Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Мутахассис маслаҳати

ТАВСИЯНОМА – МУҲИМ ИМТИЁЗ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 31 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати тегишли қарор қабул қилиб, бунга мувофиқ муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Мазкур муҳим ҳужжат, унга киритилган янгиликлар хусусида газетхонларимизга кенгроқ маълумот бериш мақсадида Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ишлар бош бошқармаси масъул ходими, подполковник А. Аҳмедов қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Маълумки, тавсияномалар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда юқори натижаларга эришган, зарур билим даражасига ва намунали ҳарбий интизомга эга муносиб ҳарбий хизматчиларга ҳарбий қисм командирлари томонидан берилади. Ўзбекис¬тон Республикаси Президентининг 2012 йил 31 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорига мувофиқ ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган фуқаролар барча йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича бакалаврлар тайёрлашда республиканинг барча олий таълим муассасаларига ўқишга киришда тўплаш мумкин бўлган максимал балларнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўлади.

"Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисида"ги низомга мувофиқ муддатли ҳарбий хизматчига тавсиянома бериш тўғрисидаги қарор ҳарбий қисм командири томонидан ушбу ҳарбий хизматчининг бевосита командирлари тақдим этган тақдимнома ва муддатли ҳарбий хизматчиларнинг умумий йиғилишида қабул қилинган қарорга асосан қабул қилинади. Бунда, муддатли ҳарбий хизматчининг хизмат давридаги ҳарбий интизоми, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик давомида эришган натижалари ҳамда муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурларининг ўзлаштирилишига оид якуний баҳоларни аниқлаш мақсадида ўтказилган тест синовларининг натижалари инобатга олинади.

Ҳар бир ҳарбий қисмда ҳарбий интизом ҳамда муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурлари ўзлаштириб борилиши ҳолатининг ҳисоби юритиб борилиши шарт. Барча тоифадаги командирлар муддатли ҳарбий хизматчиларнинг хизмат давридаги намунали ҳарбий интизоми, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлиги бўйича натижаларини холисона баҳолаб бориш учун шахсан жавобгар бўлади.

БАЛЛ ҚЎЙИШ ТАРТИБИ

Муддатли ҳарбий хизматчига ҳарбий интизом, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик натижалари бўйича баллар қўйиш бутун хизмат даври давомида амалга оширилади.

Агар муддатли ҳарбий хизматчи намунали ҳарбий интизоми учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Интизом низомида назарда тутилган тартибда рағбатлантирилган (муқаддам берилган интизомий таъсир чорасининг бекор қилиниши бундан мустасно) бўлса, унга қу¬йидаги тартибда баллар қўйиб борилади:

ҳарбий қисм командири томонидан рағбатлантирилган бўлса – 5 балл;

ҳарбий округ қўшинлари қўмондони (бирлашма командири) томонидан рағбатлантирилган бўлса – 10 балл;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бирлашган штаби бошлиғи томонидан рағбатлантирилган бўлса –15 балл;

тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари раҳбарлари томонидан рағбатлантирилган бўлса – 20 балл.

Муддатли ҳарбий хизматчига муддатли ҳарбий хизмат даврида намунали ҳарбий интизоми учун кўпи билан 20 балл қўйилади. Бунда ҳарбий қисм командири томонидан рағбатлантиришнинг сонидан қатъи назар, 5 баллдан ортиқ балл қўйилмайди.

Шунингдек, муддатли ҳарбий хизмат давомида назорат-текширув машғулотлари натижалари бўйича муддатли ҳарбий хизматчига жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик учун баҳо қўйиб борилади. Муддатли ҳарбий хизматчининг умумий тайёргарлик даражасини аниқлаш учун жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича баҳоларнинг умумий ўртача арифметик қиймати чиқарилади.

Жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича баҳоларнинг умумий ўртача арифметик қиймати учун муддатли ҳарбий хизматчига қуйидаги тартибда баллар қўйилади:

4,0 дан 4,3 га қадар – 10 балл;

4,4 дан 4,7 га қадар – 15 балл;

4,8 дан 5,0 га қадар – 20 балл.

Умумий ўртача арифметик баҳоси 4,0 дан кам бўлган муддатли ҳарбий хизматчига балл қўйилмайди.

ТЕСТ СИНОВЛАРИНИ

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

Тест синовлари ўтказилиши бошланишидан 5 кун олдин ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан муддатли ҳарбий хизматчиларга хизмат даври учун жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича қўйилган умумий ўртача баҳолар ва балларнинг йиғма ведомости тузилади. Йиғма ведомость муддатли ҳарбий хизматчиларнинг бевосита командирлари ва ҳарбий қисм командирининг ўринбосарлари томонидан имзоланади ва ҳарбий қисм командири томонидан тасдиқланади.

Йиғма ведомостдан олинган кўчирмалар ҳарбий қисм штаби бошлиғининг имзоси ва гербли муҳр билан тасдиқланиб, тест синовлари бошланишидан 3 кун олдин ҳамма учун кўринарли жойга осиб қўйилади.

Муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурлари ўзлаштирилганлигини якуний баҳолаш учун ҳар бир ҳарбий қисмда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан тест синовлари ўтказилади.

Тест синовлари ўтказилишидан бир ой олдин тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан Давлат тест маркази билан биргаликда муддатли ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш дастурларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар қўшинлари турларининг жанговар-хизмат вазифалари хусусиятлари инобатга олинган ҳолда намунавий тест саволлари ишлаб чиқилади. Мантиқий тестлар Давлат тест маркази томонидан, тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул мансабдор шахслари иштирокида ишлаб чиқилади. Тест саволлари тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан муддатли ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурларига киритилган ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда ҳар йили қайта кўриб чиқилиши лозим.

Муддатли ҳарбий хизматчиларни тест синовларидан ўтказиш учун ишлаб чиқилган тест саволларининг умумий сони 80 та саволдан ташкил топиб, улардан 40 таси – жанговар тайёргарликка оид, 20 таси – маънавий-маърифий тайёргарликка оид, 20 таси – мантиқий тестлардан иборат бўлади. Ҳар бир жанговар тайёргарликка оид тўғри ечилган тест саволи учун – 1,2 балл, маънавий-маърифий тайёргарликка оид тўғри ечилган тест саволи учун – 1,1 балл, мантиқий тест учун – 1 балл қўйилади. Тест топшириқларини ечиш учун 2 соат вақт берилади. Жавоблар варақасини тўлдириш учун 30 дақиқа ажратилади. Тест синовлари ўтказиш учун умумий вақт 2 соат 30 дақиқани ташкил этади.

ТАВСИЯНОМАГА

МУНОСИБЛАРНИ

САРАЛАШ

Давлат тест марказидан тест синовларининг натижаларига оид расмий маълумотлар олингач, ҳар бир ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматчилар билан ўтказилган тест синовларининг натижалари ва хизмат даври давомида тўпланган балларнинг якуний ведомости тузилади. Якуний ведомость тўпланган балларнинг пасайиш тартибида тузилиб, ҳарбий қисм командирининг ўринбосарлари томонидан имзоланади ва ҳарбий қисм командири томонидан тасдиқланади. Якуний ведомостнинг нусхаси ҳарбий қисм штаби бошлиғининг имзоси ва гербли муҳри билан тасдиқланади ҳамда Давлат тест марказидан олинган тест синовларининг натижаларига оид расмий ҳужжатлар билан бирга ҳамма учун кўринарли жойга осиб қўйилади.

Тавсиянома бериш юзасидан якуний қарор қабул қилиш учун ҳар бир номзод муддатли ҳарбий хизматчиларнинг умумий йиғилишида муҳокама қилиниб, номзоднинг хизмат фаолиятига баҳо берилади, тест синовлари натижалари, намунали ҳарбий интизоми, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича тўплаган баллари ҳамда ҳар бир ҳарбий хизматчи тўплаган балларнинг умумий миқдори эълон қилинади.

Ҳарбий интизомининг ҳолати, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик натижалари ва тест синовлари бўйича энг кўп балл тўплаган муддатли ҳарбий хизматчи муддатли ҳарбий хизматчиларнинг умумий йиғилиши томонидан ижобий қарор қабул қилинганидан сўнг, тавсиянома олишга муносиб, деб ҳисобланади.

ҚАНДАЙ ҲОЛАТЛАРДА

ТАВСИЯНОМА

БЕРИЛМАЙДИ?

Бунда, юқори баллар тўплаган, бироқ хизмат фаолиятига салбий тавсиф берилган ҳарбий хизматчиларга, умумий йиғилиш ва бўлинма командирларининг ёзма мурожаати асосида ҳарбий қисм командирининг қарори билан тавсиянома берилмайди.

Тўплаган балларининг миқдоридан қатъи назар, муддатли ҳарбий хизмати даврида ҳарбий интизомни қўпол равишда бузган бўлиб, улар юзасидан хизмат суриштируви ўтказилган, ҳарбий қисм командирининг тегишли буйруқлари чиқарилган муддатли ҳарбий хизматчи тавсиянома олиш ҳуқуқига эга эмас.

ТАВСИЯНОМАНИНГ УМУМИЙ СОНИНИ

БЕЛГИЛАШ

Бериладиган тавсияномаларнинг умумий сони ҳарбий қисмнинг рўйхатига киритилган муддатли ҳарбий хизматчилар сонининг 40 фоизидан ошмаслиги лозим.

Бир неча нафар ҳарбий хизматчининг бир хил миқдорда балл тўплагани боис, 40 фоизли чеклашга амал қилишнинг иложи бўлмаса, бериладиган тавсияномалар сонини бундай ҳарбий хизматчилар сонига мос равишда оширишга рухсат берилади.

Хизмат даврида давлат мукофоти билан тақдирланган муддатли ҳарбий хизматчи тест синовларининг натижалари инобатга олинмай, тавсиянома олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Тавсиянома муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилаётган ҳарбий хизматчига бошқа ҳужжатлар билан бирга тантанали вазиятда топширилади.

Алижон САФАРОВ суҳбатлашди.

№ 3, 18.01.2013 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.