Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Мутахассис маслаҳати

ФАРЗАНДИНГИЗ СОҒЛОМ БЎЛИШИНИ ИСТАСАНГИЗ?

Боши

Бошининг кўриниши каттадай туюлади. Туғилиш пайтидаги босим бола бошини чўзинчоқ шаклга келтириши мумкин. Икки ҳафта мобайнида боланинг боши юмалоқ шакл¬га қайтади. Болакайнинг бошида юмшоқ жойи – лиқилдоқлари бўлади.

Бўйни

Чақалоқнинг кичкина жағи ва қисқагина бўйни бўлади.

Қўллари

Болакай қўлчаларини кичкина муштчаларга тугиб олади.

Жинсий аъзолари

Иккала жинс чақалоқларининг жинсий аъзолари бироз шишган кўринишга эга.

Оёқлари

Боланинг оёқлари қўлларига нисбатан калтароқ бўлади. Улар бачадонда қандай ҳолатда бўлган бўлса, шу ҳолатда қолади, яъни тиззаларидан букилган ва таш¬қари томон қайрилган бўлади.

Кўкрак сути

Кўкрак сути – чақалоқни биринчи йилда боқишнинг энг афзал йўли. Чақалоқни олти ой давомида фақатгина она сути билан боқиш унинг соғлом бўлиши негизидир. Биринчи кунлари келадиган оғиз сути таркибида осон ҳазм бўладиган оқсил моддалар, углеводлар ва керакли микроэлемент¬лар етарли миқдорда бўлади. Энг муҳими, унинг таркибида онада мавжуд бўлган инфек¬ция¬га қарши антитаналар бор. Кўкрак сути билан боқилган болалар шамоллаш, қулоқ инфекциялари ва ошқозон бузилишларига камроқ чалинишади.

Биринчи туғувчи оналарга кўкрак сути билан эмизиш ҳақида гапириб бермоқчимиз. Чақалоқни 6 ой давомида фақатгина она сути билан боқиш унинг соғлом бўлишига имкон беради. Биринчи кунлари келадиган оғиз сути таркибида осон ҳазм бўладиган оқсил моддалар, углеводлар ва керакли микроэлементлар етарли миқдорда бўлади. Энг муҳими, унинг таркибида онада мавжуд бўлган инфекцияга қарши антитаналар бор. Кўкрак сути чақалоқ қанча кўп эмса шунча кўпаяди. Чунки сўрғични эмганда ундаги нерв толалари қўзғалади, бунда марказга импульс юборилиб, сутни янада кўпайтирадиган пролактин моддаси гипофизда кўпроқ ҳосил бўлади. Тунда ҳам эмизиш орасидаги вақт 4-6 соатдан ошмаслиги керак. Бола ўзини турлича тутади: баъзилари эркин, бемалол эмса, бошқаларига вақт ва ёрдам керак бўлади.

Илк бор эмизишни бола туғилганидан кейинги 15-30 дақиқада бошлаш лозим.

Сизга қулай бўлган жойга ўтиринг ёки ёнбошланг, боланинг боши ва танаси битта тўғри йўналишда бўлиши керак. Уни ён томондан вертикал (тик) ҳолатда ёки қўлтиғингиз остида ушлашингиздан қатъи назар, танаси танангизга қаратилган бўлиши лозим. Бунда боланинг юзи кўкрагингизга қараган бўлиб, бурунчаси сўрғичингиз сатҳида жойлашиши керак. Боланинг фақат боши ва елкасини эмас, балки бутун танасини ушлаб туринг. Агар бола нафас олишга қийналаётган бўлса, кўкрагингизни бўш қўлингиз кафти билан сал кўтаринг ёки бола думбасини пастроққа туширинг.

Сўриш ҳаракатлари

Боланинг тил ва жағи кўкрак учи атрофидаги тўқ рангли айланани сиқади. Тили ҳаракат қилганда кўкракнинг оғизга тўлган қисми танглайига тиралади. Бундай ҳаракат сутнинг сиқиб чиқарилишига олиб келади.

Болани қачон эмизиш керак? Бу оналарни ўйлантирадиган саволлардан бири. Умумий қоида: болани у қачон хоҳлаганида ва тўйгунича эмизинг. Янги туғилган чақалоқларни кунига 8-12 марта эмизиш керак. Тунда ҳам эмизиш орасидаги вақт 4-6 соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим. Бола тўйганидан ке¬йин ухлаб ёки сустлашиб қолади. Чақалоқ бироз сутни қайтарса яхши. Бунинг учун болани елкангизга қўйинг ёки уни сал олдинга энгаштириб ўтқазиб, аста-секин елкасига қоқиб қў¬йинг. 4-6 ҳафтада боланинг ов¬қатланадиган, ухлайдиган ва уйғоқ вақтлари тартибга тушиб қолади.

Агар бола бир кунда 6 марта пешоб чиқарса ва 3 марта ичи келса, демак у етарли даражада озуқа олмоқда. Кун давомида яхши озиқлантирилаётган боланинг вазни ошади ва кайфияти кўтарилиб, безовталанмайди. Илк бор она бўлган аёллар 3-4 кун ўтганидан сўнг болаларининг вазни кама¬йиб бораётганидан хавотирга тушишади. Бунинг қўр¬қинчли жойи йўқ. Вазннинг физиологик кама¬йиши (у 5-10 фоиз ёки 200-300 г.ни ташкил қилади) бола саломатлигига ҳеч қандай зиён етказмайди. Ҳаётининг 5-кунидан 10-12 кунигача бола ўз вазнини тиклаб олади. Шу дақиқадан бошлаб вазн кўрсаткичлари мунтазам равишда ошиб, тўртинчи ойга келиб икки баравар, тўққизинчи ойга келиб уч бараварига кўпаяди.

Жадвалга қараб кичкинтойингизнинг жисмонан ривожланиши меъёрга тўғри келмаслигини аниқлаш мумкин. Масалан, фарзандингиз туғилганда вазни 3600 г. бўлса, 3 ойлигида вазни 5800 г. бўлиши мумкин. (Туғилгандаги вазни 3600 г. + 3 ойлик қўшимча ошиш вазни 2200 г. = 5800 г.). Аммо бу рақамларга хотиржам қаранг. Агарда болакай бир ойда меъёридан ўтиб кетган ёки аксинча етмаган бўлса (15 фоиздан ортиқ бўлмаган ҳолда) бунинг қўрқинчли жойи йўқ. Ке¬йинги ойда у ўз меъёрига тушиб кетади. Лекин мунтазам равишда меъё¬ридан четга чиқишдан сергакланиш лозим.

Болангизни кузатиб ҳар бир лаҳзадан лаззатланинг, ҳаётининг биринчи кунларидан уни шахс сифатида қабул қилинг. Кўпчилик болалар безовталаниб, фақат оч қолгани учунгина йиғламайди. Кўкрак сути билан боққанингизда ҳомиладорлигингиз давридагидай соғлом овқат истеъмол қилинг. Чанқаган пайтингизда турли суюқликлар ичиб, толиққанингизда яхши дам олинг. Оналик бошида анча толиқтиради. Шунинг учун оила аъзоларингиз ёрдамидан фойдаланинг, шунда фарзандингизни эмизишга, у билан кўпроқ бўлишга вақтингиз кўпаяди.

ТУҒРУҚДАН КЕЙИНГИ

АСОСИЙ ТАШВИШЛАР

Ажралмалар (лохиялар)

Туғруқдан кейинги бир неча кун давомида кўп миқдорда ҳайзни эслатувчи қонли ажралмалар келади. Бу ажралмалар қон ва бачадоннинг ажралган ички қатлами аралашмасидан иборат. Кейинги олти ҳафта ичида уларнинг ранги қизилдан пушти, жигарранг ёки оқ рангга ўзгаради.

Оғриқлар

Агар бола биринчи фарзанд бўлмаса, оғриқлар эҳтимоли кўпроқ. Бачадон нормал ҳолатига келгани сари қисқара бошлайди. Одатда оғриқлар бир неча кун давом этади. Қорнингиз тагига ёстиқ қўйиб, қорнингизга ётинг. Бу ёрдам бериши мумкин. Сийдик пуфагини тез-тез бўшатиб туришга ҳаракат қилинг.

Эпизиотомиянинг

оғриқлиги

(оралиқ қирқилиши)

Ўтирган ҳолдаги марганцовка эритмаси ванналари оралиқ қирқилиши битишига ёрдам беради. Тос мушакларини мустаҳкамлаш мақсадида полда бажарилган машқ¬лар тананинг шу қисмидаги қон айланишини яхшилаши натижасида ўтиришни осонлаштиради. Шунингдек, ўтирганда ёстиқдан фойдаланиш фойдадан ҳоли эмас. Танангизнинг шу қисмини озода сақланг. Баъзи бир ҳолларда шифокор ўтлар дамламасидан тайёрланган спиртли компресслар, дори шимдирилган таглик ва бош¬қа оғриқ пасайтирувчи воситаларни тавсия қилиши мумкин. Агар оғриқ кучайса, албатта шифокорга мурожаат қилинг.

Қабзият

Қабзият кузатилган ҳолларда кўп миқдорда суюқликлар, ёрмалардан тайёрланган маҳсулотлар, янги мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш ёрдам беради. Шунинг¬дек, бадантарбия машқлари, айниқса кўп пиёда юриш ас-қотади. Ҳожатхонада узоқроқ ўтиринг, аммо зўриқмасликка ҳаракат қилинг.

Бавосил (геморрой)

Бавосил – орқа чиқариш тешигидаги варикоз веналарнинг яллиғланиши. Қабзият ҳосил бўлмаслигига ва ҳожатга борганда кучанмасликка ҳаракат қи¬линг. Ўтирган ҳолдаги ванналар ва совуқ компресс¬лар бавосил қулайсизлигини енгиллаштириши мумкин. Агарда оғриқ давом этиб, қон келиш кузатилса шифокорга мурожаат қилинг.

Пешоб чиқарганда

ноқулайлик вужудга

келиши

Агар пешоб чиқариш тезлашса, тез-тез ҳожатга боришга эҳтиёж туғилиб, пешоб чиқарганда ачишиш сезсангиз, албатта шифокорга мурожаат қилинг. Пешоб тўқ ранг¬да ёки қон билан келиши мумкин эмас. Кўпроқ суюқлик ичинг. Сийдик йўли инфекциясининг олдини олиш мақсадида қинни тоза – озода ва қуруқ бўлишига аҳамият беринг.

Толиқиш

Фарзанд кўрган она тез толиқади. Яхши овқатланиб, иложи борича кўпроқ дам олинг. Болангиз билан биргаликда ҳордиқ чиқаришга ҳаракат қилинг. Турмуш ўртоғингиз ва оила аъзоларингиздан уй-рўзғор ишларида ёрдам беришларини сўранг. Биринчи ҳафталарда кўп меҳмон кутмасликка ҳаракат қилинг. Бу вақт¬дан дам олишга ёки фарзандингиз билан кўпроқ мулоқотда бўлиш учун фойдаланинг.

Жинсий ҳаёт

Турмуш ўртоғингиз ва шифокорингиз билан ҳомиладорликдан сақланиш услублари ҳақида суҳбатлашинг. Ёш ота-она бўлганингиздан ке¬йин фарзанд ўзаро ҳаётингизнинг барча жабҳаларига ўз таъсирини ўтказаётганини ҳис қиласиз. Кўпчилик оилаларга фарзанди туғилганидан ке¬йинги жинсий ҳаётни тиклаши учун маълум бир вақт керак бўлади.

ТУҒРУҚДАН КЕЙИНГИ

ЧИЛЛА ДАВРИ

Бола туғилганидан кейинги олти ҳафта туғруқдан кейинги давр ёки чилла даври деб аталади. Сизнинг организмингиз ҳомиладорликкача бўлган ҳолатига қайтиши учун вақт керак. Ушбу давр¬да организмингизга қўшимча қувват ва тўлақонли озиқланиш ниҳоятда зарурдир. Гормонларнинг ўз меъё¬рига қайтиш жараёни ҳиссиётингиз ва кайфиятингизга таъсир қилиши мумкин. Қўшимча руҳий туртки ота-она бўл¬гандан ҳаяжонланиш ҳолатига тушишингизга сабаб бўлади. Бола туғилганидан кейин ўзингизни бахтиёр ва ҳаяжонларга бой ҳис қиласиз. Бундан ташқари, ҳомиладорлик даври, туғруқ ва бола туғилгандан ке¬йин она бўлишга тайёрланиб куч-ғайратга тўласиз. Табиийки, ҳиссиётларингиз бошқа томонга ҳам ўзгариши, тушкунлик ва депрессия ҳолати вужудга келиб, ҳаттоки йиғлашингиз ҳам мумкин. Баъзи оналарда бола туғилганидан сўнг бўмбўшлик туйғуси пайдо бўлади. Буларнинг ҳаммаси – нормал ҳолат. Ўз ҳиссиётларингизни бошқалар билан бўлишинг. Бу ҳаётингизни енгиллаштиради. Лекин яхши ухламаслик, иштаҳа йўқлиги, боладан чарчаш ҳиссиёти ва шунга ўхшаш муаммоларнинг келиб чиқиши жиддийроқ руҳий тушкунлик аломатлари бўлиши мумкин. Ҳар доимгидек шифокорингиз ёки бошқа тиббиёт ходими туғруқдан кейинги даврда безовта қиладиган барча саволларга жавоб беради.

СИЗ ОТА БЎЛДИНГИЗ

Фарзанднинг дунёга келиши сизда кучли ҳис-туйғулар туғдиради. Она ва боланинг соғ-саломатлигидан қувонч, фахр ва енгил тортиш ҳиссиёти туғилиши билан бир қаторда, оилангиз олдидаги масъулиятингиз ошганлигини англаб етасиз. Баъзи ўзгаришлар ҳаётингизни алғов-далғов қилиб ташлайди. Йўргакларни алмаштириш, кечалари тўйиб ухламаслик, уй-рўзғор юмушлари – буларнинг барчаси таъсир қилади.

Бу даврда турмуш ўртоғингиздан ёрдамингизни аямай, уни қўллаб-қувватлашингиз жуда муҳим. Бу ҳаракатларингиз оилангизда тинчлик-тотувлик, ўзаро муносабатларингизда меҳр-оқибат туйғуларини сақлаб қолишга, ота-оналик бахтидан биргаликда баҳраманд бўлишга имконият туғдиради.

№ 20, 21.05.2010 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.