфияти ўзгариб туради. Ке¬йин касалликнинг қўзғалиш даври бошланади. Касалликнинг шу даврини кузатган олим Д. Самойлович эсдаликларида шундай ёзиб қолдирган: "Инсоният дунёга келибдики, қанчадан-қанча касалликларни бошдан кечирган, аммо қутуриш касаллигига чалинган бемор аҳволини кўришдек қўрқинчли ва даҳшатлироқ ҳолат бўлмаса керак".

Ҳақиқатан ҳам қутуриш касаллигининг қўзғалиш даври оғир кечади. Бир марта шундай касални кўрган одам ҳеч қачон ёдидан чиқара олмайди, унинг ҳаётида бу ҳолат бир умрга муҳрланиб қолади. Касалликнинг қўзғалиш даврида беморнинг тана ҳарорати кўтарилади, қон томирлари уриши тезлашади, у сувни кўрганда, ҳаттоки сув тўғрисида эшитганда, ютиш мушаклари тортишиб, қисқариб, қаттиқ оғрийди, яъни беморда гидрофобия аломати кузатилади. Кейинчалик ҳаводан (аэрофобия), ёруғликдан (фотофобия) ва шовқиндан қўрқиш (акус¬тофобия) аломатлари ҳам юзага келади. Беморнинг бадани терлайди, оғзидан кўп сўлак оқа бошлайди, нафас олиши бузилади, мушаклар тортишади, эс-ҳуши кирарли-чиқарли бўлиб, кўзига йўқ нарсалар кўринади (галлюцинация), алаҳсирайди.

Шундан сўнг касалликнинг фалаж даври бошланади. Секин-аста бемор оёқлари, орадан 15-20 соат вақт ўтгач эса тананинг бошқа мушаклари ҳам фалаж бўлади. Сўлак оқиши давом этаверади, тана ҳарорати яна кўтарилади. Юрак-томир фаолияти етишмаслиги ёки нафас марказининг фалажи оқибатида у ўлади. Касаллик ҳайвонларда бўладими ёки одамда, ўлим билан тугайди. Бугунги кунгача бу даҳшатли касалликнинг самарали даволаш усуллари ишлаб чиқилмаган. Шу боис ҳам биз кўпроқ қутуриш касаллигининг олдини олиш, ундан сақланиш ҳақида ўйлашимиз керак. Касалликнинг олдини олишнинг олтин қоидаси бор, у ҳам бўлса ҳайвон тишлашидан сақланиш, бордию тишланиш содир бўлса, шу заҳотиёқ тегишли тиббиёт муассасасига мурожаат қилиб, қутуришга қарши эмлаш зарур. Қутуриш аввало ҳайвонлар касаллиги, одамга фақат ҳайвонлардан юқади. Шу сабабли касалликнинг биринчи навбатда ҳайвонлар ўртасида қайд этилишига йўл қуймаслик керак.

Минг афсус билан таъкидлаш жоизки, республикамиз миқёсида аксарият фуқаролар ит сақлаш қоидаларига риоя қилмайди, ҳаттоки бу қоидаларни яхши билмайди, сақлаш ва парваришлаш бўйича ит эгаларида амал қилмаслик ҳолатлари учрайди. Одамлар асосан уйда сақланаётган итлар тишлаши натижасида жабрланиши шу боисдандир. Бу борада республикамиз икки қишлоқ туманида охирги беш йиллик маълумотлар таҳлил қилинганида, ит сақланадиган хонадонларда 65 фоиз ҳолатларда итлар ветеринария идоралари ҳисобига олинмаганлиги, бу борада гувоҳнома йўқлиги, 85 фоиз ҳолатларда итлар боғлиқсиз юрганлиги, 90 фоиз ҳолатларда ит эгалари уй ҳайвонини сақлаш қоидаларига умуман ёки тўлиқ риоя қилмаслиги, 60 фоизга яқин ит эгалари қутуриш касаллиги одамга асосан итлардан юқишини билмаслиги аниқланган. Бундай ҳолатларни республикамизнинг бош¬қа туман ва шаҳарларида ҳам кузатиш мумкин.

Ҳайвон тишлашидан жабрланганларни эмлаш учун давлатнинг миллион-миллион маблағлари сарфланаётганлиги кўпчиликка сир эмас. Фуқаролар ҳайвон тишлаши натижасида ҳам жисмоний, ҳам моддий, ҳам маънавий зарар кўради, энг даҳшатлиси ва қўрқинч¬лиси – уларда ўлим муқаррар бўлган қутуриш касаллигининг юқиш ҳавфи туғилади. Баъзилар итини касал бўлгани ёки боқа олмагани учун кўчага ҳайдайди ёки қаерларгадир ташлаб келади. Шу тариқа бу итлар кейин қаровсиз, дайди бўлиб, қутуриш касаллиги манбаи сифатида атрофдагиларга жуда катта хавф туғдиради. Бугунги кунда республикамизда дайди итларни йўқотиш масаласи ҳам катта бир муаммога айланиб қолган. Бу муаммони эса айнан фуқароларимизнинг ўзи туғдираяпти. Чунки дайди итлар бошқа ҳудудлардан ёки ўзга "сайёра"дан келиб қолмайди.

Ҳудудларда дайди ҳайвонлар, айниқса ит ва мушуклар пайдо бўлишига йўл қўймаслик, эгали ит ва мушукларни сақлаш қоидаларига мунтазам ва пухта амал қилиш, уларни ўз вақтида ветеринария идораларида ҳисобга олиб, қутуриш касаллигига қарши эмлаш, энг асосийси одамлар ҳайвонлар тишлашидан ҳимояланиши – ўта хавф¬ли, бедаво ҳисобланган қутуриш касаллигидан сақланишнинг гаровидир.

Ҳусан САПАРОВ, Республика ДСЭНМ ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди.

№ 6, 08.02.2013 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.